45-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Яҳованинг рамзий маъбадида топиниш шарафини қадрланг
Осмону ерни,... Яратганга топининглар. (ВАҲ. 14:7)
93-ҚЎШИҚ Йиғилишларимизга файз бахш эт
БУ МАҚОЛАДА a
1. Фаришта нима деб айтяпти ва бу биз учун нимани англатади?
ФАРИШТА сизга гапирганида, уни тинглаган бўлармидингиз? Гап шундаки, ҳозир фаришта «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа» гапиряпти. У нима деяпти? «Аллоҳдан қўрқинг ва Унга шон-шараф келтиринг,... осмону ерни,... Яратганга топининглар». (Ваҳ. 14:6, 7) Ҳар бир инсон топиниши керак бўлган ҳақ Таоло фақат Яҳовадир. У бизга буюк рамзий маъбадида хизмат қилишдек шарафни берганидан миннатдормиз!
2. Яҳованинг рамзий маъбади бу нима? (« У нимани англатмайди?» номли рамкага ҳам қаранг.)
2 Рамзий маъбад нима дегани? Буни тушунишимизга кўмаклашадиган тафсилотларни қаердан топамиз? Рамзий маъбад том маънодаги бино эмас. Бу Исонинг тўлов қурбонлиги асосида Яҳовага маъқул тарзда топиниш борасидаги тадбир. Ҳаворий Павлус Яҳудияда биринчи асрда яшаган иброний масиҳийларга йўллаган мактубида бу борада кўпроқ маълумот келтирган b.
3, 4. Нега Павлус Яҳудиядаги иброний масиҳийлар учун ташвишланган ва уларга қандай ёрдам берган?
3 Нега Павлус бу масиҳийларга мактуб йўллаган? Ҳойнаҳой, бунинг иккита муҳим сабаби бўлган. Биринчидан, у далда беришни истаган. Уларнинг аксарияти яҳудий динида катта бўлган. Улар масиҳий бўлгани учун дин раҳбарлари уларнинг устидан кулган бўлиши мумкин. Нима учун? Сабаби масиҳийларнинг топиниш учун маъбади, Худога қурбонликлар келтириш учун қурбонгоҳи ҳамда руҳонийлари бўлмаган. Бу уларнинг руҳини тушириб, имонига салбий таъсир қилган бўлиши мумкин. (Иброн. 2:1; 3:12, 14) Эҳтимол, уларнинг баъзиларида яҳудийлик динига қайтиш васвасаси туғилгандир.
4 Иккинчидан, Павлус ўша иброний масиҳийлар Худонинг Каломидаги «қаттиқ озуқа», яъни янги ёки чуқур таълимотларни тушунишга ҳаракат қилишмаганини таъкидлаган. (Иброн. 5:11–14) Ҳойнаҳой, уларнинг баъзилари ҳалиям Мусонинг Қонунига амал қилган. Бироқ Павлус Мусонинг Қонуни бўйича талаб этилган қурбонликлар инсонларни гуноҳдан бутунлайин пок қилмаслигини тушунтирган. Шу сабабли Мусонинг Қонуни «бекор қилин»ган. Шундай қилиб, Павлус уларга баъзи чуқур ҳақиқатларни ўргатишни бошлаган. У масиҳийларга чиндан ҳам Худога яқинлашишга ёрдам берадиган Исонинг қурбонлиги асосидаги «яхшироқ бўлган умид» ҳақида эслатган. (Иброн. 7:18, 19)
5. Ибронийларга йўлланган мактубни тушуниш учун нима қилишимиз лозим ва нега?
5 Павлус иброний биродарларига уларнинг ҳозирги топиниши ўтмишдагидан анча юксакроқ эканини тушунтирган. Қонун бўйича яҳудийларнинг топиниши фақат «келажакнинг сояси» бўлган, «асли эса Масиҳдадир». (Колос. 2:17) Дарвоқе, соя асл нарсанинг умумий шаклини акс эттиради, холос. Демак, яҳудийларнинг топиниши шунчаки соя бўлган, асли эса келажакда бўлиши керак эди. Яҳова гуноҳларимиз кечирилиши учун ўрнатган тадбир қанчалик муҳим эканини тушунсак, Унга маъқул тарзда топина оламиз. Келинг, Ибронийларга йўлланган мактубда тушунтирилган «соя»ни (яҳудийларнинг топинишини) «асли» (масиҳийларнинг топиниши) билан солиштирайлик. Бундай қилиш орқали рамзий маъбад тўғрисида кўпроқ билиб оламиз ва бу бизга қандай тегишли эканини тушунамиз.
МУҚАДДАС ЧОДИР
6. Муқаддас чодирдан қандай фойдаланишган?
6 Яҳудийларнинг топиниши. Павлус тилга олган чодир мил. авв. 1512 йили Мусо томонидан ўрнатилганди. («Яҳудийларнинг топиниши. Масиҳийларнинг топиниши» номли диаграммага қаранг.) Муқаддас чодир исроилликлар бир жойдан иккинчи жойга кўчганида, ўзи билан олиб юрадиган чодирга ўхшаш қурилма бўлган. Қуддусда маъбад қурилмагунча деярли 500 йил мобайнида улар ундан фойдаланишган. (Чиқ. 25:8, 9; Саҳ. 9:22) Бу «учрашув чодири» исроилликлар Яҳовага яқинлашиб, топинадиган ва қурбонликлар келтириши мумкин бўлган марказий жой эди. (Чиқ. 29:43–46) Лекин муқаддас чодир масиҳийлар учун келажакда бўладиган яхшироқ нарсани ҳам англатган.
7. Рамзий маъбад қачон пайдо бўлган?
7 Масиҳийларнинг топиниши. Қадимги муқаддас чодир «самодаги нарсаларнинг... сояси» бўлиб, Яҳованинг буюк рамзий маъбадини билдирарди. Павлус «ушбу чодир белгиланган вақт... учун рамз бўлиб хизмат қилади», деб ёзган. (Иброн. 8:5; 9:9) У Ибронийларга йўлланган мактубини ёзишидан олдин ҳам масиҳийлар учун бу рамзий маъбад бор эди. У мил. 29 йили пайдо бўлган. Ўша йили Исо сувга чўмган ва муқаддас руҳ билан мойланиб, рамзий маъбадда Яҳованинг «улуғ олий руҳоний»си сифатида хизмат қила бошлаган. (Иброн. 4:14; Ҳавор. 10:37, 38) c
ОЛИЙ РУҲОНИЙ
8, 9. Исроилдаги олий руҳоний ва буюк Олий руҳоний Исо Масиҳ ўртасида қандай катта фарқ бор? (Ибронийларга 7:23–27)
8 Яҳудийларнинг топиниши. Олий руҳоний Худонинг назарида халқнинг вакили эди. Чодир бағишланганида Яҳова Исроилда биринчи олий руҳоний сифатида Ҳорунни тайинлаган эди. Лекин Павлус тушунтирганидай «кўп руҳонийлар бир-бирларининг ўрнини эгаллаган, чунки ўлим хизматини бажаришга имкон бермасди». (Ибронийларга 7:23–27 ни ўқинг.) d Қолаверса, ўша олий руҳонийлар номукаммал бўлгани боис ўз гуноҳлари учун ҳам қурбонликлар келтириши керак эди. Бу Исроилдаги олий руҳонийлар ва буюк Олий руҳоний Исо Масиҳ ўртасида катта фарқ борлигининг исботи.
9 Масиҳийларнинг топиниши. Олий руҳонийимиз Исо Масиҳ «одамлар томонидан эмас, балки Яҳова томонидан яратилган ҳақиқий чодир»да хизмат қилмоқда. (Иброн. 8:1, 2) Павлус тушунтирганидек, «Исо абадий яшагани учун унинг руҳонийлик хизмати бошқага ўтмайди». У давом эттириб, Исо «нуқсонсиз, гуноҳдан холи» ва Исроилдаги олий руҳонийлардан фарқли ўлароқ ўз гуноҳлари учун «ҳар куни» қурбонлик келтирмаслигини айтган. Энди, келинг, яҳудийларнинг топинишидаги ва масиҳийларнинг топинишидаги қурбонгоҳлар ҳамда қурбонликларнинг фарқини кўриб чиқайлик.
ҚУРБОНГОҲЛАР ВА ҚУРБОНЛИКЛАР
10. Мис қурбонгоҳда келтирилган қурбонликлар нимага ишора қилган?
10 Яҳудийларнинг топиниши. Муқаддас чодир кираверишининг ташқи томонида Яҳовага ҳайвонларни қурбонликка келтириш учун мис қурбонгоҳ бор эди. (Чиқ. 27:1, 2; 40:29) Бироқ бу қурбонликлар одамларни гуноҳдан тўлиқ озод этмасди. (Иброн. 10:1–4) Муқаддас чодирда ҳайвонларни доимий равишда қурбонликка келтириш инсонларни гуноҳдан тўлиқ озод қиладиган ягона қурбонликка ишора қиларди.
11. Исо ўзини қандай қурбонгоҳда қурбонликка келтирган? (Ибронийларга 10:5–7, 10)
11 Масиҳийларнинг топиниши. Исо Яҳова уни инсоният учун жонини тўлов қурбонлиги сифатида берсин дея ер юзига юборганини билган. (Мат. 20:28) У сувга чўмиб Яҳова хоҳлагандай йўл тутмоқчи эканини кўрсатган. (Юҳан. 6:38; Галат. 1:4) Исо ҳаётини қурбонликка келтирган қурбонгоҳ Худонинг «ирода»сини билдирарди. Яҳованинг иродаси эса Ўғли мукаммал ҳаётини инсонлар учун қурбонликка келтиришидан иборат эди. Исо ҳаётини қурбон қилиш орқали унга ишонган ҳар бир инсоннинг гуноҳини «биратўла» ювди ёки тўлиқ қоплади. (Ибронийларга 10:5–7, 10 ни ўқинг.) Энди эса муқаддас чодирнинг ичидаги нарсаларнинг маъносини кўриб чиқайлик.
МУҚАДДАС ВА ЭНГ МУҚАДДАС ХОНА
12. Муқаддас чодирнинг ҳар бир хонасига ким кира олган?
12 Яҳудийларнинг топиниши. Муқаддас чодирнинг ва кейинчалик Қуддусда қурилган маъбадларнинг ичи бир-бирига ўхшаб кетарди. У ердаги «Муқаддас хона» ва «Энг муқаддас» хонани, яъни иккита хонани парда ажратиб турарди. (Иброн. 9:2–5; Чиқ. 26:31–33) Муқаддас хонада олтин чироқпоя, тутатқи тутатиш учун қурбонгоҳ ва тортиқ этилган нонлар қўйиладиган стол бор эди. У ерга фақат «мойланган руҳонийлар» муқаддас хизматини бажариш учун кира оларди. (Саҳ. 3:3, 7, 10) Энг муқаддас хонада тилла билан қопланган аҳд сандиғи бор бўлиб, у Яҳова ўша ерда эканини англатарди. (Чиқ. 25:21, 22) Фақат олий руҳонийга йилига бир марта — Гуноҳни ювиш кунида пардани очиб, Энг муқаддас хонага кириш рухсат этиларди. (Лев. 16:2, 17) Ҳар йили у ўзининг ва бутун халқнинг гуноҳларини ювиш учун ҳайвонларнинг қони билан у ерга кирарди. Охири, Яҳова муқаддас руҳи орқали муқаддас чодирдаги бу нарсаларнинг асл маъносини очиб берди. (Иброн. 9:6–8) e
13. Масиҳийларнинг топинишида муқаддас чодирнинг Муқаддас ва Энг муқаддас хоналари нимани билдиради?
13 Масиҳийларнинг топиниши. Исонинг бир қанча шогирди муқаддас руҳ билан мойланиб, Яҳова билан ўзгача муносабатларга эга бўлди. Бу 144 000 киши осмонда Исо билан бирга руҳонийлар сифатида хизмат қилади. (Ваҳ. 1:6; 14:1) Муқаддас чодирнинг Муқаддас хонаси мойланганлар ҳали ерда бўлганида Худо уларни рамзий ўғиллари сифатида қабул қилганини билдиради. (Рим. 8:15–17) Чодирнинг Энг муқаддас хонаси эса Яҳованинг макони бўлмиш осмонни билдиради. Муқаддас хонани Энг муқаддас хонадан ажратувчи «парда» Исонинг танасини билдиради. У инсон танасида бўлганида рамзий маъбаднинг буюк Олий руҳонийси сифатида осмонга кира олмасди. Одамлар учун танасини қурбонликка келтириб, Исо барча мойланган масиҳийларга осмонда яшашга йўл очди. Осмондаги мукофотини олиш учун улар ҳам ўз таналарини қолдириши керак. (Иброн. 10:19, 20; 1 Кор. 15:50) Тирилганидан кейин Исо рамзий маъбаднинг Энг муқаддас хонасига кирди. Охири барча мойланганлар у ерда унга қўшилади.
14. Нима туфайли Яҳованинг рамзий маъбад борасидаги тадбири юксакроқ? (Ибронийларга 9:12, 24–26)
14 Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги ва руҳонийлиги асосида пок топиниш борасидаги тадбирга бўлган Яҳованинг нуқтаи назарини аниқ кўряпмиз. Исроилдаги олий руҳоний инсон қўли билан ясалган Энг муқаддас хонага ҳайвон қурбонлигининг қони билан кирган. Аммо Исо Энг муқаддас жой — Яҳованинг ҳузури бўлмиш «осмонга кирган». Исо биз учун «ўзини қурбонликка келтириб, гуноҳни йўқ қилиш» мақсадида у ерда мукаммал ҳаётининг қадр-қимматини Аллоҳга тақдим этди. (Ибронийларга 9:12, 24–26 ни ўқинг.) Унинг қурбонлиги гуноҳни тоабад йўқ қилиб юборадиган охирги қурбонликдир. Келинг, энди, осмонда яшашга умид қиламизми ёки ердами рамзий маъбадда барчамиз Яҳовага топинишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
ҲОВЛИЛАР
15. Муқаддас чодирнинг ҳовлисида ким хизмат қилган?
15 Яҳудийларнинг топиниши. Муқаддас чодирда битта ҳовли бўлган. У атрофи панжара билан ўралган катта ҳудуд эди. Ўша ҳовлида куйдирилган қурбонликлар келтирилган катта мис қурбонгоҳ ва руҳонийлар муқаддас хизматини бажаришидан аввал ювиниш учун фойдаланган мис тос бор эди. (Чиқ. 30:17–20; 40:6–8) Лекин кейинчалик қурилган маъбадларда руҳоний бўлмаган одамлар ҳам келиб, Худога топиниши учун ташқи томонда ҳовли бўлган.
16. Рамзий маъбаднинг ҳар бир ҳовлисида ким хизмат қиляпти?
16 Масиҳийларнинг топиниши. Исо билан осмонда руҳоний сифатида хизмат қилишдан олдин мойланган масиҳийларнинг қолган қисми рамзий маъбаднинг ердаги ички ҳовлисида садоқат ила хизмат қилишади. Сув тўлдирилган катта тос эса барча масиҳийлар ва мойланганлар ахлоқан ҳамда маънан пок қолиши учун эслатма сифатида хизмат қилади. Масиҳнинг мойланган биродарларини садоқат ила қўллаб-қувватлаётган «улкан оломон» Яҳовага қаерда топиняпти? Ҳаворий Юҳанно улар «тахт» қаршисида туриб, Худонинг «маъбадида туну кун муқаддас хизматни адо» этишаётганини кўрган. Демак, улкан оломон ер юзида, яъни рамзий маъбаднинг ташқи ҳовлисида Яҳовага топиняпти. (Ваҳ. 7:9, 13–15) Яҳованинг пок топиниш борасидаги тадбирида ўрнимиз борлигидан миннатдормиз!
ЯҲОВАГА ТОПИНИШ ШАРАФИ
17. Яҳовага қандай қурбонликлар келтириш шарафига эгамиз?
17 Бугунги кунда барча масиҳийлар вақти, кучи ҳамда моддий нарсаларидан фойдаланиб, Яҳовага хизмат қилиш шарафига эга. Ҳаворий Павлус иброний масиҳийларга айтганидек биз ҳам «Аллоҳга ҳамду сано қурбонлигини, яъни Унинг исмини ҳаммага эълон қилиш учун оғзимиздан чиққан сўзларни бахшида» этишимиз мумкин. (Иброн. 13:15) Ўзимизда бор энг яхшисини бериш орқали Яҳовага топиниш шарафини қадрлаётганимизни кўрсата оламиз.
18. Нимага бепарволик билан қарамаслигимиз ва нимани унутмаслигимиз керак? (Ибронийларга 10:22–25)
18 Ибронийларга 10:22–25 ни ўқинг. Ибронийларга йўлланган мактубининг охирида Павлус биз ҳеч қачон бепарволик билан қарамаслигимиз керак бўлган топинишимизнинг соҳалари ҳақида айтиб ўтган. Бунга Яҳовага ибодат орқали яқинлашиш, бошқаларга умидимиз ҳақида ваъз қилиш, жамоат билан бирга йиғилиш ва Унинг куни «яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда» бериш киради. Ваҳий китобининг охирида эса Яҳованинг фариштаси қуйидаги сўзларни икки марта таъкидлаган: «Аллоҳга сажда қил». (Ваҳ. 19:10; 22:9) Келинг, Яҳованинг буюк рамзий маъбади ҳақидаги чуқур ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик. Қолаверса, улуғвор Аллоҳимизга топиниш шарафини қадрлайлик!
88-ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни
a Яҳованинг буюк рамзий маъбади тўғрисидаги таълимот Каломдаги энг чуқур ҳақиқатларнинг биридир. Қизиқ, маъбад нимани билдиради? Ушбу мақолада Ибронийларга йўлланган мактубида тилга олинган бу маъбадга оид тафсилотлар кўриб чиқилади. Бу мақола Яҳовага топиниш шарафи учун миннатдорчилигингизни оширишига тилакдошмиз.
b Ибронийларга йўлланган мактубнинг қисқача мазмунини билиш учун jw.org сайтидаги «Ибронийларга йўлланган мактубнинг таърифи» номли видеони томоша қилинг.
c Фақат Юнонча ёзувлардаги Ибронийларга йўлланган мактубда Исо Олий руҳоний сифатида тилга олинган.
d Бир китобга биноан, Қуддусдаги маъбад мил. 70 йили яксон қилинган вақтга келиб Исроилда 84дан зиёд олий руҳоний бўлган.
g «Қўриқчи минораси» журналининг 2010 йил 15 июль сонидаги 22-саҳифада келтирилган «Қай йўсин муқаддас руҳ рамзий маъбаднинг маъносини очиб бермоқда?» номли рамкага қаранг.