Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

41- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тадқиқ ўтаётганларга сувга чўмишга қай йўсин ёрдам бера оласиз? (1- қисм)

Тадқиқ ўтаётганларга сувга чўмишга қай йўсин ёрдам бера оласиз? (1- қисм)

Масиҳнинг хати эканингиз аниқ кўриниб турибди. Бу хат, хизматчилар бўлмиш биз тарафимиздан... ёзилган. 2 КОР. 3:3

78- ҚЎШИҚ «Худонинг каломини ўргатамиз»

БУ МАҚОЛАДА *

Муқаддас Китоб тадқиқини ўтган киши сувга чўмганини кўриш бутун жамоат учун нақадар қувончли! Ахир улар севги ила бунда ўз ҳиссасини қўшишган (1- хатбошига қаранг.)

1. Қай йўсин 2 Коринфликларга 3:1–3 оятлари киши билан тадқиқ ўтиб, сувга чўмишига кўмаклашиш шараф эканини тушунишимизга ёрдам бермоқда? (Муқовадаги расмга қаранг.)

ЖАМОАТИНГИЗ ҳудудидан кимдир тадқиқ ўтиб, сувга чўмганини кўрганингизда нималарни ҳис этасиз? Қувончга тўлишингиз шубҳасиз! (Мат. 28:19) Борди-ю, бу шогирд билан сиз тадқиқ ўтган бўлсангиз, унинг сувга чўмганини кўриб, ниҳоятда хурсанд бўласиз! (1 Салон. 2:19, 20) У маънан ўсиб, сувга чўмгани сиз ва жамоатнинг бошқа аъзолари унга кўмаклашиш учун кўп меҳнат ва астойдил хизмат қилганингиздан далолатдир. Шу боис, яқинда сувга чўмган шогирдларни нафақат улар билан тадқиқ ўтганлар, балки бутун жамоат учун тирик «тавсиянома»лар, деб атасак бўлади. (2 Коринфликларга 3:1–3 ни ўқинг.)

2. а) Қайси муҳим савол устида мулоҳаза юритишимиз керак ва нега? б) Муқаддас Китоб тадқиқи нима? (Изоҳга қаранг.)

2 Сўнгги тўрт йил давомида дунё бўйлаб ҳар ой ўртача ҳисобда тахминан 10 миллионта Муқаддас Китоб тадқиқи * ўтказилганини кўриш нақадар далдали. Қолаверса, шу йиллар мобайнида ҳар йили ўртача ҳисобда 280 000 дан ошиқ одам Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмди ва Исо Масиҳнинг янги шогирди бўлди. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган миллионлаб одамларнинг иложи борича кўпига сувга чўмишга қай йўсин ёрдам бера оламиз? Яҳова сабрини намоён этиб, одамлар Масиҳнинг шогирди бўлиши учун уларга вақт ҳамда имконият беряпти. Шу сабабли, улар имкон борича тезроқ маънан ўсиб сувга чўмишларига кўмаклашиш учун жон куйдиришни истаймиз. Ахир вақт кутиб ўтирмайди! (1 Кор. 7:29а; 1 Бутр. 4:7)

3. Ушбу мақоладан Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш борасида нималарни билиб оламиз?

3 Ҳозирда шогирд тайёрлаш иши жуда муҳим бўлгани боис, тадқиқ ўтаётганларнинг иложи борича кўпроғига сувга чўмишга ёрдамлашиш учун нима қила олишимиз борасида Етакчи кенгаш филиаллар билан маслаҳатлашди. Бу ва галдаги мақолада тажрибали кашшофлар, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар ҳамда туман нозирларидан нималарни ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз *. (Ҳик. 11:14; 15:22) Улар Муқаддас Китоб тадқиқи янада самарали бўлиши учун тадқиқ ўтказувчилар ва ўрганаётганлар нима қилишлари мумкинлиги ҳақида бўлишишди. Бу мақолада Муқаддас Китобни ўрганаётган ҳар бир киши маънан ўсиб сувга чўмиш учун қайси бешта қадамни қўйиши лозимлиги тўғрисида гап боради. Улар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказар эканмиз, бу бешта қадамни қўйишларига ёрдамлашишимиз зарур.

ТАДҚИҚНИ ҲАР ҲАФТА ЎТИНГ

Қизиқувчига бирон ерда ўтириб тадқиқ ўтишни таклиф қилинг (4–6- хатбошиларига қаранг.)

4. Остонада тадқиқ ўтказиш борасида нимани тушунишимиз керак?

4 Кўпгина имондошларимиз уй эгаси билан остонада тадқиқ ўтказади. Муқаддас Китобга нисбатан қизиқишни ривожлантириш учун бу яхши бошланиш. Аммо одатда бундай суҳбатлар жуда қисқа бўлади ва ҳатто ҳар ҳафта ўтказилмаслиги мумкин. Кишининг қизиқишини ривожлантириш учун баъзи ваъзгўйлар улар билан қандай боғланиш мумкинлиги ҳақида маълумот беради ва ташрифлар орасида Каломга асосланган қисқача фикр билан бўлишади. Вақти-вақти билан бўладиган бундай суҳбатлар ойлаб давом этиши, аммо самарали тадқиққа айланмаслиги мумкин. Хўш, одам Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун етарлича вақт ажратмаса ва жон куйдирмаса, ўзини Худога бағишлаб, сувга чўма оладими? Бу амримаҳол!

5. Луқо 14:27–33 га кўра, Исо нимани таъкидлаган ва шогирд тайёрлаш ишида бу бизга қандай асқатади?

5 Бир сафар Исо киши унинг шогирди бўлишни истаса, нима қилиши кераклигини мисоллар ёрдамида тушунтирган. У иморат қурмоқчи бўлган киши ва жангга отланаётган подшоҳ ҳақида айтиб ўтган. Исо иморатни қуриб битириш учун киши «аввалига ўтириб қанча харажат кетишини ҳисоблаб олиши» лозимлигини айтган. Подшоҳ ҳам мақсадига эришиш учун аскарларининг кучи етиш-етмаслигини «олдиндан ўтириб маслаҳатлашиши» зарур бўлган. (Луқо 14:27–33 ни ўқинг.) Шу сингари, Исо одам унинг шогирди бўлишни истаса, унга эргашиш нимани англатиши борасида чуқур ўйлаб кўриши кераклигини айтмоқчи бўлган. Шу сабабли, биз билан Муқаддас Китобни ўрганаётганларни ҳар ҳафта тадқиқ ўтишга ундашимиз керак. Буни қай йўсин қила оламиз?

6. Самарали тадқиқлар ўтиш учун нима қила оламиз?

6 Ишни остонада ўтиладиган тадқиқлар вақтини узайтиришдан бошланг. Балки ҳар сафар ташриф буюрганингизда Муқаддас Китобга асосланган қўшимча фикр билан бўлишарсиз. Уй эгаси узоқроқ давом этадиган суҳбатларга ўргангач эса бирон ерда ўтириб муҳокамани давом эттиришни таклиф қилинг. Уй эгасининг жавоби у тадқиққа қанчалик жиддий ёндашаётганини кўрсатади. Бироз вақт ўтгандан сўнг тезроқ маънан ўсишига кўмаклашиш учун ҳафтада икки марта тадқиқ ўтиш ҳақида қандай фикрда эканини сўранг. Албатта, ҳафтасига бир ё икки марта тадқиқ ўтишнинг ўзи етарли эмас.

ҲАР БИР ТАДҚИҚҚА ТАЙЁРЛАНИНГ

Ҳар бир тадқиққа тайёргарлик кўринг ва қизиқувчига ҳам қандай тайёрланишни ўргатинг (7–9- хатбошиларига қаранг.)

7. Қай йўсин тадқиқ ўтказаётган киши муҳокамаларга астойдил тайёргарлик кўра олади?

7 Тадқиқ ўтказар экансиз, муҳокамаларга астойдил тайёргарлик кўринг. Масалан, маълумотни ҳамда келтирилган оятларни ўқиб чиқишдан бошлашингиз мумкин. Асосий фикрларни тушуниб олинг. Дарс ёки бобнинг номи, сарлавҳалар, хатбошиларига тегишли саволлар, «ўқинг» деб белгиланган оятлар, расмлар ҳамда мавзуни тушунтиришда қўл келадиган видеолар борасида мулоҳаза қилинг. Сўнг тадқиқ ўтаётган киши ҳақида ўйлаб, у мавзуни осонликча тушуниши ҳамда уни амалда қўллай олиши учун маълумотни содда ва аниқ қилиб тақдим этиш ҳақида мулоҳаза юритинг. (Нахим. 8:8; Ҳик. 15:28а)

8. Ҳаворий Павлуснинг Колосаликларга 1:9, 10 да келтирилган сўзларидан тадқиқ ўтувчилар учун ибодат қилиш борасида нимани билиб оляпмиз?

8 Тайёргарлик кўраётганингизда, тадқиқ ўтувчи ва унинг эҳтиёжлари борасида Яҳовага ибодат қилинг. Муқаддас Китоб асосида таълим бераётганингизда кишининг қалбини забт эта олиш учун Яҳовадан ёрдам сўранг. (Колосаликларга 1:9, 10 ни ўқинг.) Қайси маълумотни тушуниш ёки қабул қилиш у учун қийин бўлишини олдиндан аниқлашга интилинг. Унутмангки, мақсадингиз унга маънан ўсиб, сувга чўмишга ёрдам беришдир.

9. Муқаддас Китобни ўрганаётган кишига тадқиққа тайёргарлик кўришга қандай кўмаклаша оламиз? Тушунтиринг.

9 Умид қиламизки, киши Муқаддас Китобни мунтазам равишда тадқиқ қилгани туфайли Яҳова ҳамда Исо у учун нималар қилганини қадрлаб, кўпроқ билим олишни истайди. (Мат. 5:3, 6) Киши тадқиқдан тўлиқ фойда олиш учун бор диққатини ўрганилаётган маълумотга қаратиши даркор. Бунинг учун тадқиқ ўтувчига мавзуни олдиндан ўқиш ва маълумот унга қандай тааллуқли экани устида мулоҳаза қилиш орқали ҳар бир тадқиққа тайёрланиш муҳим эканини тушунтиринг. Хўш, тайёргарлик кўришига сиз қандай кўмаклаша оласиз? Намуна кўрсатиш учун бирон мавзуга бирга тайёрланинг *. Саволга қай йўсин жавоб топишни кўрсатинг ва фақатгина калит сўзларни ёки жумлаларни белгилаш жавобни эслашига ёрдамлашишини тушунтиринг. Кейин эса ўз сўзлари билан жавоб беришини сўранг. Шунда у маълумотни қанчалик яхши тушунганини аниқлай оласиз. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас.

ЯҲОВА БИЛАН ҲАР КУНИ СУҲБАТЛАШИШНИ ЎРГАТИНГ

Тадқиқ ўтаётган кишига Яҳова билан қай йўсин мулоқот қилишни ўргатинг (10- , 11- хатбошиларига қаранг.)

10. Нега Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш муҳим ва бу кўпроқ фойда келтириши учун нима қилиш лозим?

10 Ҳар ҳафта тадқиқ ўтишдан ташқари, баъзи ишларни кунда қилиш ҳам Каломни ўрганаётган кишига фойда келтиради. У Яҳова билан суҳбатлашиши лозим. Қанақасига? Яҳовани тинглаши ва Унга гапириши керак. У Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш орқали Худони тинглай олади. (Ёшуа 1:8; Заб. 1:1–3) jw.org сайтидаги босиб чиқариш мумкин бўлган «Муқаддас Китобни ўқиш жадвали»дан қандай фойдаланишни кўрсатинг *. Қолаверса, Муқаддас Китобни мутолаа қилишдан кўпроқ фойда олиши учун ўқиганларидан Яҳова ҳақида нималарни ўргангани ва билиб олганларини қай йўсин ҳаётида татбиқ қилиши мумкинлиги устида мулоҳаза юритишга унданг. (Ҳавор. 17:11; Ёқб. 1:25)

11. Қандай қилиб тадқиқ ўтувчи тўғри ибодат қилишни ўрганади ва Яҳовага тез-тез ибодат қилиш нима учун муҳим?

11 Тадқиқ ўтувчини ҳар куни ибодатда Яҳовага мурожаат қилишга унданг. Ҳар бир муҳокаманинг бошида ва охирида чин дилдан ибодат қилинг ҳамда ибодатларингизда тадқиқ ўтувчини ҳам тилга олинг. У ибодатларингизни тинглар экан, ўзи ҳам чин дилдан ва самимий ибодат қилишни ҳамда Тангри Яҳовага Исо Масиҳ номидан мурожаат қилишни ўрганади. (Мат. 6:9; Юҳан. 15:16) Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш (Яҳовани тинглаш) ва ибодат қилиш (Яҳовага гапириш) тадқиқ ўтувчига Аллоҳга яқинлашишга қанчалар ёрдам беришини бир тасаввур қилинг! (Ёқб. 4:8) Агар у буларни одат тусига киргизса, ўзини Худога бағишлаб сувга чўмишга ундайдиган яна бир қадамни қўя олади.

ЯҲОВА БИЛАН ШАХСИЙ МУНОСАБАТЛАРГА ЭГА БЎЛИШГА КЎМАКЛАШИНГ

12. Қай йўсин тадқиқ ўтувчига Яҳова билан муносабатларни ривожлантиришга ёрдамлаша оласиз?

12 Тадқиқ ўтувчилар Яҳова ҳақида билим олишини истаймиз. Аммо уларда билиб олганларини амалда қўллаш истаги пайдо бўлиши учун бу уларнинг қалбига таъсир қилиши лозим. Исо одамларга кўп нарсаларни ўргатган ва уларга ундан таълим олиш ёққан. Шу билан бирга Исо одамларнинг қалбини забт эта олгани учун улар унга эргашган. (Луқо 24:15, 27, 32) Тадқиқ ўтувчи Яҳовани ўзаро муносабатларни ривожлантирса бўладиган реал Шахс, деб билиши керак. Шунингдек, Уни Отаси, Худоси ва Дўсти сифатида кўриши лозим. (Заб. 25:4, 5) Тадқиқ давомида кишининг диққатини Худойимизнинг гўзал фазилатларига қаратинг. (Чиқ. 34:5, 6; 1 Бутр. 5:6, 7) Қайси мавзуни кўриб чиқишдан қатъи назар, шундай йўл тутинг. Тадқиқ ўтувчини Яҳованинг гўзал фазилатлари — севгиси, меҳрибонлиги ва раҳм-шафқати — учун миннатдор бўлишга ўргатинг. Исо: «“Тангрингиз Яҳовани... севинг”. Бу биринчи ва энг муҳим амрдир»,— деб айтган. (Мат. 22:37, 38) Ҳа, тадқиқ ўтувчига Яҳовани қаттиқ севишга ёрдам беринг.

13. Қандай қилиб тадқиқ ўтувчига Яҳованинг ажойиб фазилатлари тўғрисида билиб олишга кўмаклашишингиз мумкин?

13 Тадқиқ ўтувчи билан суҳбатлашганингизда Яҳовани нима учун севишингиз ҳақида бўлишинг. Шунда у Яҳова билан илиқ шахсий муносабатларни ривожлантириши кераклигини тушуниши мумкин. (Заб. 73:28) Мисол учун, тадқиқ қилинаётган адабиётда Яҳова ҳақида ниманидир очиб берадиган ва сизнинг қалбингизга таъсир қиладиган бирон фикр бордир. Бу Унинг севгиси, донолиги, адолати ёки қудрати билан боғлиқ фикрдир. Уни тадқиқ ўтувчига кўрсатиб, бу самовий Отангизни нима учун севишингизнинг кўпгина сабабларидан бири эканини айтсангиз бўлади. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган ҳар бир киши маънан ўсиб, сувга чўмиш учун яна бир қадамни қўйиши даркор.

ЖАМОАТ УЧРАШУВЛАРИГА БОРИШГА УНДАНГ

Тадқиқ ўтувчини иложи борича тезроқ йиғилишларга боришга таклиф қилинг (14- , 15- хатбошиларига қаранг.)

14. Йиғилишлар борасида Ибронийларга 10:24, 25 да нима дейилган ва қай йўсин бу тадқиқ ўтувчига маънан ўсишга ёрдам бера олади?

14 Барчамиз биз билан Муқаддас Китобни ўрганаётганлар маънан ўсиб, сувга чўмишларини истаймиз. Бунда уларга ёрдам беришнинг муҳим бир йўли — жамоат учрашувларига боришга ундаш. Тадқиқ ўтишда тажрибали ваъзгўйлар шуни бўлишишдики, шу заҳоти йиғилишларга қатнай бошлаган тадқиқ ўтувчилар маънан тезроқ ўсади. (Заб. 111:1) Баъзилар Муқаддас Китобни ўрганаётганларга маънавий таълимнинг ярмини тадқиқдан, қолган ярмини эса жамоат учрашувларидан олишини тушунтиради. Тадқиқ ўтувчи билан бирга Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқиб, йиғилишларга бориш унга қандай фойда келтиришини тушунтиринг. Бундан ташқари, унга «Йиғилиш залида нималар бўлади?» * номли видеони қўйиб беринг. Тадқиқ ўтувчига ҳар ҳафта йиғилишларга боришни ҳаётининг муҳим бир қисмига айлантиришга кўмаклашинг.

15. Тадқиқ ўтувчини мунтазам равишда йиғилишларга боришга ундаш мақсадида нима қила оламиз?

15 Тадқиқ ўтувчи йиғилишларга ҳали бормаган ёки уларга мунтазам қатнамаётган бўлса, нима қилсангиз бўлади? Яқинда бўлган учрашувларда нималарни билиб олганингизни жўшқинлик ила айтиб беринг. Бундай ҳис-туйғуларингизни кўрганида, унда ҳам йиғилишга бориш истаги пайдо бўлар. Унга айни пайтда тадқиқ қилинаётган «Қўриқчи минораси» ҳамда «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»ни беринг. Кейинги учрашувда нима муҳокама қилинишини кўрсатиб, қайси жойлари у учун айниқса қизиқ туюлаётганини сўранг. Тадқиқ ўтувчи илк учрашувдаёқ кўрган ва эшитганлари у олдин борган ҳар қандай диний йиғилишдан бутунлайин фарқ қилади. (1 Кор. 14:24, 25) У унга ўрнак бўла оладиган ва маънан ўсиб, сувга чўмишига кўмаклашадиган имондошлар билан танишади.

16. Тадқиқ ўтаётганларга сувга чўмишга қай йўсин ёрдам бера оламиз ва навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

16 Тадқиқ ўтаётганларга сувга чўмишга қай йўсин ёрдам бера оламиз? Муқаддас Китобни ўрганаётган кишини ҳар ҳафта тадқиқ ўтишга ва ҳар бир мавзуга тайёргарлик кўришга ундаб, тадқиққа жиддий ёндашишига кўмаклаша оламиз. Қолаверса, уни Яҳова билан ҳар куни суҳбатлашишга ва У билан шахсий муносабатларни ривожлантиришга ундашимиз лозим. Тадқиқ ўтувчини жамоат учрашувларига боришга ҳам ундашимиз даркор. (« Тадқиқ ўтувчилар маънан ўсиб, сувга чўмиш учун нима қилишлари керак?» номли 12- саҳифадаги рамкага қаранг.) Навбатдаги мақолада тадқиқ ўтаётганларга сувга чўмишга ёрдам бериш учун яна қайси бешта қадамни қўйишимиз лозимлиги ҳақида гап боради.

76- ҚЎШИҚ Тўласиз не ҳисга?

^ абз. 5 Кишига бирон нимани ўргатиш унга «янгичасига ёки бошқача фикр юритишга, ҳис этишга ё бўлмасам ҳаракат қилишга» ёрдамлашиш демакдир. 2020 йил учун танланган оят, яъни Матто 28:19 бизга одамлар билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ва уларни қай йўсин Масиҳнинг сувга чўмган шогирдлари бўлишга ўргатиш муҳим эканини эслатмоқда. Бу ва навбатдаги мақолада ушбу жуда муҳим ишни бажаришда қандай қилиб яхшиланишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 2 ИБОРА МАЪНОСИ. Кишига асосий таълимотларни билиб олишга кўмаклашиш учун у билан мунтазам равишда Муқаддас Китоб асосида суҳбат қурсангиз, бу тадқиқ ҳисобланади. Муқаддас Китоб тадқиқи қандай ўтказилишини кўрсатганингиздан кейин, тадқиқ икки маротаба ўтказилиб, уни давом эттириш эҳтимоли бўлса, ҳисоботга киритишингиз мумкин.

^ абз. 3 Бу мақолалар «Илоҳий хизматимиз»нинг 2004 йил июль сонидан 2005 йил май сонларида келтирилган «Муқаддас Китоб тадқиқини самарали ўтказиш» туркумидаги фойдали фикрларни ҳам ўз ичига олади.

^ абз. 9 «Қизиқувчини тайёргарлик кўришга ўргатиш» номли тўрт дақиқали видеони томоша қилинг. jw.org сайтидаги КУТУБХОНА > ВИДЕОЛАР > ЙИҒИЛИШЛАРИМИЗ ВА ХИЗМАТИМИЗ > МАҲОРАТ ОШИРАМИЗ сарлавҳаси остига қаранг

^ абз. 10 МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ > МУҚАДДАС КИТОБ ТАДҚИҚИ УЧУН ҚЎЛЛАНМАЛАР сарлавҳаси остига қаранг.

^ абз. 14 jw.org сайтидаги КУТУБХОНА > ВИДЕОЛАР > ЙИҒИЛИШЛАРИМИЗ ВА ХИЗМАТИМИЗ > ХИЗМАТ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН ВИДЕОЛАР сарлавҳаси остига қаранг.