Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

43- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова Ўз ташкилотини бошқармоқда

Яҳова Ўз ташкилотини бошқармоқда

«Буларнинг бари ҳарбий куч ва қудрат билан эмас, Менинг руҳим ёрдамида содир бўлади»,— деб айтмоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова. ЗАКР. 4:6

40- ҚЎШИҚ Кимга тобе бўлдинг?

БУ МАҚОЛАДА *

1. Сувга чўмган масиҳийлар нима қилишда давом этишлари керак?

СИЗ сувга чўмганмисиз? У ҳолда Яҳовага бўлган имонингизни ва ихтиёрий равишда Унинг ташкилоти билан хизмат қилмоқчи эканингизни очиқчасига намоён этгансиз *. Албатта, Яҳовага бўлган имонингиз ўсишда давом этиши керак. Шунингдек, бугунги кунда Яҳова Ўз ташкилотидан фойдаланаётганига бўлган ишончингизни мустаҳкамлаб туришингиз даркор.

2, 3. Яҳова Ўз ташкилотини қандай йўллар билан бошқармоқда? Мисоллар келтиринг.

2 Бугунги кунда Яҳова ташкилотини Ўзининг шахсияти, нияти ва меъёрларини акс эттирадиган тарзда бошқармоқда. Келинг, ташкилотида ўз аксини топган Яҳованинг учта фазилатини кўриб чиқамиз.

3 Биринчидан, Худо юзхотирчилик қилмайди. (Ҳавор. 10:34) Севги Яҳовани «ҳамма инсонлар учун» Ўғлини «тўлов сифатида» беришга ундаган. (1 Тим. 2:6; Юҳан. 3:16) Тинглашни истовчи барчага хушхабарни ваъз қилишда Яҳова Ўз халқидан фойдаланмоқда. Шу тариқа, имкон қадар кўпроқ одамларга тўловдан фойда олишга У кўмаклашмоқда. Иккинчидан, Яҳова тартиб ва тинчлик Худосидир. (1 Кор. 14:33, 40) Шу боис, Унга топинадиган кишилар гуруҳ сифатида тартиб билан, тинчликда Унга хизмат қилишини кутишимиз ўринлидир. Учинчидан, Яҳова «Буюк Устоз»дир. (Ишаё 30:20, 21) Шу сабабли, Унинг ташкилоти ҳам жамоатда, ҳам ваъзгўйликда бутун диққатни илҳомлантирилган Каломи асосида таълим беришга қаратмоқда. Илк масиҳийлар жамоати Яҳова шахсиятининг ушбу учта қиррасига қандай тақлид қилган? Ҳозирги кунда Яҳованинг халқи бу фазилатларга қандай тақлид қилмоқда? Бугунги кунда Яҳованинг ташкилоти билан бирга хизмат қилар экансиз, муқаддас руҳ сизга қандай ёрдам бера олади?

ХУДО ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАЙДИ

4. Ҳаворийлар 1:8 га кўра, Исо издошларига қандай вазифа топширган ва улар қандай кўмак олишади?

4 Биринчи асрда. Исо ваъз қилиб юрган хабар барча инсонларга умид берган. (Луқо 4:43) У издошларига ўзи бошлаб қўйган ишни — «ернинг четларига қадар» ваъз қилишни давом эттириш вазифасини топширган. (Ҳаворийлар 1:8 ни ўқинг.) Албаттаки улар бу ишни ўз кучлари билан бажара олишмасди. Улар Исо ваъда қилган «ёрдамчи»га, яъни муқаддас руҳга муҳтож эди. (Юҳан. 14:26; Закр. 4:6)

5, 6. Муқаддас руҳ Исонинг шогирдларига қай йўсин кўмаклашган?

5 Мил. 33 йил Ҳосил байрамида Исонинг издошларига муқаддас руҳ берилди. Ушбу руҳнинг ёрдами билан улар дарҳол ваъз қила бошлашди ва қисқа вақт ичида минглаб одамлар хушхабарни қабул қилди. (Ҳавор. 2:41; 4:4) Қаршиликлар пайдо бўлганда шогирдлар қўрқувга берилиб ваъз қилишни тўхтатишмади, аксинча, Худодан ёрдам сўрашди. Улар қуйидагича ибодат қилишди: «Каломингни гапириш учун қулларингга жасорат ато эт». Шунда улар муқаддас руҳга тўлишди ва «Тангрининг каломини жасорат билан» гапира бошлашди. (Ҳавор. 4:18–20, 29, 31)

6 Исонинг шогирдлари бошқа қийинчиликларга ҳам дуч келишди. Мисол учун, Муқаддас Ёзувларнинг нусхалари кўп эмасди. Ҳозиргидек тадқиқ учун қўлланмалар йўқ эди. Шогирдлар турли тилларда сўзлашувчи одамларга ваъз қилишарди. Бу барча қийинчиликларга қарамай, ўша ғайратли шогирдлар имконсиз кўринган нарсани — бир неча ўн йил ичида хушхабарни «фалак остида бор жонзотга» ваъз қилиш ишини — амалга оширишган. (Колос. 1:6, 23)

7. Қандай қилиб Яҳованинг хизматчилари 100 йилдан ошиқроқ вақтдан буён Худо улардан нимани талаб қилаётганини тушуниб келишмоқда ва улар қандай иш билан банд?

7 Бугунги кунда. Яҳова Ўз халқини бошқаришда ва уларга куч беришда давом этмоқда. Буни У асосан илҳомлантирилган Каломи орқали амалга оширмоқда. Унда Исонинг хизмати ва у бошлаган ишни шогирдлари давом эттиришлари ҳақидаги амр ёзилган. (Мат. 28:19, 20) Ушбу журналнинг 1881 йил июль сонида шундай дейилган эди: «Бизлар ҳурмат қозониш ёки бойлик йиғиш учун эмас, балки ўзимизда борини бериб хушхабарни ваъз қилиш учун даъват этилганмиз, мойланганмиз». «Бу фаолият кимга топширилган?» номли 1919 йилда нашр этилган рисолада қуйидагилар айтилганди: «Бу фаолият улкан бўлиб кўриняпти, лекин Ҳазратимизнинг ёрдами билан биз албатта унинг уддасидан чиқамиз». Дарҳақиқат, илк масиҳийлар каби ушбу биродарлар ҳам муқаддас руҳ уларга турли одамларга ваъз қилишга кўмаклашишига амин бўлиб, жасорат ила ўзларини бу ишга бағишлашган. Биз ҳам бугун худди шундай ишончга эгамиз.

Яҳованинг ташкилоти энг сара асбоблардан фойдаланиб хушхабарни ёйиб келмоқда (8- , 9- хатбошиларига қаранг.)

8, 9. Яҳованинг ташкилоти хушхабар ёйилишида қандай усуллардан фойдаланган?

8 Яҳованинг ташкилоти ўзида бор бўлган энг сара асбоблардан фойдаланиб хушхабарни ёйиб келмоқда. Бундай асбоблар сирасига босма адабиётлар, «Яратилиш фотодрамаси», фонографлар, карнай ўрнатилган машиналар, радиоэшиттиришлар, охирги йиллар эса рақамли технологиялар киради. Шунингдек, Худонинг ташкилоти тарихдаги улкан таржима ишини амалга ошириб келмоқда! Нега? Чунки шу тариқа ҳар турли инсонлар хушхабарни она тилида тинглай олади. Яҳова юзхотирчилик қилмайди. У хушхабар «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа» эълон этилишини башорат қилган. (Ваҳ. 14:6, 7) У Шоҳлик хабарини барча эшитишини истайди.

9 Хушхабарни етказиш қийин бўлган ҳудудларда, эҳтимол, қўриқланадиган уйларда яшайдиганлар ҳақида нима деса бўлади? Бундай кишиларнинг аксарияти хушхабарни эшита олиши учун, Яҳованинг ташкилоти ваъз қилишнинг турли усулларидан фойдалана бошлади. Масалан, 2001 йили Етакчи кенгаш Францияда, кейинчалик бошқа жойларда ҳам адабиёт аравачаларидан ҳамда адабиёт тақдим этишнинг бошқа йўлларидан фойдаланишни маъқуллади. Бу яхши натижа келтирди. 2011 йили Қўшма Штатларларда, Нью-Йорк шаҳрининг одам гавжум жойларининг бирида янги дастур йўлга қўйилди. Биринчи йили 102 129 та китоб ва 68 911 та журнал тарқатилди. 4 701 нафар киши Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни истади! Кўряпмизки, Яҳова муқаддас руҳидан фойдаланиб бу ишни қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, Етакчи кенгаш адабиёт аравачаларидан ҳамда адабиёт тақдим этишнинг бошқа йўлларидан фойдаланишга рухсат берди.

10. Хизматимизни яхшилаш учун нима қилсак бўлади?

10 Сиз нима қила оласиз? Яҳова жамоат йиғилишлари орқали тақдим этаётган таълимдан тўлақонли фойдаланинг. Ваъзгўйлик гуруҳингиз билан мунтазам ваъз қилинг. Ваъзгўйлик гуруҳингиз билан ҳамкорлик қилиб яхшироқ ваъз қилишни, таълим беришни ўрганасиз ва уларнинг яхши ўрнагидан далда оласиз. Қийинчиликларга қарамай ваъз қилишда давом этинг. Очқич оятимиз бизга эслатиб турганидек, Худонинг иродасини ўз кучимиз билан эмас, балки муқаддас руҳ берган куч ёрдамида бажара оламиз. (Закр. 4:6) Ахир биз Худо берган ишни бажаряпмиз.

ЯҲОВА ТАРТИБ ВА ТИНЧЛИК ХУДОСИДИР

11. Худонинг халқи орасида тартиб бўлиши учун қандай қилиб етакчи кенгаш аҳил бўлиб меҳнат қилган?

11 Биринчи асрда. Худонинг халқи орасида тартиб ва тинчлик бўлиши учун Қуддусдаги етакчи кенгаш аҳил бўлиб меҳнат қилган. (Ҳавор. 2:42) Мисол учун, мил. 49 йили суннат масаласи кўтарилганда, етакчи кенгаш муқаддас руҳ бошқаруви остида уни кўриб чиққан. Бу масала деб жамоат бўлинганида эди, улар ваъзгўйликда яхши натижаларга эриша олишмасди. Ҳаворийлару оқсоқоллар яҳудий бўлишса ҳам, яҳудийларнинг урф-одатлари ёки бу таълимотни олға сурганларнинг таъсирига берилишмаган. Аксинча, улар Худонинг Каломидан ва муқаддас руҳдан йўл-йўриқ излашган. (Ҳавор. 15:1, 2, 5–20, 28) Натижаси қанақа бўлди? Яҳова уларнинг қарорига барака берган, жамоатда тинчлик ва бирлик сақлаб қолинди, шунингдек, ваъзгўйлик иши олға сурилди. (Ҳавор. 15:30, 31; 16:4, 5)

12. Бугунги кунда Яҳованинг ташкилотида тартиб ва тинчлик борлиги нимадан кўриняпти?

12 Бугунги кунда. Яҳованинг ташкилоти Худонинг халқи орасида тартиб ва тинчлик бўлишига кўмаклашиб келган. Ҳали 1895 йили «Сион қўриқчи минораси ва Масиҳ ҳозир бўлишининг даракчиси» журналининг 15 ноябрь сонида Коринфликларга биринчи мактуб 14:40 га асосланган «Одоб ва тартиб» деб номланган мақола чиққан эди. Унда шундай дейилганди: «Ҳаворийлар илк жамоатда тартиб бўлиши учун кўп нарсалар ёзишган... Қадимда “насиҳат олишимиз учун ёзилган” нарсаларга қатъий амал қилиш муҳим». (Рим. 15:4) Илк масиҳийлар даврида бўлганидек, ҳозирги кунда ҳам Яҳованинг ташкилоти жамоатларда тартиб ва тинчлик бўлиши учун кўп меҳнат қилмоқда. Мисол учун, агар сиз бошқа жамоатда — ҳатто бошқа мамлакатда — «Қўриқчи минораси» тадқиқида иштирок этсангиз, бу тадқиқ қандай ўтишини ва қайси мақола ўрганилишини биласиз. Дарҳол ўзингизни ўз уйингиздагидек ҳис этасиз. Бундай бирликка фақатгина муқаддас руҳ ёрдами туфайли эришса бўлади! (Заф. 3:9)

13. Ёқуб 3:17 ни ёдда тутган ҳолда ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади?

13 Сиз нима қила оласиз? Яҳова Унинг халқи «тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини» сақлашини истайди. (Эфес. 4:1–3) Шу сабабли ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Мен жамоатда бирлик ва тинчлик бўлишига ҳисса қўшяпманми? Раҳбарликни зиммасига олганларга итоаткорманми? Бошқалар мени ишончли инсон деб биладими, айниқса менга жамоатда масъулиятлар топширилган бўлса? Мен ишни ўз вақтида бажарадиган, ёрдамга шай ва хизмат қилишга интилувчан инсонманми?» (Ёқуб 3:17 ни ўқинг.) Агар қайсидир соҳада яхшиланишингиз кераклигини кўрсангиз, муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Муқаддас руҳга шахсиятингизни шакллантиришига ва хатти-ҳаракатингизга таъсир этишига қанчалик кўп йўл қўйсангиз, имондошларингиз сизни шунчалик кўп севиб қадрлайди.

ЯҲОВА БИЗГА ТАЪЛИМ БЕРАДИ ВА КЕРАКЛИ БАРЧА НАРСАНИ ТАҚДИМ ЭТАДИ

14. Колосаликларга 1:9, 10 га кўра, Яҳова Ўз халқига қандай таълим берган?

14 Биринчи асрда. Халқига таълим бериш Яҳовага жуда ёқади. (Заб. 32:8) У халқи Уни таниб-билишини, Уни севишини ва севимли болалари сифатида абадий яшашини истайди. Буларнинг барчасига У берган таълим туфайлигина эришиш мумкин. (Юҳан. 17:3) Ўз халқига таълим беришда Яҳова илк масиҳийлар жамоатидан фойдаланган. (Колосаликларга 1:9, 10 ни ўқинг.) Исо ваъда қилган «ёрдамчи», яъни муқаддас руҳ бунда катта аҳамиятга эга. (Юҳанно 14:16) Унинг ёрдами билан шогирдлар Худо Каломини яхшироқ тушунишган ва кейинчалик Инжил таркибига кирган Исонинг кўпгина сўзларию ишларини уларнинг ёдига солган. Бу билимлар илк масиҳийларнинг имонини ҳамда Худога, Исога ва бир-бирига бўлган севгисини мустаҳкамлаган.

15. Яҳованинг Ишаё 2:2, 3 даги башорати амалга ошаётганини нималардан кўряпсиз?

15 Бугунги кунда. Яҳова «охирги кунларда» барча халқлар Унинг рамзий тоғи олдига оқиб келишини ҳамда уларга Ўз йўлларини ўргатишини башорат қилган. (Ишаё 2:2, 3 ни ўқинг.) Ушбу башорат амалга ошаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳақ топиниш бошқа барча сохта динлардан анча юксалтирилди. Бундан ташқари, Яҳова ажойиб маънавий зиёфат уюштирган! (Ишаё 25:6) У «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали нафақат мўл-кўл озуқа тақдим этмоқда, балки мақолалару нутқлардан тортиб мультфильмлару видеоларгача буни турли-туман қилиб бермоқда. (Мат. 24:45) Биз ҳам Аюбнинг дўсти Элиху сингари ҳақли равишда: «[Худога] ўхшаш устоз борми?» — деб айта оламиз. (Аюб 36:22)

Ҳақиқат қалбингизда муҳрланиб қолсин ва ҳаётингизда унга амал қилинг (16- хатбошига қаранг.) *

16. Маънан ўсиш учун нима қила оласиз?

16 Сиз нима қила оласиз? Худо Каломини ўқиб тадқиқ қилиш натижасида билиб олганларингизни ҳаётга татбиқ этишда Тангрининг руҳи сизга ёрдам беради. Қуйидаги сўзларни айтган сано бастакорига ўхшаб ибодат қилинг: «Эй Яҳова, Ўз йўлинг ҳақида менга таълим бер, токи ҳақиқат йўлингдан юрайин. Исмингдан қўрқишим учун, юрагимни бутун қил». (Заб. 86:11) Шунингдек, Яҳова Каломи ва ташкилоти орқали тақдим этаётган маънавий озуқани истеъмол қилишда давом этинг. Албатта мақсадимиз фақат билим олиш эмас. Сиз ҳақиқат қалбингизда муҳрланиб қолишини ва ҳаётингизда унга амал қилишни истайсиз. Яҳованинг руҳи бунда сизга ёрдам беради. Сиз биродару опа-сингилларингизга ҳам далда беришни хоҳлайсиз. (Иброн. 10:24, 25) Нега? Чунки улар сизнинг маънавий оилангиз. Жамоат йиғилишларида самимий шарҳлар беришга ва дастур қисмларидаги топшириқларингизни аъло даражада бажаришга кўмаклашиши учун Худодан муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Шу тариқа сиз Яҳовага ва Унинг Ўғлига улар қадрли деб билган «қўзилар»ни яхши кўришингизни кўрсатасиз. (Юҳан. 21:15–17)

17. Яҳованинг ташкилотини садоқат ила қўллаб-қувватлаётганингизни қандай кўрсата оласиз?

17 Яқинда ер юзида Худонинг руҳи бошқараётган ягона ташкилот қолади. Шу боис, ғайрат ила Яҳованинг ташкилоти билан ҳамкорлик қилинг. Сизга учраган барча инсонларга хушхабарни ваъз қилиб, Тангрига ўхшаб ҳаммани севишингизни кўрсатинг. Жамоатда бирлик бўлишига ҳисса қўшиб, тартиб ва тинчликни севишда Унга тақлид қилинг. «Буюк Устоз»ингиз уюштирган маънавий зиёфатда тўлақонли озиқланиб Унга қулоқ солинг. Шунда Шайтон дунёси ўз якунига етганда қўрқувга берилмайсиз. Аксинча, сиз жасоратли бўлиб, Яҳованинг ташкилоти билан садоқат ила хизмат қилганлар қаторида турасиз.

3- ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг

^ абз. 5 Ҳозир Яҳова Ўз ташкилотини бошқараётганига ишончингиз комилми? Ушбу мақолада қандай қилиб Яҳова илк масиҳийлар жамоатини бошқарганини ва бугунги кунда Ўз халқини қандай бошқариб келаётганини муҳокама қиламиз.

^ абз. 1 ИБОРА МАЪНОСИ. Яҳованинг ташкилоти самовий ва ер юзидаги қисмдан иборат. Ушбу мақолада «ташкилот» сўзи остида ердаги қисми назарда тутилган.

^ абз. 52 РАСМГА ШАРҲ. Видеода бошқалар эҳтиёж катта бўлган ўзга юртларда хизмат қилаётганини кўргач, кашшоф синглимизда уларнинг ўрнагига эргашиш истаги пайдо бўлади. Ниҳоят у ўз мақсадига эришади.