Ўқувчиларнинг саволлари
Исроилликлар саҳрода ейиши учун манна ва беданадан ташқари яна бирор нима бўлганми?
Исроилликлар 40 йил саҳрода бўлишганида манна уларнинг асосий озуқаси эди. (Чиқ. 16:35) Бундан ташқари, Яҳова уларга икки марта беданаларни берган. (Чиқ. 16:12, 13; Саҳ. 11:31) Лекин исроилликларда ейиш учун бошқа оз-моз егулик ҳам бўлган.
Масалан, Яҳова уларнинг эҳтиёжларини қондиришга ёрдам бериш учун уларни «дам оладиган жой»га етаклаб борган. (Саҳ. 10:33) Бундай жойлардан бири Илим эди. «У ерда 12 та булоқ ва 70 та пальма дарахти бор эди». Ҳойнаҳой, бу хурмо пальмалари бўлган. (Чиқ. 15:27) Бир китобда баён этилишича, «бу хурмо пальмалари кенг ҳудудда тарқалган. У саҳрода асосий егулик деб ҳисобланган. Ундан мой олишган ва турли нарсаларни ишлаб чиқаришган. Миллионлаб инсонлар бошпана қуришда ундан фойдаланган». («Plants of the Bible»)
Исроилликлар бугунги кунда Фейран деб танилган катта воҳада ҳам тўхтаган бўлиши мумкин. Бу жой Фейран водийсининг бир қисми ҳисобланади a. Бир китобда бу водий ҳақида шундай айтилган: «Унинг узунлиги 130 километр бўлиб, у Синайдаги энг узун, чиройли ҳамда машҳур водийлардан бири. Водийнинг оғзидан тахминан 45 километр узоқликда узунлиги тахминан 4,8 километр бўлган чиройли Фейран воҳаси жойлашган ва денгиз сатҳидан тахминан 610 метр баландликда пальмалар экилган. Бу жой Синайдаги Адан боғи деб аталади. Қадим замонлардан бери минглаб хурмо пальмалари кўпларни у ерга жалб қилади». («Discovering the World of the Bible»)
Исроилликлар Мисрдан чиқиб кетишаётганида ўзлари билан ун, хамир қилиш учун идиш ва, эҳтимол, бироз буғдой ва мой олишган. Албатта, бу нарсалар кўпга етмасди. Бундан ташқари, улар «ўзлари билан ниҳоятда кўп чорвани, қўй-эчкилару қорамолларни ҳам олиб кетиш»ган. (Чиқ. 12:34–39) Саҳрода шароитлар оғир бўлгани учун анчагина ҳайвонлар ўлган. Шунингдек, баъзи ҳайвонларнинг гўштини ейиш исроилликларга ман этилган эди. Баъзи ҳайвонлар эса қурбонликка келтириш учун мўлжалланган эди. Айрим ҳолларда исроилликлар сохта худоларга атаб баъзи ҳайвонларни қурбонликка келтирган. (Ҳавор. 7:39–43) b Шунингдек, исроилликлар баъзи ҳайвонларни кўпайтирган. Буни улар итоатсизлик қилганда, Яҳова уларга айтган қуйидаги сўзлардан кўришимиз мумкин: «Ўғилларингиз шу саҳрода 40 йил чўпонлик қили[шади]». (Саҳ. 14:33) Демак, уларда сут ва баъзида гўшт ҳам бўлган, деб айта оламиз. Лекин бу 40 йил мобайнида тахминан уч миллион киши тўқ бўлиб юриши учун камлик қиларди c.
Ҳайвонлар учун егулик ва сув қаердан олинган? d Ўша пайтлари бу саҳрода, эҳтимол, ёмғир кўп ёққани боис ўсимликлар кўп бўлган. Кўп тилларда мавжуд бўлган «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг 1-жилдида ёзилишича, 3 500 йил олдин «Арабистон ҳудудида сув таъминоти қайсидир жиҳатдан ҳозиргига қараганда яхшироқ бўлган. Дарё ўзанлари бўлган кўплаб чуқур водийларнинг борлиги сув оқими пайдо бўлиши учун ўтмишда етарлича ёмғирлар ёққанини кўрсатяпти». Шунга қарамасдан, бу саҳро ҳосилсиз ва қўрқинчли жой бўлган. (Қонун. 8:14–16) Яҳова мўъжизавий тарзда сув бермаганида, исроилликлар ва уларнинг чорвалари, ҳойнаҳой, ўлиб кетган бўларди. (Чиқ. 15:22–25; 17:1–6; Саҳ. 20:2, 11)
Мусо исроилликлар «одам фақат нон билан эмас, балки Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшашини» билишларини истаган. Шу боис у Яҳова уларни манна билан озиқлантирганини айтган. (Қонун. 8:3)
a «Қўриқчи минораси» журналининг 1992 йил 1 май (рус) сонидаги 24-, 25-саҳифаларига қаранг.
b Саҳрода исроилликлар Яҳовага атаб икки марта ҳайвонларни қурбонликка келтиришган. Бу Муқаддас Китобда тилга олинган. Биринчи сафар руҳонийлик хизматига тайинлаш пайтида бўлган, иккинчиси эса Фисиҳ байрамида. Икки сафар ҳам мил. авв. 1512 йили, яъни исроилликлар Мисрдан кетганидан тахминан бир йил ўтгач бўлган. (Лев. 8:14–9:24; Саҳ. 9:1–5)
c Исроилликлар саҳрода 40 йил кезиб юришганининг охирроғида, урушдан кейин юз минглаб ҳайвонларни ўлжа сифатида олиб кетишган. (Саҳ. 31:32–34) Шундай бўлса-да, улар ваъда қилинган юртга кирмагунча манна ейишда давом этишган. (Ёшуа 5:10–12)
d Ҳайвонлар манна еган-емаган деб хулоса қила олмаймиз, чунки Яҳова ҳар бир инсон ея олишига қараб манна йиғиб олишини айтган. Ҳайвонлар ҳақида эса гап кетмаган. (Чиқ. 16:15, 16)