Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Худойимизнинг каломи абадий туради»

«Худойимизнинг каломи абадий туради»

Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади, Худойимизнинг каломи эса абадий туради. ИШАЁ 40:8

ҚЎШИҚЛАР: 43, 48

1, 2. а) Муқаддас Китобсиз ҳаётингиз қанақа бўларди? б) Қачон Муқаддас Китобдан кўпроқ фойда оламиз?

МУҚАДДАС КИТОБСИЗ ҳаётингиз қандай бўлишини тасаввур қила оласизми? Ўшанда кундалик ҳаётингиз учун керак бўладиган ишончли маслаҳатлар топа олмасдингиз. Сиз Аллоҳ, ҳаёт ва келажак борасидаги саволларга қониқарли жавоблар ололмасдингиз. Боз устига, Яҳова одамзод билан ўтмишда қандай муносабат қилганини ҳам билмасдингиз.

2 Худога шукурки, биз бундай ачинарли вазиятда эмасмиз. Яҳова бизга Ўз Каломи — Муқаддас Китобни тақдим этган. Қолаверса, Ўзининг каломи абадий туришига ҳам кафолат берган. Ҳаворий Бутрус ўз мактубида Ишаё 40:8 ни келтирган. Бу оятда Худонинг одамзодга етказган хабари ҳақида гап кетяпти, аммо уни кенг маънода Муқаддас Китобга нисбатан қўлласа бўлади. (1 Бутрус 1:24, 25 ни ўқинг.) Муқаддас Китобни она тилимизда ўқисак, ундан янада кўпроқ фойда олишимиз мумкин. Аллоҳнинг Каломини эъзозлайдиган кишилар ҳам аллақачон бунга амин бўлишган. Шиддатли қаршиликлар ва қийинчиликларга қарамай, асрлар мобайнида одамлар Муқаддас Ёзувларни таржима қилиб, уни тарқатиш учун кўп тер тўкишган. Уларнинг бу хоҳиши Худонинг иродасига ҳамоҳанг эди, зеро Аллоҳ «ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб, нажот топишларини истайди». (1 Тим. 2:3, 4)

3. Мазкур мақолада нимани кўриб чиқамиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 Мазкур мақолада қай йўсин 1) тилдаги ўзгаришларга, 2) халқ гапирадиган тилга таъсир ўтказган сиёсий ўзгаришларга ва 3) Муқаддас Китобни таржима қилишга қаршилик кўрсатилганига қарамай, Худонинг Каломи сақланиб қолганини муҳокама қиламиз. Буларни кўриб чиқишнинг қандай фойдаси бор? Бу Аллоҳнинг Каломига бўлган миннатдорчилигимизни оширади. Шунингдек, бу Муқаддас Китобнинг муаллифига нисбатан севгимизни кучайтиради, ахир У Каломини бизнинг фойдамиз учун берган. (Михо 4:2; Рим. 15:4)

ТИЛ ЎЗГАРИШИ

4. а) Вақт ўтиб, тил билан нима содир бўлади? б) Худо ҳеч бир тил гуруҳига нисбатан юзхотирчилик қилмаслигини нимадан кўрса бўлади ва бу сизни нимага ундайди?

4 Вақт ўтиб, тиллар ўзгаришга мойил. Сўзлар ва ибораларнинг маъноси тубдан ўзгариши мумкин. Эҳтимол, сиз гапирадиган тилда ҳам бундай мисоллар кам эмас. Муқаддас Китобнинг аксар қисми ёзилган иброний ва юнон тиллари ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Замонавий иброний ва юнон тиллари Муқаддас Китоб ёзилган пайтдагисидан анча фарқ қилади. Кўпчилик ушбу қадимги тилларни тушунмагани сабабли, унинг таржимасига муҳтож. Айримлар Муқаддас Ёзувларнинг асл матнини ўқий олиш учун қадимги иброний ва юнон тилларини ўрганишим керак, деб ўйлашади. Лекин бу улар кутгандек самарали бўлмаслиги ҳам мумкин. * Худога шукурки, Муқаддас Китоб бутунлай ёки қисман 3 200 дан зиёд тилларга таржима қилинган. Шак-шубҳасизки, Яҳова «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халқ» Унинг Каломидан фойда олишини истайди. (Ваҳий 14:6 ни ўқинг.) Наҳотки буни билиш сизни меҳрибон ва юзхотирчилик қилмайдиган Аллоҳга янада яқинлашишга ундамаса? (Ҳавор. 10:34)

5. «Қирол Жеймс Библияси» нимаси билан ўзгача бўлган?

5 Тиллар вақт ўтиб ўзгариши Муқаддас Китобнинг таржимаси бор тилларга ҳам тааллуқлидир. Илк бор чиққанида тушунарли бўлган Муқаддас Китоб таржимаси кейинчалик тушунарсиз бўлиб қолиши мумкин. Келинг, мисол тариқасида Муқаддас Китобнинг инглиз тилидаги таржимасини кўриб чиқайлик. «Қирол Жеймс Библияси» биринчи бор 1611 йили нашр этилган. Бу таржима инглиз тилида чиққан энг машҳур Муқаддас Китоблардан бири бўлиб, инглиз тилининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Тўғри, «Қирол Жеймс Библияси»да Худонинг исмига етарлича диққат қаратилмаган. Бу таржимада «Яҳова» деган исм бир нечта оятдагина қўлланилган, Ибронийча ёзувларнинг асл матнида илоҳий исм туриши керак бўлган бошқа оятларда эса катта ҳарфлар билан ёзилган «РАБ» сўзига алмаштирилган. Кейинги нашрларда Юнонча ёзувларнинг баъзи оятларида ҳам катта ҳарфлар билан «РАБ» сўзи ишлатилган. Шу йўсин «Қирол Жеймс Библияси»да «Янги аҳд» деб танилган қисмда Худонинг исми ўз ўрнида туриши кераклиги тан олинган.

6. Нега «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» учун миннатдормиз?

6 Гарчи шундай бўлса-да, «Қирол Жеймс Библияси»даги аксарият сўзлар асрлар ўтиб эскириб қолган. Бундай ҳол Муқаддас Китобнинг бошқа тиллардаги илк таржималарида ҳам кузатилган. Шу боис, замонавий тилда чиққан «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» учун бениҳоя миннатдормиз! Бугунги кунда бу таржима тўлиқ ёки қисман 150 дан ошиқ тилларда мавжуд ва уни дунё аҳолисининг аксар қисми ўз она тилида ўқиши мумкин. Худо Каломининг ушбу замонавий ва тушунарли таржимаси қалбимизни забт этиши шубҳасиз. (Заб. 118:97) «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да илоҳий исм тўлиқ қайта тиклангани диққатга сазовор.

ОММАБОП ТИЛ

7, 8. а) Нима сабадан мил. авв. 3 асрда кўплаб яҳудийлар иброний тилини тушунмайдиган бўлишди? б) Юнонча «Септуагинта» қандай асар?

7 Сиёсий ўзгаришлар тарихнинг муайян палласида қайси тил оммабоп деб ҳисобланишига таъсир қилган. Қай тариқа Аллоҳ бундай ўзгаришларга қарамай, Унинг Каломи халққа тушунарли бўлиб қолишига ғамхўрлик қилган? Ўтмишдаги бир мисол бизга жавоб топишга ёрдам беради. Аллоҳнинг Каломи таркибидаги биринчи 39 та китоб исроилликлар ёки яҳудийлар томонидан ёзилган. Айнан уларга дастлаб «Аллоҳнинг муқаддас сўзлари ишониб топширилганди». (Рим. 3:1, 2) Лекин мил. авв. 3 асрга келиб, кўплаб яҳудийлар иброний тилини тушунмайдиган бўлишди. Нима сабабдан? Чунки ерларни забт этиш натижасида Искандар Мақдуний буюк Юнонистон империясини яратган. (Дон. 8:5–7, 20, 21) Империя кенгайгани сайин, юнон тили ундаги аксарият фуқароларнинг, жумладан, катта ҳудуд бўйлаб тарқалган яҳудийларнинг кундалик тилига айланган. Аксарият яҳудийлар юнон тилида гаплашишни бошлагандан бери, Ибронийча ёзувларни тушуниш кўпчилик учун қийин бўлиб кетди. Бу нимага олиб келди?

8 Мил. авв. 3 асрнинг ўрталарида Аллоҳнинг Каломи таркибидаги биринчи 5 та китоб иброний тилидан юнон тилига таржима қилинганди. Ибронийча ёзувларнинг қолган қисмининг таржимаси эса мил. авв. 2 асрда тугатилганди. Ушбу таржима юнонча «Септуагинта» деб ном олди. «Септуагинта» тўлиқ Ибронийча ёзувларнинг ёзма таржималаридан биринчиси бўлди.

9. а) Қай йўсин «Септуагинта» ва бошқа илк таржималар Муқаддас Ёзувларни ўқиган кишиларга таъсир қилган? б) Ибронийча ёзувларнинг қайси қисми сизга кўпроқ ёқади?

9 «Септуагинта» туфайли юнонзабон яҳудийлар ва бошқаларда Ибронийча ёзувларни ўқиш имкони пайдо бўлди. Ўз она тилда Муқаддас Каломни эшитиш ёки ўқиш уларга қанчалик қувонч келтиргани тасаввур қилинг! Вақт ўтиб, Муқаддас Китобнинг қисмлари бошқа оммабоп тилларга, хусусан, сурёний, гот ва лотин тилига таржима қилинганди. Одамлар Худонинг Каломини ўқиб, тушунишгани сайин, ундан завқ олишни бошлашган. Қолаверса, уларда бизга ўхшаб ёқтирган оятлари бўлган. (Забур 118:162–165 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, Худонинг Каломи оммабоп тил ўзгарганига қарамай, бугунги кунгача сақланиб қолди.

МУҚАДДАС КИТОБ ТАРЖИМА ҚИЛИНИШИГА ҚАРШИЛИКЛАР

10. Нега Жон Уиклиф даврида кўпчилик одамларда Муқаддас Китобга эга бўлиш имкони деярли бўлмаган?

10 Йиллар мобайнида золим кучлар оддий халққа Муқаддас Китобни ўқишга тўсқинлик қилишга уринишган. Аммо самимий кишилар бундай қаршиликларга дош бера олишган. Масалан, 14 асрда яшаган Жон Уиклиф исмли илоҳиётшуносни олайлик. Бу киши ҳар бир инсонда Худонинг Каломини ўз она тилида ўқишга имкон бўлиши керак, деб ўйлаган. Аммо ўша пайтда Англиядаги оддий инсонларда Муқаддас Китобга эга бўлиш имкони деярли бўлмаганди. Нима учун? Биринчидан, кўплар ўзига Муқаддас Китобни сотиб олишолмасди, сабаби, унинг нусхалари қўлда ёзилган бўлиб, уларни босиб чиқариш жуда қиммат эди. Бундан ташқари, кўпчилик саводсиз бўлган. Тўғри, улар черковга боришганида, Муқаддас Китобдаги парчалар ўқилганини тинглаган бўлишлари мумкин. Лекин улар эшитаётган нарсаларини тушунишгани эҳтимолдан йироқ. Нега? Чунки черковда ўқиладиган Муқаддас Китоб («Вульгата») лотин тилида ёзилганди. Ўрта асрларда эса лотин тили оддий халқ орасида ўлик тилга айланганди. Унда қандай қилиб бу одамлар Муқаддас Китобдаги бебаҳо хазиналарни билиб олишлари мумкин эди? (Ҳик. 2:1–5)

Жон Уиклиф ва бошқалар ҳар бир инсон Худонинг Каломини ўз она тилида ўқишини исташган. Сизда ҳам шундай истак борми? (11- хатбошига қаранг.)

11. Уиклифнинг таржимаси халққа қандай таъсир қилган?

11 1382 йили Жон Уиклиф ва бошқалар Муқаддас Китобни инглиз тилига таржима қилишган. Бу таржима Уиклифнинг издошлари орасида тезда шуҳрат қозонган. «Лоллардлар» номи билан машҳур бўлган бу ваъзгўйлар Худонинг Каломи авом халқнинг онгию қалбигача етиб бориши учун, Англия бўйлаб қишлоқдан қишлоққа яёв юриб, ваъз қилишарди. Одатда лоллардлар учратган одамларига Уиклифнинг Муқаддас Китоб таржимасидан парчалар ўқиб бериб, қўлда ёзилган нусхаларини уларга ташлаб кетишарди. Уларнинг бу уринишлари натижасида одамларда Худонинг Каломига бўлган қизиқиш қайтадан ўйғонди.

12. Руҳонийлар Уиклифга ва у бошлаган ишга қандай муносабат билдиришди?

12 Руҳонийлар бунга қандай муносабат билдиришди? Улар Уиклиф, унинг таржимаси ва издошларидан нафратланишарди. Дин арбоблари лоллардларни қувғин қилишган ва уларнинг изига тушиб, имкон борича кўпроқ Уиклиф таржимасининг нусхаларини йўқ қилишган. Ҳатто ўлганидан кейин ҳам Уиклифни еретик ёки черков душмани деб эълон қилишган. Албатта, ўлган одамни жазолашнинг иложи йўқ эди. Шундай бўлса-да, руҳонийлар Уиклифнинг суякларини гўрдан кавлаб олиб, ёндиришган ва кулини Свифт дарёсига оқизиб юборишган. Аммо кўп одамлар Муқаддас Китобни ўқиб, тушунишни исташган ва черков уларни тўхтата олмаган. Кейинги асрларда ҳам Европа ва дунёнинг бошқа бурчакларидаги аксарият инсонлар оддий халқ учун тушунарли бўладиган Муқаддас Китобни таржима қилиб, чоп этаверишган.

«ЯХШИ БЎЛИНГ, ДЕБ СИЗЛАРГА ЙЎЛ-ЙЎРИҚ КЎРСАТАМАН»

13. Биз нимага аминмиз ва нега бу имонимизни мустаҳкамлайди?

13 Муқаддас Китоб Аллоҳ томонидан илҳомлантирилган. Лекин «Септуагинта», Уиклифнинг, «Қирол Жеймс Библияси»нинг таржимаси ва бошқа нашрлар бевосита Худо томонидан илҳомлантирилган, деб айтиб бўлмайди. Шунга қарамай, бу ва чоп этилган кўплаб бошқа таржималарнинг тарихини кўриб чиқиш орқали Яҳова Ўз ваъдасига биноан Каломини сақлаб қолганини яққол кўрамиз. Наҳотки бу Яҳованинг келажакдаги барча ваъдалари ҳам амалга ошишига бўлган ишончимизни мустаҳкамламаса?! (Ёшуа 23:14)

14. Қай йўсин Аллоҳнинг Каломи Унга бўлган севгимизни оширади?

14 Асрлар мобайнида Худонинг Каломи қандай сақланиб қолганини кўриб чиқиш нафақат имонимизни мустаҳкамлайди, балки Яҳовага бўлган севгимизни ҳам оширади. * Нега Яҳова бизга аввало Каломини тақдим этиб, кейин уни сақлаб қолишга ваъда берди? Чунки У бизни севади ва бизга яхши бўлсин, деб йўл-йўриқ кўрсатишни истайди. (Ишаё 48:17, 18 ни ўқинг.) Ўз ўрнида, биз ҳам Яҳованинг севгисига жавобан Унга севгимизни кўрсатиб, амрларига бўйсунамиз. (1 Юҳан. 4:19; 5:3)

15. Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

15 Шаксизки, Худонинг Каломини қадрлаганимиз учун Ундан тўлиқ фойда олишни истаймиз. Хўш, қандай қилиб биз Муқаддас Китобни ўқишдан кўпроқ фойда олишимиз мумкин? Хизматда инсонларнинг эътиборини Худонинг Каломига қаратишимизга нима ёрдам бера олади? Қай тариқа саҳнадан туриб таълим бераётганлар ўргатаётган нарсалари Муқаддас Ёзувларга асосланганига амин бўлишлари мумкин? Мазкур саволларнинг жавобларини кейинги мақолада муҳокама қиламиз.

^ абз. 4 «Қўриқчи минораси» журналининг 2009 йил 1 ноябрь сонидаги (рус) «Иброний ва юнон тилини ўрганиш керакми?» номли мақолага қаранг.

^ абз. 14 « Ўз кўзингиз билан кўринг!» номли рамкага қаранг.