Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Дадил ва ботир бўл. Ишни бошла!»

«Дадил ва ботир бўл. Ишни бошла!»

Дадил ва ботир бўл. Ишни бошла! Қўрқма, ваҳимага тушма! Эгамиз Худо... сен билан биргадир. 1 СОЛ. 28:20

ҚЎШИҚЛАР: 23, 29

1, 2. а) Сулаймонга қандай муҳим вазифа топширилганди? б) Нима учун Довуд Сулаймондан хавотирланган?

CУЛАЙМОНГА тарихдаги энг муҳим иш, яъни Қуддусдаги маъбаднинг қурилишини назорат қилиш вазифаси топширилганди. Мазкур бинонинг «донғи бутун дунёга ёйилиб, барча халқлар орасида шуҳрат топиши» учун, у ниҳоятда маҳобатли бўлиши лозим эди. Энг асосийси, маъбад «Эгамиз Худонинг уйи» бўлиши керак эди. Яҳова Сулаймонни бу лойиҳага бош-қош қилиб қўйган эди. (1 Сол. 22:1, 5, 9–11)

2 Шоҳ Довуд ўғли Сулаймонни Худованд қўллаб-қувватлашидан шубҳаланмаган. Аммо Сулаймон «ёш, тажрибасиз» эди. Маъбадни қуриш ишларини зиммасига олишга Сулаймоннинг жасорати етармикан? У ёш ва тажрибасиз бўлгани бу ишга тўғоноқ бўлмасмикан? Муваффақиятга эришиш учун Сулаймон бу ишни жасорат ила адо этиши лозим эди.

3. Сулаймон отасидан жасорат борасида нимани ўрганиши мумкин эди?

3 Сулаймон отасидан жасорат борасида кўп нарсани ўргангани эҳтимолдан йироқ эмас. Ёшлигида Довуд отасининг қўйларини олиб кетган йиртқич ҳайвонларга ҳужум қилган. (1 Шоҳ. 17:34, 35) Қолаверса, у жангда чиниққан паҳлавонга қарши чиқиб, улкан жасоратни намоён этди. Ҳа, у Худонинг мадади ва кичкина тош билан Гўлиётни мағлуб қилди. (1 Шоҳ. 17:45, 49, 50)

4. Нима учун Сулаймон жасоратли бўлиши даркор эди?

4 Кейинчалик Довуд Сулаймонни жасоратга тўлишга ва маъбадни қуришга ундагани жуда ўринли бўлган. (1 Солномалар 28:20 ни ўқинг.) Сулаймон жасоратли бўлмаганида эди, қўрқув уни қамраб олган бўларди. Бу эса ишни бошлашига тўсқинлик қиларди.

5. Нима учун жасоратли бўлишимиз керак?

5 Биз ҳам Сулаймон сингари жасоратли бўлиш ва Яҳова топширган ишни бажариш учун Унинг мададига муҳтожмиз. Шунинг учун, келинг, қадимда жасоратни намоён этган айрим қаҳрамонларнинг мисоллари устида мулоҳаза юритайлик. Боз устига, қай йўсин жасоратга тўлиб, бизга топширилган ишни бажара олишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрамиз.

ЖАСОРАТНИ НАМОЁН ЭТГАН ҚАҲРАМОНЛАР

6. Юсуфнинг жасоратидан қандай сабоқ олдингиз?

6 Масалан, Юсуфни олайлик. Пўтифарнинг хотини унга жинсий ахлоқсизлик қилишни таклиф этиб, йўлдан урмоқчи бўлганида, у жасоратни намоён этди. Юсуф аёлнинг таклифини рад этиш аянчли оқибатларга олиб келишини яхши тушунган бўлса керак. Лекин у енгилмади, аксинча, қатъий чоралар кўриб, жасоратни кўрсатди. (Ибт. 39:10, 12)

7. Қандай қилиб Раҳоба жасоратни намоён этди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

7 Раҳоба ҳам жасоратли бўлган. Исроиллик айғоқчилар Ерихога, унинг уйига келишганида, у қўрқувга берилиб, уларни уйига киргизмаслиги мумкин эди. Раҳоба Яҳовага қаттиқ ишонгани учун, бу икки кишини уйида яшириб ва уларга қочишга ёрдам бериб жасоратни кўрсатди. (Ёшуа 2:4, 5, 9, 12–16) Раҳоба Яҳова ҳақ Худо эканини тан олди ва У қандайдир йўл билан бу юртни исроилликлар қўлига бериши мумкинлигига ишонарди. Бошқалардан, жумладан, Ерихо шоҳи ва унинг одамларидан қўрқиш уни тўхтатмади. Аксинча, у жасоратни намоён этиб, ўзи ва оила аъзоларининг ҳаётини сақлаб қолди. (Ёшуа 6:22, 23)

8. Исонинг жасорати ҳаворийларга қандай таъсир қилган?

8 Исонинг садоқатли ҳаворийлари ҳам жасоратни намоён этишда яхши ўрнак кўрсатишди. Улар устозлари Исода бу фазилат қандай намоён бўлганини кўришган. (Мат. 8:28–32; Юҳан. 2:13–17; 18:3–5) Унинг ўрнаги, ўз ўрнида, уларга бу фазилатни ривожлантиришга ёрдам берган. Саддуқийлар қаршилик кўрсатишганида ҳам, ҳаворийлар Исонинг исмини тилга олиб таълим беришдан тўхташмаган. (Ҳавор. 5:17, 18, 27–29)

9. Қандай қилиб 2 Тимўтийга 1:7 жасоратнинг асосий манбаини аниқлашимизга ёрдам беради?

9 Юсуф, Раҳоба, Исо ва ҳаворийлар тўғри йўл тутишга қатъий қарор қилишган. Улар ўзининг қобилиятларига ишонгани учун эмас, балки Яҳовага таянгани учун жасоратни намоён эта олишган. Биз ҳам жасоратни талаб этадиган вазиятларга дуч келамиз. Шундай пайтларда ўзимизга ишонмасдан, Яҳовага таянишимиз зарур. (2 Тимўтийга 1:7 ни ўқинг.) Келинг, ҳаётимизнинг иккита соҳасида, яъни оиламизда ва жамоатда нима учун жасоратни намоён этиш муҳим эканини кўриб чиқайлик.

ЖАСОРАТНИ ТАЛАБ ЭТАДИГАН ВАЗИЯТЛАР

10. Нима учун масиҳий ёшлар жасоратли бўлишлари керак?

10 Масиҳий ёшлар Яҳовага хизмат қилаётиб, жасоратни талаб этадиган вазиятларга тез-тез дуч келишади. Бу борада улар Сулаймондан ўрнак олишлари мумкин. У маъбаднинг қурилишини якунлаш учун доно қарорлар чиқариб, жасоратни намоён этган. Гарчи масиҳий ёшлар ота-онасининг йўл-йўриқларига қулоқ солишлари зарур бўлса-да, муҳим қарорларни ўзлари чиқаришлари даркор. (Ҳик. 27:11) Хусусан, улар ким билан дўстлашиш, қайси ўйин-кулгини танлаш, қандай қилиб ахлоқий покликни сақлаб қолиш ҳамда қачон сувга чўмиш борасида доно қарорлар чиқариш учун жасоратни намоён этишлари керак. Нега деганда, улар Худони ва Унинг меъёрларини таҳқирловчи шахс — Шайтонга қарши туришмоқда.

11, 12. а) Жасоратли бўлишда Мусо қандай ўрнак кўрсатди? б) Ёшлар Мусога қандай тақлид қилишлари мумкин?

11 Мақсадлар қўйишда ҳам ёшларга муҳим қарорлар чиқаришга тўғри келади. Баъзи мамлакатларда ёшларга олий маълумотли бўлиш ҳамда катта маошли ишга жойлашиш керак, деб босим ўтказишади. Бошқа юртларда иқтисодий аҳвол танг бўлганидан ёшлар оиласини моддий жиҳатдан таъминлашга ўзларини масъул ҳис қилишади. Агар сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, Мусонинг мисолини кўриб чиқинг. Мусо фиръавннинг қизи қарамоғида яшагани учун, шуҳрат қозониш ё бўлмаса иқтисодий фаровонликка эришиш каби мақсадлар қўйиши мумкин эди. У мисрлик оиласи, муаллимлари ҳамда сарой маслаҳатчилари томонидан қандай кучли босимга дуч келганини бир тасаввур қилиб кўринг! Лекин шунга қарамай, у жасорат ила ҳақ топиниш томон турди. Мусо Мисрдаги фаровон ҳаётдан воз кечиб, бу юртни тарк этганида Яҳовага таянди. (Иброн. 11:24–26) Ўшанда у Яҳованинг баракаларига эга бўлди. Шубҳасизки, келажакда ҳам уни ҳали кўп баракалар кутмоқда.

12 Бугунги кундаги ёшлар ҳам Мусо сингари маънавий мақсадлар сари интилиб, Шоҳлик манфаатларини ҳаётида биринчи ўринга қўйиш учун жасоратни намоён этишмоқда. Яҳова бундай ёшларга албатта барака беради. Аллоҳ уларни ва уларнинг бўлажак оиласини зарурий нарсалар билан таъминлайди. Биринчи асрда яшаган ёш Тимўтий маънавий мақсадлар сари интилган ва сиз ҳам шундай йўл тутсангиз бўлади. * (Филиппиликларга 2:19–22 ни ўқинг.)

Ҳаётингизнинг барча соҳаларида жасоратли бўлишга қатъий қарор қилдингизми? (13–17- хатбошиларига қаранг.)

13. Жасоратли бўлиш ёш синглимизга қандай ёрдам берди?

13 Алабамада (АҚШ) яшовчи бир ёш синглимизга маънавий мақсадлар қўйиш учун жасоратли бўлишни ўрганишга тўғри келган. У шундай деб ёзди: «Мен уятчан бўлиб вояга етдим. Бегона инсонларнинг эшигини тақиллатиш у ёқда турсин, ҳатто Йиғилиш Залига келганлар билан зўрға гаплашардим». Ота-онаси ҳамда жамоатдагиларнинг ёрдами билан бу ёш имондошимиз доимий кашшоф бўлиш мақсадига эришди. У қуйидагича давом этди: «Шайтоннинг дунёси олий маълумот, обрў-эътибор, пул ва кўпгина моддий нарсаларга эга бўлишни арзигулик мақсадлар сифатида олға суради. Аксар пайтда бундай мақсадларга эришиш имконсиз бўлиб бошоғриқ келтиради, холос. Яҳовага хизмат қилиш эса менга улкан бахт ва мамнунлик келтиради».

14. Қайси вазиятларда масиҳий ота-оналарга жасоратни намоён этиш муҳим?

14 Масиҳий ота-оналар ҳам жасоратли бўлишлари зарур. Масалан, бошлиғингиз доим сиздан иш вақтидан ташқари кечқурун ва дам олиш кунлари ишлашни сўраши мумкин. Аммо сиз бу вақтни оилавий топиниш, воизлик хизмати ва жамоат учрашувларига ажратгансиз. Ҳа, бундай илтимосни рад этиб, фарзандларингизга яхши ўрнак кўрсатишингиз учун жасорат талаб этилади. Эҳтимол, жамоатдаги баъзи ота-оналар фарзандларига кўп нарсалар қилишга рухсат беришади, лекин шахсан сиз бунга йўл қўймаган бўлардингиз. Ўша ота-оналар нега фарзандингиз бундай ишларга қўшилмаётганини сўраши мумкин. Бундай вазиятда сиз жасоратга тўлиб, қарорингиз сабабини хушмуомалалик билан тушунтира оласизми?

15. Забур 36:25 ва Ибронийларга 13:5 даги сўзлар ота-оналарга қандай ёрдам бериши мумкин?

15 Фарзандларимизга маънавий мақсадлар қўйишга ва уларга эришишга ёрдам бериш учун ҳам жасорат керак. Масалан, баъзи ота-оналар болаларини кашшофлик, ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойларда ёки Байтилда хизмат қилиш, қурилиш ишларида қатнашиш каби мақсадларга йўналтириш-йўналтирмасликни билмай қолишади. Чунки фарзандлари кексайганида, ўзларини таъминлай олмаслигидан қўрқишади. Аммо доно ота-оналар Яҳованинг ваъдаларига ишониб, жасоратни намоён этишади. (Забур 36:25; Ибронийларга 13:5 ни ўқинг.) Агар сиз фарзандингизни ҳам шундай йўл тутишга ўргатсангиз, Яҳовага таяниб, жасоратни намоён этаётганингиз янада яхшироқ кўринади. (1 Шоҳ. 1:27, 28; 2 Тим. 3:14, 15)

16. Ота-оналар фарзандларига маънавий мақсадлар қўйишга қандай ёрдам беришди ва бу фарзандларига қандай фойда келтирди?

16 Қўшма Штатларда яшовчи бир ота-она фарзандларига маънавий мақсадлар қўйишга ёрдамлашган. Оила боши шундай деб бўлишди: «Болажонларимиз ҳали юришни ва гапиришни бошламасданоқ, улар билан кашшофлик ҳамда жамоатда хизмат қилиш кўп хурсандчилик келтириши ҳақида суҳбатлашардик. Натижада, ҳозир улар буни мақсад қилишди. Маънавий мақсадлар сари интилиш фарзандларимизга Шайтон дунёсининг босимига қарши туришда, энг муҳими эса, диққатларини Яҳовага қаратишда жуда асқатмоқда». Иккита боланинг отаси бўлган бир биродаримиз: «Аксарият ота-оналар кўп куч ва маблағларини фарзандлари спорт, қизиқишлар ҳамда таълим каби соҳалардаги мақсадларга эришишига сарфлашади»,— деб ёзди. Аммо биз куч ва маблағларимизни фарзандларимиз Яҳова билан яхши дўст бўлишига ҳисса қўшадиган мақсадлар учун сарфлашни оқилона деб биламиз. Болаларимиз маънавий мақсадларига эришганидан биз нафақат катта қувонч, балки ўзимизни гўё уларнинг баракаларидан баҳраманд бўлаётгандек ҳис қиламиз”. Фарзандларингизга маънавий мақсадлар қўйишга ва уларга эришишга ёрдам берганингизни Худо албатта мукофотлашига амин бўлишингиз мумкин.

ЖАМОАТДА ЖАСОРАТНИ НАМОЁН ЭТИШ

17. Жамоатда жасоратни намоён этаётган кишиларнинг мисолларини келтиринг.

17 Жамоатда ҳам жасоратни намоён этиш жуда муҳим. Масалан, оқсоқоллар ҳакамлар қўмитасида иштирок этганида ёки ҳаёти хавф остида қолганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишганида жасоратли бўлишлари зарур. Баъзи оқсоқоллар маҳбусларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш учун қамоқхоналарга боришади. Турмуш қурмаган опа-сингилларимиз ҳақида нима деса бўлади? Бу имондошларимизда хизматини кенгайтириш учун талайгина имкониятлар бор: кашшофлик хизмати, эҳтиёж катта бўлган жойларга кўчиб ўтиш, Маҳаллий архитектура ва қурилиш бўлимида иштирок этиш ҳамда Шоҳлик хабарчилари мактабида таҳсил олиш. Шунингдек, баъзилари Гилад мактабида ўқишга муяссар бўлишмоқда.

18. Қай йўсин ёши катта опаларимиз жасоратни намоён эта олишади?

18 Ёши катта опаларимиз жамоат учун улкан баракадир. Биз бу опаларимизни жудаям қадрлаймиз! Гарчи улар илоҳий хизматда илгаригидек кўп иштирок эта олишмаса-да, улар барибир жасоратни намоён этиб, бу ишда ҳисса қўшишдан чарчашмаяпти. (Титусга 2:3–5 ни ўқинг.) Масалан, ёши катта опамиздан бирон-бир синглимизга кийиниш борасида маслаҳат беришни илтимос қилишса, у жасоратни намоён этиши лозим. Албатта опамиз синглимизни унинг танлаган кийими учун урушиб бермайди, аксинча, синглимизни унинг кийиниш тарзи бошқаларга қандай таъсир қилиши борасида мулоҳаза юритишга ундайди. (1 Тим. 2:9, 10) Шаксизки, меҳр билан берилган бундай маслаҳат яхши самара келтиради.

19. а) Сувга чўмган биродарлар қандай қилиб жасоратни намоён этишлари мумкин? б) Филиппиликларга 2:13 ва 4:13 даги сўзлар биродарларга жасоратли бўлишга қандай ёрдам бера олади?

19 Сувга чўмган биродарлар учун ҳам жасоратли бўлиб, маънан ўсишда давом этиш талаб этилади. Дарҳақиқат, зиммасига масъулият олишга тайёр бўлган жасур биродарлар жамоат учун чинакам барака. (1 Тим. 3:1) Афсуски, баъзилар бўйнига масъулият олишдан қўрқади. Эҳтимол, биродар ўтмишда хато қилгани боис жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлишга ҳозир ўзини нолойиқ ҳис қиляпти. Бошқа биродар эса, топширилган вазифани бажаришга етарлича қобилиятим йўқ, деб ўйлаши мумкин. Агар ўзингиз ҳақда шундай фикрда бўлсангиз, Яҳова сизга жасоратни ривожлантиришга ёрдам беради. (Филиппиликларга 2:13; 4:13 ни ўқинг.) Эсингизда бўлса, ҳатто бир сафар Мусо ҳам илоҳий топшириқни бажаришга ўзини нолойиқ деб ҳисоблаган. (Чиқ. 3:11) Аммо Яҳова унга ёрдам бергани туфайли Мусо кейинчалик ўз вазифасини жасорат ила бажара олган. Сувга чўмган биродар ҳам чин дилдан ибодат қилиб Яҳовадан ёрдам сўраш ва Муқаддас Китобни кунда ўқиш орқали жасоратни ривожлантириши мумкин. Қолаверса, у жасоратли инсонларнинг мисоли устида мулоҳаза юритиши фойдали бўлади. У камтаринликни намоён этиб, оқсоқоллардан маслаҳат сўраши ҳамда жамоатга ёрдам беришга доим тайёр эканини айтиши лозим. Сувга чўмган биродарлар, барчангизни жасоратли бўлишга ҳамда жамоатда жонкуярликни намоён этишга ундаб қоламиз!

«ХУДОЙИМ СЕН БИЛАН БИРГАДИР»

20, 21. а) Довуд ўғли Сулаймонни нимага ишонтирди? б) Биз нимага амин бўлишимиз мумкин?

20 Шоҳ Довуд ўғли Сулаймонга маъбаднинг қурилиш ишлари битмагунча Яҳова у билан бирга бўлишини эслатади. (1 Сол. 28:20) Отасининг сўзлари унинг қалбию онгида катта таассурот қолдиргани боис, Сулаймон ёши ёки кам тажрибаси унга тўғоноқ бўлишига йўл қўймади. У улкан жасоратни намоён этиб, ишга бел боғлади ва Яҳованинг мадади билан етти ярим йил ичида ҳашаматли маъбадни қуриб битказди.

21 Яҳова Сулаймонни қўллаб-қувватлагани сингари, ҳам оиладаги, ҳам жамоатдаги вазифаларимизни бажаришга кўмаклашади. (Ишаё 41:10, 13) Яҳовага топинишда жасоратли бўлсак, У бизга ҳозир ва келажакда баракалар беришига амин бўлишимиз мумкин. Бинобарин, дадил ва ботир бўлинг ва ишга бел боғланг.

^ абз. 12 Маънавий мақсадлар қўйиш борасида амалий маслаҳатлар топиш учун, «Қўриқчи минораси» журналининг 2004 йил, 15 июль сонидаги «Маънавий мақсадларингиз Яҳовага шараф келтирсин» (рус) номли мақолага қаранг.