44-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Худонинг Каломини икир-чикиригача тушунинг
Ҳақиқатнинг кенглиги, узунлиги, баландлиги, теранликларини тўлиқ англашга қобилиятли бўлинглар. (ЭФЕС. 3:18)
95-ҚЎШИҚ Нур янада ёрқинроқ порламоқда
БУ МАҚОЛАДА a
1, 2. Муқаддас Китобни ўқиш ва тадқиқ қилишнинг энг яхши йўли қандай? Мисол келтиринг.
АЙТАЙЛИК, сиз уй харид қилмоқчисиз. Уйни сотиб олишдан аввал уни кўришни истайсизми? Унинг фақат ташқи кўринишини кўздан кечириш етарли бўладими? Шубҳасизки, ўзингиз шахсан бориб, ўша уйни яхшилаб кўздан кечирасиз, атрофини айланиб чиқасиз, ичкарига кириб, ҳамма хоналарига ва икир-чикиригача қарайсиз. Эҳтимол, ҳатто уйнинг режасини текшириб, у қандай қурилганини билиб оласиз. Дарҳақиқат, бўлажак уйингизнинг барча тафсилотларига диққат қаратишга интиласиз.
2 Муқаддас Китобни ўқиб, тадқиқ қилганимизда ҳам худди шундай йўл тутишимиз мумкин. Бир илоҳиётшунос Муқаддас Китобни «кенг, баланд ва мустаҳкам пойдеворга эга бинога» ўхшатган. Хўш, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни қай йўсин яхшироқ ўргана оламиз? Агар Каломни тез ўқисангиз, сиз шунчаки асосий ҳақиқатларни, яъни «Аллоҳнинг муқаддас каломидаги оддий нарсаларни» билиб оласиз. (Иброн. 5:12) Бундай қилишнинг ўрнига уй каби бўлганидек, барча икир-чикирларни билиб олиш учун «ичкарига» киринг. Муқаддас Китобнинг турли қисмларидаги маълумотлар бир-бири билан қандай боғлиқ эканини билиб олиш, уни тадқиқ қилишнинг самарали йўлларидан бири. Нафақат нимага ишонаётганингизни, балки бунга нима учун ишонаётганингизни тушунишга ҳаракат қилинг.
3. Ҳаворий Павлус имондошларини нима қилишга ундаган ва нега? (Эфесликларга 3:14–19)
3 Худонинг Каломини тўлиқ икир-чикиригача тушуниш учун у ердаги ҳақиқатларни чуқур ўрганишимиз керак. Ҳаворий Павлус масиҳий биродару опа-сингилларни Каломни синчковлик билан ўрганишга ундаган. Шундай қилиб, улар «ҳақиқатнинг кенглиги, узунлиги, баландлиги, теранликларини тўлиқ англашга қобилиятли» ва «имонда илдиз отиб, мустаҳкам» бўла олишарди. (Эфесликларга 3:14–19 ни ўқинг.) Биз ҳам шундай қилишимиз керак. Келинг, қай йўсин Худонинг Каломини чуқурроқ ўрганиб, икир-чикиригача билиб олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ЧУҚУР ҲАҚИҚАТЛАРНИ ТАДҚИҚ ҚИЛИНГ
4. Яҳовага кўпроқ яқинлашиш учун нима қилишимиз мумкин? Мисоллар келтиринг.
4 Масиҳийлар сифатида Муқаддас Китобдаги фақат асосий таълимотларни билиш билан кифояланмаймиз. Муқаддас руҳнинг ёрдами билан «ҳатто Худонинг чуқур донолигини» ўрганамиз. (1 Кор. 2:9, 10) Яҳовага кўпроқ яқинлашиш мақсадида шахсий тадқиқ учун бирон лойиҳани режалаштиришдан бошлашингиз мумкин. Масалан, Худо севгисини қадимдаги хизматчиларига қай йўсин кўрсатганини ва бу У сизни ҳам севишини қандай исботлаётганини тушунишга ҳаракат қиларсиз. Ёки Исроилда топиниш учун Яҳова ташкил этган тадбир борасида изланиш олиб бориб, бу ҳозирги тадбир билан қандай ўхшашини солиштирсангиз бўлар. Ё бўлмаса, Исо ер юзида хизмат қилганида қайси башоратлар амалга ошганини батафсил кўриб чиқарсиз.
5. Шахсий тадқиқда қайси мавзу бўйича изланиш ўтказмоқчисиз?
5 Муқаддас Китобни пухта тадқиқ қиладиган баъзилардан қайси мавзулар устида чуқурроқ изланиш олиб боришмоқчи эканини сўрашган. Улар айтган баъзи мавзулар « Шахсий тадқиқ учун мавзулар» номли рамкада ёзилган. «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ёки «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»дан фойдаланиб, бу каби мавзулар борасида тадқиқ ўтказиб сиз ҳам завқ олишингиз мумкин. Каломни синчковлик ила тадқиқ қилиб имонингизни мустаҳкамлайсиз ҳамда ўзингизга «Худо ҳақида билимга» эга бўлишга ёрдам берасиз. (Ҳик. 2:4, 5) Келинг, энди, тадқиқ қилишимиз мумкин бўлган Муқаддас Китобдаги баъзи ҳақиқатларга эътибор қаратайлик.
ХУДОНИНГ НИЯТИ УСТИДА ЧУҚУР ФИКР ЮРИТИНГ
6. a) Режа ва ният ўртасида қандай фарқ бор? б) Нега Яҳованинг инсонлар ва ерга нисбатан нияти «мангу» деб айта оламиз? (Эфесликларга 3:11)
6 Каломда Аллоҳнинг нияти ҳақида нима дейилганига назар солайлик. Унга кўра, режа билан ниятнинг катта фарқи бор. Режани манзилга олиб борадиган аниқ ва белгиланган йўлга ўхшатса бўлади. Бироқ ундан кетаётганимизда тўсиқ пайдо бўлса режа пучга чиқиши мумкин. Ниятни эса боришни хоҳлаган манзилга ўхшатса бўлади. Сафаримизни қаерда тугатишни аниқ биламиз. Аммо у ерга бориш учун бошқа йўлни ҳам танлай оламиз. Керак бўлганида эса унга ўзгариш киритармиз. Яҳова «мангу ниятини» Каломида аста-секин ошкор этаётганидан жуда миннатдормиз. (Эфес. 3:11) Гап шундаки, Худо ниятини амалга ошириш учун турли йўлларни танлаши мумкин ва «барча нарсани ниятини бажо келтирмоқ учун қилади». (Ҳик. 16:4) Яҳова амалга оширган ишнинг натижаси абадий бўлади. Хўш, бу ният нимадан иборат ва уни амалга ошириш учун У қандай ўзгаришлар киритди?
7. Илк жуфтлик исён кўтаргач, Яҳова ниятини амалга ошириш йўлига қандай ўзгариш киритди? (Матто 25:34)
7 Худо илк жуфтликка улар ҳақидаги ниятини айтди. Уларга: «Серфарзанд бўлиб, кўпайинглар ва ер юзини тўлдириб, тобе қилинглар... ва ер юзидаги барча жонзотлар устидан ҳокимлик қилинглар»,— деб айтган. (Ибт. 1:28) Одамато билан Момоҳаво исён кўтарганида гуноҳ барча инсонга ўтди. Бу Яҳованинг нияти амалга ошишига тўсқинлик қилмади. У ниятига эришиш йўлига ўзгариш киритди. Шу заҳотиёқ, Худо осмонда Шоҳлик ўрнатишга қарор қилди ва у орқали инсонлар ҳамда ер юзига нисбатан илк нияти амалга ошиши керак эди. (Матто 25:34 ни ўқинг.) Ўз вақтида Яҳова инсонларга осмондаги Шоҳлик ҳақида ўргатиш, уларни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун ягона Ўғлини тўлов сифатида севги ила ер юзига юборди. Кейин Яҳова Исони Самовий Шоҳликда бошқариш учун тирилтирди. Лекин Худонинг нияти борасида янада кўпроқ билиб олишимиз мумкин.
8. a) Муқаддас Китобнинг мавзуси нимадан иборат? б) Эфесликларга 1:8–11 га кўра, Яҳова яна нимани амалга оширади? (Муқовадаги расмга қаранг.)
8 Муқаддас Китобнинг асосий мавзуси Масиҳ бошқаруви остидаги шоҳлик орқали Яҳова Ўз ниятини амалга оширганида исми оқланишидан иборат. Унинг нияти ҳеч қачон ўзгармайди. У буни муваффақият ила амалга оширишни кафолатлаган. (Ишаё 46:10, 11; Иброн. 6:17, 18) Вақт ўтиб, ер юзи жаннатга айланади ва унда Одамато ҳамда Момоҳавонинг мукаммал ва одил авлодлари ҳаётдан «тоабад мамнун бўлиб» яшайди. (Заб. 22:26) Яҳова бундан ҳам кўпроғини амалга оширишни ният қилиб қўйган. У осмондаги ҳамда ердаги барча хизматчиларини ҳам бирлаштиради. Сўнг уларнинг барчаси Унга Ҳукмдори сифатида садоқат ила бўйсунади. (Эфесликларга 1:8–11 ни ўқинг.) Яҳова ниятини ўзгача тарзда амалга ошираётгани ниҳоятда ажойиб, шундай эмасми?!
КЕЛАЖАГИНГИЗ ҲАҚИДА ЧУҚУР ФИКР ЮРИТИНГ
9. Муқаддас Китобни ўқиш орқали қанчалик узоқ келажакни кўра оламиз?
9 Яҳова Адан боғида айтган башоратни кўриб чиқайлик. У Ибтидо 3:15 да ёзилган b. У ерда Худонинг нияти амалга ошишига ҳисса қўшадиган ҳодисалар тилга олинган. Аммо улар минглаб йиллардан кейин юз берган. Масалан, Худо Иброҳим пайғамбарга кўпгина авлодлари пайдо бўлганидан кейин ўша авлодлардан бири Масиҳ бўлишини айтган. (Ибт. 22:15–18) Сўнг башорат қилинганидай, мил. 33 йили Исонинг товони чақилган. (Ҳавор. 3:13–15) Бу башоратдаги сўнгги ҳодиса, Шайтоннинг боши эзиб ташланиши 1000 йилдан ошиқроқ вақт ўтгач юз беради. (Ваҳ. 20:7–10) Шайтоннинг тузуми ва Яҳованинг ташкилоти орасидаги адоват нима билан тугаши ҳақидаги кўпгина нарсаларни Муқаддас Китобдан билиб оляпмиз.
10. a) Яқинда қандай воқеалар юз беради? б) Онгимизни ва қалбимизни қай йўсин тайёрлай оламиз? (Изоҳга қаранг.)
10 Муқаддас Китобдаги мисли кўрилмаган башоратлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Аввалига халқлар «Тинчлик ва хавфсизлик!» — деб эълон қилади. (1 Салон. 5:2, 3) Улар барча сохта динларга ҳужум қилганида эса «ногаҳон» буюк мусибат бошланади. (Ваҳ. 17:16) Бундан сўнг «Инсон Ўғлининг куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра келаётгани» ғайритабиий тарзда намоён бўлиши мумкин. (Мат. 24:30) Ўшанда Исо инсониятни ҳукм қилиб, қўйларни эчкилардан ажратади. (Мат. 25:31–33, 46) Шайтон эса Яҳовага қарши чиқишга интилади. У ғазабга тўлиб, Каломда Магўг юртидаги Гўг деб номланган халқлар иттифоқини Яҳованинг одил хизматчиларига ҳужум қилишга ундайди. (Ҳиз. 38:2, 10, 11) Ер юзидаги мойланган масиҳийлар буюк мусибатнинг қайсидир пайтида осмонда Исонинг олдига йиғилади ва унинг самовий кучлари буюк мусибатнинг охирида, Армагеддонда жанг қилишади. (Мат. 24:31; Ваҳ. 16:14, 16) c Сўнг Масиҳ Минг йиллик бошқаруви пайтида ер юзи устидан бошқаради. (Ваҳ. 20:6)
11. Абадий яшаш имкони сиз учун нима дегани? (Расмга ҳам қаранг.)
11 Энди эса келажагингиз ҳақида қўшимча тафсилотлар борасида ҳам ўйлаб кўринг. Муқаддас Китобга биноан, Парвардигоримиз «инсон қалбига абадийлик туйғусини солди». (Воиз 3:11) Бу сиз ва Яҳова билан бўлган муносабатларингиз учун нимани англатиши ҳақида мулоҳаза юритинг. Кўп тилларга таржима қилинган «Яҳова қуйидаги қизиқарли маълумот ёзилган: «Юз, миллион ва ҳатто миллиардлаб йиллар яшагандан кейин ҳозиргига қараганда Яҳова ҳақида кўпроқ нарсаларни билиб оламиз. Бироқ шунда ҳам ўрганиш керак бўлган ажойиб, беҳисоб нарсалар бўлади. [...] Абадий ҳаёт қанчалик гўзал ва қизиқарли бўлишини ҳозир тўлиқ тасаввур қила олмаймиз. Энг муҳими эса Яҳовага кўпроқ яқинлашишда давом этамиз». Каломни тадқиқ қилар эканмиз, яна нимани тушунишимиз кутилади? Таолога яқинлашинг» номли китобнинг 319-саҳифасида
САМОЛАРГА КЎЗ ТИКИНГ
12. Қандай қилиб самоларга кўз тика оламиз? Мисол келтиринг.
12 Яҳованинг «самода»ги маскани ҳақида Каломидан айрим нарсаларни ўрганяпмиз. (Ишаё 33:5) Шунингдек, у ердан Яҳова ҳамда ташкилотининг осмондаги қисми ҳақида ажойиб нарсаларни билиб оляпмиз. (Ишаё 6:1–4; Дон. 7:9, 10; Ваҳ. 4:1–6) Мисол учун, Ҳизқиё пайғамбар осмон очилгани ва «Худодан келган ваҳийни кўра бошла»ганида билиб олган ҳайратомуз нарсалар ҳақида ўқишимиз мумкин. (Ҳиз. 1:1)
13. Ибронийларга 4:14–16 га биноан, Исо самоларда туриб қилаётган қайси ишлари учун миннатдорсиз?
13 Шунингдек, Исо самоларда Шоҳ ҳамда раҳмдил Олий руҳоний сифатида биз учун нималарни амалга ошираётгани борасида мулоҳаза юритинг. У орқали «иноят кўрсатувчи Аллоҳнинг тахтига яқинлашиб» ибодат қилишимиз ва «муҳтож бўлганимизда» Ундан раҳм-шафқат ҳамда ёрдам сўрашимиз мумкин. (Ибронийларга 4:14–16 ни ўқинг.) Келинг, ҳеч бир кунимиз Яҳова ҳамда Исо биз учун самоларда нималар қилишгани ва қилишаётгани борасида ўйламасдан ўтишига йўл қўймайлик. Уларнинг севгиси қалбимизга кучли таъсир қилиб, хизматда ва топинишда ғайратли бўлишга бизни ундаши лозим. (2 Кор. 5:14, 15)
14. Яҳова ҳамда Исодан қанчалик миннатдор эканимизни кўрсатишнинг энг яхши йўлларидан бири қандай? (Расмларга ҳам қаранг.)
14 Отажонимиз Яҳовадан ҳамда Унинг Ўғлидан миннатдор эканимизни кўрсатишнинг йўлларидан бири бошқаларга Унинг хизматчиси ва Масиҳнинг шогирди бўлишга ёрдам беришдир. (Мат. 28:19, 20) Ҳаворий Павлус ҳам Худодан ва Масиҳдан миннатдор эканини шу йўсин кўрсатган. У Яҳованинг иродаси «ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб», нажот топишларидан иборат эканини билган. (1 Тим. 2:3, 4) У хизматда қўлдан келганча қатнашиб, кўпроқ инсонларга ёрдам бермоқчи эди. Павлус «ҳеч бўлмаса айримларни қутқариб» қолишни хоҳлаган. (1 Кор. 9:22, 23)
ХУДОНИНГ КАЛОМИНИ ЎРГАНИШДАН ЗАВҚ ТОПИНГ
15. Забур 1:2 га кўра, нима туфайли бахтли бўламиз?
15 Сано бастакори «Яҳованинг қонунидан завқ олиб, қонуни устида туну кун фикр юритади»ган киши бахтиёр ҳамда муваффақиятли бўлишини айтган. (Заб. 1:1–3) Иосиф Ротергам исмли Муқаддас Китоб таржимони бу оятлар борасида ўз китобида айтишича, «инсон Худонинг йўл-йўриғини билишни жуда хоҳлагани учун изланиш ўтказиш, уни тадқиқ қилиш ва устида фикр юритиш мақсадида бунга вақт ажратади». Қолаверса, у Каломни ўқийдиган киши «у ердаги доноликка эга бўлиш учун вақт ажратмаган ҳар бир кунни бекор кетган, деб ҳисоблашини» айтган. Муқаддас Китобдаги ҳамма тафсилотларни ва улар ўзаро қандай боғлиқ эканини кўриш учун тадқиқ ўтказишдан завқ топишингиз мумкин. Каломнинг барча икир-чикирларини тадқиқ қилиш ниҳоятда қувончли!
16. Навбатдаги мақолада нимани муҳокама қиламиз?
16 Яҳова Каломи орқали бизга ўргатаётган ҳақиқатларни тушуниш унчалик қийин эмас. Кейинги мақолада ҳаворий Павлус Ибронийларга йўлланган мактубида тушунтирган Яҳованинг буюк рамзий маъбади тўғрисидаги чуқур ҳақиқатни кўриб чиқамиз. Илойим, бу мавзуни тадқиқ қилиш сизга улкан завқ келтирсин!
94-ҚЎШИҚ Аллоҳнинг Каломи учун миннатдормиз
a Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш орқали ҳаётимиз хурсандчиликка тўла бўлиши мумкин. Бу бизга фойда келтириб, самовий Отамизга яқинлаштиради. Ушбу мақолада Каломнинг «кенглиги, узунлиги, баландлиги, теранликларини» қай йўсин тушунишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
b «Қўриқчи минораси» журналининг 2022 йил июль сонидаги «Қадимги башоратнинг сиз учун аҳамияти» номли мақолага қаранг.
c Яқинда юз берадиган ларзага солувчи воқеалар учун қандай қилиб тайёргарлик кўришни билмоқчи бўлсангиз, «Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда» китобининг (рус) 230-саҳифасига қаранг.