Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

41-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

13-ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир

Исонинг ер юзидаги сўнгги 40 кунидан сабоқлар

Исонинг ер юзидаги сўнгги 40 кунидан сабоқлар

Исо уларга 40 кун мобайнида кўринди ва Худонинг Шоҳлиги ҳақида айтиб [берди]. (ҲАВОР. 1:3)

АСОСИЙ ФИКР

Исо ер юзида ўтказган сўнгги 40 кунида нималар қилганидан қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

1, 2. Исонинг иккита шогирди Эммаусга кетаётганида, улар билан қандай воқеа юз берди?

 МИЛ. 33 йил 16 нисон. Исонинг шогирдлари қаттиқ қайғу ва қўрқувда. Уларнинг иккови Қуддусдан тахминан 11 километр узоқликда жойлашган Эммаус қишлоғига йўл олган. Улар тушкунликда, чунки устози Исо яқиндагина ўлдирилди. Бу кишиларнинг Масиҳга бўлган умиди гўёки пучга чиққандай, аммо кутилмаганда бир нарса юз беради.

2 Бир киши олдиларига келади ва уларга ҳамроҳ бўлади. Шогирдлар унга Исо билан нима юз берганини айтиб беришади. Ўша киши ҳеч қачон уларнинг ёдидан чиқмайдиган фикрлар билан бўлишади. У «Мусодан тортиб барча пайғамбарлар китоблари»га ишора қилиб, нега Исо Масиҳ азоб чекиб ўлиши кераклигини уларга тушунтириб беради. Улар Эммаусга етиб келганида шогирдлар бу одам Худо тирилтирган Исо эканини тушуниб етади. Шогирдлар Масиҳ тирик эканини билганида қанчалик хурсанд бўлганини тасаввур қилсак бўлади. (Луқо 24:13–35)

3, 4. Исонинг шогирдлари билан нима бўлди ва бундан қандай сабоқ оляпмиз? (Ҳаворийлар 1:3)

3 Исо ер юзида ўтказган сўнгги 40 кун давомида бир неча маротаба шогирдларига кўринган. (Ҳаворийлар 1:3 ни ўқинг.) У қайғуга ботган ва қўрқувга берилган шогирдларига таскин бахш этган. Улар Худо тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш ҳамда таълим бериш учун қувонч ва жасоратга тўлган a.

4 Исонинг ҳаётидаги бу ажойиб даврни тадқиқ қилишдан фойда оламиз. Ушбу мақолада қай йўсин Исо вақтидан фойдаланиб, 1) шогирдларига далда берганини, 2) уларга Муқаддас Ёзувларни яхшироқ тушунишга кўмаклашганини ва 3) каттароқ масъулиятларни олиш учун таълим берганини кўриб чиқамиз. Ҳар бир вазиятни муҳокама қилар эканмиз, қай йўсин Исонинг ўрнагига эргашишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

БОШҚАЛАРГА ДАЛДА БЕРИНГ

5. Нега Исонинг шогирдлари далдага муҳтож эди?

5 Исонинг шогирдлари далдага муҳтож эди. Нега? Шогирдларнинг баъзилари Исога эргашиш учун уйини, оиласини ва ишини ташлаб кетган. (Мат. 19:27) Бошқалари эса унинг шогирди бўлгани туфайли адолатсиз муносабатга дуч келган. (Юҳан. 9:22) Улар Исо ваъда қилинган Масиҳ эканига ишонгани учун бундай фидойиликлар қилган. (Мат. 16:16) Бироқ Исо ўлдирилганида уларнинг умиди пучга чиққан ва тушкунликка тушган.

6. Исо тирилганидан кейин нима қилди?

6 Шубҳасизки, Исо шогирдлари имони заиф бўлгани учун эмас, балки катта йўқотишдан қайғуга ботганини билган. Шу боис у тирилиши биланоқ дўстларига далда беришни бошлаган. Масалан, у унинг қабри ёнида йиғлаб ўтирган Магдалалик Марямга кўринган. (Юҳан. 20:11, 16) Қолаверса, Исо мақоланинг бошида тилга олинган иккита шогирдига кўринган. Шунингдек, ҳаворий Бутрусга кўринган. (Луқо 24:34) Унинг ўрнагидан қандай сабоқ оляпмиз? Келинг, Исо Магдалалик Марямга кўринганида нима юз берганига диққат қаратайлик.

7. Юҳанно 20:11–16 да ёзилганидек, 16 нисон саҳарда Исо Марям нима қилаётганини кузатди ва бу уни нима қилишга ундади? (Расмга ҳам қаранг.)

7 Юҳанно 20:11–16 ни ўқинг. 16 нисон саҳарда бир нечта садоқатли аёл Исо дафн этилган жойга боради. (Луқо 24:1, 10) Улардан бири Магдалалик Марям бўлган. Бу садоқатли аёл қабрга борганида, у бўш эканини кўради. Шунда бу ҳақда Бутрус ва Юҳаннога айтиш учун тезда уларнинг олдига боради. Улар қабр томон югурар экан, Марям уларнинг ортидан боради. Қабр бўш эканини кўришгач, Бутрус ва Юҳанно уйга қайтади. Лекин у йиғлаганча ўша ерда қолади. Марям Исо уни кузатиб турганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Исо бу садоқатли аёлнинг кўз ёшларини кўриб, қаттиқ таъсирланганди. Шунда у Марямга кўринади ва унга роса далда берган оддий бир иш қилади. Исо у билан гаплашиб, унга муҳим бир вазифа беради, яъни биродарларига тирилгани тўғрисидаги хабарни етказишни айтади. (Юҳан. 20:17, 18)

Кузатувчан ва руҳи тушганларга ҳамдард бўлиб Исога тақлид қилинг (7-хатбошига қаранг.)


8. Қай йўсин Исога тақлид қила оламиз?

8 Қай йўсин Исога тақлид қила оламиз? Имондошларимизнинг қийинчиликларидан хабардор бўлсак ва улар билан ҳамдардлик ила суҳбатлашсак, Исо каби уларни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатмасликка ундаш учун кўп нарса қила оламиз. Жозелин опамизнинг мисолига диққат қаратайлик. Унинг синглиси бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлганди. У шундай деди: «Анча ойлар давомида қаттиқ қайғуга ботиб юрдим». Лекин бир жуфтлик уни уйига таклиф қилди, ҳамдардлик ила тинглади ва Худонинг назарида қадр-қимматга эга эканига ишонтирди. Жозелин шундай деди: «Гўёки Яҳова бўрон бўлаётган қоронғи денгиздан мени олиб чиқиб, қутқарув қайиғига ўтқазгандай бўлди. Уларнинг ёрдами туфайли яна Яҳовага хизмат қилиш истагим пайдо бўлди». Имондошларимиз қалбидагиларини тўкиб солганида, диққат ила тинглаш орқали уларга далда бера оламиз. Шу йўсин Яҳовага хизмат қилишда давом эта олишлари учун уларга тасалли ва ёрдам берган бўламиз. (Рим. 12:15)

БОШҚАЛАРГА ХУДОНИНГ КАЛОМИНИ ТУШУНИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ

9. Исонинг шогирдлари қандай қийинчиликларга дуч келди ва Исо уларга қай йўсин кўмаклашди?

9 Исонинг шогирдлари Худонинг Каломига ишонган ва уни ҳаётига татбиқ қилиш учун жон куйдирган. (Юҳан. 17:6) Лекин улар Исо нега жиноятчи сифатида ўлдирилганини тушуна олмаган. Исо шогирдлари Яҳовага ишонишини ҳамда яхши кўришини билган, бироқ у улар Муқаддас Ёзувларни яхшироқ тушуниши кераклигини ҳам англаган. (Луқо 9:44, 45; Юҳан. 20:9) Шунинг учун у бу борада ёрдам берган. Эммаусга кетаётганда у иккита шогирдига кўринганида буни қандай қилганини билиб олайлик.

10. Исо чиндан ҳам Масиҳ эканига шогирдларини қай йўсин ишонтирди? (Луқо 24:18–27)

10 Луқо 24:18–27 ни ўқинг. Эътибор беринг, Исо ким эканини уларга шу заҳоти тушунтирмаган. Бунинг ўрнига, у шогирдларига саволлар берган. Нега деганда, Исо улар нималар ҳақида ўйлаётганини ва уларнинг қалбида нималар борлигини билишни истаган ва улар фикрларини бўлишган. Улар Исо Исроилни римликлардан озод қилишини кутганини айтган. Шогирдлар хавотирларини бўлишгач, Исо уларга Муқаддас Ёзувлар ёрдамида башоратлар амалга ошганини тушунишга ёрдам берган b. Ўша куни кечроқ Исо бошқа шогирдларига ҳам бу ҳақиқатларни тушунишга ёрдам берган. (Луқо 24:33–48) Хўш, бу баёнотдан қандай сабоқ оляпмиз?

11, 12. а) Исо Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўргатганидан қандай сабоқ оляпмиз? (Расмларга ҳам қаранг.) б) Нортей билан тадқиқ ўтказган биродар унга қандай ёрдам берди?

11 Исога қай йўсин тақлид қила оламиз? Аввалига Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётганда қизиқувчига унинг қалбию онгида нима борлигини билиш учун ўринли саволлар беринг. (Ҳик. 20:5) Унинг ҳис-туйғуларини тушунгач, вазиятига тўғри келадиган Муқаддас Китоб оятларини қандай топишни кўрсатинг. Лекин нима қилиш кераклигини айтиш васвасасидан қочинг. Бунинг ўрнига, унга Муқаддас Китоб оятлари асосида саволлар беринг. Уни ўқиётгани устида фикр юритишга ва уларни ҳаётида қай йўсин қўллаши мумкинлиги борасида мулоҳаза юритишга унданг. Келинг, Ганадаги Нортей биродаримизнинг мисолини кўриб чиқайлик.

12 Нортей 16 ёшда бўлганида Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлади. Аммо кўп ўтмай оила аъзолари унга қаршилик кўрсатди. Хўш, Нортейга ҳақиқатда мустаҳкам қолишга нима ёрдам берди? У билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган биродар Матто 10-боб ёрдамида Масиҳнинг барча чинакам издошлари таъқиб қилинишини тушунтириб берди. Нортей шундай деди: «Таъқиблар бошланганида ҳақиқатни топганимга амин эдим». Бундан ташқари, ўша биродар унга Матто 10:16 устида фикр юритишга кўмаклашиб, у оила аъзолари билан диний масалаларни муҳокама қилганида, эҳтиёткор ва мулойим бўлиши кераклигини тушунтирди. Нортей сувга чўмганидан кейин кашшоф бўлишни истади. Отаси эса университетда ўқишини хоҳларди. Нортей билан тадқиқ ўтказган биродар унга қандай йўл тутишни айтмади. Бунинг ўрнига, унга саволлар бериб Муқаддас Китобдаги принциплар устида мулоҳаза юритишга кўмаклашди. Натижаси қандай бўлди? Нортей тўла вақтли хизматни бошлашга қарор қилди. Отаси унга уйдан кетишни айтди. Бўлиб ўтганлар Нортейга қандай таъсир қилди? У: «Тўғри қарор чиқарганимга амин эдим»,— деди. Бошқаларга Муқаддас Ёзувлар устида мулоҳаза юритишга ёрдам бериш учун вақт ажратсак, уларга ҳақиқатда мустаҳкам туришга ёрдам берган бўламиз. (Эфес. 3:16–19)

Бошқаларга Муқаддас Ёзувлар асосида мулоҳаза юритишга ёрдам бериб Исога тақлид қилинг (11-хатбошига қаранг.) e


БИРОДАРЛАРГА ТАЪЛИМ БЕРИБ «ҲАДЯ» БЎЛИШЛАРИГА КЎМАКЛАШИНГ

13. Исо у самога қайтганидан кейин ҳам ваъзгўйлик иши тўхтаб қолмаслиги учун нима қилди? (Эфесликларга 4:8)

13 Исо ер юзида бўлганида Отаси унга топширган ишни бажариш учун сидқидилдан ҳаракат қилган. (Юҳан. 17:4) Лекин Исо «Нимадир тўғри қилинишини истасанг, уни ўзинг бажар» деган нуқтаи назарга эга бўлмаган. Уч ярим йиллик хизмати давомида у ер юзида ваъз қилган ва бошқаларга ҳам буни ўргатган. Исо шогирдларига ишонган. У уларга ваъз қилиш, таълим бериш ва Худонинг назарида қимматбаҳо бўлган одамларга бошчилик қилиш вазифасини топширган. (Эфесликларга 4:8 ни ўқинг.) Бошчиликни зиммасига олган баъзи шогирдлар, эҳтимол, ҳатто 30 ёшда ҳам бўлмаган. Исо ер юзида ўтказган сўнгги 40 кун давомида бу художўй садоқатли эркакларга «ҳадя» каби бўлишларига қай йўсин кўмаклашган?

14. Исо ер юзида ўтказган сўнгги 40 кун давомида шогирдларига маънан ўсиш учун қай йўсин кўмаклашди? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Исо шогирдларига очиқчасига, лекин меҳр ила маслаҳат берган. Мисол учун, у баъзи шогирдлари шубҳаланишга мойил эканини кўрган ва уларга маслаҳат берган. (Луқо 24:25–27; Юҳан. 20:27) Бундан ташқари, у шогирдларига диққатини кўпроқ пул топишга эмас, Яҳованинг хизматчиларига яхшироқ ғамхўрлик қилишга қаратишларини айтган. (Юҳан. 21:15) Қолаверса, у шогирдларига Яҳованинг хизматида қилаётган ишларини бошқаларнинг ишлари билан солиштирмасликни эслатган. (Юҳан. 21:20–22) Шунингдек, Исо уларнинг Шоҳлик тўғрисидаги айрим нотўғри тасаввурларини тўғрилаган ва диққатини хушхабарни ваъз қилишга қаратишларига кўмаклашган. (Ҳавор. 1:6–8) Оқсоқоллар Исодан қандай сабоқ олишлари мумкин?

Биродарларга қўшимча вазифалар учун лаёқатли бўлишга кўмаклашиб Исога тақлид қилинг (14-хатбошига қаранг.)


15, 16. а) Қайси йўллар орқали оқсоқоллар Исога тақлид қила олади? Тушунтиринг. б) Патрик маслаҳатдан қандай фойда олди?

15 Оқсоқоллар қай йўсин Исога тақлид қила олади? Улар биродарлар, жумладан, ёшлар каттароқ масъулиятларни олишга лаёқатли бўлиши учун уларга таълим бериши ва кўмаклашиши лозим c. Оқсоқоллар улар таълим бераётган биродарлардан мукаммалликни кутмайди. Ёш биродарлар тажрибага эга бўлиши, камтарин, ишончли ва бошқаларга хизмат қилишга тайёр бўлиш кераклигини тушунишлари учун оқсоқоллар уларга севги ила маслаҳат бериши керак. (1 Тим. 3:1; 2 Тим. 2:2; 1 Бутр. 5:5)

16 Маслаҳатдан фойда олган Патрик исмли биродаримизнинг мисолига диққат қаратайлик. У ёшлигида бошқалар, ҳатто опа-сингиллар билан ҳурматсизлик ила қўпол муомала қилган. Маънан етук оқсоқол Патрикнинг бу камчилигини кўрган ва унга тўғридан-тўғри, аммо мулойимлик ила маслаҳат берган. Патрик шундай деди: «У менга маслаҳат берганидан хурсандман. Бошқалар Яҳованинг хизматида мен истаган шарафли вазифаларга эга бўлганини кўрганимда кайфиятим тушарди. Лекин оқсоқолнинг маслаҳати ёрдамида жамоатда қандайдир номга ёки шарафга эга бўлишга интилишдан кўра, биродару опа-сингилларимга камтаринлик ила хизмат қилишим кераклигини тушундим». Натижада Патрик 23 ёшида жамоат оқсоқоли этиб тайинланди. (Ҳик. 27:9)

17. Исо шогирдларига ишонганини қай йўсин кўрсатди?

17 Исо шогирдларига нафақат ваъз қилиш, балки таълим бериш вазифасини ҳам топширган. (Мат. 28:20) Шогирдлар бу вазифани бажариш учун ўзларини лаёқатсиз деб ўйлагандир. Бироқ Исо улар бу вазифани бажара олишларидан асло шубҳаланмаган. У: «Отам мени юборганидек, мен ҳам сизларни юборяпман»,— деб, уларга бутунлай ишонишини кўрсатган. (Юҳан. 20:21)

18. Қай йўсин оқсоқоллар Исога тақлид қилиши мумкин?

18 Оқсоқоллар Исога қай йўсин тақлид қила олади? Тажрибали оқсоқоллар масъулиятларни бошқалар билан бўлишишлари мумкин. (Филип. 2:19–22) Масалан, оқсоқоллар Йиғилиш залини тозалаш ёки таъмирлаш каби ишларга ёшларни таклиф қилса бўлади. Вазифаларни тақсимлагач, улар биродарларга ўша ишни қандай бажаришни ўргатишлари, сўнг уларга уни ишониб топширишлари мумкин. Яқинда оқсоқол этиб тайинлаган Метью тажрибали оқсоқоллар унга жамоатдаги турли вазифаларни бажаришни ўргатгани ва унга ишонишгани учун жуда миннатдор. У шундай деди: «Оқсоқоллар хатоларимга ўрганиш жараёнининг бир қисмидай қарашимга кўмаклашди ва бу яхшиланишимга ёрдам берди» d.

19. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

19 Исо ер юзида ўтказган сўнгги 40 кун давомида бошқаларга далда ва таълим берган. Келинг, унинг изидан оғмай юриш қароримиз қатъий бўлсин. (1 Бутр. 2:21) У бизга ҳам бундай қилишга ёрдам беради. Зеро у шундай ваъда берган: «Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан». (Мат. 28:20)

  • Бошқаларга далда бериш...

  • Бошқаларга Муқаддас Ёзувлар устида мулоҳаза юритишга кўмаклашиш...

  • Биродарларга каттароқ масъулиятларни олишга лаёқатли бўлишига ёрдам бериш...

УЧУН ИСО ЕР ЮЗИДАГИ ҲАЁТИНИНГ СЎНГГИ 40 КУНИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНГАН?

15-ҚЎШИҚ Яҳованинг Ўғлини мадҳ этинг!

a Инжил баёнотларида ва Муқаддас Ёзувларнинг бошқа китобларида тирилган Исо шогирдларига кўп марта кўрингани тўғрисида айтилган. Масалан, у Магдалалик Марямга (Юҳан. 20:11–18), бошқа аёлларга (Мат. 28:8–10; Луқо 24:8–11), иккита шогирдига (Луқо 24:13–15), Бутрусга (Луқо 24:34), Тўмадан ташқари, бошқа шогирдларига (Юҳан. 20:19–24), ҳаворийларга, жумладан, Тўмага (Юҳан. 20:26), еттита шогирдига (Юҳан. 21:1, 2), 500 дан зиёд шогирдига (Мат. 28:16; 1 Кор. 15:6), укаси Ёқубга (1 Кор. 15:7), барча ҳаворийларга (Ҳавор. 1:4) ва Байтания яқинида ҳаворийларга кўринган. Эҳтимол, Муқаддас Китобда Исо шогирдларига кўринган ҳамма вазият ҳам ёзиб қолдирилмаган. (Юҳан. 21:25)

b Масиҳ тўғрисидаги башоратлар ҳақида билиб олиш учун jw.org веб-сайтидаги «Масиҳга оид башоратлар Исода амалга ошганми?» номли мақолани ўқинг.

c Айрим вазиятларда талабларга мос келадиган биродарлар 25–30 ёшда ҳам туман нозири этиб тайинланади. Лекин бундай биродарлар аввал оқсоқол сифатида хизмат қилиб тажриба орттириши керак.

d Ёш биродарларга масъулиятни олиш учун талабларга мос келишга қай йўсин кўмаклашиш борасида қўшимча тавсияларни билиб олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2018 йил август сонидаги 11-, 12-саҳифаларида келтирилган 15–17-хатбошиларини ва 2015 йил 15 апрель сонининг 3–13-саҳифаларини ўқиб чиқинг.

e РАСМГА ШАРҲ. Тадқиқ ўтувчига Муқаддас Ёзувлар асосида фикр юритишга ёрдам берилгач, у Рождество билан боғлиқ буюмларни ташлаб юборишга қарор қилди.