Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

43- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ҳақиқий донолик жар соляпти

Ҳақиқий донолик жар соляпти

Ҳақиқий донолик кўчада жар солади. Унинг овози майдонларда эшитилади. ҲИК. 1:20

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

БУ МАҚОЛАДА *

1. Кўплар Муқаддас Китобда ёзилганларга қандай муносабатда? (Ҳикматлар 1:20, 21)

 КЎП МАМЛАКАТЛАРДА одатда имондошларимиз серқатнов кўчаларда йўловчиларга адабиётларимизни таклиф қилади. Эҳтимол, сиз ҳам бундай қилгандирсиз. Шунда Ҳикматлар китобидаги донолик майдонларда эшитилиши ҳақидаги сўзларни эслагандирсиз. (Ҳикматлар 1:20, 21 ни ўқинг.) Муқаддас Китобдан ва адабиётларимиздан «ҳақиқий донолик», яъни Яҳованинг донолигини топишимиз мумкин. Бу одамлар учун керак бўлиб, абадий ҳаётга етаклайди. Кимдир адабиётимизни олса роса суюнамиз, аммо ҳамма ҳам бундай қилмайди. Айримлар Муқаддас Китобда ёзилган маслаҳатларни рад этади, бошқалар эса устимиздан кулади. Уларнинг фикрича, Муқаддас Китоб эскириб қолган ва уларга амал қилаётганлар шафқатсиз бўлиб, бошқаларни танқид қилади. Бироқ Яҳова донолигини ҳаммамизга меҳр ила бериб келяпти. Қай йўсин?

2. Ҳақиқий доноликка қандай эга бўлишимиз мумкин, лекин кўпчилик қандай йўл тутмоқда?

2 Яҳова ҳақиқий доноликка эга бўлишимиз учун Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни тақдим этган. Уни деярли ҳар бир инсон ўқиши мумкин. Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар ҳақида нима деса бўлади? Яҳова барака бераётгани учун ҳозир улар 1 000 дан зиёд тилларда мавжуд. Бу учун Ундан миннатдормиз. Уларни ўқиб, олаётган билимига амал қилаётганлар фойда олади. Лекин аксарият инсонлар Яҳовага қулоқ солишдан бош тортяпти. Улар қарор чиқараётганда ўзларининг ёки атрофдагиларнинг фикрини устун қўяди. Қолаверса, Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилаётганимиз учун улар бизга паст назар билан қараши мумкин. Бу мақолада нега инсонлар бундай йўл тутаётганининг сабабини муҳокама қиламиз. Келинг, бошида Яҳованинг донолигига қандай эга бўлишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА ҲАҚИДАГИ БИЛИМ ДОНОЛИККА ЕТАКЛАЙДИ

3. Чинакам доноликка эга бўлиш учун нима қилишимиз керак?

3 Донолик тўғри қарорлар чиқариш учун билимдан фойдаланиш қобилиятидир. Аммо ҳақиқий донолик кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бу ҳақда Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Яҳовадан қўрқиш доноликнинг бошидир. Энг Муқаддас Зотни таниб-билиш ақл-заковат демакдир». (Ҳик. 9:10) Шундай экан, муҳим қарор олдида турганимизда, «Энг Муқаддас Зотни таниб-билишимиз», яъни Яҳованинг нуқтаи назарини англаб етишимиз керак. Бунинг учун Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларни тадқиқ қилишимиз лозим. Ўшанда ҳақиқий доноликка эга эканимизни кўрсатамиз. (Ҳик. 2:5–7)

4. Нега ҳақиқий доноликни фақат Яҳова бера олади?

4 Фақат Яҳова ҳақиқий доноликни бера олади. (Рим. 16:27) Нега У донолик Манбаи? Биринчидан, Яҳова Парвардигоримиз ва биз қандай яратилганимизни яхши билади. (Заб. 104:24) Иккинчидан, Унинг барча ишларида донолик акс этади. (Рим. 11:33) Учинчидан, Яҳованинг доно маслаҳатларига амал қиладиган ҳар бир киши фойда олади. (Ҳик. 2:10–12) Агар чинакамига доно бўлишни истасак, қарор чиқаришимиз керак бўлганда ушбу учта нарсани инобатга олишимиз лозим.

5. Одамлар ҳақиқий доноликни рад этаётгани нимага олиб келяпти?

5 Дунёдаги кўп инсонлар табиатдаги нарсалардан ҳайратланса-да, улар Худонинг ёрдамида эмас, балки эволюция натижасида пайдо бўлган, деб таъкидлашади. Бошқалар эса Худога ишонамиз дейишса-да, Муқаддас Китобдаги меъёрлар эски замонники деб, улар бўйича яшашни хоҳламайди. Бунинг натижаси қандай? Одамлар Худонинг эмас, ўзининг донолигига таянаётгани учун дунёдаги аҳвол яхшиланиб боряптими? Улар чинакам бахтга ёки умидга эгами? Атрофимиздаги вазиятни кузатиб, қуйидаги сўзлар рост эканига ишонч ҳосил қиламиз: «Яҳовага қарши на донолик, на ақл-идрок, на бирон режа бор». (Ҳик. 21:30) Ҳа, Унинг донолигини олишда давом этишимиз лозим. Афсуски, кўпчилик бундай қилмайди. Нега?

НИМА УЧУН ОДАМЛАР ҲАҚИҚИЙ ДОНОЛИКНИ РАД ЭТЯПТИ?

6. Ҳикматлар 1:22–25 га кўра, ҳақиқий доноликни кимлар тинглашни хоҳламаяпти?

6 Кўплар донолик «кўчада жар солганида» ўзини эшитмаганга оляпти. Муқаддас Китобга кўра, бундай одамлар уч гуруҳга бўлинади. Улар «жоҳиллар», «мазахчилар» ва «нодонлар». (Ҳикматлар 1:22–25 ни ўқинг.) Одамлар нега ҳақиқий доноликни қабул қилмаётганини ва биз ҳам улар каби бўлмаслик учун нима қилишимиз кераклигини кўриб чиқайлик.

7. Нега баъзилар «жоҳил» бўлишни танлаяпти?

7 «Жоҳиллар» сўзи ҳар бир гапга ишониб кетадиган, содда, билимсиз деган маънога эга. (Ҳик. 14:15) Кўпинча хизматда бундай инсонларни учратишимиз мумкин. Масалан, миллионлаб одамлар дин ёки сиёсат раҳбарлари томонидан алданган. Баъзилар буни билгач, лол қолади. Ҳикматлар 1:22 да ўз хоҳиши билан жоҳил бўлишни танлаган инсонлар ҳақида гап кетяпти. (Ерм. 5:31) Улар хоҳлаганини қилиб, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўрганишни истамайди ва у ердаги меъёрларни писанд қилмайди. Кўпчилик Квебекдаги (Канада) бир художўй аёл каби фикр юритади. У имондошимизга шундай деган: «Руҳонийимиз бизни алдаса, бу бизнинг эмас, унинг айби». Шубҳасизки, била туриб ўзини алдашга йўл қўяётган инсонларга ўхшашни истамаймиз. (Ҳик. 1:32; 27:12)

8. Доно бўлишимизга нима ёрдам беради?

8 Муқаддас Китобга кўра, жоҳил эмас, «идрок этишда... етук кишилардай бўлишимиз» керак. (1 Кор. 14:20) У ердаги меъёрларни ҳаётимизда қўллаб доно бўла оламиз. Шунда улар муаммоларнинг олдини олишга ва доно қарорлар чиқаришга ёрдам беришини кўрамиз. Бу борада қандай яхшиланаётганимизни вақти-вақти билан текшириб турсак бўлади. Айтайлик, қайсидир вақт давомида Муқаддас Китобни тадқиқ қиляпсиз ва йиғилишларга боряпсиз, лекин ҳаётингизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўммагансиз. Бу қадамларни қўйиш учун нима қилишингиз мумкин? Ёки сувга чўмган бўлсангиз, ваъзгўй ва таълим берувчи сифатида қандай яхшилана оласиз? Муқаддас Китобдаги меъёрлар асосида қарорлар чиқаряпсизми? Бошқалар билан муносабат қилганда Исога тақлид қиляпсизми? Ўзгаришимиз кераклигини сезсак, «тажрибасиз кишини доно қиладиган» Яҳованинг эслатмалари устида чуқур мулоҳаза юритишимиз лозим. (Заб. 19:7)

9. «Мазахчилар» доноликни инкор этаётганини қандай кўрсатяпти?

9 Худонинг донолигини рад этаётган иккинчи гуруҳдаги одамлар «мазахчилар». Гоҳида уларни хизматда учратамиз. Бундай одамлар бошқаларнинг устидан кулишдан завқ олади. (Заб. 123:4) Муқаддас Китобда охирзамонда мазахчилар кўпайиб кетиши ҳақида айтилган. (2 Бутр. 3:3, 4) Садоқатли Лутнинг куёвлари каби, баъзилар Худонинг огоҳлантиришига эътибор бермаяпти. (Ибт. 19:14) Кўплар Муқаддас Китоб принциплари асосида яшаётганларнинг устидан куляпти. Улар «беҳаё истакларига биноан йўл тутишни» истаётгани учун шундай қиляпти. (Яҳд. 7, 17, 18) Муқаддас Китобда мазахчиларга берилган бу таъриф муртадлар ва Яҳовадан воз кечган бошқа инсонларга мос келяпти.

10. Забур 1:1 га биноан, мазахчи бўлиб қолишдан ўзимизни қандай асрай оламиз?

10 Мазахчи бўлиб қолмасликка нима ёрдам беради? Бунинг бир йўли танқид қилиш мойиллигига эга одамлардан йироқлашиш. (Забур 1:1 ни ўқинг.) Бу дегани, муртадларнинг маълумотларини ўқимаслигимиз ва томоша қилмаслигимиз керак. Танқид қилиш мойиллигига эга бўлишдан ва Яҳовадан ҳамда ташкилотимиздан олаётган йўл-йўриқлардан шубҳаланишдан эҳтиёт бўлишимиз муҳим. Шунинг учун, ўзимиздан қуйидагича сўраб кўрайлик: «Бирон йўл-йўриқ олганда ёки тушунчамиз ойдинлашганда салбий фикр билдираманми? Масъулиятли биродарларнинг хатоларига диққат қаратишга мойилманми?» Бундай қилишдан йироқлашсак, Яҳовани қувонтирамиз. (Ҳик. 3:34, 35)

11. «Нодонлар» Яҳованинг ахлоқий меъёрларига қандай муносабат кўрсатади?

11 Илоҳий доноликни рад этаётган учинчи гуруҳга «нодонлар» киради. Улар Худонинг ахлоқий меъёрлари бўйича яшашни истамай, ўзлари тўғри деб билган ишни қилишади. (Ҳик. 12:15) Қолаверса, улар доноликнинг Манбаи бўлмиш Тангри Яҳовани рад этишади. (Заб. 53:1) Хизматда бундай инсонларни учратганимизда, илоҳий меъёрлар бўйича яшаётганимиз учун улар бизни танқид қилишса-да, эвазига арзигулик ҳеч қандай нарса таклиф қила олишмайди. Худонинг Каломида: «Аҳмоқ доноликка эриша олмайди, у шаҳар дарвозаси олдида бирон сўз айтолмайди»,— деб ёзилган. (Ҳик. 24:7) Ҳа, нодонлар ҳеч қандай яхши маслаҳат бера олишмайди. Яҳова: «Аҳмоқдан узоқроқ юр»,— деб бизни огоҳлантиргани бежизга эмас. (Ҳик. 14:7)

12. Нодонлар каби йўл тутмаслигимизга нима ёрдам беради?

12 Доно маслаҳатдан нафратланадиган кишилардан фарқли равишда биз Худонинг фикрлаш тарзига тақлид қилиб, ахлоқий меъёрларига бўлган севгимизни ривожлантирамиз. Бўйсуниш ва бўйсунмасликнинг натижасини солиштириш орқали севгимизни мустаҳкамлай оламиз. Нодонларча йўл тутиб, Яҳованинг доно маслаҳатини рад этганлар қандай муаммолар орттирганига эътибор беринг. Кейин эса Худога бўйсунаётганингиз учун ҳаётингиз уларникидан анча яхшироқ эканига диққат қаратинг. (Заб. 32:8, 10)

13. Яҳова бизни донолигини қабул қилишга мажбурлаяптими?

13 Яҳова ҳеч кимни донолигини қабул қилишга мажбурламаяпти. Аксинча, буни таклиф қиляпти. Кимдир бу доноликка парво қилмаса, Худо бунинг оқибати қандай бўлишини тушунтиряпти. (Ҳик. 1:29–32) Унга бўйсунмасликни танлаган инсонлар «қилган ишларининг мевасини тотишади». Улар ишларининг оқибатларидан қийналиб, азоб чекишади. Натижада Яҳова уларни йўқ қилиб ташлайди. Унинг доно маслаҳатларига қулоқ солиб, амал қилаётганларга эса У шундай ваъда беряпти: «Менга қулоқ солган одам бехатар яшайди. Фалокат уни даҳшатга солмайди». (Ҳик. 1:33)

ҲАҚИҚИЙ ДОНОЛИК БИЗГА ФОЙДА КЕЛТИРАДИ

Йиғилишларда шарҳ бериш Яҳова билан дўстлигимизни мустаҳкамлайди (15- хатбошига қаранг.)

14, 15. Ҳикматлар 4:23 дан нимани ўрганишимиз мумкин?

14 Илоҳий донолик бизга доим фойда келтиради. Кўриб чиққанимиздай, Яҳованинг доно маслаҳатларига бемалол эга бўлишимиз мумкин. Масалан, Ҳикматлар китобида ҳаётимиз давомида фойда келтирадиган амалий маслаҳатлар ёзилган. Келинг, улардан тўрттасига эътибор берамиз.

15 Мажозий юрагингизни асранг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар нарсадан кўра қалбингни асра, чунки у ҳаёт манбаидир». (Ҳик. 4:23) Том маънодаги юрагимизни ҳимоялаш учун нима қилишимиз кераклиги ҳақида ўйлаб кўринг. Бунинг учун тўғри овқатланиш, етарлича машқ қилиш ва ёмон одатлардан қочишимиз лозим. Мажозий юрагимизни ҳимоялаш учун ҳам шундай қилишимиз керак. Биз Худонинг Каломини ҳар куни ўқишимиз, йиғилишларга тайёргарлик кўришимиз ва шарҳлар беришимиз лозим. Ваъзгўйликда фаол бўлиб, мунтазам қатнашишимиз муҳим. Шунингдек, фикрларимизни булғайдиган ёмон одатлардан узоқлашишимиз, масалан, ахлоқсиз ўйин-кулги, ёмон хулқ-атворли одамлардан қочишимиз даркор.

Пулга нисбатан мувозанатли бўлиш борига шукур қилишга ёрдам беради (16- хатбошига қаранг.)

16. Нега Ҳикматлар 23:4, 5 биз учун фойдали?

16 Борига шукур қилинг. Муқаддас Китобда шундай маслаҳат бор: «Бойлик кўпайтираман деб зўриқма,.. бойликка назар солган заҳотинг, у ғойиб бўлади, бургутдай қанот ёзиб, осмонга учиб кетади». (Ҳик. 23:4, 5) Моддий бойликлар вақтинча. Лекин ҳам бойлар, ҳам камбағаллар ҳозирги пайтда пул топиш билан овора. Бунинг учун улар кўпинча обрўсига, бошқалар билан бўлган муносабатига ва ҳатто соғлигига путур етказадиган ишларга қўл уришяпти. (Ҳик. 28:20; 1 Тим. 6:9, 10) Худонинг донолиги эса бизга пул ҳақида ҳаддан ташқари ташвишланмасликка кўмаклашяпти. Бундай нуқтаи назар бизни очкўзликдан асраб, борига шукур қилишимизга ва бахтли бўлишимизга ёрдам беряпти. (Воиз 7:12)

Гапиришдан олдин ўйлаш бошқаларни сўзларимиз билан жароҳатлашдан асрайди (17- хатбошига қаранг.)

17. Сўзларимиз «шифо бериши» учун нима қилишимиз керак? (Ҳикматлар 12:18)

17 Гапиришдан олдин ўйланг. Эҳтиёт бўлмасак, сўзларимиз бошқаларга оғриқ келтириши мумкин. Муқаддас Китобда: «Ўйламай айтилган гап қиличдай жароҳатлайди, дононинг тили эса шифо беради»,— деб айтилган. (Ҳик. 12:18) Бошқаларни ғийбат қилмасак, тинчлик бўлишига ҳисса қўшамиз. (Ҳик. 20:19) Сўзларимиз жароҳат эмас, шифо келтириши учун қалбимизни Худонинг Каломидаги билимлар билан тўлдиришимиз лозим. (Луқо 6:45) Ўқиганимиз устида мулоҳаза юритганимизда, сўзларимиз «донолик чашмаси»га айланиб, бошқаларга далда бахш этади. (Ҳик. 18:4)

Ташкилотимиз бераётган йўл-йўриқларга амал қилиш хизматда яхшиланишимизга ҳисса қўшади (18- хатбошига қаранг.)

18. Ҳикматлар 24:6 хизматда муваффақиятли бўлишимизга қандай ёрдам беради?

18 Йўл-йўриққа амал қилинг. Муқаддас Китобда шундай фойдали маслаҳат ёзилган: «Жанг қилаётиб оқилона йўл-йўриққа таян, ғалаба маслаҳатчининг кўплигидадир». (Ҳик. 24:6) Бу принципни қўллаш ваъзгўй ва таълим берувчи сифатида яхшиланишимизга қандай ёрдам беради? Ўзимиз билгандай ваъз қилишнинг ўрнига, берилган йўл-йўриқларга амал қилишимиз керак. Йиғилишларда бошқалар қай йўсин таълим бераётганидан ўргана оламиз. Бундан ташқари, Яҳованинг ташкилоти адабиётлар ва видеолар каби самарали асбобларни тақдим этмоқда. Улар одамларга Муқаддас Китобни тушунишга ёрдам беради. Сиз ҳам улардан самарали фойдаланишни ўрганяпсизми?

19. Яҳованинг донолиги ҳақида қандай фикрдасиз? (Ҳикматлар 3:13–18)

19 Ҳикматлар 3:13–18 ни ўқинг. Худонинг Каломида амалий маслаҳатлар борлигидан жуда миннатдормиз. Уларсиз ҳаётимиз қандай кечган бўларди-а?! Бу мақолада Ҳикматлар китобидаги айрим маслаҳатларни кўриб чиқдик. Лекин Муқаддас Китобда яна кўпгина доно маслаҳатлар бор. Уларни ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида қўллашга интилайлик. Бу дунёдаги одамлар Худонинг донолигига қандай муносабат кўрсатаётгани бизни умуман қизиқтирмайди. Шундай экан, келинг, «[доноликка] маҳкам тирмашганлар бахтли деб аталади» деган сўзлардан ҳеч қачон шубҳаланмайлик.

36- ҚЎШИҚ Қалбингизни асранг

^ Яҳова бераётган донолик бу дунё тақдим этаётган ҳар нарсадан афзалроқ. Ушбу мақолада Ҳикматлар китобидаги қизиқарли сўзларни муҳокама қиламиз. Қанақасига донолик шаҳар майдонида жар солади? Шунингдек, ҳақиқий доноликка қандай эга бўлишимиз ва фойда олишимиз мумкинлигини ҳамда нега баъзилар уни рад этаётганини кўриб чиқамиз.