Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биродар Рутерфорд Сидар-Пойнтда (Огайо) анжуманда нутқ айтяпти, 1919 йил

1919. Юз йил аввал

1919. Юз йил аввал

1919 ЙИЛГА келиб тўрт йилдан ошиқ давом этган Буюк уруш (кейинчалик Биринчи жаҳон уруши деб танилган) ўз ниҳоясига етди. 1918 йилнинг охирига келиб халқлар урушни тўхтатди ва 1919 йил 18 январда Париж сулҳ конференцияси бўлиб ўтди. Бу конференциянинг ютуқларидан бири Версаль сулҳ шартномаси бўлиб, у иттифоқчилар билан Германия ўртасидаги урушга расман нуқта қўйди. 1919 йил 28 июнда унга имзо чекилди.

Шунингдек, мазкур сулҳ Миллатлар Иттифоқи (Миллатлар Лигаси) деб номланган янги ташкилотга асос солди. Унинг мақсади «умумжаҳон ҳамкорликни олға суриш ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликка эришиш» эди. Христиан оламидаги кўплар бу Иттифоқни қўллаб-қувватлади. Америкадаги христиан черковларининг федерал кенгаши уни «Худо Шоҳлигининг ер юзидаги сиёсий ифодаси» деб аташган. Бу кенгаш Париж сулҳ иттифоқига вакилларини юбориб, мазкур Иттифоқни қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Конференцияда вакиллардан бири «инсоният тарихида янги давр бошланаётганини» таъкидлади.

Ҳа, янги давр бошланиш арафасида эди, лекин бу сулҳ конференцияси туфайли бўлмаган. 1919 йили Яҳова халқига ҳали ҳеч қачон олиб бормаган ваъзгўйлик фаолиятини бошлаш учун куч берганида, ваъзгўйлик ишимизда янги давр бошланди. Лекин аввал Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг вазияти кескин ўзгариши керак эди.

ҚИЙИН ҚАРОР

Жозеф Рутерфорд

«Қўриқчи Минораси Муқаддас Китоб ва Адабиёт Жамияти»да бошчилик қиладиган биродарларни танлаш учун ҳар йили ўтадиган сайлов 1919 йил 4 январь шанба кунига режалаштирилган эди. Ўша пайтда Яҳова халқининг орасида бошчилик қилган Жозеф Рутерфорд ва еттита биродаримиз ноҳақ айбланиб, Атлантада (Жоржия, АҚШ) қамоқхонада эди. Шундай савол туғилганди: раҳбар бўлган ўша биродарлар бошқарувни давом эттириши керакми? Ёки уларнинг ўрнига бошқаларни сайлаш керакми?

Эвандер Ковард

Биродар Рутерфорд қамоқхонада бўлганида, ташкилотнинг келажаги ҳақида ташвишланган. У баъзилар бошчиликни бошқа биродарга топшириш керак деб ҳисоблашларини билган. Шу сабабдан, у йиғилганларга мактуб йўллаб, бу вазифа учун Эвандер Ковард биродаримизни тавсия қилди. Рутерфорд у ҳақида «хотиржам», «ишончли» ва «Ҳазратимизга содиқ» деган фикрларни билдирди. Аммо кўп биродарлар бошқача қарор чиқарилишини истади: улар сайловни олти ой кейинга қолдирди. Қамоқдаги биродарларимизни ҳимоя қилган юридик гуруҳ бунга рози бўлди. Бу масаланинг муҳокамаси қизғин тус олгани сайин, айрим биродарларнинг умидлари пучга чиқди.

Ричард Барбер

Кейинчалик биродар Ричард Барбер ўшанда қийин вазиятни ҳал қилишга кўмаклашган бир воқеа ҳақида айтиб берди. Сайловда йиғилган биродарлардан бири қуйидагича фикр билдирди: «Мен қонун нимани талаб қилиши борасида мутахассис эмасман, аммо садоқатли бўлиш нимани талаб қилишини биламан. Худо садоқатли бўлишни талаб қилади. Сайлов ўтказиб, бошчиликни зиммасига олиш учун биродар Рутерфордни қайта сайлаб, буни Худога содиқ эканимизни кўрсатишнинг энг аъло йўли деб биламан». (Заб. 18:25)

Александр Макмиллан

Рутерфорднинг ёнидаги камерада ўтирган биродар Макмилланнинг эслашича, Рутерфорд деворни тақиллатиб унга: «Қўлингизни узатинг»,— деди ва сайлов натижаси ёзилган хат узатди. Макмиллан у нимани англатишини шу заҳоти тушунди, яъни барча директорлар қайта сайланган эди ва Жозеф Рутерфорд ҳамда Уильям Ван Амбург раҳбарлар сифатида қайта тикланган эди. Шундай қилиб, Рутерфорд ташкилотимиз президенти сифатида хизматини давом эттира оларди.

ОЗОДЛИК!

Саккизта биродар қамоқда бўлганида, садоқатли Тадқиқотчилар уларни озод этиш борасида бошқалардан петицияга қўл қўйишни сўрашди. Ўша жасоратли биродару опа-сингиллар 700 000 дан ошиқ имзо йиғишди. Петиция топширилишидан аввал, 1919 йил 26 март чоршанба куни Рутерфорд ва бошқа масъулиятли биродарлар озодликка чиқди.

Рутерфордни уйида кутиб олганларга у қуйидагича деди: «Аминманки, бошимиздан ўтганлар бизни олдинда бўладиган янада қийин вазиятларга оз-моз тайёрлади. [...] Имондошларингиз озодликка чиққани билан кураш ҳали тугамади. Бу фаолиятимизнинг асл мақсади эмасди. [...] Сиз олиб бораётган кураш Яҳовага шараф келтирмоқда ва буни қилган кишилар ажойиб барака олишди».

Биродарларимизнинг суд ишлари билан боғлиқ вазиятлар Яҳова уларни йўналтираётганини кўрсатиши мумкин. 1919 йил 14 майда аппеляцион суд шундай қарор чиқарди: «Бу ишда айбланганлар... адолатли тарзда ҳукм қилинмади ва шу боис, уларга чиқарилган ҳукм бекор қилинади». Биродарлар оғир жиноий ишларда айбланаётган эди. Агарда уларни шунчаки кечиришганда ёки жазо муддатини бир озга қисқартиришганида, бу биродарларнинг ҳужжатларида акс эттирилган бўларди. Лекин уларга бошқа ҳеч қандай айблов қўйишмади. Натижада, биродар Рутерфорд * Яҳованинг халқини Қўшма Штатларнинг Олий суди олдида ҳимоя қилиш учун юридик ҳуқуқларини тиклади ва озодликка чиққач, Яҳованинг халқини кўп марта ҳимоя қилди.

ВАЪЗ ҚИЛИШ ҚАРОРИМИЗ ҚАТЪИЙ

«Қўлларимизни қовуштириб, Ҳазратимиз бизни қачон осмонга олиб кетар экан деб, ҳеч нарса қилмай ўтирмоқчи эмасдик,— деб эслади биродар Макмиллан,— Ҳазратимизнинг иродаси нимада эканини тушуниш учун нимадир қилишимиз кераклигини англадик».

Аммо бош идорадаги биродарлар йиллар давомида қилиб келган ишини осонликча давом эттира олмас эди. Нима учун? Сабаби улар қамоқда бўлганида, адабиётларни чоп этиш машинасининг муайян қисмлари бузилиб қолган эди. Бу қайғули эди ва баъзи биродарлар ваъзгўйлик иши ниҳоясига етди, деб хавотирланган.

Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Шоҳлик ҳақида айтган хабарнинг ҳали ҳам кимгадир қизиғи бормиди? Бу саволга жавоб топиш учун биродар Рутерфорд маъруза айтишга қарор қилди ва бунга барча таклиф қилинди. «Агар учрашувга ҳеч ким келмаса, биламизки, ваъзгўйлик ишимизга нуқта қўйилган бўлади»,— деб айтди биродар Макмиллан.

Биродар Рутерфорднинг «Тушкунликдаги инсониятга умид» номли маърузаси газетада эълон қилинган, Лос-Анжелес (Калифорния), 1919 йил

1919 йили 4 май якшанба куни биродар Рутерфорд оғир касал бўлишига қарамай, Калифорниянинг Лос-Анжелес шаҳрида «Тушкунликдаги инсониятга умид» номли маърузани сўзлади. Маърузага тахминан 3 500 та одам келди ва юзлаб киши етарлича жой бўлмагани сабабли кира олмади. Эртаси куни яна 1 500 та одам келди. Биродарлар саволига жавоб топишди — одамлар хушхабар билан қизиқаётганди!

Бундан кейин биродарлар тутган йўл Яҳова Шоҳидларининг ҳозирги кунгача давом этиб келаётган ваъзгўйлик ишига таъсир қилди.

ЎСИШ УЧУН ПОЙДЕВОР

«Қўриқчи минораси»нинг 1919 йил 1 август сонида сентябрнинг бошида Сидар-Пойнтда (Огайо) анжуман бўлиши эълон қилинди. Миссуридан бўлган ёш Тадқиқотчи Клэренс Бити қуйидагича эслаганди: «Барча у ерга бориш керак деб ҳисобларди». 6 000 дан зиёд биродару опа-синглимиз ўша учрашувга ташриф буюрди — бу кутилгандан ҳам анча кўп эди. Анжуманни янада ўзгача қилган воқеа Эри кўли яқинида 200 дан ошиқ киши сувга чўмгани бўлди.

1919 йил 1 октябрда чиққан «Олтин давр» журналининг илк сонининг муқоваси

1919 йил 5 сентябрда, яъни анжуманнинг бешинчи кунида биродар Рутерфорд «Ҳамкорларга мурожаат» номли нутқида «Олтин давр» * деб аталган янги журнал чиққанини эълон қилди. Бу журналда «юз бераётган воқеалар нима учун муҳим экани Муқаддас Китоб асосида ёритилиб, бўлаётган ҳодисаларнинг аҳамияти тушунтирилганди».

Барча Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари мазкур янги адабиёт ёрдамида жасорат билан ваъз қилишга ундалди. Иш қандай ташкиллаштирилиши тушунтирилган хатда қуйидагича таъкидланган эди: «Сувга чўмган барчамиз шуни унутмайликки, хизмат қилиш улкан шарафдир ва ҳозир имкониятдан фойдаланиб, дунё бўйлаб шоҳидлик бериш ишида ҳисса қўшайлик». Кўплар ваъз қилиш таклифини қабул қилди! Декабрга келиб, ғайратли Шоҳлик хабарчилари бу янги журналга 50 000 дан ошиқ обуна йиғишга муваффақ бўлишди.

Бруклиндаги биродарлар «Олтин давр» журналини юк машинасига жойлаштирган

1919 йилнинг охирига келиб, Яҳованинг халқи қайта ташкиллаштирилган ва кучга тўлган эди. Қолаверса, охирзамонга тегишли бир нечта муҳим башорат амалга ошганди. Малаки 3:1–4 да айтилганидай, Худонинг халқи синалиб, тозаланиши ҳақидаги башорат амалга ошганди. Яҳованинг хизматчилари «Буюк Бобил» қуллигидан озод бўлиб, Исо «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлаган эди *. (Ваҳ. 18:2, 4; Мат. 24:45) Энди Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Яҳова уларга ҳозирлаб қўйган ишни бажаришга тайёр эди.

^ абз. 13 Биродар Рутерфорд ҳуқуқшунос ва судья бўлган ҳамда «судья Рутерфорд» деб танилган.

^ абз. 22 «Олтин давр» журнали 1937 йили «Тасалли», 1946 йили эса, «Уйғонинг!» деб атала бошлади.