Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

43- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Таслим бўлманг!

Таслим бўлманг!

Яхшилик қилишдан безмайлик. ГАЛАТ. 6:9

68- ҚЎШИҚ Шоҳлик уруғини сепайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Биз қандай қувонч ва шарафга эгамиз?

ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДИ эканимиздан жуда бахтиёрмиз ва бу билан фахрланамиз. Ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашиб бу исмга мувофиқ яшаётганимизни кўрсатамиз. «Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» киши Исонинг шогирди бўлса, роса қувонамиз. (Ҳавор. 13:48) Исонинг туйғулари бизга ҳам таниш. Шогирдлари ваъзгўйликдан хурсанд бўлиб қайтганида, у «қувончга ва муқаддас руҳга тўлган». (Луқо 10:1, 17, 21)

2. Хизматга жиддий ёндашаётганимизни қандай кўрсатамиз?

2 Биз хизматимизга жиддий қараймиз. Ҳаворий Павлус Тимўтийни: «Ўзингга ва қандай таълим бераётганингга ҳамиша диққатли бўл»,— деб ундаган. У гапини давом эттириб шундай деган: «Бундай йўл тутаверсанг, ҳам ўзингни, ҳам сени тинглаётганларни қутқарасан». (1 Тим. 4:16) Ҳа, ваъзгўйлик иши ҳаёт-мамот масаласидир. Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлаганимиз учун ўзимизга доим диққатли бўлишни истаймиз. Ваъз қилаётган хушхабарга мувофиқ яшаб, ҳаёт тарзимиз билан Худони шарафлаймиз. (Филип. 1:27) Ваъзгўйликка чиқишдан олдин яхши тайёргарлик кўриб ва Яҳовадан барака беришини сўраб, бу ишга жиддий ёндашаётганимизни кўрсатамиз.

3. Хушхабарга ҳамма ҳам қизиқиш билдирадими? Мисол келтиринг.

3 Хизматда жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилсак-да, одамлар кам қизиқиш кўрсатиши ёки умуман бефарқ бўлиши мумкин. Келинг, Георг Линдалнинг мисолини кўриб чиқайлик. У 1929–1947 йилларда Исландияда бир ўзи хизмат қилган. У ўн минглаб адабиётларимизни тарқатган, бироқ ҳеч ким ҳақиқатга келмаган. У қуйидагича ёзди: «Айримлар ҳақиқатга қаршидай, аксарияти бефарқдай туюларди». Гиладни битирган тўла вақтли махсус ваъзгўйлар у ерга тайинланган. Тўққиз йил ўтганидан кейингина Исландиядаги баъзилар ҳаётини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмган *.

4. Одамлар хушхабарга қизиқиш кўрсатмаса, бу бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

4 Одамлар хушхабарга қизиқиш билдирмаганида, руҳимиз тушиши ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ўзимизни Павлус каби ҳис қилишимиз мумкин. Яҳудийлар Исони ваъда қилинган Масиҳ сифатида қабул қилмагани учун у «кучли ғам-ғусса ва тўхтамайдиган бир дард»ни туйган. (Рим. 9:1–3) Балки кимдир билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётгандирсиз. Тадқиқларга пухта тайёргарлик кўришингизга ва тадқиқ ўтувчи учун ибодат қилишингизга қарамай, у билиб олаётганларини амалда қўлламаётгандир. Бу туфайли тадқиқни тўхтатишингизга тўғри келаётгандир. Ёки сиз тадқиқ ўтказган ҳеч бир инсон сувга чўммагандир. Ё бўлмаса, ўзингизни айбдор ҳис қилиб, Яҳова хизматимга барака бермаяпти, деб ўйлаётгандирсиз. Ушбу мақолада қуйидаги иккита саволга жавоб топамиз: 1. Хизматимизнинг муваффақиятини нима белгилайди? 2. Хушхабарни ваъз қилаётиб нимага тайёр бўлишимиз керак?

ХИЗМАТИМИЗНИНГ МУВАФФАҚИЯТИНИ НИМА БЕЛГИЛАЙДИ?

5. Нима учун Яҳовага истаганимиздай хизмат қила олмаслигимиз мумкин?

5 Муқаддас Китобда Худонинг иродасини бажарадиган киши тўғрисида «у барча ишларида муваффақиятга эришади» дейилган. (Заб. 1:3) Бироқ бу Яҳовага қилаётган хизматимиз доим ҳам биз хоҳлагандай бўлишини англатмайди. Ўзимизнинг ёки бошқаларнинг номукаммаллиги туфайли ҳаётимиз «ғам-ташвишга тўла». (Аюб 14:1) Қолаверса, бизга қарши чиқаётганлар ваъзгўйлик ишимизга халақит бериши мумкин. (1 Кор. 16:9; 1 Салон. 2:18) Хўш, унда Яҳова муваффақиятимизни қандай баҳолайди? Бу саволга жавоб топиш учун, келинг, Муқаддас Китобдаги баъзи принципларни кўриб чиқайлик.

Хат ёзиб ваъз қиламизми ёки телефон орқалими, Яҳова ҳаракатларимизни қадрлайди (6- хатбошига қаранг.)

6. Яҳова хизматдаги муваффақиятимизни қандай баҳолайди?

6 Яҳова ҳаракатларимизу сабр-бардошимизга қарайди. Одамлар хушхабарга қандай муносабат кўрсатишидан қатъи назар, хизматимизни астойдил ва севги ила бажарсак, Яҳованинг назарида муваффақиятли бўламиз. Павлус шундай деган: «Аллоҳ адолатсиз эмас. Чунки У сизларнинг аввал ҳам, ҳозир ҳам муқаддас кишиларга хизмат қилиб, Унинг исмига кўрсатган севгингизни ҳамда меҳнатингизни унутмайди». (Иброн. 6:10) Ҳаракатларимиз яхши натижа келтирмаса ҳам Яҳова меҳнатимизни ва севгимизни ёдда сақлайди. Хизматда биз кутган натижага эришамизми ёки йўқми, Павлус коринфликларга айтган қуйидаги сўзлар бизга ҳам тегишли: «Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз зое кетмайди». (1 Кор. 15:58)

7. Павлус хизмати борасида айтган сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

7 Ҳаворий Павлус ғайратли тўла вақтли махсус ваъзгўй эди. У кўпгина шаҳарларда жамоатлар ташкиллаштирган. Бироқ баъзилар Павлусни танқид қилиб, у яхши таълим бермаслигини айтган. Шунга қарамай, Павлус нечта одамга ҳақиқатга келишга кўмаклашганини айтмаган. Аксинча, у қуйидагича ёзган: «Улардан кўра кўпроқ меҳнат қилганман». (2 Кор. 11:23) Павлус каби биз ҳам Яҳова учун энг муҳими ҳаракатларимиз ва сабр-бардошимиз эканини эсдан чиқармайлик.

8. Хизматимиз борасида нимани ёдда тутишимиз керак?

8 Хизматимиз Яҳовани мамнун қилади. Исонинг 70 та шогирди хушхабарни ваъз қилиб, «хурсанд бўлиб қайтди». Улар нега хурсанд эди? Улар Исога: «Сизнинг исмингизни тилга олганимизда, ҳатто жинлар ҳам бизга бўйсунишяпти»,— деди. Исо эса уларнинг фикрлаш тарзини тўғрилаб: «Жинлар сизларга бўйсунишганига эмас, балки исмларингиз осмонда ёзилганига хурсанд бўлинглар»,— деб айтди. (Луқо 10:17–20) Исо шогирдлари хизматдан доим ҳам бундай қувонч олмаслигини биларди. Улар хизматда эришган натижалардан эмас, балки Яҳова уларнинг ҳаракатларидан мамнун эканини билишдан қувониши керак эди. Дарҳақиқат, шогирдларни тинглаганларнинг қанчаси ҳақиқатга келганини билмаймиз.

9. Хизматда бўшашмасак, нимага эришамиз? (Галатияликларга 6:7–9)

9 Хизматимизда сабр-бардошли бўлсак, абадий ҳаётга эришамиз. Агар ҳақиқат уруғларини экиб, уларни суғорсак, «муқаддас руҳга эккан» бўламиз. Бу билан Худонинг муқаддас руҳи ҳаётимизга таъсир қилишига йўл қўйган бўламиз. Агар хизматдан «безмасак» ёки унда «бўшашмасак», ҳатто кимдирга сувга чўмишга ёрдам бера олмаган бўлсак ҳам Яҳова абадий ҳаётга эришишимизни ваъда қиляпти. (Галатияликларга 6:7–9 ни ўқинг.)

ХУШХАБАРНИ ВАЪЗ ҚИЛАЁТИБ, НИМАГА ТАЙЁР БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

10. Одамлар хушхабарни тинглаш-тингламаслиги нимага боғлиқ?

10 Одамлар қандай муносабат билдириши асосан уларнинг қалб ҳолатига боғлиқ. Исо буни уруғ сепувчи ҳақидаги масал ёрдамда кўрсатган. У уруғларни турли ерларга сепади. Аммо фақатгина биттаси ҳосил беради. (Луқо 8:5–8) Исо айтганидек, турли ерлар «Аллоҳнинг каломини» эшитиб, турлича муносабат билдирган одамларнинг қалбини билдиради. (Луқо 8:11–15) Уруғ сепувчи каби биз ҳам меҳнатимиз қандай натижа келтиришини назорат қила олмаймиз, чунки бу одамларнинг қалб ҳолатига боғлиқ. Бизнинг вазифамиз ҳақиқат уруғларини сепишда тўхтатмасликдир. Ҳаворий Павлус айтганидек, ҳар бир киши ишининг натижасига қараб эмас, балки «меҳнатига яраша мукофотини олади». (1 Кор. 3:8)

Нуҳ йиллар давомида садоқат ила ваъз қилганига қарамай, у ва унинг оиласидан бошқа ҳеч ким кемага кирмаган. Шундай бўлса-да, у Худога итоатли бўлган (11- хатбошига қаранг.)

11. Нега Нуҳ «адолат йўлини хабарлашда» муваффақиятли бўлган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

11 Яҳованинг илк шоҳидлари айтган хабарга одамлар қизиқиш билдирмаган. Мисол учун, Нуҳ тахминан 40–50 йил давомида «адолат йўлини хабарлаб юрган». (2 Бутр. 2:5) Нуҳ уни тинглашларига умид қилган, лекин Яҳова унга уни тинглашлари ҳақида ҳеч нарса айтмаган. Аксинча, Худо унга кема ясашни буюриб, шундай деган: «Кемага сен билан бирга ўғилларинг, хотининг ва келинларинг киришсин». (Ибт. 6:18) Нуҳ кеманинг ҳажмидан хабардор бўлгани учун унинг хабарини кўп инсонлар тингламаслигини тушунгандир. (Ибт. 6:15) Биламизки, унга бирон киши ҳам қулоқ солмаган. (Ибт. 7:7) Хўш, Яҳова уни муваффақиятсиз деб ҳисобладими? Албатта, йўқ! Нуҳ Яҳованинг назарида муваффақиятли ваъзгўй эди, чунки у Худонинг айтганларини битта қолдирмай бажарди. (Ибт. 6:22)

12. Бепарволик ва қаршиликларга қарамай, Еремиё пайғамбар қай йўсин хизматидан қувонч топа олган?

12 Еремиё пайғамбар ҳам бепарво ва қаршилик кўрсатган одамларга 40 йилдан зиёд вақт давомида ваъз қилган. Унга қаршилик кўрсатаётганларнинг ҳақоратию пичинглари туфайли Еремиё тушкунликка тушиб, вазифасини тўхтатмоқчи бўлган. (Ерм. 20:8, 9) Бироқ у таслим бўлмаган. Қизиқ, салбий фикрларни енгишга ва хизматдан қувонч олишга унга нима кўмаклашган? У диққатини иккита омилга қаратган. Биринчидан, «порлоқ келажак ва умид» ҳақидаги хабарни етказган. (Ерм. 29:11) Иккинчидан, у Худонинг номидан гапирган. (Ерм. 15:16) Бугунги кунда биз ҳам умидсиз дунёда умидбахш хабарни ваъз қиляпмиз ва Худонинг исми билан аталамиз. Диққатимизни ушбу иккита омилга қаратсак, одамлар хушхабарга қандай муносабат билдиришидан қатъи назар, қувончни йўқотмаймиз.

13. Исонинг Марк 4:26–29 да келтирилган масалидан нимани ўрганяпмиз?

13 Маънан ўсиш аста-секин бўлади. Исо буни ухлаётган уруғ сепувчи ҳақидаги масални келтириб, тушунтирган. (Марк 4:26–29 ни ўқинг.) Уруғ сепувчининг меҳнати самара бериши учун вақт керак эди ва ҳосилнинг ўсиши унинг қўлида эмасди. Шогирд тайёрлаш ишидан ҳам худди шундай. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган инсон маънан ўсиши учун вақт керак. Уруғ сепувчи ҳосилни ўзи истаган тезликда ўсишга мажбурлай олмагани каби биз ҳам инсонни ўзимиз хоҳлаган тезликда маънан улғайишга мажбурлай олмаймиз. Сиз ҳам бунга дуч келаётган бўлсангиз, тушкунликка тушманг. Асло бўшашманг. Деҳқончилик каби шогирд тайёрлаш иши ҳам сабр талаб этади. (Ёқб. 5:7, 8)

14. Хизматимиз аста-секин самара беришини қайси мисолдан кўрсак бўлади?

14 Баъзи ҳудудларда ваъзгўйлик самараси йиллар давомида кўринмаслиги мумкин. Келинг, туғишган опа-сингил Глэдис ва Руби Алленнинг мисолига диққат қаратайлик. Улар 1959 йили Канаданинг Квебек провинциясига доимий кашшоф этиб тайинланганди *. Лекин аҳолининг босими ва католик черковининг таъсири дастидан одамлар хушхабарга қизиқиш билдирмасди. Глэдис шундай деди: «Биз икки йил мобайнида ҳар куни саккиз соатдан уйма-уй ваъз қилдик. Аммо бизни ҳеч ким тингламасди. Одамларнинг уйига келганимизда, улар бизни кўрарди-ю, эшигини очмасди. Лекин биз бўшашмадик». Вақт ўтиб, одамларнинг муносабати ўзгарди ва улар хушхабарни тинглай бошлади. Ҳозир у ерда учта жамоат бор. (Ишаё 60:22)

15. Шогирд тайёрлаш иши борасида 1 Коринфликларга 3:6, 7 дан нимани ўрганяпмиз?

15 Шогирд тайёрлаш жамоавий ишдир. Бир киши сувга чўмишига бутун жамоат ёрдам беради. (1 Коринфликларга 3:6, 7 ни ўқинг.) Мисол учун, ваъзгўй қизиқиш кўрсатган инсонга буклама ёки журнал қолдиради. Биродаримиз такрорий ташриф қилишга режалари тўғри келмагани сабабли, буни бошқа ваъзгўйдан илтимос қилиши мумкин. Бу ваъзгўй қизиқувчи билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлар. У тадқиққа кўплаб имондошларни таклиф қилади ва уларнинг ҳар бири тадқиқ ўтувчига турли йўллар орқали далда беради. Шу йўсин турли биродару опа-сингиллар ҳақиқат уруғини суғоришади. Шундай қилиб, Исо айтганидек, маънавий ўрим-йиғим пайти экувчи ҳам, ўроқчи ҳам биргаликда қувонади. (Юҳан. 4:35–38)

16. Соғлигингиз ёки кучингиз заиф бўлишига қарамай, нега хизматингиздан қувонч топа оласиз?

16 Соғлигингиз ёки кучингиз заифлашгани туфайли ваъз қилиш ҳамда таълим бериш ишида етарлича қатнаша олмаётган бўлсангиз-чи? Шунга қарамай, қўлингиздан келганини қилиб, бундан қувонч топа оласиз. Келинг, Довуд одамлари билан оилалари ҳамда мол-мулкини омолекларнинг қўлидан қутқаришга боргани ҳақидаги воқеага эътибор берайлик. Довуднинг икки юзта одами қаттиқ чарчагани учун жанг қилишга бормаганди ва нарсаларни қўриқлашга қолганди. Жангдан ғолиб бўлиб қайтгач, Довуд улуш ҳаммага тенг бўлинишини буюрди. (1 Шоҳ. 30:21–25) Буни шогирд тайёрлаш ишига ўхшатса бўлади. Бир кишига қутқарилишга ва ҳаёт йўлидан юришга ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қилсак, барчамиз бирдай қувона оламиз.

17. Нима учун Яҳовадан миннатдормиз?

17 Яҳова хизматимизга меҳрибонлик ила ёндашаётгани учун миннатдормиз. У ҳаракаталаримизнинг натижасини назорат қилиш бизнинг қўлимизда эмаслигини билади. Шундай бўлса-да, Худо тиришқоқлигимизга ва ниятимизга диққат қаратиб, бизни мукофотлайди. Қолаверса, Яҳова бу улкан шогирд тайёрлаш ишида қандай қилиб қувонч топишимиз мумкинлигини ўргатяпти. (Юҳан. 14:12) Бўшашмасак, Худо биздан мамнун эканига амин бўла оламиз?

67- ҚЎШИҚ «Каломни ваъз эт»

^ абз. 5 Одамлар хушхабарга қизиқиш билдирганидан қувонамиз. Бунинг акси бўлганида эса руҳимиз тушиши ҳеч гап эмас. Балки сиз тадқиқ ўтказаётган киши маънан ўсмаётгандир. Ё бўлмаса, ҳеч кимга сувга чўмишга ёрдам бермагандирсиз. Ёки шогирд орттириш ишида муваффақиятга эриша олмаяпман, деб ўйлаётгандирсиз. Ушбу мақолада нима учун хизматда муваффақиятли бўлишимиз ва одамларнинг муносабатига қарамай, қувонч топишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 14 «Буни ҳеч нарсага алмашмайман!» номли Глэдис Алленнинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси»нинг 2002 йил, 1 сентябрь (рус) сонида келтирилган.