Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1924. Юз йил аввал

1924. Юз йил аввал

«ХАБАРНОМА»НИНГ a 1924 йил январь сонида шундай дейилганди: «Масиҳнинг сувга чўмган ҳар бир хизматчиси... йилнинг бошидаёқ хизматда кўпроқ қилишнинг имкониятларини излаши яхшидир». Йил давомида Муқаддас Китоб тадқиқотчилари жасоратли бўлиш ҳамда ваъз қилишнинг янги усулларидан фойдаланиш орқали мазкур маслаҳатга амал қилди.

УЛАР РАДИО ОРҚАЛИ ВАЪЗ ҚИЛДИ

Байтилдаги биродарлар Статен-Айлендда (Нью-Йорк шаҳри) WBBR радиостанциясини қуриш учун бир йилдан ошиқ вақт меҳнат қилган. Ерни тозалагач, улар ишчилар учун катта уй ва ускуна учун алоҳида бино қурди. Иш якунига етганида биродарлар радиода эфирга чиқиш учун керакли ускуналарни йиға бошлади. Лекин аввалига улар бир нечта тўсиқни енгиб ўтиши керак бўлди.

Радиостанция учун асосий антеннани ўрнатиш жуда қийин кечди. Узунлиги 91 метр бўлган антеннани ҳар бирининг бўйи 61 метрга тенг бўлган иккита ёғоч устунга осиш керак эди. Биринчи сафар ўхшамади. Лекин Яҳованинг ёрдамига таяниб, биродарлар охири буни уддалади. Бу лойиҳада қатнашган Кэлвин Поссер биродар шундай деди: «Агар биринчи сафарданоқ буни қила олганимизда, ўзимиз билан фахрланиб: “Зўр ўхшатдик!” — деган бўлардик». Биродарлар эришган муваффақияти учун Яҳовани шарафлади, аммо қийинчилик шу билан тугамади.

WBBR антенналаридан бири ўрнатиляпти

Радио орқали эфирга чиқиш энди йўлга қўйилганди ва керакли ускуналарни харид қилиш осон кечмади. Лекин биродарлар яқин атрофда қўлбола ясалган ва ишлатилган ускунани топди. Улар янги микрофон харид қилмай, оддийгина телефондан фойдаланди. Февраль ойининг тунларидан бирида биродарлар бу оддийгина ускунани текширишга қарор қилди. Эфирга чиқиш учун уларга дастур керак эди, шу боис улар ҳамду санолар куйлади. Биродарлардан бири Эрнест Лов ўша куни юз берган кулгили бир вазиятни айтиб берганди. Улар куйлаётганда судья Рутерфорд b қўнғироқ қилиб, тахминан 25 километр узоқликда уларнинг куйлаётганини эшитганини айтган экан.

Рутерфорд қуйидагича деган: «Бу шовқинни бас қилинг, сизлар худди бақираётган мушукларга ўхшаб куйлаяпсиз!» Биродарлар бироз уялиб шу заҳоти дастурни тўхтатди, бироқ энди улар радио ишлаётганини ва эфирга чиқишга тайёр эканини биларди.

1924 йили 24 февралда Рутерфорд биродар бу радиостанциядан Шоҳ Исо уларга берган топшириқни бажариш йўлида фойдаланилишини айтди. У радиостанциянинг мақсади «ҳар турли одамларга Муқаддас Китобни ва муҳим пайтда яшаётганимизни тушунишга ёрдам бериш» эканини таъкидлади.

Чапда: Рутерфорд биродар илк студияда

Ўнгда: Радиостанцияда фойдаланилган ускуна

Ўша дастур муваффақиятли бўлди. Кейинги 33 йил давомида WBBR радиостанцияси ташкилотимиз радио орқали дастурларни ўтказишида хизмат қилди.

УЛАР ДИН РАҲБАРЛАРИНИ ЖАСОРАТ ИЛА ҚОРАЛАДИ

1924 йили июлда Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Колумбусда (Огайо) бўлиб ўтган анжуманга йиғилди. Дунёнинг турли жойларидан Муқаддас Китоб тадқиқотчилари келди ва улар араб, инглиз, немис, юнон, венгер, итальян, литва, поляк, рус, скандинавия ва украин тилларида нутқлар тинглади. Дастурнинг айрим қисмлари радио орқали эфирга узатилди ва биродарлар маҳаллий газетада анжуманнинг ҳар бир куни тўғрисида мақолалар чиқишини ташкиллаштирди.

1924 йили Колумбусда (Огайо) бўлиб ўтган ҳудудий анжуман

24 июль пайшанба куни анжуманга келганларнинг 5000 дан зиёди хизматда қатнашди. Улар деярли 30 000 та китоб тарқатди ва минглаб Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлади. «Қўриқчи минораси»да бу кун «анжуманнинг энг қувончли қисми» деб аталди.

25 июль жума куни нутқларнинг бирида Рутерфорд биродар дин раҳбарларини қораловчи бир ҳужжатни жасорат ила ўқиб берди. У сиёсий, диний ва тижорий раҳбарлар одамларга баракалар келтирадиган Худонинг Шоҳлиги тўғрисида билиб олишига тўсқинлик қилаётганини айтди. Бундан ташқари, Рутерфорд улар Миллатлар Иттифоқини (Миллатлар Лигаси) қўллаб-қувватлагани ва уни Худо бошқарувининг вакили деб айтгани учун ноҳақ эканини таъкидлади. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари бу хабарни одамларга етказиш учун жасоратли бўлишлари керак эди.

Кейинчалик «Қўриқчи минораси»даги мақолада Колумбусда бўлиб ўтган анжуман ғайратли биродару опа-сингилларимизнинг имонини мустаҳкамлагани айтилди. Ўша анжуманга ташриф буюрган Лео Клаус қуйидагича эслайди: «Анжумандан кетаётганимизда энди ҳудудимизда бу хабарни тарқатишдан бошимиз кўкка етганди».

Дин раҳбарлари қораланган букламанинг нусхаси

Октябрда Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Рутерфорд биродар дин раҳбарлари ҳақида айтган фикрлар чоп этилган букламанинг нусхаларини тарқатди. Оклахоманинг Кливленд номли шаҳарчасида Франк Жонсон букламаларни тарқатиб чиққач, имондошлар уни олиб кетишини 20 дақиқа кутишига тўғри келди. Кўчада кутиш хавфсиз эмасди, чунки ундан ғазабланган кишилар уни қидираётганди. Шунда Жонсон биродаримиз яқин атрофдаги черковда яшириниб туришга қарор қилди. Черков ичида ҳеч ким йўқ эди ва у руҳонийнинг Муқаддас Китобига ҳамда ҳар бир ўриндиққа мазкур букламанинг нусхасини қўйиб чиқди. У кўз очиб-юмгунча черковдан чиқиб кетди. Унда яна бироз вақт қолди. Шунга Жонсон яна иккита черковга кириб, худди шундай йўл тутди.

Жонсон уни олиб кетишлари керак бўлган жойга борди. У унинг изига тушганлардан яшириниб, ёнилғи шаҳобчаси орқасига турди. Ўша кишилар уни кўрмай ўтиб кетди. Улар кўздан ғойиб бўлиши билан яқин атрофда ваъз қилган имондошлар Франк Жонсонни олиб кетди.

Битта биродар ўша кунни эслаб шундай деди: «Шаҳардан чиқиб кетар эканмиз, учта черков ёнидан ўтдик. Ҳар бир черковнинг олдида 50 тача одам турганди. Улардан баъзилари букламани ўқиётганди, бошқалари эса руҳоний кўриши учун уни қўлида ушлаб турганди. Муаммоларга йўлиқмаслик учун вақтида кетдик. Худойимиз Яҳова бизни ҳимоя қилди ва душманларнинг қўлига тушмаслигимиз учун донолик берди. Ундан жуда миннатдормиз».

ХИЗМАТДА ЖАСОРАТ КЎРСАТИШ

Жозеф Кретт

Бошқа мамлакатларда ҳам Муқаддас Китоб тадқиқотчилари жасорат билан ваъз қилган. Франциянинг шимолида Жозеф Кретт Польшадан келган кончиларга ваъз қилган. У «Ўлганлар яқинда тирилади» номли нутқни сўзлаши керак эди. Биродару опа-сингиллар одамларга таклифномани тарқатганида, маҳаллий руҳоний уларга бормасликни айтди. Унинг бу ҳаракати тескари натижа келтирди. 5000 дан зиёд одам, жумладан, руҳонийнинг ўзи ҳам нутқни тинглашга келди! Биродаримиз Кретт руҳонийга ўз эътиқодини ҳимоя қилишни таклиф қилди, аммо у бундан бош тортди. Кретт уни тинглаган одамлар Худонинг Каломига ташна эканини кўриб, барча адабиётларни тарқатиб чиқди. (Амос 8:11)

Клауд Браун

Клауд Браун хушхабарни ваъз қилиш учун Африканинг ҳозирда Гана деб танилган Голд-Кост мамлакатига борди. У сўзлаган нутқлар ва тарқатган адабиётлари туфайли ўша юртда хушхабар тез тарқалди. Ўша пайтда фармацевтика соҳасида ўқиётган Жон Бланксон Браун биродаримизнинг нутқларини тинглашга борганди. У шу заҳоти ҳақиқатни топганини тушунди. «Ҳақиқат қалбимни қувончга тўлдирди ва ўқишда бу ҳақда очиқчасига суҳбатлашардим»,— деб бўлишганди Жон.

Жон Бланксон

Жон Муқаддас Китобда Учлик ҳақида ўргатилмаслигини билди. Шу боис бир куни у черковга бориб, бу ҳақда руҳонийдан сўради. Руҳоний бўлса аччиғи келиб унга: «Сен Исога ишонмайсан. Сен Иблисга тегишлисан. Йўқол бу ердан!» — деб бақириб берди.

Уйга келгач, Жон руҳонийга хат ёзиб, одамлар олдида Учликни ҳимоялашни таклиф қилди. Руҳоний унга ўқишидаги асосий муаллимнинг хонасига боришни айтди. У ерда муаллим Жондан у ростдан ҳам руҳонийга ёзганми ё йўқми сўради.

«Ҳа, ёздим, жаноб»,— деди Жон.

Муаллими Жондан руҳонийдан узр сўраб хат ёзишни талаб қилди. Шунда Жон қуйидагича ёзди:

«Жаноб, муаллимим сиздан узр сўраб хат ёзишни айтди. Ёлғон таълимотларни ўргатаётганингизни тан олсангизгина мен сиздан узр сўрайман».

Бундан ҳайрон қолган муаллим: «Бланксон, сен шундай деб ёзмоқчимисан?» — деб сўради.

«Ҳа, жаноб. Мен фақат шуни ёза оламан».

«Ўқишдан ҳайдаласан. Ҳукуматимиз черковининг руҳонийсига қарши чиқишда давом этсанг, бу ерда қололмайсан».

«Лекин, жаноб,... дарсларингизда ниманидир тушунмасак, сиздан сўраймиз. Шундай эмасми?»

«Тўғри, сўрайсиз».

«Бу вазиятда ҳам шундай бўлди. У Муқаддас Китоб асосида таълим бераётганди, мен унга савол бердим. Агар саволимга жавоб беролмаган бўлса, нега ундан узр сўрашим керак?»

Бланксон ўқишдан ҳайдалмади. Узр сўраб хат ҳам ёзмади.

КЕЛАЖАККА НАЗАР СОЛИБ

1924 йилги фаолиятимиз борасида «Қўриқчи минораси»да шундай айтилган: «“Жанг қилиш учун Сен менга куч ато этасан”,— деб айтган Довуднинг сўзларига қўшиламиз». (Заб. 18:39) Яҳованинг қўлини кўрганимиз учун бу йил жуда далдали бўлди. Унинг садоқатли хизматчилари қувонч ила хушхабарни эълон қилди».

Йил охирида биродарлар яна бир радиостанция қуришни режалаштирди. Бу янги лойиҳа устидаги иш Чикаго яқинида амалга оширила бошлади. Янги радиостанция «КАЛОМ» деб номланди. Бу сафар кучлироқ ускунадан фойдаланилгани туфайли жуда олисдаги, ҳатто Канаданинг шимолидаги одамлар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни эшита оларди.

1925 йили биродарлар Яҳованинг ёрдами билан Ваҳий 12-бобдаги тушунчамизга аниқлик кирита олди. Бу янги тушунча натижасида баъзилар Яҳовага хизмат қилишни тўхтатди. Лекин кўплар самода юз бераётган воқеаларни ва бу Худонинг халқига қандай тааллуқли эканини яхшироқ тушунишдан роса хурсанд эди.

a Ҳозир «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури» деб номланади.

b Ўша пайтда раҳбарликни зиммасига олган Рутерфорд биродар Муқаддас Китоб тадқиқотчилари орасида «судья» деб танилганди. У Байтил хизматини бошлашдан аввал бир суд жараёнида махсус судья сифатида хизмат қилган. («Eighth Judicial Circuit Court of Missouri»)