Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Булардан хабардор экансиз, уларга риоя қилсангиз, бахтиёр бўласиз»

«Булардан хабардор экансиз, уларга риоя қилсангиз, бахтиёр бўласиз»

Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир. ЮҲАН. 4:34

ҚЎШИҚЛАР: 1, 42

1. Худбинлик бизга таъсир қилишига йўл қўйсак, камтарлигимиз билан нима юз беради?

НЕГА Муқаддас Китобдан ўрганаётганларимизга амал қилиш осон эмас? Бунинг сабабларидан бири, тўғри бўлган ишни қилиш учун камтаринлик керак ва босим остида ҳам камтар бўлиб қолиш муҳим. Ушбу охирзамонда атрофдагилар «ўзини севадиган, пулпараст, мақтанчоқ, кеккайган,.. ўзини тута билмайдиган» бўлиб кетган. (2 Тим. 3:1–3) Ўзини худбинларча тутган кишилар ҳақида ҳатто яхши фикр билдирилганда Худонинг хизматчиси буни маъқулламас, лекин уларга ҳасад қилиши ҳеч гап эмас. (Заб. 37:1; 73:3) Кимдир шундай фикрга бориши мумкин: «Бошқаларнинг манфаатларини ўзимникидан устунроқ қўйишдан қандайдир наф борми? Ўзимни паст олиб юрсам, бошқалар мени ҳурмат қилмай қўймасмикин?» (Луқо 9:48) Худбинлик бизга ҳам таъсир қилишига йўл қўйсак, имондошларимиз билан ўзаро меҳрга тўла муносабатларимизга путур етади ва бошқалар ҳам масиҳий эканимизнинг фарқига бормай қолади. Лекин Муқаддас Китобдаги яхши инсонларнинг ўрнаги устида изланиш олиб бориб, уларга тақлид қилсак мукофотсиз қолмаймиз.

2. Садоқатли инсонларнинг ўрнаги бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

2 Агар садоқатли инсонларнинг ўрнагидан андоза олишни истасак, шундай натижага эришиш учун қилган ишлари борасида изланиш олиб бориш даркор. Қандай қилиб улар Аллоҳ билан дўст бўла олишган, Уни мамнун этишган ва Унинг иродасини бажариш учун қаердан куч олишган? Бундай тадқиқ ўтказиш маънан озиқланишимизнинг муҳим бир қисмидир.

МАЪНАВИЙ ОЗУҚА ШУНЧАКИ МАЪЛУМОТ ЭМАС

3, 4. а) Маънавий йўл-йўриқни қаердан оляпмиз? б) Нега маънавий озуқа билим олишдан кўра кўпроқ нарсани англатади деб айта оламиз?

3 Муқаддас Китоб, адабиётлар, веб-сайт, JW Интернет-телевидение, йиғилишлару анжуманларимиздан таълим олиб, талайгина яхши маслаҳатларга эга бўламиз. Аммо Исонинг Юҳанно 4:34 даги сўзларига биноан, маънавий озуқа шунчаки билим олишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Қизиқ, бу нима экан? Исо: «Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир»,— деб айтган.

4 Ҳа, Исо учун маънавий озуқа Худонинг йўл-йўриғига амал қилишни ҳам ўз ичига олган. Хўш, бу озуқа қайси жиҳати билан том маънодаги озуқага ўхшайди? Тўйимли озиқ-овқатни еганимизда, танамиз кучга тўлганидай, Худонинг иродасини бажарганимизда, абадий ҳаётга эришиш учун имонимиз мустаҳкамланади. Неча маротаба ваъзгўйликка чарчаган ҳолда боргансиз-у, аммо далда ва тасалли олиб қайтгансиз?

5. Донолик ила йўл тутишнинг мукофоти қандай?

5 Илоҳий йўл-йўриққа риоя қилиш доноликдан дарак. (Заб. 107:43) Доноликнинг мукофоти буюк. «Кўнглинг тусаган ҳеч нарса унга тенг келмайди. [...] Унга эга бўлганлар учун у ҳаёт дарахтидир. Унга маҳкам тирмашганлар бахтли деб аталади». (Ҳик. 3:13–18) Исо: «Булардан хабардор экансиз, уларга риоя қилсангиз, бахтиёр бўласиз»,— деб айтган. (Юҳан. 13:17) Шогирдларининг бахтиёрлиги Исо уларга буюрган йўл-йўриққа амал қилишларига боғлиқ эди. Улар унинг таълимотларидан хабардор бўлиб, ўрнаги ҳақида маълумотга эга бўлибгина қолмай, билганларига дарров амал қилишган. Бу уларнинг ҳаёт тарзига айланган.

6. Нима учун доим донолик ила йўл тутишимиз муҳим?

6 Тўғри деб билганларимизга доим амал қилиш жуда муҳим. Масалан, темирчи турли асбоблар, хомашёлар ва билимга эга бўлиши мумкин. Бироқ уларни қўлламаса, ҳеч қандай фойда кўрмайди. У ўз соҳасида ишлаб, бебаҳо тажрибага эга бўлгандир. Аммо у маҳоратли ва муваффақиятли бўлиши учун бу ишини давом эттириши лозим. Шу сингари, Муқаддас Китобдан ўрганганларимизга амал қилганимиз учун яхши натижага эришгандирмиз. Лекин Яҳованинг йўл-йўриғига кунда риоя қилган ҳолда камтарлик ила ҳаёт кечирсак, абадий бахтиёрликка эришамиз.

7. Янада доно бўлиш учун Муқаддас Китобдан ўрганганларимизга нисбатан қандай йўл тутишимиз лозим?

7 Келинг, камтаринлигимиз синалиши мумкин бўлган турли вазиятларга диққат қаратайлик. Қадимда садоқатли кишилар бу каби вазиятларда қандай йўл тутганини билиб олайлик. Маълумотни шунчаки кўриб чиқиш туфайли маънан мустаҳкам бўла олмаймиз. Шундай экан, ушбу вазиятларда шахсан ўзингиз қандай йўл тутишингиз борасида ўйлаб кўриб, шу заҳоти ҳаракат қилинг.

ҲАММАНИ ТЕНГ КЎРИНГ

8, 9. Ҳаворийлар 14:8–15- оятларга биноан Павлуснинг камтаринлиги қандай синалган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

8 Худо «ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб, нажот топишларини истайди». (1 Тим. 2:4) Ҳақиқатни билиб олиши керак бўлган ҳар турли анчагина одамлар тўғрисида қандай фикрдасиз? Гарчи ҳаворий Павлус ибодатхонада Худо ҳақида муайян маълумотга эга бўлган одамларни излаган бўлса-да, яҳудийлар билангина чекланиб қолмаган эди. Ўзга худоларга сажда қилган кишиларнинг муносабати туфайли унинг камтаринлиги синалган эди.

9 Павлус биринчи ваъзгўйлик сафарида бўлганида, масалан, Ликаонияда одамлар уни ва Барнабони илоҳий зотлар деб, сохта худо Зевс ҳамда Гермес исмлари билан аташган. Павлус билан Барнабо машҳур бўлиб кетиш босимига берилишганми? Улар буни сўнгги иккита шаҳарда дуч келган барча азоблардан ҳордиқ чиқариб, тасалли олишнинг фурсати деб билишганми? Улар бундай машҳурлик хушхабар тарқалишига ҳисса қўшади деган фикрга боришганми? Асло! Улар шу заҳотиёқ кийимларини йиртиб, оломон орасига отилиб киришди-да, баланд овозда: «Нега бундай қиляпсизлар? Ахир биз ҳам сизларга ўхшаган бандалармиз»,— дейишган. (Ҳавор. 14:8–15)

10. Қайси маънода Павлус билан Барнабо ўзларини Ликаониядаги одамлар билан тенг кўришган?

10 Павлус ва Барнабо номукаммал эканини тан олишган бўлса-да, уларнинг топиниши Ликаониядаги одамларнинг сиғиниши билан бир хил деб айтишмаган. Ахир улар тўла вақтли махсус ваъзгўйлар бўлиб ўзгача топшириқ олишган-ку. (Ҳавор. 13:2) Ҳа, улар муқаддас руҳ билан мойланишган ва ажойиб умидга эга бўлишган. Лекин Павлус билан Барнабо шуни тушунишганки, Ликаониядаги одамлар хушхабарни қабул қилса, улар ҳам мойланиб, шундай умидга эга бўлишади.

11. Ваъз қилганимизда қай йўсин Павлус каби камтарин бўла оламиз?

11 Қандай қилиб биз ҳам Павлус каби камтарин бўла оламиз? Авваламбор, Яҳованинг кучи билан бажараётган ишлар учун қандайдир мақтов сўзларини кутмаслигимиз ёки уларни ўзимизга қаратмаслигимиз лозим. Ҳар биримиз ўзимиздан шундай сўраб кўрсак яхшидир: «Мен ваъз қилаётганимда инсонлар ҳақида қандай нуқтаи назардаман? Ҳудудимдаги муайян одамларга нисбатан била туриб юзхотирчилик қилмаяпманми?» Шуниси мақтовга сазоворки, Яҳованинг Шоҳидлари бутун дунё бўйлаб ўз ҳудудларида хушхабарни қабул қилишга мойил бўлган инсонларни излаб-топишга бел боғлашган. Баъзан бунинг учун алоҳида бўлиб яшайдиган одамларнинг тилини ва маданиятини ўрганиш талаб этилиши мумкин. Яҳованинг Шоҳидлари ўзларини бундай кишилардан устун қўймайди. Аксинча, улар ҳар бир кишини тушунишга ҳаракат қилишади, токи Шоҳлик хабари унинг қалбини забт этсин.

БОШҚАЛАРНИНГ ИСМЛАРИНИ ТИЛГА ОЛИБ ИБОДАТ ҚИЛИНГ

12. Қандай қилиб Эпафрас худбинликдан холи бўлганини кўрсатган?

12 Илоҳий йўл-йўриққа амал қилаётганимизни кўрсатишнинг яна бир усули «биз қатори қимматбаҳо имонга эга бўлганлар» ҳақида ибодат қилишдир. (2 Бутр. 1:1) Масалан, Эпафрас шундай қилган. Бу инсон ҳақида Муқаддас Китобда фақат уч маротаба — Павлуснинг илоҳий илҳом остида ёзган мактубларида гап кетган. Павлус Римда уй қамоғида бўлганда, Колосадаги масиҳийларга мактуб ёзаётганда Эпафрасни тилга олиб, «у доимо жон куйдириб [сизлар учун] ибодат қиляпти» деган. (Колос. 4:12) Эпафрас биродарларни яхши билган ва улар ҳақида жуда қайғурган. У Павлус каби «занжирбанд» бўлгани ўзгаларга маънавий томондан ёрдам беришига тўсқинлик қилмаган. (Филим. 23) Бу борада Эпафрас баъзи ишлар қилгани, у худбинликдан холи бўлганини кўрсатяпти. Имондошларимиз учун ибодат қилиш кучли таъсирга эга, айниқса уларнинг исмларини тилга олиб, ҳар бири учун ибодат қилсак яхши бўлади. (2 Кор. 1:11; Ёқб. 5:16)

13. Ибодат қилиш борасида Эпафрасга қандай тақлид қила оласиз?

13 Исмини тилга олиб ибодат қилиш мумкин бўлган инсонлар ҳақида ўйлаб кўринг. Эпафрасга ўхшаб кўпгина биродару опа-сингилларимиз ўз жамоатидагилар учун ибодат қилади. Қолаверса, улар масъулиятга эга бўлган оилалар ёки жиддий қарор олдида турган ёхуд васвасалар билан курашаётганлар учун ибодат қилади. Кўпчилик jw.org сайтимизда турли тилларда мавжуд бўлган «Эътиқоди учун ҳибсга олинган Яҳованинг Шоҳидлари бор мамлакатлар» номли сарлавҳа остида исмлари келтирилган имондошларимиз учун ибодат қилади. (НОВОСТИ > ЮРИДИЧЕСКАЯ СИТУАЦИЯ сарлавҳасига қаранг.) Шунингдек, яқини ҳаётдан кўз юмган имондошларимиз, табиий офат ва урушлардан ҳамда иқтисодий инқироз дастидан азият чекканлар ҳақида ибодат қилиш мақсадга мувофиқ. Шубҳасизки, кўпгина биродару опа-сингилларимиз ибодатларимизга муҳтож ва улар туфайли ёрдам олишлари мумкин. Демак, улар ҳақида ибодат қилганимизда, нафақат ўзимизнинг, балки бошқаларнинг манфаатини кўзлаётганимизни кўрсатамиз. (Филип. 2:4) Яҳова бундай ибодатларни эшитади.

«ТИНГЛАШГА ТАЙЁР БЎЛСИН»

14. Қай йўсин Яҳова тинглашда аъло ўрнак кўрсатмоқда?

14 Камтарин эканимизни намоён этадиган яна бир омил — бошқаларни тинглашга тайёр бўлганимиз. Ёқуб 1:19 да: «Тинглашга тайёр бўлсин»,— деган маслаҳат ёзилган. Тангри Яҳова бу борада аъло ўрнакдир (Ибт. 18:32; Ёшуа 10:14) Келинг, Чиқиш 32:11–14 даги (ўқинг) суҳбатга диққат қаратиб, қандай сабоқ олишимиз мумкинлиги ҳақида фикр юритайлик. Гарчи бу Мусонинг вазифасига кирмаган бўлса-да, Яҳова унга ўз туйғуларини ошкор этишга ижозат берди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ким ҳам хатоларга йўл қўйган кишини тинглаб, унинг сўзларига мувофиқ йўл тутади?! Ҳа, Яҳова имонли кишиларнинг илтижоларини сабр ила тинглайди.

15. Бошқаларни ҳурмат қилишда Яҳовадан қандай ибрат олсак бўлади?

15 Ҳар биримиз қуйидагилар ҳақида мулоҳаза юритсак арзийди: «Яҳова Иброҳим, Роҳила, Мусо, Ёшуа, Монувах, Илёс ва Ҳизқиё каби одамларни тинглаш учун камтаринликни намоён этган. Мен ҳам шундай қиляпманми? Барча имондошларимни ҳурмат қилиб, фикр-мулоҳазаларини тинглаб, ўринли бўлганда улар айтгандай йўл тутяпманми? Ҳозирнинг ўзидаёқ жамоатимдагилардан ёки оиламдагилардан кимдир эътиборимга муҳтожми? Нима қилишим керак? Қандай йўл тутсам бўлади?» (Ибт. 30:6; Ҳак. 13:9; 3 Шоҳ. 17:22; 2 Сол. 30:20)

«БАЛКИ ЯҲОВА ҚАЙҒУ ЧЕКАЁТГАНИМНИ КЎРАР»

Довуд шундай деган: «Тегманглар унга!» Сиз-чи, қандай йўл тутасиз? (16-, 17- хатбошиларига қаранг.)

16. Шимей Довуднинг жаҳлини чиқарганда у нима қилган?

16 Камтарлик шунингдек, кимдир жаҳлимизни чиқараётганда ўзимизни қўлга олишга кўмаклашади. (Эфес. 4:2) 2 Шоҳлар 16:5–13 да (ўқинг) бу борада ажойиб бир мисол ёзилган. Шоҳ Шоулнинг Шимей исмли қариндоши бор эди. У Довуд ва унинг хизматкорларига ёмон муносабат кўрсатиб, улар томон тошлар отиб қарғаган. Довуд бунга чек қўйиш учун ҳокимиятга эга бўлган бўлса-да, сабрли эди. Қизиқ, Довуд айнан нима туфайли ўзини қўлга олган? Бу саволнинг жавобини Забурнинг учинчи саносини таҳлил қилиб топса бўлади.

17. Довуд нима туфайли ўзини қўлга олган ва биз ундан қандай ўрнак олсак бўлади?

17 Забур китобининг 3- саносидаги сўзбошидан Довуд мазкур санони «ўғли Абсаломдан қочиб кетаётганида» ёзганини билиб оляпмиз. 1- ва 2- оятларда 2 Шоҳлар 16- бобда ёзилган воқеалар қаламга олинган. Забур 3:4 да Довуд: «Баланд овозда Яҳовани чақираман. Ўзининг муқаддас тоғидан У менга жавоб беради»,— деб ишонч билан айтган. Биз ҳам босим остида бўлганда ибодат қилсак бўлади. Шунда Яҳова бизга муқаддас руҳини ато этиб, сабр-бардошли бўлишимизга кўмаклашади. Сизга нисбатан ҳам адолатсизларча йўл тутилганда ўзингизни қўлга олиш ёки чин қалбдан кечириш керак бўлган вазиятларга дуч келсангиз-чи? Яҳова қийинчилигингиздан хабардор эканига ва барака беришига ишоняпсизми?

«ЭНГ МУҲИМИ — ДОНОЛИК»

18. Илоҳий йўл-йўриққа амал қилишда давом этсак, қандай фойда оламиз?

18 Ўрганганларимизга амал қилиш албатта қут-баракаларга етаклайди. Шубҳасизки, Ҳикматлар 4:7 даги қуйидаги сўзлар тўғри: «Энг муҳими — донолик»! Гарчи донолик билимларга асосланган бўлса-да, вазиятни тушунишнинг ўзи етарли эмас, донолигимиз айнан чиқарган қарорларимизда акс этади. Ҳатто чумолиларда доноликни кўришимиз мумкин. Улар ёзда егулик ғамлаб, инстинктив доноликни намоён этади. (Ҳик. 30:24, 25) Исо Масиҳ Аллоҳнинг ҳикмати орқали доим Уни мамнун қиладиган ишларни бажаради. (1 Кор. 1:24; Юҳан. 8:29) Худо тўғри қарор чиқариш ва унга мувофиқ йўл тутиш орасида фарқ борлигини билади. У камтарлик ила сабр-бардош қилаётганларни ва ўрганаётганларига риоя этаётганларни мукофотлайди. (Матто 7:21–23 ни ўқинг.) Шундай экан, янада камтарин бўлишимиз учун маънавий жаннатда меҳнат қилишда давом этишимиз керак. Ўрганаётганларимизга амал қилиш учун вақт ва сабр-тоқат талаб этилади, бироқ камтарлик туфайли ҳозир ва абадий бахтиёр бўла оламиз.