Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1921. Юз йил аввал

1921. Юз йил аввал

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ»НИНГ 1921 йил 1 январь сонида Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларига шундай савол берилган эди: «Бу йили бизни қайси энг муҳим иш кутяпти?» Жавоб тариқасида Ишаё 61:1, 2 даги қуйидаги сўзлар келтирилган эди: «Яҳова камтарларга хушхабарни эълон этиш учун мени мойлади. Яҳованинг илтифот йили, Тангримизнинг қасос куни ҳақида хабарлаш... учун жўнатди». Демак, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари хушхабарни ваъз қилиши керак эди.

ЖАСОРАТЛИ ВАЪЗГЎЙЛАР

Топширилган ваъзгўйлик ишини бажариш учун Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларидан жасоратли бўлиш кутиларди. Улар «камтарларга хушхабар», ёвузларга эса «қасос куни ҳақида» эълон этиши керак эди.

Канадада яшаган биродар Ҳоскин қаршиликларга қарамай, жасорат ила ваъз қилган. 1921 йили баҳорда у методистлар черковининг руҳонийсига дуч келди. Биродаримиз суҳбатни қуйидаги сўзлар билан бошлади: «Сиз билан Муқаддас Ёзувлар асосида суҳбат қурсак, нима дейсиз? Агар фикримиз қовушмаса, суҳбатимизни тинч ва дўстона руҳда якунласак бўлади». Лекин бу юз бермади. «Атиги бир неча дақиқа ўтгач руҳоний эшигини шунчалик қарсиллатиб ёпдики, унинг катта ойналари синиб кетса керак, деб ўйладим»,— деди биродар Ҳоскин.

Руҳоний уйига кираётганида: «Бориб Муқаддас Китобни билмайдиганлар билан гаплаш»,— деб бақирди. Биродар Ҳоскин индамай кетди ва ичида: «Ҳозиргина шундай одам билан гаплашдим шекилли!» — деди.

Эртасига ўша руҳоний маъруза сўзлаётганда биродар Ҳоскин ҳақида бўлмағур гапларни айтди. «У халойиқни менга қарши қайраб, мени учига чиққан ёлғончи деб айблади ва отиб ўлдирилишим кераклигини айтди»,— деб эслади биродар Ҳоскин. Лекин бу уни тўхтатмади. У ваъз қилишда давом этди. Бу зўр самара келтирди. Биродар Ҳоскин шундай деб бўлишди: «У ерда хизмат қилиш жону дилим эди. Баъзилар ҳатто: “Сиз Худонинг одамисиз”,— дерди ва улар менга ёрдам беришга тайёр эди».

ШАХСИЙ ВА ОИЛАВИЙ ТАДҚИҚ

Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари қизиқувчиларга ёрдам бериш учун «Олтин давр» * журналида Муқаддас Китобни ўрганишга кўмаклашувчи дастурлар чоп эта бошлади. Масалан, ёшлар учун Муқаддас Китоб дастуридан ота-оналар ундаги саволларни фарзандлари билан бирга муҳокама қилиши мумкин эди. Ота-оналар ундаги саволларни фарзандларига бериши ва жавобини Муқаддас Китобдан топишларига кўмаклашиши кутиларди. Дастурдаги «Муқаддас Китоб нечта китобдан иборат?» каби саволлар орқали бошланғич билимларга эга бўлиш мумкин эди. Шунингдек, у ерда ёшларга ваъзгўйликда жасоратли бўлишига кўмаклашиш учун «Масиҳнинг барча чинакам издошлари қувғунларга дучор бўладими?» каби саволлар ўрин олган эди.

Бундан ташқари, Муқаддас Китоб борасида кўпроқ билимга эга бўлганларга ёрдам бериш учун Калом асосидаги саволлар ва жавоблар келтирилганди. Саволларнинг жавобларини «Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиш» китобининг биринчи жилдидан топиш мумкин эди. Бу дастурлар минглаб ўқувчиларга фойда келтирди. Лекин «Олтин давр» журналининг 1921 йил 21 декабрь сонида мазкур иккала дастур чоп этилмаслиги эълон қилинди. Хўш, нега тўсатдан бундай ўзгариш юз берди.

ЯНГИ КИТОБ

«Илоҳий арфа» китоби

Ўқиш вазифаси келтирилган карточка

Саволлар келтирилган карточкалар

Масъулиятли биродарлар Каломни энди тадқиқ қилишни бошлаганлар Муқаддас Китоб ҳақиқатларини бир бошдан ўрганишлари кераклигини тушунди. Шу боис, 1921 йил ноябрь ойида «Илоҳий арфа» номли китоб чоп этилди. Бу китобни олган қизиқувчилар «Илоҳий арфа ёрдамида Муқаддас Китобни ўрганиш дастури» орқали Каломни ўзлари тадқиқ қила оларди. Бу уларга «Худонинг инсонларга нисбатан ниятини» билиб олишга кўмаклашган. Бу дастур қандай ўтказилган?

Ўша китобни олган кишига қайси саҳифаларни ўқиш кераклиги белгиланган кичик карточка ҳам бериларди. Келаси ҳафта эса ўқилган ўша саҳифаларга асосланган бир нечта саволлар келтирилган карточка юбориларди. Унинг охирида кейинги ҳафта учун мўлжалланган бошқа саҳифалар рақами келтириларди.

Маҳаллий синф ёки жамоатдагилар қизиқувчиларга ҳар ҳафта янги карточкаларни хат орқали жўнатиб туришарди. Бу ўн икки ҳафта давом этарди. Кўпинча бундай карточкаларни жамоатдаги ёши катта ёки имконияти чегараланган имондошларимиз юборишарди. Мисол учун, Милвейлдан (Пенсильвания, АҚШ) бўлган Анна Гарднер опамиз шундай эслади: «“Илоҳий арфа” китоби чиқишни бошлаганда ногирон опам Тайле кўпроқ хизмат қила олди. У ҳар ҳафта қизиқувчиларга саволлар ёзилган карточкаларни жўнатарди». Тадқиқ дастури якунига етгач, ваъзгўйлар қизиқувчиникига шахсан ташриф буюрарди.

Тайле Гарднер ногиронлар аравачасида

ОЛДИНДА ҚИЛИНАДИГАН ИШ

Ўша йили Рутерфорд биродаримиз барча жамоатларга хат юборди. У хатида Шоҳлик ҳақидаги хушхабар бу йили ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ва самаралироқ ваъз қилинганини ёзди. Сўнг у: «Ҳали олдинда бизни анча иш кутиб турибди. Бошқаларни ҳам бу нажотбахш ишда қатнашишга ундайлик»,— деди. Албаттаки, Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари бу маслаҳатга қулоқ солди. Сабаби 1922 йили улар хушхабарни жасорат ила ўзгача тарзда эълон қилди.

^ абз. 9 «Олтин давр» журнали 1937 йили «Тасалли», 1946 йили эса «Уйғонинг!» деб атала бошлади.