Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қадимда исроилликлар жангларда қатнашган. Нега биз қатнашмаймиз?

Қадимда исроилликлар жангларда қатнашган. Нега биз қатнашмаймиз?

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ пайтида нацистлар офицери бир нечта Яҳованинг Шоҳидига шундай деб бақирган: «Агар Франция ёки Англияга қарши урушга боришдан бош тортсангиз барчангиз ўласиз». Биродарларимизнинг ёнида аскарлар турган бўлса ҳам улар бунга рози бўлишмаган. Ҳа, бу жасоратнинг яққол намунаси. Ушбу мисолдан Яҳова Шоҳидларининг урушларга бўлган нуқтаи назарини кўриш мумкин. Биз урушларда иштирок этишдан бош тортамиз. Ўлим ёқасида турсак ҳам бу дунёдаги можароларда ҳеч кимнинг тарафини эгалламаймиз.

Бироқ ўзини Исонинг издоши деб атайдиган ҳамма ҳам бу нуқтаи назарга қўшилмайди. Кўпларнинг фикрича, Исонинг издошлари ҳам ўз мамлакатини ҳимоя қилиши керак. Улар шундай ўйлаши мумкин: «Қадимда исроилликлар Худонинг халқи эди ва жангларда қатнашган. Унда, нега ҳозир Худонинг хизматчилари бундай қилмайди?» Қизиқ, қандай жавоб берган бўлардингиз? Балки қадимги вазият ҳозиргига қараганда фарқ қилганини тушунтирарсиз. Келинг, бунинг бешта томонига диққат қаратайлик.

1. ХУДОНИНГ ХИЗМАТЧИЛАРИ БИР ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИ БЎЛГАН

Ўтмишда Яҳова Ўз хизматчилари сифатида Исроил халқини танлаган. У исроилликларга: «Барча халқлар орасида Менинг ўзгача мулким бўласизлар»,— деб айтган. (Чиқ. 19:5) Шунингдек, Худо уларга баъзи ҳудудларни тақсимлаб берган. Яҳова хизматчиларига бошқа халқларга қарши жанг қилишни айтганида, улар Унга топинадиган инсонлар билан уришмаган ёки уларни ўлдирмаган *.

Бугунги кунда Яҳованинг хизматчилари «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан» бўлиб турли тилларда гапиради. (Ваҳ. 7:9) Агар улар жангларда иштирок этганида, имондошларига қарши чиқишига ва ҳатто уларни ўлдиришига тўғри келарди.

2. ЯҲОВА ИСРОИЛЛИКЛАРГА ЖАНГ ҚИЛИШНИ БУЮРГАН

Ўтмишда исроилликлар қачон ва нега жанг қилишини Яҳова ҳал қиларди. Масалан, У Исроил халқига канъонликларга қарши чиқарилган ҳукмни амалга оширишни буюрган. Чунки улар жинларга сажда қилган, жинсий ахлоқсизликка қўл урган ва болаларни қурбонликка келтирган. Исроилликлар ваъда қилинган юртни бундай ёмон таъсирдан тозалаши керак бўлган. (Лев. 18:24, 25) Улар ўша юртда яшашни бошлаганида, атрофдаги душманлардан ҳимояланиш учун Худо уларга баъзида жанг қилишга рухсат берган. (2 Шоҳ. 5:17–25) Аммо Яҳова исроилликларга ўз манфаатини кўзлаб жанг қилишга ижозат бермаган. Улар бундай қилганида, кўпинча оқибатлари ёмон бўлган. (Саҳ. 14:41–45; 2 Сол. 35:20–24)

Бугунги кунда Яҳова ҳеч кимга жанг қилишни буюрмайди. Халқлар Худонинг эмас, ўз хоҳишига кўра жанг қилишади. Улар ҳудудини кенгайтириш, кўпроқ пулга эга бўлиш ёки сиёсий сабабларга кўра уруш бошлайди. Лекин эътиқодини ҳимоялаш ёки Худонинг душманларини йўқ қилиш учун Унинг номидан жанг қиляпмиз, деб айтадиганлар ҳақида нима деса бўлади? Яҳова ҳақиқий хизматчиларини Ўзи ҳимоя қилади ва душманларини келажакда бўладиган Армагеддон жангида йўқ қилади. (Ваҳ. 16:14, 16) Ўшанда Яҳованинг ер юзидаги хизматчилари эмас, самовий қўшини жанг қилади. (Ваҳ. 19:11–15)

3. ИСРОИЛЛИКЛАР ЯҲОВАГА ИШОНГАН ОДАМЛАРНИ ЎЛДИРИШМАГАН

Яҳова Ерихога қарши жанг қилганида Раҳоба ва унинг оиласи омон қолган. Бугунги урушларда-чи, художўй кишилар тирик қоляптими?

Ўтмишда исроилликлар Худога ишонган инсонларга кўпинча раҳм-шафқат кўрсатишган ва фақатгина Яҳова ўлимга лойиқ деб билган инсонларни ўлдиришган. Иккита мисолга назар солайлик. Яҳова исроилликларга Ерихони вайрон қилишни айтганида, Раҳоба имонини намоён этгани учун у ва унинг оиласи ўлдирилмаган. (Ёшуа 2:9–16; 6:16, 17) Кейинчалик гивонликлар Худога чуқур эҳтиром кўрсатишгани учун улар яшайдиган шаҳардаги барча омон қолган. (Ёшуа 9:3–9, 17–19)

Бугунги кунда жанг қилаётган халқлар художўй инсонларни ҳам аяшмаяпти. Гоҳида беайб фуқароларни ҳам ўлдиришяпти.

4. ИСРОИЛЛИКЛАР ЖАНГДА ХУДОНИНГ КЎРСАТМАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛГАН

Ўтмишда Яҳова исроилликлардан жангда Унинг кўрсатмаларига амал қилишни талаб қилган. Масалан, баъзида улар «тинчлик сулҳини тузиш шартларини» қарши шаҳарга эълон қилиши керак эди. (Қонун. 20:10) Қолаверса, исроилликлардан ўзини ва қароргоҳини жисмонан ҳамда ахлоқан пок сақлаш кутилган. (Қонун. 23:9–14) Уларнинг атрофидаги халқлар забт этган ҳудудлардаги аёлларни одатда зўрлаган, исроилликларга эса бундай қилиш тақиқланган. Улар шаҳар забт этилганидан бир ой ўтмагунча асирликка олинган аёлга уйлана олмаган. (Қонун. 21:10–13)

Бугунги кунда кўплаб мамлакатлар уруш тўғрисида халқаро келишувларни қабул қилишади. Гарчи бу келишувларнинг мақсади оддий фуқароларни ҳимоя қилиш бўлса-да, асосан уларга амал қилишмайди.

5. ХУДО ХАЛҚИ УЧУН ЖАНГ ҚИЛГАН

Яҳова Исроил халқига Ерихони забт этишга ёрдам берган. Бугун ҳам У қайсидир халқ учун жанг қиляптими?

Ўтмишда Яҳова исроилликлар учун жанг қилган. Улар ғалабага эришиши учун одатда У мўъжизалар қилган. Қизиқ, исроилликлар Ерихони забт этишига Яҳова қандай ёрдам берган? Унинг йўл-йўриғи бўйича исроилликлар «баланд жанговор овозда бақиришди. Шунда шаҳар деворлари ер билан яксон бўлди». Шу тариқа, улар шаҳарни осонликча забт этишди. (Ёшуа 6:20) Аморийлар билан бўлган жангда-чи? «Яҳова... уларнинг устига осмондан катта тошларни ёғдирди ва улар ҳалок бўлишди. Исроилликларнинг қиличидан ўлганларнинг сонига қараганда, тош ёққани дастидан ўлганларнинг сони кўпроқ эди». (Ёшуа 10:6–11)

Бугунги кунда Яҳова ер юзидаги ҳеч бир халқ учун жанг қилмайди. Унинг Шоҳлиги ва уни бошқараётган Исо Масиҳ «бу дунёдан эмас». (Юҳан. 18:36) Барча ҳукуматларни эса Шайтон бошқаряпти. Содир бўлаётган даҳшатли урушлардан у қандай шахс эканини кўряпмиз. (Луқо 4:5, 6; 1 Юҳан. 5:19)

ИСОНИНГ ҲАҚИҚИЙ ИЗДОШЛАРИ БОШҚАЛАР БИЛАН ТИНЧ ЯШАШГА ИНТИЛАДИ

Кўриб чиққанимиздай, ҳозирги вазият ўтмишдаги Исроилда бўлган вазиятдан кескин фарқ қилади. Бироқ урушда қатнашмаслигимизнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Масалан, Аллоҳ Ундан таълим оладиган инсонлар охирзамонда «жанг қилишни бошқа ўрганмаслигини» башорат қилган. Шунинг учун ҳам улар урушларда қатнашмайди. (Ишаё 2:2–4) Бундан ташқари, Исо шогирдларини «дунёга тегишли эмас» деб айтган. Улар бу дунёдаги можароларда ҳеч кимнинг тарафини эгаллашмайди. (Юҳан. 15:19)

Масиҳ издошларига бундан-да кўпроғини қилишни, яъни гина сақлашдан, ғазабланишдан ва уришишдан узоқлашишни айтган. (Мат. 5:21, 22) Шунингдек, «тинчлик ўрнатувчилар» бўлиб, душманларини севишга чорлаган. (Мат. 5:9, 44)

Биз ҳақда нима деса бўлади? Жангларда иштирок этишни истамасак-да, қалбимизда имондошлар орасида келишмовчиликларга ёки бўлинишларга сабаб бўладиган адоват туйғуси борми? Келинг, бел боғлаб, бу каби туйғулар билан курашишда давом этайлик. (Ёқб. 4:1, 11)

Бу дунёдаги жангларда қатнашишни сира ҳам хоҳламаймиз. Орамизда тинчлик ва севги ҳукм суришига ҳисса қўшяпмиз. (Юҳан. 13:34, 35) Яҳова барча жангларни йўққа чиқарадиган пайтни кутар эканмиз, илоё, бетараф бўлиш қароримиз қатъий бўлсин. (Заб. 46:9)

^ Айрим ҳолларда Исроил қабилалари ўзаро жанг қилган. Лекин Яҳова буни маъқулламаган. (3 Шоҳ. 12:24) Баъзида эса маъқуллаган, чунки муайян қабилалар Унга қарши чиққан ёки жиддий гуноҳ қилган. (Ҳак. 20:3–35; 2 Сол. 13:3–18; 25:14–22; 28:1–8)