Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Одамлар Худонинг «қуюни» ҳақидаги огоҳлантирувни эшитиши керак

Худонинг ҳукмлари. У доим етарлича огоҳлантирадими?

Худонинг ҳукмлари. У доим етарлича огоҳлантирадими?

МУТАХАССИС об-ҳавони мосламалари ёрдамида текширмоқда. Натижада, кўп аҳоли яшайдиган ҳудудга хавфли қуюн яқинлашаётганини кўради. Ўша одамларнинг хавфсизлигини ўйлагани учун, вақт борлигида уларни огоҳлантирай деб жон куйдиради.

Худди шундай, Яҳова ер юзидаги одамларни оддий об-ҳаво ҳақида эмас, балки бундан-да даҳшатлироқ «қуюндан» огоҳлантирмоқда. У буни қандай амалга оширмоқда? Нега биз У етарлича огоҳлантираётганига аминмиз? Жавоб олишдан аввал, келинг, Яҳова ўтмишда қандай огоҳлантирганининг баъзи мисолларига диққат қаратайлик.

ХУДО ОЛДИНДАН ОГОҲЛАНТИРГАН

Қадимда Яҳова Унинг амрларига бўйсунмаган инсонларга қарши чиқарган турли ҳукмларидан ёки «қуюнлардан» огоҳлантирган. (Ҳик. 10:25; Ерм. 30:23) Ҳар сафар У итоатсиз кишиларни олдиндан огоҳлантириб, Унинг иродасига кўра қайси хатти-ҳаракатларини ўзгартиришлари кераклигини ҳам айтган. (4 Шоҳ. 17:12–15; Нахим. 9:29, 30) Ёрдам бериш ниятида, Аллоҳ кўпинча ер юзидаги содиқ хизматчилари орқали Ўз ҳукмларини эълон қиларди ва имилламаслик кераклигини тушунтирарди. (Амос 3:7)

Бундай содиқ хизматчиларнинг бири Нуҳ пайғамбар эди. Масалан, у унинг давридаги зўравон ва ахлоқсиз кишиларни жасурлик билан Тўфон бўлишидан огоҳлантирган. (Ибт. 6:9–13, 17) У шунингдек, одамлар омон қолиши учун нималар қилиши кераклигини шунчалик кўп ваъз қилгани боис, «адолат йўлини хабарлаб юрган» инсон сифатида танилган. (2 Бутр. 2:5)

Нуҳ пайғамбарнинг уринишларига қарамай, ўша инсонлар Худодан келган хабарни рад этди. Уларга ишонч етишмади. Оқибатда «Тўфон келиб барини қириб ташлади». (Мат. 24:39; Иброн. 11:7) Худо уларни огоҳлантирмаган деб айтишлари асоссиз.

Бошқа пайтлари эса, Яҳова чиқарган ҳукмини амалга оширишига оз вақт қолганида айтган. Шундай бўлса-да, бу вазиятга алоқадор одамлар ўзгариши учун етарлича вақт берган. Мисол учун, У Мисрдагиларни ўнта жазо борасида олдиндан огоҳлантирган. Масалан, Яҳова фиръавн ва унинг хизматкорларини еттинчи жазодан, яъни дўл ёғишидан огоҳлантириш учун Мусо билан Ҳорунни юборган. Худо келаси куни бўладиган дўлдан улар бошпана топиб, омон қолиши учун етарлича вақт берганми? Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Фиръавн хизматкорлари орасида Яҳованинг сўзидан қўрққанлар, ўша заҳотиёқ хизматкорлари ва чорваларини уйларига олиб киришди. Лекин Яҳованинг сўзини назарига илмаганлар, хизматкорларию чорваларини далада қолдиришди». (Чиқ. 9:18–21) Шуниси аниқки, Яҳова уларни етарлича огоҳлантирган. Муайян чоралар кўрганлар эса, жазога йўлиқмаган эди.

Фиръавн ва унинг хизматкорлари ўнинчи жазо ҳақида олдиндан огоҳлантирилган эди. Лекин улар нодонларча унга парво қилишмади. (Чиқ. 4:22, 23) Оқибатда, тўнғич ўғил болалари нобуд бўлишганининг гувоҳи бўлишди. Бу аянчли! (Чиқ. 11:4–10; 12:29) Хўш, улар ўша огоҳлантиришга қулоқ солиши мумкинмиди? Ҳа. Мусо пайғамбар Исроил халқини юз берадиган ўнинчи жазо ҳақида огоҳлантириб, улар омон қолиши учун нима қилишлари борасида йўл-йўриқлар берган. (Чиқ. 12:21–28) Қизиқ, қанча одам унга қулоқ солган? Баъзи манбаларга кўра, уч миллион киши, жумладан, Исроил халқи ва «улар билан бирга турли инсонлардан иборат оломон», яъни исроиллик бўлмаган турли халқлар, шу қаторда мисрликлар Худонинг ҳукми ҳақидаги огоҳлантиришга қулоқ солиб, Мисрни тарк этган. (Чиқ. 12:38, изоҳ)

Ушбу мисоллардан, Яҳова доим одамлар Унинг огоҳлантиришига қулоқ солиб, чора кўриши учун етарлича вақт тақдим этганини билиб оляпмиз. (Қонун. 32:4) Хўш, Худони бунга нима ундаган? Ҳаворий Бутрус тушунтиргандай, Яҳова «ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9) Ҳа, Аллоҳ инсонларга ғамхўрлик қилади. У одамлар тавба қилишини ва ҳукмлари амалга оширилмагунча, маслаҳатига мувофиқ йўл тутишларини истайди. (Ишаё 48:17, 18; Рим. 2:4)

ҲОЗИР ХУДОНИНГ ОГОҲЛАНТИРИШИГА ҚУЛОҚ СОЛЯПМИЗМИ?

Бугунги кунда ҳам барча одамлар бутун дунё бўйлаб эълон қилинаётган шошилинч огоҳлантирувга қулоқ солиши муҳим. Исо ер юзида бўлганда, бу ёвуз дунё «буюк мусибат» пайтида вайрон бўлишидан огоҳлантирган. (Мат. 24:21) Бўлажак ҳукмга келадиган бўлсак, у издошлари ўша кун яқинлашиб қолаётганини аниқ кўра олиши учун батафсил башоратларни тақдим этган. Исо биз ҳозирги кунда жаҳон бўйлаб кўраётган муҳим ҳодисаларни санаб ўтган. (Мат. 24:3–12; Луқо 21:10–13)

Ушбу башоратга биноан, Яҳова ҳар бир кишини Унинг меҳрга тўла ҳукмдорлигини қабул қилишга ундамоқда. У итоаткор инсонлар ҳозирнинг ўзида бахтлироқ ҳаёт кечириб, келажакда ҳам адолат ҳукм сурадиган янги дунёда яшашини истайди. (2 Бутр. 3:13) Яҳова одамларга Унинг ваъдаларига ишонч ҳосил қилишга ёрдам беришни хоҳлайди. Бунинг учун У нажотбахш хабарни, яъни «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни» тақдим этмоқда. Исо бу хабар «ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинишини» башорат қилган. (Мат. 24:14) Худо деярли 240 та мамлакат ва ҳудудда Унинг хабари «шаҳодат» этилиши ёки ваъз қилиниши учун хизматчиларини тайинлаган. Яҳова имкон қадар кўпроқ кишилар огоҳлантирувга қулоқ солиб, бўлажак ҳукм кунида омон қолишларини истайди. (Заф. 1:14, 15; 2:2, 3)

Шундай экан, муҳими Яҳова одамларга Унинг огоҳлантирувларига қулоқ солишга етарлича вақт бериш-бермаслигида эмас. Бўлиб ўтганлар шуни кўрсатяптики, У доим вақт беради. Демак, асосий савол шуки, вақт бор экан одамлар Аллоҳнинг огоҳлантирувига қулоқ соладими? Худонинг хизматчилари сифатида, келинг, имкон қадар кўп инсонлар бу ёвуз дунё ўз якунига етганда омон қолишига тинмай ёрдам берайлик.