Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқатни ўргатиш

Ҳақиқатни ўргатиш

Эй Яҳова,.. каломинг асоси ҳақиқатдир. ЗАБ. 119:159, 160

ҚЎШИҚЛАР: 34, 45

1, 2. а) Исонинг ҳаётида энг биринчи ўринда нима бўлган ва нега? б) «Тангрининг хизматдошлари» сифатида самарали бўлишимиз учун нима қилишимиз керак?

ИСО МАСИҲ дурадгор ҳамда устоз эди. (Марк 6:3; Юҳан. 13:13) Ушбу иккита ишни у аъло тарзда уддалаган. Дурадгор сифатида у асбоблардан қандай фойдаланиш кераклигига ўрганиб, ёғочлардан фойдали анжомлар ясаган. Хушхабарни ваъз қилиб эса у Муқаддас Ёзувларни моҳирлик ила қўллаб, оддий одамларга Худонинг сўзларини тушунишга ёрдам берган. (Мат. 7:28; Луқо 24:32, 45) Исо 30 ёшида дурадгорлик ишини четга суриб қўйган, чунки ваъз қилиш фаолияти бундан ҳам муҳимроқ эканини билган. Унинг айтишича, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни эълон қилиш иши Аллоҳ уни ер юзига юборганининг сабабларидан бири эди. (Мат. 20:28; Луқо 3:23; 4:43) Ваъзгўйлик унинг ҳаётида энг биринчи ўринда бўлган ва у бошқалар ҳам бунда иштирок этишини хоҳлаган. (Мат. 9:35–38)

2 Тўғри, эҳтимол, биз дурадгор эмасмиз, лекин хушхабарни ваъз қиламиз. Бу фаолият шунчалик муҳимки, унда ҳатто Худо қатнашади; шунинг учун биз «Тангрининг хизматдошлари» деб аталамиз. (1 Кор. 3:9; 2 Кор. 6:4) Сано бастакорининг: «Каломинг асоси ҳақиқатдир»,— деган сўзларига қўшиламиз. (Заб. 119:159, 160) Шу боис, хизматда «ҳақиқат каломини тўғри» етказаётганимизга ишонч ҳосил қилишни истаймиз. (2 Тимўтийга 2:15 ни ўқинг.) Бундан ташқари, Муқаддас Китобдан фойдаланиш қобилиятларимизни ривожлантирамиз, зеро у Яҳова, Исо ва Шоҳлик ҳақида таълим бераётганда асосий асбобимиздир. Хизматимизда янада самарали бўлишимиз учун Яҳованинг ташкилоти бошқа асбобларни ҳам тақдим этди, биз уларни билишимиз лозим. Улар «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»да жой олган.

3. Шоҳидлик бериш учун вақт борлигида, диққатимиз нимага қаратилган бўлиши керак ва Ҳаворийлар 13:48 бунда бизга қай йўсин қўл келади?

3 Эҳтимол: «Нега бу “Ваъзгўйлик “қутимиздаги” асбоблар” эмас, “Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар”,— деб номланади?» — деган савол туғилгандир. Гап шундаки, «ваъз қилиш» хабарни эълон қилишни англатади; бироқ «таълим бериш» хабарни одамнинг онгию қалбига етказишни билдиради. Шундагина у билиб олганларига мувофиқ йўл тутади. Шоҳидлик бериш учун вақт борлигида, диққатимиз Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлаб, одамларга ҳақиқатни ўргатишга қаратилган бўлиши даркор. Бу дегани, биз «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» барча инсонларни излаб-топиб, уларга Худонинг хизматчиси бўлишга кўмаклашамиз. (Ҳаворийлар 13:44–48 ни ўқинг.)

4. Одам «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил» эканини қаердан биламиз ва бундай кишиларни қай йўсин топсак бўлади?

4 Одам «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил» эканини қаердан биламиз? Биринчи асрда бўлганидек, бунинг ягона йўли ваъз қилиш орқали уларни излаб-топишдир. Шундай экан, Исо: «Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда ташрифингизга муносиб бўлганларни изланглар»,— деб айтгани бўйича йўл тутишимиз керак. (Мат. 10:11) Самимий бўлмаган, мағрур ёки маънавий нарсаларни қадрламайдиган кишилар хушхабарни қабул қилишини кутмаслигимиз лозим. Ҳақиқатга ташна, камтар ва ростгўй инсонларни излаймиз. Буни Исо дурадгор сифатида эшик, бўйинтуруқ ва ҳоказоларни ясаш учун тўғри келадиган ёғочни излагани билан солиштирса бўлади. Уларни топгач эса, у қутисидаги асбобларни ва қобилиятларини ишга солиб, турли нарсалар ясаган. Биз ҳам самимий одамларни топиб, улар Исонинг шогирдлари бўлишига ёрдам беришимиз керак. (Мат. 28:19, 20)

5. «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар» ҳақида нимани билишимиз керак? Мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.)

5 Қутидаги асбобларга келадиган бўлсак, ҳар бири муайян мақсадда ишлатилади. Масалан, Исо фойдаланган асбобларга эътибор қаратиш мумкин *. Уларнинг ёрдамида ёғочларни ўлчаш, белгилаш, кесиш, шакл бериш, тенглаштириш ва бир-бирига маҳкамлаш мумкин эди. Шу сингари, «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»нинг ҳар бири муайян мақсадда қўлланилади. Шундай экан, келинг, бу қутига диққат қаратиб, қандай қилиб ушбу муҳим асбобларни ишлатишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

ТАНИШТИРУВЧИ АСБОБЛАР

6, 7. а) JW.ORG карточкаларидан фойдаланганмисиз? б) Таклифноманинг қандай иккита мақсади бор?

6 JW.ORG карточкалари *. Бу карточкалар кичкина, аммо одамларга ўзимизни таништириш ва уларни веб-сайтимизга йўналтириш учун қўл келадиган самарали асбоб. Сайтимиз ёрдамида улар биз ҳақимизда кўпроқ маълумотга эга бўлиши ва ҳатто Муқаддас Китоб тадқиқини ўтишга хоҳиш билдириши мумкин. Шунингдек, jw.org сайтимиз орқали 400 000 дан ошиқ сўров юборилган ва ҳар куни юздан зиёд одам бундай сўров юбормоқда. Бундай карточкаларни ўзингиз билан олиб юрсангиз, шоҳидлик бериш фурсати туғилиб қолганда ундан фойдалана оласиз.

7 Таклифномалар. Бу асбобнинг иккита мақсади бор бўлиб, биттаси йиғилишларга таклиф қилишдан иборат. У ерда шунингдек: «Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга сизни ҳам таклиф қиламиз»,— деб ёзилган. У ерда «учрашувларимизда» ёки «тадқиқ ўтказувчи билан» сарлавҳаларидан бирини танлаш мумкин. Хуллас, бу асбоб нафақат бизни танитади, балки «маънавий нарсаларга чанқоқ бўлган» одамларни ҳам Муқаддас Китобни биз билан бирга ўрганишга чорлайди. (Мат. 5:3) Албатта, одамлар тадқиқ ўтиш истагини билдирадими ёки йўқми, уларни жамоат учрашувларимизга таклиф қиламиз. У ерга бориб, улар Муқаддас Китоб асосида берилаётган таълимни ўзлари эшитиши ҳамда кўриши мумкин.

8. Одамлар жамоат учрашувларининг ҳеч бўлмаса биттасига келиши қанчалик муҳим? Мисол келтиринг.

8 Одамларни йиғилишга таклиф қилишда давом этсак яхши бўларди. Нега деганда, улар жамоат учрашувларимиздаги маънан бой озуқа ва Буюк Бобилнинг маънан вайронлиги ўртасидаги фарқни кўра олади. (Ишаё 65:13) Бир неча йил олдин Қўшма Штатлардаги Рэй ва Линда буни ўзларида ҳис этди. Улар черковга бориш қарорига келди. Бу жуфтлик Худога ишониб, маънан оч бўлгани учун шаҳридаги ҳамма черковга бирма-бир бора бошлади. Ҳар бир черковнинг хусусияти бўлиб, кўпгина оқимлари бўлган. Бошида улар боришни танлаган черковнинг иккита хусусиятига эътибор қаратишга келишиб олди. Биринчидан, улар диний учрашув пайтида бирон нарсага ўрганамиз дейишган, иккинчидан эса, ўзини Худонинг хизматчиси деб таъкидлайдиган киши муносиб кўринишда бўлиши керак эди. Бир неча йил ўтгач, улар шаҳридаги ҳар бир черковга борди, лекин ҳафсаласи пир бўлди. Улар ҳеч нарса билиб олмади ва черковга қатнайдиганларнинг кийими ҳам номуносиб эди. Рўйхатидаги черковларнинг охиргисига боргач, Линда ишига, Рэй эса уйга кетди. Йўл-йўлакай Рэй Йиғилиш залини кўриб: «Бу ерга ҳам бориб, нималар бўлаётганини кўрсакмикан?» — деб ўйлади. Ҳа, бу энг яхши қарор эди! Йиғилиш залидаги ҳар бир киши меҳрибон ва мулойим, ўринли тарзда кийинган эди. Рэй энг олдинги қаторга ўтирди ва билиб олаётганлари унга жуда ёқди. Бу худди ҳаворий Павлус айтганидай, кимдир имонлилар жамоатига илк бор келиб: «Чиндан ҳам Аллоҳ сизлар билан экан»,— дегандай бўлди. (1 Кор. 14:23–25) Рэй ўшандан бери йиғилишга ҳар якшанба куни борадиган бўлди, кейин эса қолган жамоат учрашувларига ҳам қатнай бошлади. Линда ҳам йиғилишларни қолдирмади ва уларнинг иккови 70 ёшида Муқаддас Китоб тадқиқини ўтиб, сувга чўмди.

СУҲБАТНИ БОШЛАШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН АСБОБЛАР

9, 10. а) Нима учун букламалардан фойдаланиш қулай? б) «Худонинг Шоҳлиги нима?» номли букламани қандай қўллаш мумкинлигини тушунтиринг.

9 Букламалар. Суҳбатни бошлашга мўлжалланган фойдаланишда осон бўлган саккизта букламамиз бор. Улар 2013 йилдан бери чиқишни бошлаган бўлса-да, бундай букламалар деярли беш миллиард нусхада чоп этилди. Ушбу асбобларнинг қулайлиги шундаки, уларнинг биттасини қандай қўллаш мумкинлигига ўргансангиз, қолган ҳар биридан фойдалана оласиз, чунки ҳаммасининг тузилиши бир хил. Хўш, суҳбатни бошлаш учун букламадан қай йўсин фойдаланиш мумкин?

10 Айтайлик, «Худонинг Шоҳлиги нима?» букламасини танладингиз. У ердаги саволни кўрсатиб: «Худонинг Шоҳлиги нима? Сизнингча, бу..?» — деб сўрарсиз. Сўнг келтирилган учта саволнинг биттасини танлашини сўранг. Танлаган жавоби тўғри ёки нотўғри демай, букламани очиб «Муқаддас Китобда нима дейилган» ёзувини кўрсатинг ва Дониёр 2:44 ҳамда Ишаё 9:6 ни ўқиб беринг. Агар имкон бўлса, суҳбатни давом этинг. Кейин, унинг диққатини букламанинг охиридаги «Бу ҳақда ўйлаб кўринг: “Худонинг Шоҳлиги бошқаруви остида ҳаёт қандай бўлади?”» деган саволга қаратинг. Бу кейинчалик ҳам у билан суҳбатлашиш учун яхши асос бўла олади. Ушбу букламада «Худодан келган хушхабар» номли рисоланинг 7- дарсига ишора қилинган. Ўша киши билан яна учрашганингизда, ундан фойдалансангиз бўлади, чунки у Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга мўлжалланган асбоблардан биридир.

ҚИЗИҚИШ УЙҒОТАДИГАН АСБОБЛАР

11. Журналларимиз қай тарзда ишлаб чиқарилади ва биз улар ҳақида нималарни билишимиз лозим?

11 Журналлар. Дунё бўйлаб «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналлари энг кўп таржима қилинадиган ва чоп этиладиган адабиёт ҳисобланади. Улар халқаро миқёсда чоп этилаётгани учун, муқовасидаги мавзулар ҳамма жойда яшовчи одамларга мос келадиган тарзда ишлаб чиқарилади. Улардан фойдаланиб, одамнинг эътиборини бугунги кунда долзарб масалаларга қаратиб, қизиқишини уйғотсак бўлади. Бу журналлар хушхабарни қадрлайдиган инсонларнинг қўлига тушишини хоҳлар эканмиз, улар қайси одамларга мўлжалланган эканини билишимиз керак.

12. а) «Уйғонинг!» журнали қандай одамларга мўлжалланган ва унинг мақсади нимадан иборат? б) Бу асбобдан фойдаланиб, қандай муваффақиятга эришдингиз?

12 «Уйғонинг!» Муқаддас Китоб ҳақида оз-моз биладиган ёки умуман билмайдиган кишиларга мўлжалланган. Улар Муқаддас Китоб таълимотларини, у ердаги маслаҳатлар амалий эканини билмаслиги ёки диндан кўнгли қолган бўлиши мумкин. «Уйғонинг!» журналининг асосий мақсади Худо мавжуд эканини исботлашдан иборат. (Рим. 1:20; Иброн. 11:6) Қолаверса, одамларга Муқаддас Китоб «ҳақиқатан ҳам... Аллоҳ каломи» эканига ишонч ҳосил қилишга кўмаклашади. (1 Салон. 2:13) 2018 йили чиқадиган бу журналнинг учтаси қуйидагича номланган: «Нима бахтга етаклайди?», «Оилавий бахтнинг 12 та сири» ва «Қайғуни енга оласиз».

13. а) «Қўриқчи минораси» журналининг тарқатиш сони кимларга қаратилган? б) Бу асбобдан фойдаланиб, қандай муваффақиятга эришдингиз?

13 «Қўриқчи минораси» журналининг тарқатиш сони Худони ҳурмат қиладиган ва Унинг Каломини қадрлайдиган маънан чанқоқ кишиларга мўлжалланган. Гарчи Муқаддас Китобдаги баъзи таълимотлардан хабари бўлса-да, улар аниқ билимга эга эмас. (Рим. 10:2; 1 Тим. 2:3, 4) Мазкур журналнинг 2018 йилги сонларида қуйидаги учта саволдан иборат мавзулар кўриб чиқилади: «Муқаддас Китоб бугунги кунда ҳам амалийми?», «Бизни қандай келажак кутяпти?» ва «Худо сизга ғамхўрлик қиляптими?»

УНДАШГА ҚАРАТИЛГАН АСБОБЛАР

14. а) «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»да келтирилган тўртта видеонинг мақсади қандай? б) Бу видеолардан фойдаланиб, қандай муваффақиятга эришдингиз?

14 Видеолар. Исонинг даврида дурадгор фақат қўлда ишлата оладиган асбоблардан фойдаланган. Бироқ бугунги кунда дурадгорлар замонавий асбобларни қўллайди, масалан, арра, электр дрель, ранда, болға ва ҳоказоларни. Адабиётлардан ташқари бугунги кунда одамларга ажойиб видеоларни кўрсатамиз. Қутимизда бундай тўртта видео мавжуд: «Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?», «Муқаддас Китоб тадқиқи қандай ўтказилади?», «Йиғилиш залида нималар бўлади?» ва «Яҳованинг Шоҳидлари ўзи ким?» Ушбу видеолар икки ёки бундан ҳам камроқ вақт давом этиб, биринчи суҳбат учун жуда қўл келади. Узоқроқ вақт давом этадиган видеолардан эса такрорий ташрифларда ва кўпроқ вақти бўлган кишиларга кўрсатиш учун фойдаланиш мумкин. Бу қизиқарли асбоблар одамни Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга ва жамоат учрашувларига қатнашга чорлаши ҳеч гап эмас.

15. Видеоларни она тилида томоша қилишнинг қандай фойдаси бор? Мисол келтиринг.

15 Мисол учун, имондошимиз Микронезиядан бўлган бир аёлга унинг яп тилида «Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?» номли видеони кўрсатганда, бу унга жуда таъсир қилган. Видео бошланганда аёл: «Вой, она тилимда-ку! Кўзларимга ишонмаяпман. Оролимдаги шевада, менинг тилимда гапиряпти!» — деган. Сўнг у jw.org сайтига кириб, унинг тилидаги барча нарсани ўқиб, томоша қилмоқчи эканини айтди. (Ҳаворийлар 2:8, 11 ни солиштиринг.) Мана яна бир мисол. Қўшма Штатлардаги имондошимиз жияни она тилидаги ушбу видеони томоша қила олиши учун манзилни юборган. Уни томоша қилгач, жияни электрон почта орқали шундай деб ёзган: «Эътиборимни бу дунёни ёвуз шахс бошқараётгани жалб қилди. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ҳақидаги сўровни тўлдириб юбордим». Имондошимизнинг жияни фаолиятимиз тақиқланган мамлакатда яшайди.

ҲАҚИҚАТНИ ЎРГАТИШ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН АСБОБЛАР

16. Ушбу ҳар бир рисоланинг мақсади нимадан иборат: а) «Худога қулоқ солиб абадий яшанг», б) «Худодан келган хушхабар», в) «Бугунги кунда Тангри Яҳованинг иродасини ким бажаряпти?»

16 Рисолалар. Ўқишга қийналадиган ёки тилида адабиёт бўлмаган кишиларга ҳақиқатни қай тарзда етказа оламиз? Бизда «Худога қулоқ солиб абадий яшанг» * номли рисола бор ва у бунда қўл келади. Тадқиқни бошлашга қўл келадиган ажойиб асбоб, яъни «Худодан келган хушхабар» рисоласи ҳам бор. Кишига рисоланинг охирги саҳифасида келтирилган 14 та мавзуни кўрсатишингиз мумкин ва ундан қайси бири ёққанини сўранг. Кейин эса, бу рисоладан фойдаланиб тадқиқ бошланг. Сиз ҳам такрорий ташрифларингизда бундай йўл тутяпсизми? Қутимизда «Бугунги кунда Тангри Яҳованинг иродасини ким бажаряпти?» номли учинчи рисола бор. Уни қўллаб тадқиқ ўтаётган кишиларга ташкилотимиз ҳақида маълумот етказса бўлади. Ундан ҳар бир тадқиқда қандай фойдаланиш мумкинлигини билиш учун «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»нинг 2017 йил март сонига қаранг.

17. а) Тадқиқ учун мўлжалланган ҳар бир китобнинг мақсади нимадан иборат? б) Сувга чўмган киши учун қандай талаб бор ва нега?

17 Китоблар. Рисола бўйича тадқиқ ўтишни бошлагач, истаган пайтингизда «Муқаддас Китоб таълимотлари» китоби орқали тадқиқни давом этиб кетсангиз бўлади. Бу асбоб ёрдамида одамнинг Муқаддас Китоб борасидаги билимлари янада ошади. Ушбу китобни тугатгач, агар киши маънан ўсаётган бўлса, у билан «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» * китобини тадқиқ қилишингиз мумкин. Бу асбоб ёрдамида у кундалик ҳаётида Муқаддас Китобдаги принципларга қандай амал қилиш кераклигига ўрганади. Унутмангки, у ҳатто сувга чўмгандан кейин ҳам ушбу иккита китобни тадқиқ қилиб тугатиши лозим. Бу унинг имони учун мустаҳкам пойдевор бўла олади. (Колосаликларга 2:6, 7 ни ўқинг.)

 18. а) Одамларга ҳақиқатни етказамиз экан, 1 Тимўтийга 4:16 га кўра нима қилишимиз даркор? б) «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»дан фойдаланганда қандай мақсадни кўзлаймиз?

18 Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, одамларни абадий ҳаётга етакловчи «ҳақиқат бўлмиш хушхабар» бизга ишониб топширилган. (Колос. 1:5; 1 Тимўтийга 4:16 ни ўқинг.) Биз муҳтож бўлган «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»имиз бор. ( «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар» рамкасига қаранг.) Келинг, барча асбоблардан маҳорат ила фойдаланайлик. Ҳар бир ваъзгўй қизиқиш билдирган кишига қайси адабиётни тақдим этишни ва буни қачон қилишни ўзи танлай олади. Бироқ мақсадимиз шунчаки адабиёт тарқатиш эмас; умуман қизиқиш билдирмайдиган инсонга адабиёт қолдирмаймиз. Мақсадимиз ростгўй, камтар ва маънан чанқоқ — «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» одамлардан шогирд тайёрлаш. (Ҳавор. 13:48; Мат. 28:19, 20)

^ абз. 5 «Қўриқчи минораси»нинг 2010 йил 1 август сонидаги (рус) «Дурадгорлик ҳунари» номли мақола ва «Дурадгорнинг асбоблари» номли рамкага қаранг.

^ абз. 6 JW.ORG карточкалари ва таклифномалардан фойдаланганда маҳаллий қонунларни инобатга олинг. Бу борада саволларингиз бўлса, жамоат оқсоқолларига мурожаат қилинг.

^ абз. 16 Агар киши ўқишни билмаса, асосан расмлардан иборат бўлган «Худога қулоқ солинг» номли рисоладан фойдаланишингиз мумкин.

^ абз. 17 Агар сизнинг тилингизда «Муқаддас Китоб ҳақиқатлари» ва «Келинг, Худонинг меҳр–муҳаббатида қолайлик» номли китоблар чиқса, улардан фойдаланишингиз керак.