Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

40-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

30-ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим

Яҳова дили вайронларга шифо беради

Яҳова дили вайронларга шифо беради

Дили вайронларга У шифо беради, яраларини боғлаб қўяди. (ЗАБ. 147:3)

АСОСИЙ ФИКР

Яҳова ҳиссий оғриқдан азоб чекаётганларга севги ила ғамхўрлик қилади. Бу мақолада Яҳова қайғумизни енгиллаштириши ва бошқаларга тасалли беришимизга кўмаклашиши тўғрисида гап боради.

1. Яҳова хизматчилари ҳақида қандай фикрда?

 ТАНГРИ ЯҲОВА ер юзидаги хизматчиларига қараганида, нимани кўради? У қувончимизу азоб-уқубатларимиздан хабардор. (Заб. 37:18) Ҳиссий оғриқларимизга қарамай, Унга хизмат қилиш учун жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилаётганимизни кўрганида, У бундан жуда мамнун бўлади. Шунингдек, Яҳова бизни қўллаб-қувватлашни ва бизга тасалли беришни қаттиқ истайди.

2. Яҳова қалби ўксиганлар учун нима қилади ва Унинг ғамхўрлигидан қандай фойда оламиз?

2 Забур 147:3 га кўра, Яҳова дили вайронларнинг «яраларини боғлаб қўяди». Бу ерда Яҳова ҳиссан жароҳатланган кишиларга меҳр ила ғамхўрлик қилиши тасвирланган. Яҳованинг ғамхўрлигидан фойда олиш учун нима қилишимиз керак? Масалан, тажрибали шифокор жароҳатланган одамни даволай олади. Бунинг учун бемор шифокор айтганларига сўзсиз амал қилиши керак. Мазкур мақолада У ҳиссий оғриқни бошдан кечираётганларга Каломи орқали нима деяётганини ҳамда севги ила бераётган маслаҳатларига қай йўсин амал қилишни кўриб чиқамиз.

ЯҲОВА У УЧУН ЖУДА ҚАДРЛИ ЭКАНИМИЗНИ ЭСЛАТЯПТИ

3. Нега баъзилар ўзини арзимас ҳис қилади?

3 Биз севги совиган ва, афсуски, кўплар ўзини арзимас ҳис қиладиган дунёда яшаяпмиз. Хелен a исмли опамиз шундай деди: «Ота-онамиз бизни умуман яхши кўрмасди. Дадам жуда зўравон эди ва ҳар куни бизни ерга урарди». Хелен сингари сиз ҳам адолатсизликка, танқидга дуч келгандирсиз ёки ўзингизни арзимас ҳис қилаётгандирсиз. Агар шундай бўлса, кимдир сиз ҳақингизда чин дилдан ғамхўрлик қилишига ишониш қийин бўлиши мумкин.

4. Забур 34:18 га кўра, Яҳова бизни нимага ишонтиряпти?

4 Бошқалар сизга ёмон муносабатда бўлса ҳам Яҳова сизни севишига ва қадрлашига ишончингиз комил бўлсин. У «қалби ўксиганларга яқиндир». (Забур 34:18 ни ўқинг.) Ўзингизни қалби ўксигандай ҳис қилсангиз, шуни ёдда тутингки, Яҳова шахсиятингиздаги яхши нарсаларни кўриб сизни ўзига жалб қилган. (Юҳан. 6:44) Худо сизга ёрдам беришга доим тайёр, сабаби У учун қадрлисиз.

5. Исо бошқалар паст нуқтаи назарда бўлган одамларга қилган муомаласидан қандай сабоқ оляпмиз?

5 Исонинг мисолини кўриб чиқиш орқали Яҳованинг ҳис-туйғулари тўғрисида билиб олсак бўлади. Исо ер юзидаги хизмати давомида одамларнинг муомаласи дастидан ўзини арзимас ҳис қилганларга эътиборли бўлган ва уларга меҳр-шафқат ила муомала қилган. (Мат. 9:9–12) Оғир касалликдан азоб чеккан аёл шифо топиш ниятида Исонинг устки кийимига текканида, у унга тасалли берган ва имони учун мақтаган. (Марк 5:25–34) Ҳа, Исо Отасининг шахсиятини мукаммал даражада акс эттирган. (Юҳан. 14:9) Шундай экан, Яҳова сизни қадрлашидан ва яхши фазилатларингизни, жумладан, имонингизу Унга бўлган севгингизни кўришидан асло шубҳаланманг!

6. Ўзингизни арзимас ҳис қилганингизда, нима қилсангиз бўлади?

6 Ўзингизни арзимас ҳис этганингизда, нима қилсангиз бўлади? Яҳова учун қадрли эканингизга ишонтирувчи Муқаддас Китобдаги оятларни ўқинг ва улар устида мулоҳаза юритинг b. (Заб. 94:19) Мақсадингизга эриша олмасангиз ёки бошқалар каби кўп қила олмаётганингиз туфайли тушкунликка тушсангиз, ўзингизни ҳадеб койиманг. Яҳова қўлингиздан келмайдиган нарсаларни кутмайди. (Заб. 103:13, 14) Ўтмишда таҳқирланган бўлсангиз, бўлиб ўтганлар учун ўзингизни айбламанг. Бу сизнинг айбингиз эмас. Унутманг, Яҳова жабр кўрганларни эмас, ёмонлик қилувчиларни жавобгарликка тортади. (1 Бутр. 3:12) Болалигида шафқатсиз муносабатга дуч келган Сандра шундай деди: «Яҳовадан ўзимга тўғри нуқтаи назар билан, яъни Унинг кўзи билан қарашга ёрдам беришини доим сўрайман».

7. Қай йўсин ҳаётий тажрибамиздан Яҳованинг хизматида фойдалансак бўлади?

7 Бошқаларга ёрдам бериш учун Яҳова сиздан фойдалана олишидан асло шубҳаланманг. Тангри сизга ваъзгўйлик фаолиятида У билан хизматдош бўлиш шарафини берган. (1 Кор. 3:9) Балки ҳаётий тажрибангиз туфайли бошқаларга ҳамдард бўла оларсиз ва уларнинг ҳис-туйғуларини яхшироқ тушунарсиз. Уларга ёрдам бериш учун кўп нарса қилишингиз мумкин. Юқорида тилга олинган Хеленга ҳам ёрдам беришди ва у ҳозир бошқаларни яхшироқ қўллаб-қувватлай оляпти. У шундай деди: «Ўзимни арзимас ҳис қилардим. Лекин Яҳова мени севишини ва бошқаларга ёрдам бериш учун мендан фойдаланаётганини ҳис қиляпман». Ҳозир Хелен доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти.

ЯҲОВА У БИЗНИ КЕЧИРГАНИГА ИШОНИШИМИЗНИ ХОҲЛАЙДИ

8. Ишаё 1:18 да қандай ваъда ёзилган?

8 Яҳованинг баъзи хизматчилари ўтмишда — сувга чўмишдан олдин ё кейин бўлсин — қилган ишларидан безовта бўлади. Лекин шуни ёдда тутишимиз керакки, Яҳова бизни қаттиқ яхши кўргани учун тўлов қурбонлигини берди. У бу ҳадяни қабул қилишимизни истайди. Яҳова шунга ишонтиряптики, У билан «масалани ҳал [қилганимиздан]» c кейин У бизни бутунлайин кечиради. (Ишаё 1:18 ни ўқинг.) Отамиз Яҳова бизни севгани учун ўтмишдаги гуноҳларимизни эсламайди, аммо қилган яхши ишларимизни ҳеч қачон унутмайди. (Заб. 103:9, 12; Иброн. 6:10)

9. Нега ўтмишга эмас, ҳозирга ва келажакка диққат қаратиш учун жон куйдиришимиз керак?

9 Ўтмишдаги қилмишларингиз дастидан безовта бўлаётган бўлсангиз, диққатингизни ҳозир нима қилаётганингизга ва келажакда нималарни амалга оширишмоқчи эканингизга қаратинг. Ҳаворий Павлуснинг мисолини олайлик. У масиҳийларни шафқатсизларча таъқиб қилганидан афсусланган. Лекин Яҳова уни кечирганини билган. (1 Тим. 1:12–15) Хўш, у қилган гуноҳлари ҳақида ўйлаб юрганми? Шубҳасизки, Павлус пушаймон бўлган, лекин у на қилган гуноҳлари, на яҳудийлик динида эришган ютуқлари тўғрисида ўйлаган. (Филип. 3:4–8, 13–15) Бунинг ўрнига, Павлус хизматда ғайрат ила қатнашган ва диққатини келажакка қаратган. Павлус сингари ўтмишни ўзгартира олмайсиз, бироқ ҳозирги вазиятингиздан келиб чиқиб, Яҳовани шарафлашингиз ва У сизга ваъда қилган ажойиб келажакка диққат қаратишингиз мумкин.

10. Ўтмишдаги хатти-ҳаракатимиз кимгадир озор берган бўлса, нима қилишимиз лозим?

10 Ўтмишда қилган ишларингиз бошқаларга зарар келтиргани виждонингизни қийнаётгандир. Хўш, сизга нима ёрдам беради? Етказган жароҳатингизни тузатиш учун қўлингиздан келганини қилинг. Бу чин дилдан кечирим сўрашни ўз ичига олар. (2 Кор. 7:11) Яҳовага ибодат қилиб, уларга ёрдам беришини сўранг. У ҳам сизга, ҳам уларга сабр-бардошли бўлишга ва яна ички хотиржамликка эга бўлишга кўмаклашади.

11. Юнус пайғамбарнинг мисолидан нимани ўргансак бўлади? (расмга ҳам қаранг.)

11 Хатоларингиздан сабоқ олинг ва Яҳова сиздан ўзи истаганидай фойдаланишига йўл қўйинг. Юнус пайғамбарнинг мисолига диққат қаратайлик. Худо унга Ниневияга боришни айтганида, Юнус қарама-қарши томонга қочиб кетган. Яҳова Юнусга танбеҳ берган ва у хатосидан сабоқ олган. (Юнус 1:1–4, 15–17; 2:7–10) Лекин Яҳова ундан пайғамбар сифатида фойдаланишда давом этган. Худо унга Ниневияга бориш учун яна бир имконият берган ва бу сафар Юнус шу заҳоти итоаткорликни намоён этган. Юнус хатоси дастидан ҳаддан ошиқ афсусланиб, Яҳова унга берган вазифадан бош тортмаган. (Юнус 3:1–3)

Юнус баҳайбат балиқнинг ичига тушиб омон қолгач, Яҳова унга яна бир бор Ниневияга боришни ва Унинг хабарларини эълон қилишни айтади (11-хатбошига қаранг.)


ЯҲОВА МУҚАДДАС РУҲИ ОРҚАЛИ БИЗГА ТАСАЛЛИ БЕРАДИ

12. Қийинчилик ёки жудоликка дуч келсак, қандай қилиб Яҳова бизга тинчлик беради? (Филиппиликларга 4:6, 7)

12 Ҳаётимизда даҳшатли воқеа юз берса, Яҳова муқаддас руҳи орқали тасалли беради. Рон ва Керолнинг мисолига диққат қаратайлик. Афсуски, уларнинг ўғли жонига қасд қилган. Улар шундай деди: «Биз кўп қийинчиликларни бошдан ўтказганмиз. Лекин буниси энг оғири бўлди. Кўп марта тунлари ухлай олмай Яҳовага ибодат қилганмиз. Шунда Филиппиликларга 4:6, 7 да айтилган тинчликни ўзимизда ҳис қилдик». (Ўқинг.) Қалбингизни тилка-пора қилган қийинчиликни бошдан ўтказаётган бўлсангиз, ичингиздагиларни Яҳовага тўкиб солинг. Ибодатингизнинг давомийлигини ва қанчалик тез-тез қилишни ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. (Заб. 86:3; 88:1) Яҳовадан Унинг муқаддас руҳини такрор ва такрор сўранг. У илтимосингизни ҳеч қачон рад этмайди. (Луқо 11:9–13)

13. Қай йўсин муқаддас руҳ Яҳовага садоқат ила топинишда давом этишимизга ёрдам беради? (Эфесликларга 3:16)

13 Оғир вазият туфайли заиф бўлиб қолганингизни ҳис қилганмисиз? Муқаддас руҳ ёрдамида яна кучга тўлиб, Яҳовага садоқат ила топинишда давом этишингиз мумкин. (Эфесликларга 3:16 ни ўқинг.) Флора исмли опамизнинг мисолига диққат қаратайлик. У ва эри биргаликда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қиларди. Бир куни эри унга хиёнат қилди ва улар ажрашишди. Флора шундай деди: «Унинг хиёнати туфайли ҳис қилган оғриғим мени ютиб юбораётгандай эди. Сабр-бардошли бўлиш учун Яҳовадан муқаддас руҳ сўраб ибодат қилдим. У менга тасалли берди ва бошида имконсиздай туюлган бўлса-да, Унинг ёрдами билан кучли ва сабр-бардошли бўла олдим». Яҳова Флорага у Унга таяна олиши мумкинлигини ва ҳар қандай вазиятда ҳам уни ташлаб қўймаслигини тушунишига ёрдам берди. У буни ўзида ҳис қилди ва шундай қўшиб қўйди: «Забур 119:32 даги: “Амрларингни бажариш пайида юраман. Зеро, улар учун қалбимда жой ҳозирладинг”,— деган сўзлар мен ҳақимдадир».

14. Қандай қилиб Худонинг руҳи бизга таъсир қилишига йўл қўя оламиз?

14 Муқаддас руҳ сўраб ибодат қилганингиздан кейин қандай йўл тутишингиз керак? Худонинг руҳи сизга таъсир қиладиган ишлар билан банд бўлинг. Бу жамоат учрашувларига бориш ҳамда бошқаларга ваъз қилишни ўз ичига олади. Хаёлингиз Яҳованинг фикри билан банд бўлиши учун Каломни ҳар куни ўқинг. (Филип. 4:8, 9) Бундай қилар экансиз, ундаги қаҳрамонлар қандай қийинчиликларни бошдан ўтказгани ва Яҳова уларга сабр-бардошли бўлишга қай йўсин кўмаклашгани устида мулоҳаза юритинг. Юқорида тилга олинган Сандра ҳаётида жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтказган. У шундай деди: «Юсуф ҳақидаги баёнот менга қаттиқ таъсир қилди. У дуч келган қийинчиликлару адолатсизликлар Яҳова билан муносабатларига путур етказишига йўл қўймади». (Ибт. 39:21–23)

ЯҲОВА ИМОНДОШЛАР ОРҚАЛИ БИЗГА ТАСАЛЛИ БЕРАДИ

15. Кимлардан тасалли олишимиз мумкин ва қай йўсин улар бизга ёрдам бера олади? (Расмга ҳам қаранг.)

15 Азоб чекканимизда имондошларимиз бизга «яхшигина тасалли» бериши мумкин. (Колос. 4:11) Яҳова бизга бўлган севгисини биродару опа-сингилларимиз орқали кўрсатади. Имондошларимиз бизни ҳамдардлик ила тинглаш ёки шунчаки ёнимизда бўлиш орқали бизга таскин бера олади. Эҳтимол, улар Муқаддас Китобдаги далдали оятни бўлишар ёки биз билан бирга ибодат қилар d. (Рим. 15:4) Баъзида улар бизга Яҳованинг фикрлаш тарзини эслатиши ва шу йўсин мувозанатни сақлашимизга ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, қийинчиликларни бошдан кечирганимизда улар бизга овқат тайёрлаш каби амалий ёрдам кўрсатиши мумкин.

Ишончли ва етук дўстлар бизга анчагина тасалли ва ёрдам беришлари мумкин (15-хатбошига қаранг.)


16. Бошқалар бизни қўллаб-қувватлай олиши учун нима қилишимизга тўғри келиши мумкин?

16 Бошқалар бизни қўллаб-қувватлаши учун улардан ёрдам сўрашимизга тўғри келар. Биродару опа-сингилларимиз бизни яхши кўришади ва ёрдам беришни исташади. (Ҳик. 17:17) Бироқ улар биз ўзимизни қандай ҳис қилаётганимизни ёки бизга нима кераклигини билмаслиги мумкин. (Ҳик. 14:10) Ҳиссан қийналаётган бўлсангиз, ичингиздагиларни маънан етук дўстларингиз билан бўлишишдан тортинманг. Сизга қандай ёрдам кераклигини уларга айтинг. Сиз учун гаплашиш осон бўлган бир ё иккита оқсоқол билан суҳбатлашарсиз. Баъзи опа-сингилларимиз бошқа маънан етук опа ё сингил билан гаплашиб далда олган.

17. Қайси қийинчиликлар далда олишимизга тўсиқ бўлиши мумкин ва қандай қилиб уларни енга оламиз?

17 Биродару опа-сингиллар билан вақт ўтказинг. Оғриқли ҳис-туйғулар туфайли бошқалар билан кўришишни истамассиз. Баъзида биродару опа-сингиллар сизни нотўғри тушуниши ёки ноўрин сўзларни айтиши мумкин. (Ёқб. 3:2) Бу каби қийинчиликлар сиз муҳтож бўлган далдани олишингизга тўсиқ бўлмасин. Гевин исмли оқсоқол депрессиядан азоб чекади. У шундай деди: «Кўпинча дўстлар билан вақт ўтказишни истамайман». Аммо Гевин биродарлар билан кўришиш учун жон куйдиради ва кўпинча бундай йўл тутгач, ўзини яхшироқ ҳис қилади. Опамиз Эми эса: «Ўтмишим туфайли бошқаларга ишониш мен учун қийин, лекин Яҳова каби биродару опа-сингилларимни яхши кўришни ва уларга ишонишни ўрганяпман. Бу Яҳовани хурсанд қилишини тушунаман. Буни билиш мени хурсанд қилади»,— деб бўлишди.

ЯҲОВАНИНГ КЕЛАЖАККА ОИД ВАЪДАЛАРИ БИЗГА ТАСАЛЛИ БЕРАДИ

18. Келажак борасида нимани интиқиб кутишингиз мумкин ва ҳозир нима қила оласиз?

18 Келажакка аминлик билан қарай оламиз. Сабаби Яҳова яқинда жисмоний ва ҳиссий оғриқдан бизни бутунлай халос этади. (Ваҳ. 21:3, 4) Ўшанда ҳозир бизни қийнаётган нарсалар «кўнгилга ҳам келмайди». (Ишаё 65:17) Кўриб чиққанимиздай, Яҳова ҳозирнинг ўзида яраларимизни боғлаб қўяди. Яҳова тасалли ва ёрдам олишимиз учун тақдим этган барча нарсадан тўлақонли фойда олайлик. У сизга ғамхўрлик қилишидан асло шубҳаланманг. (1 Бутр. 5:7)

7-ҚЎШИҚ Яҳова — куч-қудратимиздир

a Баъзи исмлар ўзгартирилган.

b « Яҳова учун азизсиз» номли рамкага қаранг.

c Яҳова билан орамиздаги «масалани ҳал [қилиш]» мақсадида гуноҳларимиз учун кечирим сўраш ва юриш-туришимизни ўзгартириш орқали чин дилдан тавба қилаётганимизни кўрсатишимиз керак. Жиддий гуноҳга қўл урсак, жамоат оқсоқолларидан ёрдам излашимиз лозим. (Ёқб. 5:14, 15)

d Масалан, «Кундалик ҳаётимиз учун илоҳий принциплар» адабиётидаги «Хавотирланиш» ва «Тасалли» мавзулари остидаги оятлар устида мулоҳаза юритиб кўринг.