Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

41- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Чинакам бахтга эриша оласиз

Чинакам бахтга эриша оласиз

Яҳовадан қўрқадиган, Унинг йўлларидан юрадиган одам бахтлидир. ЗАБ. 128:1

110- ҚЎШИҚ «Яҳова бераётган қувонч»

БУ МАҚОЛАДА *

1. «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлиш» нима дегани ва бу бахт билан қандай боғлиқ?

 ЧИНАКАМ бахт бугун бор бўлиб, эртага йўқ бўладиган туйғу эмас. Инсон бутун умри давомида буни ҳис қилиши мумкин. Қанақасига? Исо Тоғдаги ваъзида шундай тушунтирган: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир». (Мат. 5:3) Исо одамлар Яратувчиси бўлмиш Тангри Яҳовани таниб-билиш ва Унга топиниш истаги билан яратилганини биларди. Бу «маънавий нарсаларга чанқоқ бўлиш» дегани. Қолаверса, Яҳова «бахтиёр Тангри» экан, Унинг топинувчилари ҳам бахтли бўла олади. (1 Тим. 1:11)

«Одиллик учун таъқиб қилинаётганлар бахтлидир». (Мат. 5:10) (2-, 3- хатбошиларига қаранг.) *

2, 3. а) Исонинг сўзларига кўра, яна кимлар бахтли бўлиши мумкин? б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз ва нега бу муҳим?

2 Бахтли бўлиш учун ҳаётимиз бекаму кўст бўлиши шартми? Йўқ. Исо қизиқ бир фикрни таъкидлаган. У бирон киши, эҳтимол, гуноҳи дастидан ўзини айбдор ҳис қилаётгани ёки жиддий муаммоси туфайли «қайғу-алам чекаётган» бўлса ҳам, ўзини бахтиёр ҳис этишини айтган. Қолаверса, Исо «одиллик учун таъқиб қилинаётганлар» ёки унинг издоши бўлгани учун «ҳақоратларга» дуч келаётганлар ҳам бахтли деган. (Мат. 5:4, 10, 11) Қизиқ, бу каби вазиятларда қандай қилиб чинакамига бахтли бўлиш мумкин?

3 Исо одам бекаму кўст яшагани учун эмас, аксинча, маънавий чанқоқликни қондиргани ва Худога яқинлашгани туфайли ҳақиқий бахтга эга бўлишини ўргатган. (Ёқб. 4:8) Буни қандай қила оламиз? Ушбу мақолада ҳақиқий бахтга эришиш учун керак бўлган учта қадамни муҳокама қиламиз.

МАЪНАН ОЗИҚЛАНИНГ

4. Чинакамига бахтли бўлишнинг биринчи қадами қандай? (Забур 1:1–3)

4 1- ҚАДАМ. Чинакамига бахтли бўлиш учун маънан озиқланиш зарур. Ҳам одамлар, ҳам ҳайвонлар яшаш учун жисмонан озиқланиши керак. Аммо фақат одамлар маънан озиқлана олади. Ҳа, биз бундай қилишимиз лозим. Шунинг учун ҳам Исо: «Одам фақат нон билан эмас, балки Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди»,— деган. (Мат. 4:4) Шундай экан, ҳеч бир кунимиз Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни ўқимасдан ўтмаслиги даркор. Сано бастакори бахтли одам ҳақида шундай деб ёзган: «Яҳованинг қонунидан завқ олиб, Қонуни устида туну кун фикр юритади». (Забур 1:1–3 ни ўқинг.)

5, 6. а) Муқаддас Китобдан нималарни билишимиз мумкин? б) Уни ўқиш бизга қандай фойда келтиради?

5 Яҳова бизни севади. Шунинг учун, Муқаддас Китоб орқали бахтли ҳаётга қандай эришишимиз мумкинлигини кўрсатяпти. Биз ҳаётимизнинг мазмуни нимада эканини билиб олдик. Яҳовага яқинлашиш ва Унинг кечиримига сазовор бўлиш учун нималар қилишимиз кераклигини ҳам ўргандик. Шунингдек, келажагимиз борасида ажойиб умидга эга бўлдик. (Ерм. 29:11) Муқаддас Китобдаги ушбу ҳақиқатларни ўрганиш қалбимизни қувончга тўлдиради.

6 Унда кундалик ҳаётимизда қўл келадиган кўпгина маслаҳатлар бор. Уларга амал қилсак ҳақиқий бахтга эришамиз. Муаммоларга кўмилиб кетганимизни сезсак, Худонинг Каломини кўпроқ ўқиб, мулоҳаза юритишимиз даркор. Исо: «Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» — деган. (Луқо 11:28)

7. Худонинг Каломини ўқиш фойдали бўлиши учун нима қилишимиз керак?

7 Худонинг Каломини шошилмасдан завқ олиб ўқинг. Мисол учун, кимдир сиз ёқтирган таомни тайёрлади. Лекин эҳтимол, шошилганингиздан ёки хаёлингиз паришон бўлганидан унинг мазасини тушунмай тез-тез еб қўясиз. Кейин эса овқатни жуда тез едим, секинроқ есам бўларкан, деб афсусланасиз. Муқаддас Китобни ўқиганимизда ҳам худди шундай бўлиши мумкин. Баъзида у ерда ёзилган сўзларнинг маъносини тушунмай, уни тезда ўқирмиз. Худонинг Каломидан завқ олиш учун вақт ажратинг. Воқеаларни ва овозларни онгингизда жонлантиринг ҳамда ўқиганларингиз устида мулоҳаза юритинг. Бундай қилиш қувончингизга қувонч қўшади.

8. «Ишончли ва ақлли хизматкор» ўз вазифасини қай йўсин бажаряпти? (Изоҳга ҳам қаранг.)

8 Исо маънавий ризқ-рўзни ўз вақтида бериш ва маънан тўқ бўлишимиз учун «ишончли ва ақлли хизматкорни» тайинлаган *. (Мат. 24:45) Тақдим этилаётган маънавий озуқанинг асосий масаллиғи Муқаддас Китоб. (1 Салон. 2:13) Маънавий озуқа Муқаддас Китобда очиб берилган Яҳованинг фикрларини билишимизга кўмаклашади. Шунинг учун, «Қўриқчи минораси», «Уйғонинг!» журналларини ва jw.org сайтидаги мақолаларни ўқиймиз. Қолаверса, йиғилишларга тайёрланамиз. JW Интернет-телевидениесида ойлик кўрсатувни ҳам томоша қиламиз. Мўл-кўл маънавий озуқа ҳақиқий бахтга етаклайдиган кейинги қадамга ўтишга ёрдам беради.

ЯҲОВАНИНГ МЕЪЁРЛАРИГА БЎЙСУНИШ

9. Чинакам бахтга етаклайдиган иккинчи қадам қандай?

9 2- ҚАДАМ. Чинакамига бахтли бўлиш учун Яҳованинг меъёрлари бўйича яшаш керак. Сано бастакори шундай деган: «Яҳовадан қўрқадиган, Унинг йўлларидан юрадиган одам бахтлидир». (Заб. 128:1) Яҳовадан қўрқиш — Уни ранжитадиган ишларни қилишдан қочиш дегани. Уни чуқур ҳурмат қилганимиз учун бундай қиламиз. (Ҳик. 16:6) Шу йўсин, Яҳованинг нима тўғри ва нима нотўғри экани борасидаги меъёрлари бўйича яшаймиз. Улар Муқаддас Китобда ёзилган. (2 Кор. 7:1) У яхши кўрадиган ишларни қилиб, нафратланадиган ишлардан қочсак, бахтли бўламиз. (Заб. 37:27; 97:10; Рим. 12:9)

10. Римликларга 12:2 га кўра, нима қилишга масъулмиз?

10 Римликларга 12:2 ни ўқинг. Кимдир Яҳова нима тўғри ва нима нотўғри эканини ҳал қилишга ҳаққи борлигини билар. Аммо у Унинг меъёрларига амал қилиши ҳам керак. Айтайлик, бирон киши катта йўлда қандай тезликда машина ҳайдаш борасида ҳукумат ўрнатган қоидаларни билади. Лекин уларга амал қилмай машинасида катта тезликда юради. Биз ҳам хулқ-атворимиз орқали Яҳованинг меъёрлари бўйича яшаш энг аъло қарор эканини кўрсата оламиз. (Ҳик. 12:28) Шунинг учун, Довуд Яҳова ҳақида шундай деган: «Сен менга ҳаёт сўқмоқларини кўрсатдинг. Ҳузурингда улкан шодлик ҳукмрондир, ўнг томонингда бўлиш, тоабад бахт-саодатга етаклайди». (Заб. 16:11)

11, 12. а) Сиқилганимизда ёки чарчаганимизда нимадан эҳтиёт бўлишимиз керак? б) Филиппиликларга 4:8 ўйин-кулги турини танлаш борасида қандай ёрдам бериши мумкин?

11 Сиқилганимизда ёки чарчаганимизда муаммо ҳақида ҳаддан ортиқ ўйламаслик учун нимадир қилиш кераклигини тушунармиз. Бу яхши, лекин бундай пайтда Яҳова нафратланадиган бирорта иш қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. (Эфес. 5:10–12, 15–17)

12 Ҳаворий Павлус Филиппидаги масиҳийларни «нима одиллик, нима ҳалоллик, нима ёқимли... нима ҳиммат... бўлса булар ҳақида фикр юритишга» ундаган. (Филиппиликларга 4:8 ни ўқинг.) Гарчи у муайян ўйин-кулги турини айтмаган бўлса ҳам унинг сўзлари танловимизга таъсир қилиши керак. Сиз танлайдиган мусиқа, фильм, китоб ёки видеоўйин Павлуснинг бу маслаҳатига амал қилаётганингизни кўрсатяптими? Бунга эътибор қаратиб, Худонинг назарида нима маъқул ва нима номаъқул эканини аниқлай оласиз. Дарҳақиқат, Яҳованинг юқори меъёрларига амал қилишни хоҳлаймиз. (Заб. 119:1–3) Виждонимиз пок бўлса, ҳақиқий бахтга етаклайдиган кейинги қадамни қўя оламиз. (Ҳавор. 23:1)

ТОПИНИШ ҲАЁТИНГИЗДА БИРИНЧИ ЎРИНДА БЎЛСИН

13. Ҳақиқий бахтга етакловчи учинчи қадам қандай? (Юҳанно 4:23, 24)

13 3- ҚАДАМ. Яҳовага топиниш ҳаётимизда биринчи ўринда эканига ишонч ҳосил қилиш лозим. Яҳова бизни яратган экан, топинишимизга фақат У лойиқ. (Ваҳ. 4:11; 14:6, 7) Яҳовага маъқул тарзда, яъни «руҳ ва ҳақиқат билан» топинишимиз керак. (Юҳанно 4:23, 24 ни ўқинг.) Худонинг Каломидаги ҳақиқатга мувофиқ тарзда топинишни истаймиз. Бунинг учун муқаддас руҳга муҳтожмиз. Ҳатто фаолиятимиз чекланган ёки тақиқланган мамлакатда яшаётган бўлсак ҳам топинишимиз биринчи ўринда бўлиши муҳим. Ҳозирда 100 дан зиёд биродару опа-сингилларимиз Яҳованинг Шоҳиди бўлгани учун қамоқда ўтирибди *. Бунга қарамай улар ибодат ва тадқиқ қилиш ҳамда бошқаларга Худо ва Унинг Шоҳлиги ҳақида айтишдан қувонч топишяпти. Камситилганда ёки таъқиб қилинганда, Яҳова биз билан эканини ва бизни мукофотлашини билишдан қувонишимиз мумкин. (Ёқб. 1:12; 1 Бутр. 4:14)

ҲАЁТИЙ МИСОЛ

14. Жовидон Бобожонов билан нима юз берган ва нега?

14 Баъзи имондошларимизнинг вазияти жуда оғир. Аммо улар юқорида муҳокама қилинган учта қадамни қўйгани учун бахтиёрликни ҳис қилишяпти. Келинг, Тожикистондаги Жовидон Бобожоновнинг мисолини кўриб чиқайлик. У 19 ёшида ҳарбий хизматни ўташдан бош тортган. 2019 йил 4 октябрда уни мажбурлаб уйидан олиб кетишган. Уни бир неча ой ҳибсда ушлаб туришган ва жиноятчидай муносабат кўрсатишган. Бундай ноҳақ муносабат тўғрисида бир нечта мамлакатда оммавий ахборот воситаларида хабар берилган. Жовидонга ҳарбий қасамёд қилиш ва ҳарбийларнинг кийимини кийиш босими ўтказилган ва у роса дўппосланган. Кейин уни суд қилишган ва қамоққа ташлашган. Охири Тожикистон президенти уни афв этиб, озод этишни буюрган. Ўша вақт давомида Жовидон бенуқсонликни ва қувончни сақлаган. Қандай қилиб? У доим маънавий эҳтиёжларини қондиришга интилган.

Жовидон маънан озиқланган, Худонинг меъёрлари бўйича яшаган ва топинишни ҳаётида биринчи ўринга қўйган (15–17- хатбошиларига қаранг.)

15. Жовидон қамоқда бўлганида қандай қилиб маънан озиқланган?

15 Жовидон қамоқда бўлганида унда Муқаддас Китоб ёки адабиётларимиз бўлмаса ҳам маънан озиқланган. Қандай қилиб? Маҳаллий биродару опа-сингилларимиз унга озиқ-овқат олиб келишган ва ҳар сафар пакетда кунлик оятни ёзиб қўйишган. Шу йўсин, у ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиб, устида мулоҳаза юрита олган. Жовидон озод этилгач, кучли синовларга дуч келмаган имондошларимизга шундай маслаҳат берган: «Эркинликдан фойдаланиб, Муқаддас Китоб ва адабиётларимизни ўқиш орқали Яҳова ҳақида чуқур билимга эга бўлишингиз ўта муҳим».

16. Жовидон диққатини нимага қаратган?

16 Бу биродаримиз Яҳованинг меъёрларига амал қилган. У ёмон истакларга берилиб, бўлмағур ишлар қилишнинг ўрнига диққатини Яҳовага ва У қадрлайдиган нарсаларга қаратган. Жовидон Худонинг ижодлари ҳақида фикр юритган. Ҳар куни эрталаб у қушларнинг сайраши билан уйғонган, кечаси эса ой ва юлдузларга қараб ётган. У шундай деган: «Яҳованинг бу ҳадялари менга қувонч ва далда берарди». Ҳа, Яҳованинг маънавий ва жисмоний ҳадяларини қадрласак бахтли бўламиз. Бу сабр-бардош қилишимизга кўмаклашади.

17. Жовидоннинг вазиятига ўхшаш қийинчиликка дуч келганлар 1 Бутрус 1:6, 7 га қандай амал қила олади?

17 Жовидон Яҳовага топинишни биринчи ўринга қўйган. У Яҳовага садоқатли бўлиб қолиш ўта муҳим эканини билган. Исо шундай деган: «Аллоҳинг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт». (Луқо 4:8) Ҳарбийлар Жовидон ўз эътиқодидан воз кечишини исташган. Лекин у ҳар куни эрталаб ва кечқурун Яҳовага ибодат қилиб, таслим бўлмаслигига ва садоқатли қолишига ёрдам беришини сўраган. Адолатсиз муносабатга дуч келишига қарамай, Жовидон содиқ бўлиб қолган. Ҳозир у олдингига қараганда янада бахтлироқ. (1 Бутрус 1:6, 7 ни ўқинг.)

18. Бахтиёр бўлиб қолишга нима ёрдам бериши мумкин?

18 Яҳова чинакамига бахтли бўлишимиз учун нимага муҳтож эканимизни билади. Ҳақиқий бахтга етаклайдиган учта қадамни қўйсангиз, қийинчиликларга қарамай бахтиёр бўлиб қоласиз. Шунда: «Худоси Яҳова бўлган халқ саодатлидир!» — деб айта оласиз. (Заб. 144:15)

89- ҚЎШИҚ Тингла, қулоқ сол ва ол барака

^ Кўплар чинакамига бахтли эмас. Чунки улар уни ўйин-кулги, бойлик ёки машҳурликдан излайди. Аммо Исо ер юзида бўлганида бахтли бўлишнинг сирини айтган. Ушбу мақолада ҳақиқий бахтни топишимизга кўмаклашадиган учта қадамни кўриб чиқамиз.

^ «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 15 август сонидаги «”Ризқ-рўзни вақтида” оляпсизми?» номли мақолага қаранг.

^ Кўпроқ билиш учун jw.org сайтида «Эътиқоди учун ҳибсга олинганлар» деб излаб кўринг.

^ РАСМГА ШАРҲ. Ушбу саҳналаштирилган вазиятда биродаримиз ҳибсга олиниб, судга олиб кетиляпти. Яҳованинг Шоҳидлари эса уни қўллаб-қувватлаяпти.