Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Жозеф Рутерфорд ва бошқа биродарлар Европага ташриф буюришганида

1920. Юз йил аввал

1920. Юз йил аввал

1920 ЙИЛДАН бошлаб Яҳованинг халқи уларни олдинда кутаётган ишни бажариш учун ғайратга тўлганди. Шу боис, улар 1920 йил учун Забур 118:14 даги «Яҳ бошпанам ва қудратимдир» деган сўзларни йиллик оят сифатида танлаганди.

Яҳова бу жонкуяр ваъзгўйларга куч ато этди. Ўша йили китоб тарқатувчилар, яъни кашшофлар сони 225 тадан 350 тага етди. Қолаверса, 8 000 дан зиёд жамоат ишчиси, яъни ваъзгўй илк маротаба бош идорага ваъзгўйлик ҳисоботини топширди. Яҳова уларга барака берди ва улар ажойиб натижага эришди.

ҒАЙРАТ КЎРСАТИШНИНГ АЖОЙИБ НАМУНАСИ

1920 йили 21 март куни биродар Жозеф Рутерфорд «Ҳозирда яшаётган миллионлар асло ўлмайди» номли нутқни сўзлади. Ўшанда у Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари орасида бошчиликни ўз зиммасига олганди. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари қизиқиш билдирганларни бу нутққа таклиф қилиш учун жон куйдириб меҳнат қилди. Улар Нью-Йорк шаҳридаги энг катта театрлардан бирини ижарага олди ва тахминан 320 000 та таклифнома тарқатди.

«Ҳозирда яшаётган миллионлар асло ўлмайди» номли нутқ газетада эълон қилинган

Келганларнинг сони Тадқиқотчилар кутганидан ҳам зиёда бўлди. 5 000 дан ошиқ одам театр залини лиқ тўлдирди ва 7 000 таси ортга қайтишига тўғри келди. Бу учрашув «Қўриқчи минораси» журналида «Халқаро Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг энг муваффақиятли йиғилишларидан бири» деб аталганди.

Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари «ҳозирда яшаётган миллионлар асло ўлмайди» деб ваъз қилишгани учун таниқли бўлди. Ўшанда улар Шоҳлик ҳақидаги хабар янада кенг миқёсда эълон қилиниши кераклигини тушунмаган. Аммо уларнинг ғайрати диққатга сазовор эди. 1902 йили йиғилишларга қатнай бошлаган Ида Олмстед қуйидагича бўлишганди: «Барча одамларни улкан баракалар кутаётганини билардик ва хизматда учратган инсонлар билан доим бу хушхабарни бўлишардик».

АДАБИЁТЛАРИМИЗНИ ЎЗИМИЗ БОСИБ ЧИҚАРАМИЗ

Маънавий озуқа билан таъминлаш мақсадида Байтилдаги биродарлар айрим адабиётларни ўзлари босиб чиқара бошлади. Улар ускуналарни сотиб олишди ва уларни Байтилдан бир неча квартал нарида жойлашган Миртл-авеню 35 да (Нью-Йорк, Бруклин) ижарага олинган бинода ўрнатишди.

Лео Пелле ва Валтер Кесслер 1920 йили январдан Байтил хизматини бошлашди. Валтер қуйидагича бўлишганди: «Келганимизда, босмахона нозири бизга қаради-да: “Тушликкача ҳали бир ярим соат бор”,— деди. Сўнг у бизга ертўладан китоблар учун картон қутиларни олиб чиқишни айтди».

Кейинги куни нима бўлгани ҳақида Лео шундай деганди: «Вазифамиз биринчи қаватнинг деворларини ювиш эди. Бу мен қилган энг қора ишлардан бири эди. Лекин буни Яҳова учун қилаётгандик. Шунинг учун у арзигулик эди».

«Қўриқчи минораси»ни босиб чиқариш учун фойдаланилган текис босма машина

Бир неча ҳафта ўтар-ўтмас ғайратли ихтиёрий хизматчилар «Қўриқчи минораси» журналини босиб чиқаришаётганди. «Қўриқчи минораси»нинг 1920 йил 1 февраль сонининг олти мингта нусхаси иккинчи қаватда текис босма машинада босиб чиқарилди. Шу билан бирга биродарлар ертўлада текис босма машинани ўрнатиб, уни «Жанговар кема» деб аташди. 1920 йил 14 апрелдан бошлаб «Олтин давр» журналини босиб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Ҳа, Яҳова бу ихтиёрий хизматчиларининг ҳаракатларига барака берди.

«Буни Яҳова учун қилаётгандик. Шунинг учун у арзигулик эди»

«КЕЛИНГ, ТИНЧЛИКДА ЯШАЙЛИК»

Яҳованинг халқи яна ғайрат ва якдиллик ила хизмат қилаётганди. Лекин 1917–1919 йиллар оралиғида бўлган нотинч даврда бир нечта Муқаддас Китоб Тадқиқотчиси ташкилотни тарк этди. Хўш, уларга қай йўсин ёрдам берса бўларди?

«Қўриқчи минораси»нинг 1920 йил 1 апрель сонида «Келинг, тинчликда яшайлик» номли мақола келтирилган эди. У ерда севги ила қуйидаги мурожаат ёзилганди: «Худонинг руҳи таъсир қиладиган барча... ортда қолганларни унутишга... якдилликда яшашга ва бир тананинг аъзоларидай ҳаракат қилишга тайёр эканига ишонамиз».

Кўплар меҳр ила айтилган бу сўзларни қабул қилди. Бир жуфтлик қуйидагича ёзган эди: «Ўтган бир йил ва ундан ҳам кўпроқ вақт давомида бошқалар ваъз қилиб юрганида, биз бунга ўз ҳиссамизни қўшмаганимизни тушуняпмиз... Ҳақиқатдан бошқа ҳеч қачон узоқлашиб кетмасликка умид қиламиз». Фаолиятини тиклаган бу ваъзгўйларни олдинда кўп ишлар кутарди.

«ОЧИЛГАН СИР» КИТОБИНИ ТАРҚАТИШ

1920 йили 21 июнда Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари «ZG»ни — «Очилган сир» * номли китобнинг юмшоқ муқовали нашрини тарқатиш кампаниясини бошлади. Мазкур китоб 1918 йили ман қилинганида, унинг анчагинаси сақлаб қўйилганди.

Нафақат китоб тарқатувчилар, балки жамоат ишчилари ҳам бу ишда қатнашишга таклиф қилинган эди. «Қатнашиш қўлидан келган, бағишланган [сувга чўмган] жамоатдаги барча буни бажонидил қилиши керак. Ҳозирда қуйидаги сўзлар ҳар биримизнинг шиоримиз бўлсин: “Фақат битта нарсани аниқ айта оламан — мен “ZG”ни тарқатаман”». Эдмунд Хупернинг айтишича, бу кампания туфайли кўплар ҳаётида илк маротаба уйма-уй хизматда иштирок этди. У қуйидагича қўшиб қўйди: «Бизни қандай иш кутаётганини тўлиқ тушуна бошладик ва бу тасаввур қилганимиздан ҳам зиёда эди».

ЕВРОПАДА ФАОЛИЯТИМИЗНИ ҚАЙТА ТАШКИЛЛАШТИРИШ

Биринчи жаҳон уруши туфайли бошқа мамлакатлардаги Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари билан алоқа қилиш қийин эди. Шу боис, биродар Рутерфорд уларга далда беришни ҳамда ваъзгўйлик фаолиятимизни қайта ташкиллаштиришни истади. 1920 йили 12 августда у тўртта биродар билан Буюк Британия, Европа қитъаси ва Яқин Шарққа узоқ сафарга чиқди.

Биродар Жозеф Рутерфорд Мисрда

Биродар Рутерфорд Буюк Британияга ташриф буюрганида, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари учта анжуман ва 12 та йиғилишни ташкиллаштиришди. Ташриф буюрганларнинг умумий сони 50 000 тага етди. Мазкур ташриф борасида «Қўриқчи минораси» журналида қуйидаги хулоса келтирилганди: «Дўстларимиз далда олиб, уларнинг руҳи кўтарилди. Уларнинг севгисию ҳамкорлиги янада кучайди ва кўпгина ғамгин қалблар қувончга тўлди». Биродар Рутерфорд яна бир бор «Ҳозирда яшаётган миллионлар асло ўлмайди» номли мавзуда нутқ сўзлади. Бу сафар у уни Парижда айтди. Маъруза бошланганида зал лиқ тўлганди. Уч юзта одам қўшимча маълумот олмоқчи эди.

Лондондаги Роял-Алберт-Холлда бўлиб ўтган маърузанинг эълони

Кейинги ҳафталар мобайнида Рутерфорд ва унинг ҳамкорлари Афина, Қоҳира ҳамда Қуддусга ташриф буюришди. Бу ҳудудларда пайдо бўлган қизиқишни қондириш учун биродар Рутерфорд Қуддус яқинидаги Рамаллоҳ шаҳрида адабиёт сақланадиган омбор яратди. Сўнг Рутерфорд Европага қайтиб, Швейцарияда Марказий Европа филиалини ва у ерда адабиётларимиз босиб чиқарилишини ташкиллаштирди.

АДОЛАТСИЗЛИК ОШКОР БЎЛДИ

1920 йилнинг кузида Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари «Олтин давр» журналининг 27- сонини чоп этишди. Бу махсус сонда 1918 йили улар қандай қийинчиликларга дуч келишгани очиқчасига баён қилинган эди. Юқорида тилга олинган «Жанговар кема» туну кун ишлаб, бу журналнинг тўрт миллиондан ошиқ нусхасини босиб чиқарди.

Эмма Мартиннинг полициядаги расми

Мазкур журнални ўқиганлар Эмма Мартин исмли имондошимиз билан юз берган ўзгача бир воқеа ҳақида билиб олишди. Эмма Мартин Сан-Бернардинода (Калифорния) китоб тарқатувчи эди. 1918 йили 17 март куни у, шунингдек, Хамм, Сонненбург ва Стивенс исмли учта биродар Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг кичик йиғилишига боришганди.

Бир киши бу йиғилишга Муқаддас Китобни ўрганиш учун эмас, балки бошқа мақсадда келганди. Кейинчалик у шундай деб тан олди: «Мен бу йиғилишга прокуратуранинг буйруғи билан келгандим. Мақсадим ашёвий далил топиш эди». У излаган нарсасини — «Очилган сир» китобининг нусхасини топди. Бир неча кун ўтгач, имондошимиз Эмма Мартин ва ўша учта биродар ҳибсга олинди. Улар ман қилинган китобнинг нусхаларини тарқатиб, «Айғоқчилик акти»га хилоф йўл тутишда айбланганди.

Эмма ва учта биродар айбдор, деб топилди ҳамда уларга уч йиллик қамоқ жазоси тайинланди. 1920 йили 17 майда уларда апелляцияга бериш имкони тугади ва улар жазо муддатини ўтай бошлади. Лекин кўп ўтмай вазият яхши томонга ўзгарди.

1920 йили 20 июнда Сан-Францискода бўлиб ўтган анжуманда биродар Рутерфорд юқорида тилга олинган имондошларимиз билан юз берган воқеани айтиб ўтди. Тингловчилар бу имондошларимизга қандай муносабат кўрсатилганидан ёқасини ушлаб қолди ва Қўшма Штатларнинг президентига телеграмма юборишга рози бўлди. Улар шундай ёзишди: «Миссис Мартин айғоқчилик тўғрисидаги қонунни бузишда ноҳақ айбланган... деган фикрдамиз. Федерал ходимлар миссис Мартинни... тузоққа илинтириш... сўнг унга қарши иш очиб, қамоққа ташлаш мақсадида ҳокимиятини суиистеъмол қилганини... шафқатсизлик... деб ҳисоблаймиз».

Эртаси куниёқ президент Вудро Вильсон опамиз Эмма Мартинни ва биродарларимиз Хамм, Сонненбург ва Стивенсни оқлади. Уларнинг ноҳақ жазосига нуқта қўйилди.

1920 йил ўз ниҳоясига етар экан, Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларида қувониш учун сабаб кўп эди. Бош идорамиздаги фаолият кенгайишда давом этди. Шунингдек, Тадқиқотчилар инсоният муаммоларининг ягона ечими Худонинг Шоҳлиги экани тўғрисида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ваъз қилди. (Мат. 24:14) Кейинги, яъни 1921 йил Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқатни эълон қилиш учун янада самарали йил бўлди.

^ абз. 18 «Очилган сир» «Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиш» китобининг еттинчи жилди эди. «ZG» эса унинг юмшоқ муқовали нашри бўлиб, «Қўриқчи минораси»нинг 1918 йил 1 март сони сифатида босиб чиқарилган эди. «Z» «Сион қўриқчи минораси»ни, «G» эса инглиз тили алифбосининг еттинчи ҳарфи бўлиб, китобнинг еттинчи жилдини билдирган.