Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

44- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Умидингизни мустаҳкам сақланг

Умидингизни мустаҳкам сақланг

Яҳовага умид боғла. ЗАБ. 27:14

144- ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳова бизга қандай умид берган?

 ТАНГРИ ЯҲОВА бизга абадий яшаш каби ажойиб умид бахш этган. Баъзилар ўлмас руҳий шахс сифатида осмонда мангу яшашга умид қилади. (1 Кор. 15:50, 53) Кўплар эса мукаммал соғлик ва бахтга эга бўлиб, ер юзида абадий яшашни интиқиб кутади. (Ваҳ. 21:3, 4) Осмонда ёки ер юзида яшашга умид қиламизми, умидимиз биз учун қимматбаҳо.

2. Умидимиз нимага асосланган ва нега бундай айта оламиз?

2 Муқаддас Китобга кўра, «умид яхши нарсалар содир бўлишини кутишни» англатади. Умидимиз амалга ошишига ишонамиз, сабаби уни Яҳованинг Ўзи беряпти. (Рим. 15:13) У нималарни ваъда қилганини ва доим сўзида туришини биламиз. (Саҳ. 23:19) Яҳова ваъдаларини амалга ошириш учун ҳам хоҳиш, ҳам куч-қудратга эга. Ҳа, умидимиз шунчаки хомхаёл ва орзуларга эмас, балки ишончли далилларга асосланган.

3. Бу мақолада нималарни билиб оламиз? (Забур 27:14)

3 Самовий Отамиз бизни яхши кўради ва Унга таянишимизни хоҳлайди. (Забур 27:14 ни ўқинг.) Умидимиз тирик бўлса, қийинчиликларни енга оламиз ва нима бўлишидан қатъи назар жасоратли ҳамда бахтиёр бўламиз. Келинг, нега умид лангар ва дубулға билан солиштирилганини кўриб чиқайлик. Кейин эса уни тирик сақлашимизга нима ёрдам бериши ҳақида сўз юритайлик.

УМИДИМИЗ ЛАНГАР КАБИДИР

4. Нима учун умид лангарга ўхшатилган? (Ибронийларга 6:19)

4 Ҳаворий Павлус ибронийларга ёзган мактубда умидимизни лангарга ўхшатган. (Ибронийларга 6:19 ни ўқинг.) У тез-тез денгизда саёҳат қиларди. Шунга кема бир жойда туриши учун лангарлардан фойдаланилганини билган. Бир сафар денгизда бўрон кўтарилганида Павлус кемада бўлган. Ўшанда денгизчилар кема қояларга урилиб кетмаслиги учун лангарларни сувга ташлашганини кўрган. (Ҳавор. 27:29, 39–41) Худди шундай умидимиз бизни мустаҳкамлаб, бўрон каби қийинчиликларга дуч келганимизда Яҳовадан узоқлашмасликка ёрдам беради. Қийинчиликларга дуч келганимизда, у хотиржамликни сақлашга кўмаклашади. Чунки яхши нарсалар ҳали олдинда эканига ишонамиз. Ёдингизда бўлсин, Исо бизни таъқиб қилишлари ҳақида огоҳлантирган. (Юҳан. 15:20) Шундай экан, ваъда қилинган келажагимиз ҳақида мулоҳаза юритиш ҳақиқат йўлида қолишимизга ёрдам беради.

5. Исо ўлишини билса-да, қай йўсин умид унга садоқатли қолишга ёрдам берган?

5 Исо уни даҳшатли ўлим кутаётганини билса-да, қай йўсин умид унга садоқатли қолишга ёрдам берганини кўриб чиқайлик. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида ҳаворий Бутрус Исо хотиржамликни сақлагани борасида Забурдаги ушбу башоратни айтган: «Энди мен умид билан яшайман. Зеро Сен мени мозорда ташлаб кетмайсан, садоқатли хизматчинг чиришига йўл қўймайсан... Ҳузурингда мени шод-хуррам қиласан». (Ҳавор. 2:25–28; Заб. 16:8–11) Гарчи Исо ўлишини билса-да, Аллоҳ уни тирилтиришига ва осмонда яна У билан бирга бўлишига қаттиқ ишонган. (Иброн. 12:2, 3)

6. Леонард Чин умид ҳақида нима деган?

6 Умид кўп имондошларга қийинчиликларни енгишга кўмаклашган. Англияда яшаган Леонард Чин исмли биродаримизнинг мисолини олайлик. У Биринчи жаҳон урушида қўлига қурол олишдан ва ҳарбийларга қўшилишдан бош тортгани учун қамалган. Икки ой биродаримиз якка ўзи қамоқда ўтирган. Сўнг уни оғир меҳнат қилишга мажбурлашган. У шундай деб бўлишди: «Бошдан кечирганларимдан сабр-бардош қилиш учун умид жуда муҳим эканини тушундим. Исо, ҳаворийлар ва пайғамбарларнинг ўрнаги ҳамда Муқаддас Китобдаги ажойиб ваъдалар ҳақида ўйлаш менга ёрдам берди. Бу келажакка умид боғлашимга ва сабр-бардошли бўлишимга қўл келди». Леонард биродаримизнинг вазиятида бўлганидек, умид биз учун ҳам лангарга айланиши мумкин.

7. Қай йўсин қийинчиликлар умидимизни мустаҳкамлайди? (Римликларга 5:3–5; Ёқуб 1:12)

7 Қийинчиликлар ва синовларни енгишда Яҳованинг ёрдамини кўрганимизда, У биздан мамнун эканини тушунамиз. Бу умидимизни янада мустаҳкамлайди. (Римликларга 5:3–5; Ёқуб 1:12 ни ўқинг.) Ўшанда умидимиз ҳақиқатни илк бор билган пайтга қараганда янада мустаҳкам бўлади. Шайтон ташвишлар бизни кўмиб қўйишини истайди. Лекин Яҳованинг ёрдами билан ҳар қандай қийинчиликни енга оламиз.

УМИДИМИЗ ДУБУЛҒА КАБИДИР

8. Нега умид дубулға билан солиштирилган? (1 Салоникаликларга 5:8)

8 Муқаддас Китобда умид дубулға билан ҳам солиштирилган. (1 Салоникаликларга 5:8 ни ўқинг.) Дубулға аскарнинг бошини душманларнинг зарбаларидан ҳимоя қилади. Маънавий жангда ҳам онгимизни Шайтоннинг ҳужумларидан ҳимоя қилишимиз лозим. У бизни васвасага солиш ва онгимизни заҳарлаш учун қўлдан келганча ҳаракат қилади. Дубулға аскарнинг бошини ҳимоя қилгани каби, умидимиз ҳам онгимизни ҳимоя қилади. Бу бизга Яҳовага садоқатли қолишга ёрдам беради.

9. Умиди йўқ инсонлар билан нима юз беради?

9 Умидимиз тўғри йўл тутишга ва доно қарор чиқаришга кўмаклашади. У сустлашса ва биз нуқул ўз истакларимиз ҳақида ўйлаверсак, абадий ҳаётга эга бўлиш мақсадини кўздан қочиришимиз ҳеч гап эмас. Келинг, Коринфда яшаган баъзи масиҳийларнинг мисолига диққат қаратайлик. Улар Худонинг муҳим бир ваъдасини, яъни тирилишга бўлган умидини унутган. (1 Кор. 15:12) Павлус уларга тирилишга ишонмайдиган одамлар фақат ўз истакларини қондириш учун яшашини айтган. (1 Кор. 15:32) Ҳозир ҳам кўплар Аллоҳнинг ваъдаларига ишонмайди ва ҳузур-ҳаловат қилиб яшашни афзал кўради. Бироқ биз улардан фарқ қиламиз ва Унинг ваъдаларига ишонамиз. Умидимиз дубулға каби онгимизни ҳимоя қилади ва фақатгина ўзимиз ҳақда ўйламасликка ёрдам беради. Инсон ўзи ҳақида ҳаддан ташқари кўп ўйласа, Яҳова билан муносабатларига зарар етказиши мумкин. (1 Кор. 15:33, 34)

10. Қай йўсин умид бизни нотўғри фикрлардан ҳимоя қила олади?

10 Умидимиз: «Яҳовани ҳеч қачон мамнун қила олмайман»,— деган фикрдан бизни ҳимоя қилади. Мисол учун, баъзилар шундай ўйлайди: «Мен абадий яшашга лойиқ эмасман, бунга арзимайман. Худонинг меъёрларига ҳеч қачон мос кела олмайман». Аюбнинг сохта дўсти Элифаз ҳам шундай фикр билдирган: «Ўткинчи инсон қанақасига Худонинг назарида пок бўлиши мумкин?!.. Ахир У Ўз фаришталарига ҳам ишонмайди-ку. Ҳатто осмону фалак Унинг назарида пок эмас-ку». (Аюб 15:14, 15) Бу ғирт ёлғон! Бундай фикрлар ортида Шайтон турганини унутманг. Агар шундай фикрлашда давом этсангиз, умидингизни йўқотишингизни Шайтон жуда яхши билади. Шунинг учун бу каби ёлғонларни рад этиб, эътиборингизни Яҳованинг ваъдаларига қаратинг. У абадий яшашингизни ва бунга эришишда сизга ёрдам беришни хоҳлаётганидан ҳеч қачон шубҳаланманг. (1 Тим. 2:3, 4)

УМИДИНГИЗНИ МУСТАҲКАМ САҚЛАНГ

11. Яҳованинг ваъдалари амалга ошишини кутаётиб, нега сабрли бўлишимиз керак?

11 Умидимизни мустаҳкам сақлаш доим ҳам осон эмас. Яҳова Ўз ваъдаларини қачон амалга оширар экан, деб сабрсизлик қилишимиз мумкин. Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, Яҳова доим мавжуд бўлган ва Унинг вақтга нисбатан нуқтаи назари бизникидан фарқ қилади. (2 Бутр. 3:8, 9) У ваъдаларини энг аъло тарзда амалга оширади. Аммо бу биз кутган пайтда бўлмаслиги мумкин. Худонинг ваъдалари амалга ошишини кутаётиб, умидимизни мустаҳкам сақлашга нима ёрдам беради? (Ёқб. 5:7, 8)

12. Ибронийларга 11:1, 6 га биноан, имонимиз нима билан боғлиқ?

12 Тангри Яҳовадан узоқлашмасак, умидимиз мустаҳкам бўлади. Зеро, биргина У порлоқ келажакни кафолатлай олади. Дарҳақиқат, Яҳова мавжудлигидан шубҳаланмасак, «Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишонамиз». (Ибронийларга 11:1, 6 ни ўқинг.) Яҳова мавжуд Шахс эканига қанча кўп ишонсак, У ваъдаларини амалга оширишига шунча кўп ишонамиз. Келинг, Худо билан дўстлашишга ва умидимизга кўз тикишга кўмаклашадиган баъзи қадамларга аҳамият берайлик.

Ибодат ва мулоҳаза умидимизни мустаҳкам сақлашга ёрдам беради (13–15- хатбошиларига қаранг.) *

13. Қай йўсин Худога яқинлаша оламиз?

13 Яҳовага ибодат қилиб, Каломини ўқинг. Худони кўра олмасак-да, Унга яқинлаша оламиз. Яҳова бизни тинглашига амин бўлиб, Унга ибодат қилишимиз мумкин. (Ерм. 29:11, 12) Уни тинглаш учун эса Каломини ўқиб, мулоҳаза юритишимиз керак. Яҳова садоқатли хизматчиларига қандай ғамхўрлик қилгани ҳақида ўқиб, умидимизни мустаҳкамлаймиз. Худонинг Каломидаги барча нарсалар «насиҳат олишимиз учун ёзилган. Токи улар туфайли сабр-бардошли бўлиб ҳамда тасалли топиб, умидга эга бўлайлик». (Рим. 15:4)

14. Яҳова бошқаларга ғамхўрлик қилгани борасида нега мулоҳаза юритишимиз керак?

14 Яҳова ваъдаларини қай йўсин амалга оширгани борасида мулоҳаза юритинг. Келинг, Иброҳим билан Соранинг вазиятини кўриб чиқайлик. Фарзандли бўлиш учун уларнинг ёши ўтиб қолганди. Лекин Худо уларга фарзанд кўришини ваъда берган. (Ибт. 18:10) Иброҳим бунга қандай муносабат кўрсатган? Муқаддас Китобда: «Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлишига... ишониб юрган»,— деб айтилган. (Рим. 4:18) Инсоний нуқтаи назардан бу вазият чорасиздай кўринса ҳам, Иброҳим Яҳова ваъдаларини амалга оширишига ишонган. У тушкунликка тушмаган. (Рим. 4:19–21) Бу каби мисоллардан қуйидагича сабоқ олишимиз мумкин: имконсиздай туюлган вазиятларда ҳам Яҳова ҳамиша ваъдаларини амалга оширишига ишонсак бўлади.

15. Нега Худо шахсан биз учун қилган нарсалар ҳақида фикр юритишимиз керак?

15 Яҳова сиз учун нималар қилгани устида фикр юритинг. Унинг Каломидаги ваъдалар амалга ошганидан шахсан сиз қандай фойда олганингиз ҳақида ўйланг. Масалан, Исо самовий Отамиз яшашимиз учун керакли ҳамма нарсани беришини ваъда қилган. (Мат. 6:32, 33) Шунингдек, у муқаддас руҳ сўраганимизда Яҳова бизга уни беришини айтган. (Луқо 11:13) Аллоҳ ҳамма ваъдаларининг устидан чиқяпти. У шахсан сизга тегишли бошқа ваъдаларни қандай амалга ошираётгани ҳақида ҳам фикр юритинг. Мисол учун, У гуноҳларингизни кечиряпти, сизга тасалли беряпти ва маънан озиқлантиряпти. (Мат. 6:14; 24:45; 2 Кор. 1:3) Худо сиз учун қилган барча нарсалар тўғрисида фикр юритиш келажак борасидаги ваъдаларини ҳам амалга оширишига бўлган умидингизни мустаҳкамлайди.

УМИДИНГИЗ БЎЛГАНИ УЧУН СЕВИНИНГЛАР

16. Нима учун умидимизни қимматбаҳо совға деб айта оламиз?

16 Абадий яшаш умидимиз Яҳованинг қимматбаҳо совғасидир. Бу ажойиб келажакни интиқиб кутяпмиз. Ушбу умид лангар каби бўлиб, қийинчиликлар, шиддатли таъқиблар ва ўлим олдидаги қўрқувни енгиш учун бизга куч беряпти. Шунингдек, умидимиз дубулға каби бўлиб, онгимизни ҳимоя қиляпти. Бу орқали нотўғри фикрларни рад этиб, тўғри ишларни қила оляпмиз. Муқаддас Китобга асосланган умидимиз ёрдамида Яҳовага янада яқинлашяпмиз ва У бизни қанчалик севишини кўряпмиз. Агар умидимизни мустаҳкам сақласак, бундан кўп фойда оламиз.

17. Нега умидимиз бўлгани учун севина оламиз?

17 Ҳаворий Павлус римликларга йўллаган мактубида «умидингиз бўлгани учун севининглар» деб барчани ундаган. (Рим. 12:12) У садоқатли қолса, самодаги мукофотини олишига ишонган. Бу унга қувонч келтирган. Биз ҳам Яҳова ваъдаларини амалга оширишига амин бўлганимиз учун умидимиз билан севина оламиз. Ҳа, сано бастакори ёзганидай, «Тангриси Яҳовага умид боғлаган киши бахтлидир». Сабаби У «ҳамиша ишончли бўлиб қоладиган Зотдир». (Заб. 146:5, 6)

139- ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик

^ Тангри Яҳова келажакка нисбатан ажойиб умидни беряпти. Бу умид бизга тасалли бахш этиб, муаммоларимизга ҳаддан ташқари диққат қаратмасликка кўмаклашяпти. Шунингдек, у Яҳовага хизмат қилиш қароримизни мустаҳкамлаяпти. Қолаверса, унинг ёрдамида фикр-хаёлимизни булғаши мумкин бўлган нотўғри нарсалардан ўзимизни ҳимоялаймиз. Ушбу мақолада буларнинг бари умидимизни мустаҳкам сақлашга қандай ёрдам беришини кўриб чиқамиз.

^ РАСМГА ШАРҲ. Дубулға аскарнинг бошини ҳимоя қилади. Лангар эса кема ўз жойида туришига кўмаклашади. Умидимиз ҳам онгимизни ҳимоя қилади ва қийин дамларда таслим бўлмасликка ёрдам беради. Опамиз ишонч билан Яҳовага ибодат қиляпти. Биродар Яҳова Иброҳим пайғамбарга берган ваъдаларини қандай бажаргани ҳақида фикр юритяпти. Бошқа биродар ўзининг баракалари ҳақида ўйлаяпти.