Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Умид қилаётган нарсаларга бўлган ишончингизни мустаҳкамланг

Умид қилаётган нарсаларга бўлган ишончингизни мустаҳкамланг

Имон — бу умид қилаётган нарсалар амалга ошишидан шубҳаланмасликдир. ИБРОН. 11:1

ҚЎШИҚЛАР: 54, 55

1, 2. а) Масиҳийларнинг умиди дунёвий одамларнинг умидидан нимаси билан фарқ қилади? б) Мазкур мақолада қайси муҳим саволларни кўриб чиқамиз?

МАСИҲИЙЛАР нақадар ажойиб умидга эгалар, шундай эмасми?! Хоҳ мойланганлар, хоҳ «бошқа қўйлар» қаторида бўламизми, барчамиз Худонинг илк нияти амалга ошадиган ва Яҳованинг исми улуғланадиган пайтни кўришни орзу қиляпмиз. (Юҳан. 10:16; Мат. 6:9, 10) Булар ҳар қандай инсон умид қилиши мумкин бўлган энг олийжаноб орзулардир! «Янги осмон» ё «янги ерни» кутяпмизми, ҳар биримиз абадий ҳаёт мукофотини қўлга киритиш сари интиляпмиз. (2 Бутр. 3:13). Бунинг баробарида, қай тарзда Яҳова ушбу охирзамонда Ўз халқини йўналтиришда ва қўллаб-қувватлашда давом этишини кўришни интиқиб кутяпмиз.

2 Дунёвий кишилар ҳам нимагадир умид боғлашади, аммо уларнинг умидлари чиндан ҳам рўёбга чиқишидан шубҳаланишади. Масалан, миллионлаб ўйинчилар лотереяда ютиб олишга умид қилишади-ю, бироқ бунга юз фоиз ишонишмайди. Ҳақиқий имон эса, аксинча, умидимиз «амалга ошишидан шубҳаланмаслик»дир. (Иброн. 11:1) Ушбу мақолада Аллоҳнинг ваъдаларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун нима қилишимиз мумкинлигини ва бундай имон бизга бугунги кунда қандай ёрдам беришини муҳокама қиламиз.

3. Ҳақиқий имон нимага асосланади?

3 Имон, бу осий бандалардаги туғма бир фазилат эмас ва у ўз-ўзидан ривожланмайди. Ҳақиқий имон — маълумотни қабул қилишга мойил қалбга таъсир қила оладиган муқаддас руҳнинг самарасидир. (Галат. 5:22) Муқаддас Китобда Яҳова имонга эга экани ёки унга муҳтожлиги ҳақида маълумот йўқ. Яҳова қудратли ва доно Шахс бўлгани учун, ҳеч нарса Уни ниятини амалга оширишдан тўхтата олмайди. Самовий Отамиз ваъдалари рўёбга чиқишига шунчалик аминки, ҳатто уларни амалга ошиб бўлган нарсадек билиб, улар ҳақида: «Амалга ошди!» — дея гапирди. (Ваҳий 21:3–6 ни ўқинг.) Бизнинг имонимиз Яҳова ваъдасида турадиган «содиқ Худо» экани тўғрисидаги билимга асосланади. (Қонун. 7:9)

ЎТМИШДАГИ КОМИЛ ИМОН СОҲИБЛАРИ

4. Ўтмишдаги садоқатли эркагу аёллар нимага умид қилишган?

4 Ибронийларга йўлланган мактубнинг 11- бобида кучли имонга эга бўлган 16 та эркагу аёлнинг исмлари келтирилган. Шунингдек, у ерда «имонлари туфайли ўзлари ҳақида шаҳодат олган» яна бошқа одамлар ҳақида ҳам айтилган. (Иброн. 11:39) Уларнинг ҳеч бири Яҳова Шайтоннинг исёнини барбод қилиш ва Ўзининг илк ниятини бажо келтириш учун ваъда қилинган «зот»ни тирилтиришидан шубҳаланмаган. (Ибт. 3:15) Ўша садоқатли кишилар ваъда қилинган «зот» — Исо Масиҳ самовий ҳаётга йўл очганидан олдин вафот этишган. (Галат. 3:16) Лекин шунга қарамай, Яҳованинг ишончли ваъдалари туфайли улар ер юзидаги жаннатда мукаммал инсон сифатида яшаш истиқболи билан тирилтирилади. (Заб. 36:11; Ишаё 26:19; 1 Кор. 15:55)

5, 6. а) Иброҳим ва унинг авлоди нимага умид боғлашган? б) Қай йўсин улар имонларини мустаҳкам сақлашган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

5 Ибронийларга 11:13 да Масиҳгача яшаб ўтган баъзи садоқатли кишилар ҳақида шундай ёзилган: «Бу кишиларнинг ҳаммаси ўлимгача имонларини сақлаб қолишган. Гарчи ваъдалар улар яшаган пайтда амалга ошмаган бўлса-да, бу ваъдаларни узоқдан кўриб қувонишган». Улардан бири Иброҳим пайғамбар бўлган. У ваъда қилинган «зот» бошқаруви остидаги бахтли ҳаётга бўлган умидни ёдида сақлаганми? Исо душманларига гапирганида бу саволга қуйидагича жавоб берган: «Отангиз Иброҳим мен қилаётган ишларни кўришга умид боғлаб, жуда қувонганди. Энди кўриб, шод-хуррам бўлди». (Юҳан. 8:56) «Лойиҳачиси ва бунёдкори Аллоҳ бўлган» Шоҳликка умид боғлаган Сора, Исҳоқ, Ёқуб ва бошқа кўплаб содиқ кишилар ҳақида ҳам шундай деса бўлади. (Иброн. 11:8–11)

6 Қай тариқа Иброҳим ва унинг авлоди имонни мустаҳкам сақлашган? Ҳойнаҳой, улар садоқатли ёши улуғ кишиларни тинглаш, ваҳийлар олиш ё қадимги ишончли манбаларни ўқиш орқали Аллоҳ тўғрисида ўрганишган. Муҳими, улар ўрганганларини эсдан чиқармай, Худонинг ваъдаларию талабларини ёдда сақлашган ва улар устида мулоҳаза юритишган. Бу эркагу аёлларнинг умиди шунчалик мустаҳкам бўлганки, улар Аллоҳга содиқ қолиш учун ҳар қандай қийинчиликка дош беришга тайёр бўлишган.

7. Имонимизни мустаҳкам сақлашимиз учун Яҳова бизга нималар берган ва биздан нима кутилади?

7 Имонимизни мустаҳкам сақлашимиз учун Яҳова бизга севги ила Ўзининг тўлиқ Каломини — Муқаддас Китобни тақдим этган. Бахтли ва муваффақиятли бўлиш учун биз Аллоҳнинг Каломини иложи борича ҳар куни мунтазам ўқишимиз керак. (Заб. 1:1–3; Ҳаворийлар 17:11 ни ўқинг.) Қолаверса, Масиҳдан олдин яшаган Яҳованинг хизматчилари каби биз ҳам Аллоҳнинг ваъдалари ҳақида мушоҳада қилишда давом этиб, Унинг талабларига итоаткор бўлишимиз зарур. Яҳова, шунингдек, бизни «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали мўл-кўл маънавий озуқа билан таъминлаб, барака ёғдиряпти. (Мат. 24:45) Демак, Яҳова бизга бераётган маънавий озуқадан ўрганаётганларимизни эсимизда сақласак, Шоҳликка умид боғлаб, бундан «шубҳаланмаган» қадимги имонли кишилар сингари бўламиз.

8. Қандай қилиб ибодат имонимизни мустаҳкамлай олади?

8 Ибодат ҳам Масиҳдан олдин яшаган Шоҳидларнинг имонларини мустаҳкам сақлашда беқиёс ўрин тутган. Уларнинг имони ибодатларига олган жавоблари орқали мустаҳкамланган. (Нахим. 1:4, 11; Заб. 33:5, 16, 18; Дон. 9:19–21) Яҳова бизни эшитишини ва қийинчиликларни қувонч ила енгишимиз учун қўллаб-қувватлашини билган ҳолда, биз ҳам дардларимизни Унга тўкиб солишимиз мумкин. Ибодатларимизга жавоб олганимизда эса имонимиз мустаҳкамланади. (1 Юҳанно 5:14, 15 ни ўқинг.) Имон муқаддас руҳнинг самараси бўлгани сабаб, Исо ундаганидек, Аллоҳнинг руҳини «сўраб туришимиз» лозим. (Луқо 11:9, 13)

9. Ўзимиздан ташқари, яна кимлар учун ибодат қилишимиз лозим?

9 Лекин ибодатларимизда фақатгина ўзимиз учун ёрдам сўраш билан чегараланиб қолмаслигимиз керак. Яҳованинг «мўъжизалари» «нақадар кўплигини санай олмасак» ҳам, ҳар куни Унга раҳмат айтиб, Уни шарафлашимиз мумкин. (Заб. 39:6) Шунингдек, «қамоқда ўтирганларни, гўё [ўзимиз] ҳам қамоқда улар билан бирга ўтиргандек» ёдимиздан чиқармаётганимиз ибодатларимизда акс этиши даркор. Боз устига, биз умумжаҳон биродарлигимиз, чунончи, орамизда «раҳбарликни ўз зиммасига олганлар» учун ибодат қилишимиз керак. Бундай ибодатларимизга Яҳова қай тарзда жавоб берганини кўриб, қалбларимиз тўлқинланиб кетади. (Иброн. 13:3, 7)

УЛАР БЕНУҚСОНЛИКНИ САҚЛАШДИ

10. Худонинг қайси хизматчилари бенуқсонликни сақлаб қолишган ва бу учун улар кучни қаердан олишган?

10 Ибронийларга йўлланган мактубнинг 11- бобида ҳаворий Павлус исмлари келтирилмаган кўплаб художўй одамларнинг синовларини тасвирлаб ўтган. Масалан, ушбу бобда ҳаётдан кўз юмган, кейин эса тирилтирилган ўғилларнинг имонли оналари тилга олинган. Бундан сўнг Павлус «яхшироқ тирилишга эга бўлиш учун тўлов орқали озод этилишни қабул қилмаган» бошқа кишиларни ҳам қаламга олган. (Иброн. 11:35) Гарчанд Павлус кимни назарда тутганини аниқ билмасак-да, улардан баъзилари, хусусан, Навўт ва Закариё Худога итоатли бўлиб, Унинг иродасини бажаришгани учун тошбўрон қилиб ўлдирилган эдилар. (3 Шоҳ. 21:3, 15; 2 Сол. 24:20, 21) Дониёр ва унинг учта дўсти эса бенуқсонликни сақламай, «озод этилишни» танлашлари мумкин эди. Лекин улар Аллоҳнинг куч-қудратига ишонишгани учун, «шерларнинг оғизларини ёпишган» ва «ловуллаган оловни ўчириб юборишган». (Иброн. 11:33, 34; Дон. 3:16–18, 20, 28; 6:13, 16, 21–23)

11. Айрим пайғамбарлар имон-эътиқоди учун қандай синовларга дуч келишган?

11 Михиё ва Еремиё каби пайғамбарлар имонлари учун «масхаралар»ни бошдан кечириб, «қамоққа ўтқазилишган». Бошқалар эса, жумладан Илёс, «чўл-саҳроларда, тоғларда кезиб юриб, ғорлару ер остидаги чуқурликларда яшашган». Уларнинг ҳаммаси «умид қилаётган нарсалар амалга ошишидан шубҳаланишмагани» боис, синовларда бардошли бўлишган. (Иброн. 11:1, 36–38; 3 Шоҳ. 18:13; 22:24–27; Ерм. 20:1, 2; 28:10, 11; 32:2)

12. Синовларга бардошли бўлишда ким энг зўр ўрнак қолдирган ва бунда унга нима ёрдам берган?

12 Кучли имонга эга бўлган турли эркагу аёлларни тасвирлагач, ҳаворий Павлус энг зўр ўрнак қолдирган Ҳазратимиз Исо Масиҳни мисол қилиб келтирган. Ибронийларга 12:2 да ёзилганидек, «у олдинда кутаётган шодлик учун, шарманда бўлишига қарамай, азоб устунидаги ўлимга чидаб, Худо тахтининг ўнг томонига ўтирди». Дарҳақиқат, Исо энг шиддатли синовларда намоён этган имони ҳақида «ўйлашимиз» даркор. (Ибронийларга 12:3 ни ўқинг.) Исо каби имони учун жабр кўрган илк масиҳийлар бенуқсонликни сақлашган. Улардан бири — шогирд Антипа бўлган. (Ваҳ. 2:13) Бу масиҳийлар қадимги имонли кишилар кутган «яхшироқ тирилишдан» афзалроқ бўлган мукофотни олиб, осмонда яшаш учун тирилишга муяссар бўлишган. (Иброн. 11:35) Шоҳлик 1914 йилда пайдо бўлганидан сал ўтиб, вафот этган барча мойланганлар Исо билан одамзод устидан бошқариш учун руҳий шахс сифатида самовий ҳаётга тирилтирилишган. (Ваҳ. 20:4)

ЗАМОНАВИЙ КОМИЛ ИМОН СОҲИБЛАРИ

13, 14. Рудольф Грайхен қандай синовларга дуч келган ва уларни енгишга унга нима ёрдам берган?

13 Худонинг миллионлаб замонавий хизматчилари бутун диққат-эътиборини умидларига қаратиб ва синовлар имонларини сусайтиришига йўл қўймай, Исонинг ўрнагига эргашишяпти. Келинг, 1925 йили Германияда таваллуд топган Рудольф Грайхеннинг мисолини кўриб чиқайлик. У уйининг деворларида Муқаддас Китобдаги баёнотларнинг расмлари осилганини эслаб, шундай ёзди: «Расмларнинг бирида бўри билан қўзи, сиртлон билан улоқча, бузоқ билан шер — барчаси тинчликда яшагани ва ёш бола уларни етаклаб юргани тасвирланганди... Бундай суратлар узоқ вақт хотирамда нақшланиб қолди». (Ишаё 11:6–9) Кўп йиллар давомида Рудольф аввал Гестапо (фашистлар Германиясида махфий давлат полицияси) ва кейинчалик Штази (Шарқий Германиянинг давлат хавфсизлик хизмати) томонидан кучли таъқибларга учрашига қарамай, ер юзидаги жаннатга бўлган ишончини мустаҳкам сақлади.

14 Рудольф, шунингдек, бошқа оғир синовларни ҳам бошдан кечирди. Унинг севимли ойиси Равенсбрюк номли концлагерда тепкили терламадан вафот этди. Буниси етмаганидек, отаси имони сусайганидан ҳатто Яҳованинг Шоҳиди бўлишдан тонгани тўғрисидаги ҳужжатни тўлдирди. Қамоқдан озод қилингач, Рудольф туман нозири бўлиб хизмат қилиш шарафига муяссар бўлди ва кейинчалик Гилад мактабига таклиф қилинди. Уни Чилига тўла вақтли махсус ваъзгўй этиб тайинлашди. У ерда Рудольф яна туман нозири бўлиб хизмат қилди. Аммо унинг синовлари ҳали-ҳануз тугамаган эди. Рудольф тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган Пэтси исмли имондошимизга уйланганидан бир йил ўтгач, уларнинг чақалоқ қизчаси нобуд бўлди. Кейин эса атиги 43 ёшда бўлган суюкли рафиқаси ҳаётдан кўз юмди. Рудольф шу синовларнинг барчасини енгиб ўтди ва «Қўриқчи минораси»нинг 1997 йил 1 август сонида (рус) 20–25- саҳифаларида таржимаи ҳоли чоп этилганида, ёши ўтиб, касал бўлганига қарамай, у доимий кашшоф ва оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган эди. [1]

15. Яҳованинг Шоҳидлари синовларни қувонч ила бошдан кечиргани тўғрисида замонавий мисоллар келтиринг.

15 Шиддатли ва давомли қувғунларга қарамай, Яҳованинг Шоҳидлари қувонч ила хизмат қилишни давом этишяпти. Мисол учун, Эритрея, Сингапур ва Жанубий Кореядаги аксарият имондошларимиз Исонинг қилич кўтармаслик тўғрисидаги сўзларига амал қилишгани учун ҳибсга олинишяпти. (Мат. 26:52) Эритреяда 20 йилдан зиёд қамоқда ўтирган Исаак, Негеде ва Паулос ҳам ўша юзлаб маҳбуслар орасидандир. Кексайган ота-оналарини қўллаб-қувватлаш ва уйланиш каби имконлардан маҳрум этилган бу биродарлар шафқатсиз муносабатга қарамай, Яҳовага садоқатли қолишяпти. Ташкилотимизнинг сайтидаги расмда уларнинг юзидаги табассумдан улар имонни мустаҳкам сақлашаётгани кўриняпти. Ҳатто қамоқдаги қўриқчилар уларни ҳурмат қилишни бошлашган.

Жамоатингиздаги комил имон соҳибларидан ўрнак оляпсизми? (15-, 16- хатбошиларига қаранг.)

16. Қай йўсин кучли ишонч сизни ҳимоя қилиши мумкин?

16 Яҳова Шоҳидларининг ҳаммаси ҳам кучли таъқибларга дуч келишмаса-да, бошқа турдаги қийинчиликлар билан курашиб келишмоқда. Кўплар фақирлик, фуқаролар уруши ёки табиий офатлар дастидан азият чекишяпти. Яна бошқалар эса бутун диққатини Яҳовага хизмат қилишга қаратиб, Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва Мусо сингари дунёнинг бойликларию шуҳратини рад этишяпти. Улар мол-дунёга берилиш ва худбин ҳаёт тарзини кечириш васвасасига қарши жон-жаҳди билан курашиб келишяпти. Қизиқ, уларга бунда нима ёрдам беряпти? Яҳовага бўлган севги ва ваъдаларига бўлган кучли ишонч. Зотан, улар янги адолатли дунёда Яҳова барча ноҳақликларни бартараф этиб, Ўзининг садоқатли хизматчиларини абадий ҳаёт билан тақдирлашига аминлар. (Забур 36:5, 7, 9, 29 ни ўқинг.)

17. Нима қилишга қарор қилдингиз ва кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

17 Ушбу мақолада Аллоҳнинг ваъдалари устида мулоҳаза юритиш ва мунтазам ибодат қилиш қай йўсин имонимизни мустаҳкам сақлашга ёрдам беришини кўриб чиқдик. Бу эса бизга имон синовларини енгиб ўтишга ва бутун диққат-эътиборимизни «шубҳаланмасдан» келажакдаги умидга қаратишга кўмаклашади. Бироқ Муқаддас Китобга кўра, имон тушунчаси кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бу ҳақда эса кейинги мақолада сўз боради.

^ [1] (14- хатбоши) Шунингдек, словакиялик Андрей Ханакнинг таржимаи ҳоли ёзилган «Уйғонинг!» (рус) журналининг 2002 йил 22 апрель сонида чиққан «Синовлар умидимни сўндирмади» номли мақолага қаранг.