Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳова қароримга мўл-кўл барака берди

Яҳова қароримга мўл-кўл барака берди

Бизга тайинланган ҳудуддаги охирги бир нечта уй остонасига букламаларни қўяр эканмиз, тонг ҳам ёришиб қолган эди. Бу 1939 йил эди. Миссурининг (АҚШ) жануби-ғарбидаги Жоплин шаҳригача бўлган бир соатлик йўлни босиб ўтиш учун ярим тунда йўлга чиққан эдик. Вазифамиз тугаши биланоқ, учрашиш учун келишиб олган жойга машинада йўл олдик. У ерда бошқа гуруҳлар ҳам келишини кутиб турдик. Балки нега саҳарда хизматга чиққанимиз ва ҳудудни тезда тарк этганимиз билан қизиқаётгандирсиз. Бу ҳақида сал кейинроқ айтиб бераман.

МЕНИ Худонинг хизматчилари бўлган ота-онам Фред ва Эдна Молохен художўй қилиб тарбиялаганидан миннатдорман. 1934 йили дунёга келдим. Ўшанда ота-онам 20 йилдан бери фаол Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари (Яҳованинг Шоҳидлари) эди. Биз Канзаснинг жануби-шарқидаги кичик шаҳарда, Парсонзда яшардик. Жамоатимизнинг деярли барча аъзоси мойланган масиҳий эди. Оиламиз жамоат йиғилишларига боришдан ва Худонинг Каломидаги ҳақиқатларни бошқаларга ваъз қилишдан завқ оларди. Одатда шанба тушликдан кейин кўчама-кўча хизмат қилардик. Ўша пайтлари бу омма олдида хизмат қилиш эди. Гоҳида бир оз чарчардик, аммо дадам хизматни тугатгач, музқаймоқ олиб бериб бизни хурсанд қиларди.

Жамоатимиз унча катта эмасди. Лекин катта ҳудудни, яъни бир нечта кичкина шаҳарни, жумладан, штат яқинидаги кўпгина фермаларни ўз ичига оларди. Фермаларга ташриф буюрганимизда адабиётларни сабзавотларга, тухумларга ёки ҳатто жўжаларга алмашардик. Дадам адабиётларни олдиндан тарқатгани туфайли уйимизда етарлича озиқ-овқат бўларди.

ВАЪЗГЎЙЛИК КАМПАНИЯЛАРИ

Ота-онам хизматда фойдаланиш учун фонограф олишди. Мен ундан фойдаланиш учун жуда кичкина эдим, аммо ота-онам такрорий ташрифларда, Муқаддас Китоб тадқиқларида биродар Рутерфорднинг нутқларини қўйиб беришганда уларга ёрдам беришни ёқтирардим.

Дадам ва ойим билан овозли машинамиз олдида

Дадам «Форд 1936» русумли машинасини овозли машинага айлантирди, яъни томига катта рупор ўрнатди. Бу машина Шоҳлик хабарини тарқатишда жуда асқатган. Одамларнинг диққатини тортиш учун аввал мусиқа, кейин эса Муқаддас Китобга асосланган нутқ қўярдик. Нутқ тугаганда қизиқиш билдирган одамларга адабиёт таклиф қилардик.

Канзаснинг кичик шаҳри Черрйлваледа полиция ходими дадамга шаҳар хиёбонига овозли машина билан кириш мумкин эмаслигини, якшанба кунлари кўплар у ерда дам олишини айтди. Лекин хиёбон ташқарисида туриш мумкин эди. Шундай қилиб дадам қаршилик кўрсатмай, машинани хиёбондан кейинги кўчага олди. У ерда ҳам одамлар хабарни эшитиши мумкин эди, сўнг дадам нутқни яна қўйиб берди. Шу каби вазиятларда дадам ва акам Жерри билан маза қилардим.

1930 йилларнинг охирида қаршиликлар кўп бўлган ҳудудларда хизмат қилиш учун махсус кампанияларда қатнашдик. Жоплинда (Миссури штати) бўлгани каби, у ерда ҳам саҳар турардик ва одамларнинг уйлари остонасига буклама ёки рисолаларни қолдириб кетардик. Кейин шаҳар ташқарисида учрашардик ва ҳеч ким қўлга тушмаганини ва ҳибсга олинмаганини текширардик.

Ўша йиллари хизматимизнинг яна бир турида қатнашардик. Уни информацион марш деб атардик. Шоҳлик хабарини эълон қилиш учун плакатлар тақиб олиб шаҳар бўйлаб саф тортиб юрардик. Биродарларимиз «Дин — бу тўр ва алдов» номли плакатларни тақиб, шаҳримиздаги маршда иштирок этганини эслайман. Улар маршни уйимиздан бошлаб, шаҳар ичида тахминан 1,6 километр юриб, сўнг яна бизникига қайтиб келишган. Яхшиямки, улар марш давомида қаршиликларга учрамаган, аммо қизиқиш билдирган кўпгина инсонларни топган.

ИЛК АНЖУМАНЛАР

Оиламиз билан анжуманларга бориш учун кўпинча Техасга йўл олардик. Дадам Миссури-Канзас-Техас темир йўлида (шунингдек, М-К-Т ёки Кэти темир йўли деб танилган) ишлагани боис, поездда бепул кетардик. Бу туфайли эса, ҳам қариндошларимизникига ташриф буюра олардик, ҳам анжуманларга борардик. Онамнинг акаси Фред Висмар ва унинг турмуш ўртоғи Юлале Техаснинг Темпл шаҳрида яшарди. Тоғам Фред ҳақиқатни 1900 йилларнинг бошида ҳали ёшлигида эшитган ва сувга чўмган. Билиб олганларини у сингиллари, жумладан, онам билан бўлишган. Марказий Техасдаги биродарлар уни яхши танишарди, чунки тоғам у ерда минтақа нозири (ҳозир туман нозири) бўлиб хизмат қилган. У меҳрибон эди ва доим бахтиёр бўлиб қувониб юрарди. Тоғам ғайратли эди ва бу менга ёшлигимда ижобий таъсир қилган.

1941 йили оиламиз билан поездда Сент-Луисга (Миссури штати), катта анжуманга бордик. Барча ёшларни биродаримиз Рутерфорднинг «Шоҳ фарзандлари» номли нутқини тинглаш учун саҳна олдидаги махсус жойда бирга ўтиришга таклиф қилишди. Нутқнинг сўнгида биродар Рутерфорд ва унинг ёрдамчилари ёшларга «Фарзандлар» номли китобни ҳадя қилгани биз учун кутилмаган совға бўлган. Ўша анжуманда мазкур маънавий ҳадядан беҳад қувонган 15 000 дан зиёд ёшлар бор эди.

1943 йили апрелда Канзаснинг Коффивилл шаҳрида кичик, лекин номи эътиборни тортадиган «Ҳаракатга ундов» номли анжумандан завқ олдик. Анжуманда энди йиғилишларда Воизлик мактаби ўтказилиши ҳақида эълон қилинди. Шунингдек, 52 та дарсдан иборат бўлган рисолани олдик. Ўша йили сал кейинроқ мен мактабда илк нутқимни сўзладим. Бу анжуман мен учун ўзгача бўлган. Сабаби, бир нечта биродар ва мен яқин атрофдаги фермада совуқ сувда сувга чўмганмиз.

БАЙТИЛ ХИЗМАТИНИ ОРЗУ ҚИЛГАНМАН

1951 йили ўрта мактабни тугатдим ва келажагимга тегишли қарорлар чиқаришим керак эди. Байтилда хизмат қилишни жуда истардим. Акам Жерри ҳам у ерда хизмат қилган. Хуллас, аризамни Бруклин офисига жўнатдим. Бу қарорим туфайли маънавий тарафдан кўп фойда олдим. Кўп ўтмай, Байтилга таклиф этишди ва 1952 йили 10 мартдан бошлаб у ерда хизмат қила бошладим.

Журнал ва адабиётларимизни ишлаб чиқаришда қатнашаман деб умид қилгандим. Лекин мени у ерга тайинлашмади, аксинча, официант этиб, кейинроқ эса ошхонага тайинлашди. Бу соҳани ўрганиш мен учун қизиқ бўлган. Шунингдек, ошхона учун мўлжалланган иш тартиби менга кўп фойда келтирди. Чунки кун давомида бир оз бўш вақтим бўлгани туфайли Байтилнинг китобларга бой кутубхонасидан фойдаланиб шахсий тадқиқ ўтказа олардим. Бу менга маънан ўсишимга ва имонимни мустаҳкамлашга ёрдам берди. Шунингдек, бу қўлимдан келганча узоқ вақт давомида Яҳовага Байтилда хизмат қилиш қароримни мустаҳкам қилди. 1949 йили Жерри Байтилдан кетди ва Патриция билан оила қурди. Улар Бруклин яқинида яшарди. Байтилдаги хизматимни энди бошлаганимда улар менга доим ёрдам ва далда берарди.

Байтилга келганимдан кўп ўтмай, биродарлар нутқ сўзлай оладиган байтилчиларнинг сонини кўпайтирмоқчи эди. Бу рўйхатдаги биродарлар Бруклиндан 322 километр узоқликда жойлашган жамоатларга ташриф буюриш учун тайинланишарди. У ерда улар оммавий нутқ сўзлаб, жамоат аъзолари билан ваъзгўйлик хизматида ҳамкорлик қилишарди. Мен ҳам бу вазифа учун танландим. Илк маротаба бир соатлик оммавий нутқ сўзлаганимда, жуда ҳаяжонланган эдим. Одатда жамоатларга поездда борардим. Бир сафар 1954 йили қишда якшанба тушликдан кейин поездга ўтирганим ҳали ҳам ёдимда. Ўшанда Нью-Йоркка қайтадиган поездга ўтиргандим ва кечки пайтга яқин Байтилга келишим керак эди. Аммо бўрон кўтарилиб совуқ шамол эсди ва қор ёғди. Поезд юрмай қолди. Охири поезд Нью-Йоркка душанба куни саҳар бешда етиб келди. У ердан Бруклинга етиб олиш учун метрога ўтирдим ва тўғри ошхонага бориб, ишга киришдим. Бир оз кечикдим ва туни бўйи поездда ўтириб чиққаним учун роса чарчаган эдим. Лекин бундай ноқулайликлар имондошларга хизмат қилишнинг ва жамоатларга ташриф буюриб, янги дўстлар орттиришнинг хурсандчилиги олдида ҳеч нарса эмас эди.

WBBR радиостанциямизда дастурга тайёргарлик

Байтилдаги илк хизмат йилларим давомида WBBR номли радиостанциямизда иштирок этишга таклиф қилишди. Студияларимиз Колумбия-Хайтс 124 биносининг иккинчи қаватида жойлашган эди. Мен ҳар ҳафта ўтадиган Муқаддас Китоб тадқиқи дастурида иштирокчиларни таништиришим лозим эди. Анча йиллардан бери Байтил оиласининг аъзоси бўлган биродаримиз Макмиллан радио дастурларимизда мунтазам қатнашарди. Мак деб танилган бу биродаримиз, Яҳовага садоқат ила хизмат қилиш борасида биз ёш байтилчилар учун ажойиб ўрнак эди.

WBBR радиостанциямизни одамларга таништириш учун мана шундай эълондан фойдаланардик

1958 йили мени Гилад мактаби билан яқиндан ҳамкорлик қилишга таклиф этишди. Гилад мактабининг битирувчилари манзилларига етиб олиши учун уларга виза олишга ҳамда йўлга чиқиш учун тайёргарлик кўришга ёрдамлашадиган бўлдим. Ўша пайтлари самолётда учиш жуда қиммат эди. Шунинг учун фақатгина бир нечта битирувчи самолётда учиши мумкин эди. Африкага ва Осиёга тайинланган кўплар кемада кетарди. Бир неча йиллар ўтгач, самолёт чипталари арзонроқ бўлди ва тўла вақтли махсус ваъзгўйларнинг аксарияти тайинланган ҳудудига самолётда етиб оладиган бўлди.

Битирув маросимидан аввал Гилад мактаби битирувчиларининг дипломларини тайёрлаяпман

АНЖУМАНЛАРГА БОРИШ

1960 йили менга Қўшма Штатлардан Европага 1961 йили бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларга борадиган имондошлар учун самолёт ташкиллаштириш топширилди. Мен ҳам Гамбургда (Германия) ўтган ўша анжуманга бордим. Анжумандан сўнг учта байтилчи биродар билан машинани ижарага олдик ва Германия орқали Италияга йўл олдик. У ерда Римдаги филиалимизга ташриф буюрдик. Кейин Пиреней тоғларидан ўтиб Францияга, у ердан эса фаолиятимиз тақиқланган Испанияга бордик. Барселонадаги имондошларимиз учун озгина адабиёт олиб ўта олдик. Уларнинг устини ўраганимиз учун худди совғалардек кўринарди. Улар билан учрашиш қувончли эди. Сўнг Амстердамга бордик ва у ердан Нью-Йоркка қайтдик.

1962 йили менга дунё бўйлаб махсус халқаро анжуманларга ташриф буюрганлар учун саёҳатларни ташкиллаштириш вазифаси топширилди. Бу 1963 йили бўлиб ўтган «Абадий хушхабар» анжумани эди. 583 та имондошимиз Европа, Осиё, Тинч океанининг жанубий ҳудудларига кейин эса, Гонолулу, Гавайи ороллари ва охири Пасадинада (Калифорния штати) бўлиб ўтадиган анжуманларга бориши учун тайёргарлик кўрилди. Қолаверса, улар Муқаддас Китобда айтиб ўтилган Ливан ва Иордания ҳудудларига саёҳат қилишлари учун махсус турлар ташкиллаштирилди. Чипта олиш ва меҳмонхоналарни банд қилишдан ташқари, бўлимимиз керакли бўлган визаларни олишга ҳам ёрдамлашарди.

САЁҲАТДАГИ ЯНГИ ҲАМКОРИМ

1963 йил яна бошқа сабаб билан мен учун ўзгача бўлган. Ўша йили 29 июнда Миссуридан бўлган Лила Рогерс билан оила қурдим. У уч йилдан бери Байтилда хизмат қилар эди. Тўйимиздан бир ҳафта ўтиб, Лила билан дунё бўйлаб саёҳат қила бошладик ва Греция, Миср ҳамда Ливанга бордик. Байрутдан эса Иордания ҳудудидаги кичик аэропортга учдик. Бу мамлакатда фаолиятимиз тақиқлангани туфайли бизга Яҳованинг Шоҳидларига виза берилмаслигини айтишди. Шунинг учун, у ерга борсак, нима бўлар экан деб қизиқаётган эдик. Келганимизда эса, бизни «Яҳованинг Шоҳидлари, хуш келибсиз!» деган катта ёзув билан кутиб туришганини кўриб суюниб кетдик. Муқаддас Китобда айтиб ўтилган жойларни шахсан кўриш ажойиб эди. Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб яшаган ерларни, Исо ва ҳаворийлар ваъз қилган ҳудудларни, хушхабар ер чеккаларигача тарқалишни бошлаган жойларни кўрдик. (Ҳавор. 13:47)

Лила 55 йил давомида мени барча вазифаларимда садоқат ила қўллаб-қувватлади. Испания ва Португалияда фаолиятимиз тақиқланган пайтда у ерга бир неча маротаба боришга муваффақ бўлдик. Имондошларимизга далда бахш эта олдик ва адабиётлару улар учун керак бўлган бошқа нарсаларни етказиб бера олдик. Ҳатто Испаниянинг Кадис шаҳридаги қамоқда ўтирган айрим биродарларимиз билан кўришдик. Улар учун нутқ сўзлаб далда бера олганимдан, қалбим шод эди.

Патриция ва Жерри Молохен билан «Ер юзида тинчлик» анжуманига кетяпмиз, 1969 йил

1963 йилдан бошлаб Африка, Австралия, Марказий ва Жанубий Америка, Европа, Осиё, Гавайи ороллари, Янги Зеландия ва Пуэрто-Рикода бўлиб ўтган халқаро анжуманларни ташкиллаштиришда ёрдам бериш шарафига эга бўлдим. Лила билан кўпгина унутилмас анжуманларга ташриф буюрдик. 1989 йили Варшавада (Польша) бўлиб ўтган анжуман шулар жумласидандир. Россиядаги кўпгина имондошларимиз илк маротаба шундай катта анжуманга боришга муваффақ бўлди. Совет Иттифоқида имони учун кўп йиллар давомида қамоқда ўтирган имондошларни учратдик.

Байтил оиласига ва тўла вақтли махсус ваъзгўйларга далда бериш учун дунё бўйлаб филиалларимизга ташриф буюриш менга улкан қувонч келтирди. Сўнгги маротаба Кореядаги филиалга ташриф буюрдик. Ўшанда Сувон шаҳридаги қамоқда ўтирган 50 та биродар билан учрашдик. Биродарларимиз ижобий муносабатни сақлаб, ҳеч қандай тўсиқларсиз яна хизматда иштирок этишни интиқиб кутишаётган эди. Улар билан кўришиш бизга роса далда бахш этди. (Рим. 1:11, 12)

ЎСИШ ХУРСАНДЧИЛИК КЕЛТИРМОҚДА

Тангри Яҳова йиллар давомида Ўз хизматчиларига барака ёғдирганининг гувоҳи бўлдим. 1943 йили сувга чўмганимда тахминан 100 000 та ваъзгўй бўлган бўлса, ҳозир 240 та мамлакат ва ҳудудларда 8 000 000 дан ошиқ киши Яҳовага хизмат қилмоқда. Бунга Гилад мактабининг битирувчилари улкан ҳисса қўшди. Йиллар давомида кўпгина тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, вазифасига киришишларига ёрдам бериш мен учун қувончли эди.

Ёшлигимда хизматимни кенгайтириб Байтилда хизмат қилиш учун ариза ёзишга қарор қилганимдан хурсандман. Яҳова ҳар бир қадамимга мўл-кўл барака берди. Байтилда қувонч ила хизмат қилишдан ташқари, Лила ва мен 50 йилдан ошиқ вақт давомида Бруклиндаги бир нечта жамоат билан ҳамкорлик қилиш шарафига эга бўлдик. У ерда кўпгина ажойиб дўстлар орттирдик.

Ҳозир Лиланинг кўмаги билан Байтилдаги хизматимни ҳар куни давом эттиряпман. Гарчи ёшим 84 дан ошган бўлса-да, хатларга жавоб бериш бўлимида ёрдам бериб, мазмунли хизматимдан завқ оламан.

Ҳозир Лила билан

Яҳованинг ажойиб ташкилотига тегишли бўлиш ва Унга хизмат қиладиганлар билан хизмат қилмайдиганлар орасидаги фарқни кўриш катта бахтдир. Малаки 3:18 да ёзилган қуйидаги сўзларни яхшироқ тушунишимиз мумкин: «Одил киши билан ёвуз киши, Худога хизмат қилаётган киши билан Унга хизмат қилмаётган киши ўртасидаги фарқни яна кўрасизлар». Шайтоннинг дунёси бузилиб кетаётганини, одамлар тобора умидсизликка тушиб қувончни йўқотаётганини ҳар куни кўряпмиз. Лекин Яҳовани севиб Унга хизмат қилаётганлар ҳатто қийин пайтларда ҳам бахтиёр ва уларда келажакка нисбатан умид бор. Биз Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш шарафига эгамиз. (Мат. 24:14) Барчамиз тез орада Худонинг Шоҳлиги бу ёвуз дунёга барҳам беришини ҳамда ваъда қилинган баракаларга, жумладан, мукаммал соғлик ва абадий ҳаётга эга бўладиган янги дунёни кутяпмиз. Ўшанда Яҳованинг садоқатли хизматчилари ер юзида абадий бахтиёр яшайди.