43-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
90-ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик
Қай йўсин шубҳаларни енгса бўлади?
Ҳар нарсани текшириб [кўринглар]. (1 САЛОН. 5:21)
АСОСИЙ ФИКР
Яҳовага қилаётган хизматимизга таъсир қиладиган шубҳаларга қай йўсин барҳам бера оламиз?
1, 2. а) Яҳованинг хизматчиларида қандай шубҳалар пайдо бўлиши мумкин? б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
БАРЧА ёшдаги одамлар вақти-вақти билан шубҳаларга боради a. Масалан, «Яҳова чиндан ҳам мен билан қизиқадими?» деб ўйлаётган ёш ваъзгўйни тасаввур қилинг. Балки у сувга чўмишга иккиланаётгандир. Ёки кўп пул топмай ёшлигиданоқ Шоҳлик пайида бўлишга қарор қилган ўрта ёшдаги биродар ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳозир ёши ўтгач, у фақатгина оиласининг асосий эҳтиёжларига ғамхўрлик қила олади. Балки у «Ёшлигимда тўғри йўл тутдиммикин?» деб ўйлаб қолгандир. Куч-қуввати заифлашган кекса опамизни кўз олдингизга келтиринг. Эҳтимол, у олдингидай кўп хизмат қила олмаётганидан тушкунликка тушаётгандир. Ўзингизга қуйидагига ўхшаш саволларни бериб кўрганмисиз: «Яҳова чиндан ҳам менга эътибор берадими? Яҳова учун қилган қурбонликларим арзигуликми? Яҳова учун ҳалиям фойдалиманми?»
2 Бу каби саволларни жавобсиз қолдирсак, Яҳовага бўлган ишончимиз йўқолиши ва ҳатто Унга топинмай қўйишимиз мумкин. Мазкур мақолада 1) Яҳова бизга ғамхўрлик қилаётганидан, 2) ўтмишда чиқарган қарорларимиз тўғри бўлганидан ва 3) Яҳованинг хизматида ҳалиям фойда келтиришимиз мумкинлигидан шубҳаланаётган бўлсак, Муқаддас Китобдаги принципларга диққат қаратиш бизга қандай ёрдам беришини билиб оламиз.
ҚАЙ ЙЎСИН ШУБҲАЛАРИНГИЗГА БАРҲАМ БЕРА ОЛАСИЗ?
3. Шубҳаларимизга барҳам беришнинг йўлларидан бири қандай?
3 Шубҳаларимизга барҳам беришнинг йўлларидан бири Худонинг Каломи ёрдамида саволларимизга жавоб топишдир. Бундай қилганимизда кучга тўламиз, маънан ўсамиз ва «имонда маҳкам туринглар» деган сўзларга яхшироқ амал қила оламиз. (1 Кор. 16:13)
4. Қандай қилиб «ҳар нарсани текшириб» кўра оламиз? (1 Салоникаликларга 5:21)
4 1 Салоникаликларга 5:21 ни ўқинг. Эътибор беринг, Муқаддас Китоб бизни «ҳар нарсани текшириб» кўришга ундаяпти. Хўш, буни қай йўсин қила оламиз? Бирон нимага ишончимиз комил бўлмаса, бу ҳақда Муқаддас Китобда нима дейилгани борасида изланиш ўтказсак бўлади. Масалан, «Худонинг назарида аҳамиятлиманми?» деб ўйлаётган йигитнинг мисолини олайлик. Хўш, у саволини жавобсиз қолдириши керакми? Йўқ! Аксинча, у бу масалада Яҳова қандай фикрда эканини билиб олиш орқали «ҳар нарсани текшириб» кўриши лозим.
5. Қай йўсин Яҳова саволларимизга жавоб берганини эшита оламиз?
5 Муқаддас Китобни ўқиганимизда, Яҳованинг овозини эшитгандай бўламиз. Бироқ муайян савол борасида Унинг фикрини билиш учун биздан ҳаракат талаб этилади. Муқаддас Китобда бизни қийнаётган мавзу борасида ўқишимиз лозим. Бунинг учун Яҳованинг ташкилоти тақдим этаётган асбоблардан фойдаланиб изланиш ўтказсак бўлади. (Ҳик. 2:3–6) Яҳовага ибодат қилишимиз ва бу масалада Унинг фикрини билишимизга ёрдам беришини сўрашимиз мумкин. Сўнг вазиятимизга қўл келадиган Муқаддас Китоб принциплари ва фойдали маълумотларни изласак бўлади. Бундан ташқари, бизникига ўхшаш вазиятларга дуч келган Муқаддас Китобдаги баёнотларни кўриб чиқиш орқали фойда олсак бўлади.
6. Шубҳаларимизни енгишда йиғилишларнинг аҳамияти қандай?
6 Шунингдек, Яҳова йиғилишлар орқали бизга гапиради. Уларга мунтазам қатнасак, нутқ ёки кимнингдир шарҳи орқали шубҳамизни енгишга ёрдам берадиган керакли фикрни эшитишимиз мумкин. (Ҳик. 27:17) Келинг, энди баъзи шубҳаларимизни қай йўсин енгишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик.
ЯҲОВА СИЗ БИЛАН ҚИЗИҚИШИДАН ШУБҲАЛАНГАНИНГИЗДА
7. Баъзиларда қандай савол туғилиши мумкин?
7 «Яҳова мени кўряптими?» деб ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ўзингизни аҳамиятсиз ҳис қилганингизда, бутун борлиқнинг Яратувчиси билан дўст бўлиш имконсиздек туюлар. Эҳтимол, шоҳ Довуд ҳам шундай ўйлагандир. У Яҳова оддийгина одамга эътибор қаратиши ҳақидаги фикрнинг ўзини ажойиб деб билган. У шундай деган: «Эй Яҳова, одам недирки унга эътибор қаратасан? Ўткинчи инсон недирки унга аҳамият берасан?» (Заб. 144:3) «Яҳова ҳар бир инсон билан қизиқадими?» деган саволга қаердан жавоб топса бўлади?
8. Яҳова одамларнинг нимасига эътибор беради? (1 Шоҳлар 16:6, 7, 10–12)
8 Муқаддас Китобдан Яҳова бошқалар учун аҳамиятсиздай кўринган одамларга эътибор қаратишини билиб оляпмиз. Масалан, У Шомуил пайғамбарни Эссайнинг хонадонига юбориб, унинг ўғилларидан бирини Исроилнинг бўлажак шоҳи сифатида мойлашни айтган. Эссай саккизта ўғлидан еттитасини чақирган. Кенжа ўғли Довудни эса чақирмаган b. Лекин Яҳова айнан Довудни танлаган. (1 Шоҳлар 16:6, 7, 10–12 ни ўқинг.) Яҳова Довуд аслида қандай одамлигини — маънавий нарсаларни қадрлашини билган.
9. Яҳова учун аҳамиятли эканингизга нега амин бўлишингиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)
9 Яҳова сизга эътибор қаратишини қай йўсин кўрсатгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. У айнан сизнинг вазиятингизга мос келадиган маслаҳатларни беради. (Заб. 32:8) Агар У сизни яхши билмаганида, бундай маслаҳатларни бера олмаган бўларди. (Заб. 139:1) Яҳованинг маслаҳатларини амалда қўллаб, уларнинг фойдасини кўрганингизда, У сиз билан қизиқишига амин бўласиз. (1 Сол. 28:9; Ҳавор. 17:26, 27) Яҳова ҳаракатларингизни назаридан четда қолдирмайди. У ижобий тарафларингизни кўради ва сиз билан дўст бўлишни истайди. (Ерм. 17:10) Агар сиз ҳам Яҳова билан дўстлашишни хоҳласангиз, У бундан жуда қувонади. (1 Юҳан. 4:19)
ЧИҚАРГАН ҚАРОРЛАРИНГИЗДАН ШУБҲАЛАНГАНИНГИЗДА
10. Ўтмишда чиқарган қарорларимиз тўғрисида ўйлаганимизда, қандай саволлар туғилиши мумкин?
10 Вақт ўтиб баъзилар «Чиқарган қарорларим тўғримиди?» деб ўйлаб қолиши мумкин. Эҳтимол, улар Яҳовага хизмат қилиш ниятида яхши маошли ишидан ёки муваффақиятли бизнесидан воз кечгандир. Энди эса вақт — балки, ўнлаб йиллар — ўтди. Улар моддий нарсалар пайида бўлган ва маза қилиб яшаётгандай кўринган танишлари ҳақида ўйлаши мумкин. Натижада «Яҳова учун қилган қурбонликларим арзирмиди?» ёки «Яҳовага хизмат қилишга қарор қилиб, қандайдир имкониятларни кўлдан бой бермадимми?» деб ўйлаб қолишлари ҳеч гап эмас.
11. Забурнинг 73-саносини ёзган бастакорни нима безовта қилган?
11 Сизни ҳам шунга ўхшаш саволлар безовта қилаётган бўлса, 73- санони ёзган бастакор ҳақида ўйлаб кўринг. Унга Яҳовага хизмат қилмаган одамлар бой, соғлом ва муаммосиз ҳаётдан завқ олиб яшаётгандай туюлган. (Заб. 73:3–5, 12) У ўша одамларни ва уларнинг саробдай бўлган муваффақиятини кузатар экан, «Яҳовага хизмат қилганим беҳуда» деб ўйлаган. У ҳатто бу фикр дастидан куни бўйи азият чеккан. (Заб. 73:13, 14) Хўш, ўша сано бастакори бу салбий туйғуларни қай йўсин енгди?
12. Забур 73:16–18 га кўра, сано бастакори қай йўсин шубҳаларига барҳам берди?
12 Забур 73:16–18 ни ўқинг. Сано бастакори Яҳованинг маъбадидаги тинч жойга борди. Ўша ерда у аниқ фикр юрита оларди. Сано бастакори шуни тушундики, бошқаларнинг ҳаёти осондай кўринса-да, уларнинг келажакка умиди йўқ. Бу фикр ёрдамида у хотиржамликка эга бўлди ва маънавий нарсалар пайида бўлиш энг тўғри қарор эканини англади. Натижада Яҳовага хизмат қилишда давом этиш қарори қатъий бўлди. (Заб. 73:23–28)
13. Ўтмишда чиқарган қарорларингиздан шубҳалансангиз, қандай қилиб хотиржамликка эга бўла оласиз? (Расмга ҳам қаранг.)
13 Сиз ҳам Худонинг Каломи ёрдамида шунга ўхшаш хотиржамликка эга бўла оласиз. Қанақасига? Сизда бор қимматли нарсалар, жумладан, самодаги хазинангиз тўғрисида ўйлаб кўринг. Яҳовага хизмат қилмайдиган одамларда эса фақатгина бу дунё таклиф қилаётган мукофот бор. Уларнинг келажакка нисбатан умиди йўқлиги учун ҳаётдаги ютуқларига таяна олади, холос. Сизга эса Яҳова нафақат ҳозир ажойиб совғалар беряпти, балки келажакда ҳам абадият давомида мўл-кўл баракалар беришни ваъда қиляпти. (Заб. 145:16) Бундан ташқари, қуйидагига эътибор беринг: бошқача қарор чиқарганингизда ҳозир ҳаётингиз қандай бўлишини аминлик билан айта олмайсиз. Лекин бир нарса аниқки, Худога ва яқинига бўлган севгиси асосида қарор чиқарганлар ҳеч қачон яхши нарсалардан қуруқ қолмайди.
ЯҲОВА УЧУН ФОЙДАЛИ ЭКАНИНГИЗДАН ШУБҲАЛАНГАНИНГИЗДА
14. Нима учун баъзиларга ишонч етишмайди ва уларни қандай савол безовта қилиши мумкин?
14 Яҳованинг айрим хизматчилари ёши ўтгани туфайли соғлик муаммоси ёки жисмоний нуқсони дастидан азият чекяпти. Бунинг оқибатида улар Яҳованинг назарида аҳамиятли эканидан шубҳаланиши мумкин. Эҳтимол, улар «Яҳованинг хизматида фойдам тегяптими?» деб ўйлаб қолар.
15. Забурнинг 71-саносини ёзган бастакор нимага амин эди?
15 71- санони ёзган бастакор шунга ўхшаш туйғуларни бошдан ўтказган. У қуйидагича деган: «Кучдан қолганимда мени тарк этма». (Заб. 71:9, 18) Сано бастакори ўзини заиф ҳис қилган бўлса ҳам у Яҳовага садоқат ила хизмат қилса, У уни йўналтиришига ва қўллаб-қувватлашига амин эди. Сано бастакори шуни тушундики, киши заифликларига қарамай, Яҳовага жон-жаҳди билан хизмат қилса, У ундан мамнун бўлади. (Заб. 37:23–25)
16. Қай йўсин кекса имондошлар Яҳовага фойда келтира олади? (Забур 92:12–15)
16 Азиз кекса имондошлар, вазиятингизга Яҳованинг нуқтаи-назари билан қаранг. Жисмоний қийинчиликларни бошдан ўтказаётганингизга қарамай, У маънан гуллаб-яшнашингизга ёрдам бера олади. (Забур 92:12–15 ни ўқинг.) Бундан буён диққатингизни қила олмайдиган ишларингизга эмас, балки қила оладиганларингизга қаратинг. Мисол учун, имондошларингизни садоқат борасидаги ўрнагингиз билан ва уларга шахсий қизиқиш кўрсатиб мустаҳкамлай оласиз. Йиллар давомида Яҳова сизни қай йўсин қўллаб-қувватлагани ва У берган ваъдалар амалга ошишига бўлган ишончингиз тўғрисида бўлишишингиз мумкин. Шунингдек, бошқалар учун қилаётган ибодатларингиз катта кучга эга эканини унутманг. (1 Бутр. 3:12) Вазиятимиз қандай бўлмасин, барчамиз Яҳова ва бошқалар учун нимадир қила оламиз.
17. Нега ўзимизни бошқалар билан солиштиришдан қочишимиз керак?
17 «Яҳованинг хизматида кўпроқ қила олмаяпман» деб руҳингиз тушаётган бўлса, шунга амин бўлингки, У ҳозир қила олаётганларингизни қадрлайди. Бошқалар қилаётган ишларни ўзингизники билан солиштиришингиз мумкин. Бундай қилишдан қочинг. Нега? Чунки Яҳова ҳеч кимни солиштирмайди. (Галат. 6:4) Мисол учун Марям Исога қимматбаҳо сунбул мойини совға қилган. (Юҳан. 12:3–5) Камбағал бева аёл эса маъбадга кам қадр-қимматга эга икки чақани хайр-эҳсон қилган. (Луқо 21:1–4) Бироқ Исо бу иккала аёлнинг ҳадясини имон белгиси деб билган. Исо Отасига мукаммал тарзда тақлид қилган. Шундай экан, Яҳова Унга ишонаётганингиз ва Уни севганингиз учун қилаётган барча ишларингизни кўради. Ҳатто бу сизнинг назарингизда жуда камдек туюлса ҳам, У буни қадрлашига амин бўлинг.
18. Шубҳаларни енгишга нима ёрдам бера олади? (« Яҳованинг Каломи ёрдамида шубҳаларни енга оласиз» номли рамкага қаранг.)
18 Вақти-вақти билан барчамизда шубҳалар пайдо бўлиб туради. Лекин кўриб чиққанимиздай, Муқаддас Китоб ёрдамида уларни енга оламиз. Сизни безовта қилаётган саволларга жавоб топиш учун зўр бериб ҳаракат қилинг. Шунда хавотирлар ўрнини аминлик эгаллайди. Яҳова сизни шахсан билади. Уни ҳаётингизда биринчи ўринга қўйиш учун чиқарган барча қарорларингизни У қадрлайди ҳамда ваъда қилганидек, У сизни мукофотлайди. Шунга амин бўлингки, Яҳова барча садоқатли хизматчиларини севгиси ва эътиборига лойиқ деб билади.
111-ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик Манбаидир
a ИБОРА МАЪНОСИ. Ушбу мақолада Яҳова учун аҳамиятли эканимиз ёки тўғри қарор чиқарганимиз борасида иккиланишимизга сабаб бўладиган шубҳаларни кўриб чиқамиз. Бундай шубҳалар имонимиз сустлиги туфайли Яҳова ҳамда Унинг ваъдаларига ишонмаётганимизни билдирмайди.
b Яҳова Довудни танлаганида у неча ёшда бўлгани тўғрисида Муқаддас Китобда айтилмаган бўлса-да, эҳтимол, у ўсмир бўлган. «Қўриқчи минораси»нинг турли тилларда чиққан 2011 йил 1 сентябрь сонидаги 29-саҳифанинг 2-хатбошисига қаранг.