Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Мустаҳкамлайдиган севгини кўрсатишда давом этинг

Мустаҳкамлайдиган севгини кўрсатишда давом этинг

Севги мустаҳкамлайди. 1 КОР. 8:1

ҚЎШИҚЛАР: 25, 52

1. Исо шогирдлари билан сўнгги бор нима ҳақида суҳбатлашган?

ИСО шогирдлари билан сўнгги бор суҳбатлашар экан, севги сўзини деярли 30 маротаба тилга олган. У шогирдлари бир-бирини севиши кераклигини алоҳида таъкидлаган. (Юҳан. 15:12, 17) Бу севги шунчалик намоён бўлиши керак эдики, улар Масиҳнинг ҳақиқий шогирди экани яққол кўриниши даркор эди. (Юҳан. 13:34, 35) Бу оддий ҳис-туйғулар эмас. Исо бундан-да юксакроқ фазилатга, яъни фидойи севгига ишора қилган. У қуйидагича деган: «Ким ўз дўстлари учун жонини берса, бундан буюкроқ севги йўқдир. Мен берган амрларга риоя қилсангиз, менинг дўстларим бўласиз». (Юҳан. 15:13, 14)

2. а) Худонинг халқи орасида нимани кўришимиз мумкин? б) Ушбу мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?

2 Яҳованинг хизматчилари намоён этаётган самимий ва фидойи севги ҳамда мустаҳкам бирлик улар Унинг халқи эканини кўрсатмоқда. (1 Юҳан. 3:10, 11) Яҳованинг хизматчилари миллати, қабиласи, тили ва келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар, Масиҳнинг севгисини акс эттираётгани нақадар ажойибдир! Шундай деб қизиқишимиз мумкин: «Нега айниқса бугунги кунда севги муҳим? Қай йўсин Яҳова ҳамда Исонинг севгиси бизни мустаҳкамлайди? Қандай қилиб ҳар биримиз Масиҳ сингари “мустаҳкамлайдиган” севгини намоён эта оламиз?» (1 Кор. 8:1)

НЕГА АЙНИҚСА БУГУНГИ КУНДА СЕВГИ МУҲИМ?

3. Ушбу «ниҳоятда оғир пайтлар» одамларга қандай таъсир қилмоқда?

3 Ҳаёт «ғам-ташвишга тўла» бўлгани сабаб, ушбу «ниҳоятда оғир вақтлар»да кўплар турли даражада ҳиссий қийинчиликлар дастидан азоб чекяпти. (Заб. 90:10; 2 Тим. 3:1–5) Беҳисоб одамлар ўзини ҳаётдан чарчагандай ҳис қиляпти. Маълумотларга кўра, ҳар йили 800 000 дан ошиқ одам ўз жонига қасд қилади. Бу деярли ҳар 40 сонияда бир киши нобуд бўляпти дегани. Афсуски, баъзи масиҳийлар ҳам бу каби босимларга чидай олмай, ўз жонига қасд қилди.

4. Худонинг қайси хизматчилари ўлишни истаган?

4 Қадимда Худонинг айрим садоқатли хизматчилари дуч келган вазияти туфайли руҳи тушиб ҳатто ўлишни истаган. Масалан, Аюб оғриқ ичида нола қилиб: «Ҳаётимдан нафратланаман, умрим давом этишини истамайман»,— деб айтган. (Аюб 7:16; 14:13) Юнус пайғамбар эса вазият у кутгандай тус олмагани учун кўнгли тушиб: «Эй Яҳова, ўтинаман, жонимни олиб қўя қол, чунки яшаганимдан кўра ўлганим яхшироқ»,— деган. (Юнус 4:3) Бундан ташқари, садоқатли Илёс пайғамбар дуч келган вазияти дастидан қаттиқ қайғуриб, ўзига ҳатто ўлим тилаган. У шундай деган: «Бўлди, етар! Эй Яҳова, жонимни ола қол». (3 Шоҳ. 19:4) Лекин Тангри Яҳова ўша содиқ хизматчиларини қадрлаган ва улар яшашини хоҳлаган. Тангри бу туйғулари учун уларни танқид қилмаган. Аксинча, хизматини давом эттира олишсин дея, уларга салбий туйғуларини енгишларига ёрдам бериб, мустаҳкам бўлишлари учун уларни Ўз севгисида ишонтирган.

5. Нима сабабдан айнан ҳозир биродару опа-сингилларимиз севгимизга муҳтож?

5 Биродару опа-сингилларимиз ўзларини ҳаётдан чарчагандай ҳис қилмас, аммо уларнинг кўпи танг вазиятлар билан курашиб, мустаҳкамлайдиган севгига муҳтождир. Мисол учун, баъзилар қувғунлару зўравонликларга чидаб келмоқда. Бошқалар эса иш жойида танқид ёки ғийбатнинг қурбонига айланмоқда. Устига-устак, улар ишни белгиланган муддатда тугатишга ёки ҳаддан ортиқ ишлашига тўғри келгани учун ҳолдан тоймоқда. Яна кимларнингдир оиладаги муаммолари туфайли мадори қуримоқда. Эҳтимол, улар имондошимиз бўлмаган турмуш ўртоғи томонидан танқидларга дуч келаётгандир. Бу ва бошқа босимлар оқибатида, жамоатдаги кўпларнинг жисмонан ва ҳиссан силласи қуриган. Хўш, руҳи тушганларга таслим бўлмасликка ким ёрдам бера олади?

ЯҲОВАНИНГ СЕВГИСИ СИЗНИ МУСТАҲКАМЛАСИН

6. Қай йўсин Яҳова хизматчиларини мустаҳкамлайди?

6 Яҳова Ўз хизматчиларини сўнмас севгисида ишонтириб мустаҳкамлайди. Садоқатли исроилликлар учун Яҳованинг қуйидаги сўзларини эшитиш нақадар далда бахш этган бўлса керак: «Сен Мен учун қадрлисан, сени ҳурматга лойиқ топдим, сени севдим... Ваҳимага тушма, Мен сен биланман». (Ишаё 43:4, 5) Яҳованинг хизматчиси экансиз, У сизни жуда ҳам севишига амин бўлишингиз мумкин *. Худонинг Каломида ҳақ топинувчилар ҳақида шундай ваъда ёзилган: «У қудратли Худо, сени қутқаради. У сен учун беҳад қувонади». (Заф. 3:16, 17)

7. Қайси маънода Яҳованинг севгиси боласига ғамхўрлик қилаётган онанинг севгисига ўхшайди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

7 Масиҳийлар қандай қийинчиликларга дуч келмасин, Яҳова уларни қўллаб-қувватлашни ва тасалли беришни ваъда қилмоқда. Муқаддас Китобда: «У сизларни эмизиб, қучоғида кўтариб юради, тиззаларида эркалайди. Она ўғлини юпатгани каби, Мен ҳам сизларни юпатаман»,— деб ёзилган. (Ишаё 66:12, 13) Она боласини қучоғида кўтариб, тиззаларида эркалашини бир тасаввур қилинг! Бундай таъсирли мисол ёрдамида Яҳова Ўз хизматчиларини қанчалар қаттиқ севишини кўрсатган. Шахсан сиз ҳам Яҳовага азиз ва қадрли эканингиздан асло шубҳаланманг. (Ерм. 31:3)

8, 9. Қай йўсин Масиҳнинг севгиси бизни мустаҳкамлай олади?

8 Қолаверса, масиҳийларда Худога яқин бўлиш учун қуйидаги асос бор: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳан. 3:16) Исо ҳам ўз ҳаётини биз учун қурбон қилиб, севгисини кўрсатди. Бу севги бизни ундовчи ажойиб кучдир! Худонинг Каломида ёзилган ваъдага кўра, ҳатто қайғу-алам ёки азоб «Масиҳнинг севгисидан» бизни маҳрум эта олмайди. (Рим. 8:35, 38, 39)

9 Қийинчиликлар туфайли жисмонан, ҳиссан ёки маънан азоб чекканимизда, Масиҳнинг севгиси саботли қолишимиз учун бизга куч бахш эта олади. (2 Коринфликларга 5:14, 15 ни ўқинг.) Ҳатто табиий офат ва қувғунларга дуч келганимизда, умидимиз пучга чиққанда ёки қалбимизни тилка-пора қиладиган қийинчиликлар гирдобида қолганимизда, Масиҳнинг севгиси бизга мадад бўлиб таслим бўлмасликка ундаши мумкин.

ИМОНДОШЛАРИМИЗ СЕВГИМИЗГА МУҲТОЖ

Исонинг ўрнаги борасида тадқиқ ўтказиш сизга туртки бериши мумкин (10-, 11- хатбошиларига қаранг.)

10, 11. Руҳи тушганларга ким ёрдам бериши керак? Тушунтиринг.

10 Яҳова имонлилар жамоати орқали ҳам севгисини намоён этиб, бизни мустаҳкамлайди. Ҳар биримиз имондошларимизга нафақат маънавий, балки ҳиссий жиҳатдан севгимизни кўрсатиб, уларни мустаҳкамласак, Худонинг севгисига жавоб қайтара оламиз. (1 Юҳан. 4:19–21) Ҳаворий Павлус масиҳийларни шундай деб ундаган: «Ҳозир ҳам қилаётганингиздек, бир-бирингизга далда бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар». (1 Салон. 5:11) Дарҳақиқат, нафақат оқсоқоллар, балки жамоатдаги барча Яҳова ҳамда Исога тақлид қилган ҳолда биродару опа-сингилларга тасалли бериб, уларни мустаҳкамлаши мумкин. (Римликларга 15:1, 2 ни ўқинг.)

11 Ҳиссий зўриқишга йўлиққан баъзи имондошларимиз тиббий ёрдам олиши зарур. (Луқо 5:31) Оқсоқоллар ва жамоатдагилар бундай ёрдам кўрсатиш учун махсус таълим олмаганини камтаринлик ила тан олишлари лозим. Аммо жамоат аъзолари ва оқсоқоллар руҳи тушганларга тасалли беришда, кучсизларга ёрдамлашишда ва ҳамма одамларга сабр-тоқатли бўлишда муҳим аҳамият касб этишади. (1 Салон. 5:14) Барча масиҳийлар руҳи тушган кишини мустаҳкамлаш учун унга ҳамдардлик ва сабр-тоқат намоён этиб, тасалли бахш этувчи сўзларни айтиши керак. Сиз ҳам тасалли ва далда манбаимисиз? Қандай ёрдам беришни билсангиз, бу ҳаракатларингизни янада самарали қилади.

12. Жамоат аъзолари севги ила қўллаб-қувватлаган имондошимизнинг мисолини келтиринг.

12 Қай йўсин севгимиз орқали ҳиссан азоб чекаётганларни мустаҳкамлай оламиз? Европадаги бир имондошимиз қуйидагича бўлишди: «Баъзида ўз жонимга қасд қилиш каби фикрлар билан курашаман. Лекин мени қўллаб-қувватлайдиган дўстларим бор. Жамоатимдагилар ҳаётимни сақлаб қолишган. Биродару опа-сингиллар доим далда бериб, ўз севгисини кўрсатади. Депрессияга йўлиққанимни фақатгина бир неча киши билса-да, жамоат аъзоларининг бари менга ёрдам беради. Бир жуфтлик менинг маънавий ота-онамдай. Улар менга меҳрибонлик ила ғамхўрлик қилади ва кунига 24 соат ёнимда бўлишга тайёр». Тўғри, ҳамма ҳам бирдай ёрдам бера олмаслиги мумкин. Бироқ қўллаб-қувватлаш учун самимият ила айтган сўзларимиз ҳиссан азоб чекаётган кишига ижобий таъсир қилиши турган гап *.

ҚАЙ ЙЎСИН БОШҚАЛАРНИ СЕВГИМИЗ ИЛА МУСТАҲКАМЛАЙ ОЛАМИЗ?

13. Бошқаларни мустаҳкамлашни истасак, нима қилишимиз зарур?

13 Яхши тингловчи бўлинг. (Ёқб. 1:19) Бошқаларни ҳамдардлик ила тинглаш севгидан далолатдир. Азоб чекаётган кишининг ҳис-туйғуларини тушуниш учун хушмуомалалик ва ҳамдардликни намоён этган ҳолда саволлар беришингиз мумкин. Шу йўсин имондошингизга раҳмдиллик кўрсатиб, уни мустаҳкамлай оласиз. У учун чин дилдан севги ила қайғураётганингиз юзингиздан кўриниб турсин. Борди-ю, имондошингиз бирон нарса ҳақида батафсил гапиришни истаса, сабрли бўлиб гапини бўлманг. Сабр-тоқат билан тингласангиз, ҳис-туйғуларини яхшироқ тушуна оларсиз. Бу туфайли у сизга ишонади ва уни мустаҳкамлаш учун айтаётган сўзларингизга қулоқ солишга мойилроқ бўлади. Чин дилдан қайғураётганингизни кўрсатсангиз, у севгингиздан тасалли олади.

14. Нима учун танқид қилишдан қочиш керак?

14 Танқид қилманг. Депрессияга йўлиққан кишини танқид қилсак, бу уни янада эзади. Бунинг устига, севги ила мустаҳкамлаш учун қилаётган ҳаракатларимиз пучга чиқиши ҳеч гап эмас. Зеро, «ўйламай айтилган гап қиличдай жароҳатлайди, дононинг тили эса шифо беради». (Ҳик. 12:18) Албатта, депрессияга чалинган инсонларни оғриқ келтирадиган сўзларимиз билан атайин «жароҳатламаймиз». Лекин ҳатто била туриб «жароҳатламасак-да», натижаси жуда оғриқли бўлиши турган гап. Бошқаларни севги ила мустаҳкамлашни истасак, ҳамдардлик кўрсатиб, ўзимизни уларнинг ўрнига қўйиб кўришимиз лозим. (Мат. 7:12)

15. Бошқаларни севги ила мустаҳкамлашда қандай ажойиб қўлланмаларга эгамиз?

15 Худонинг Каломидан фойдаланиб тасалли беринг. (Римликларга 15:4, 5 ни ўқинг.) Таскин ва тасалли бахш этишда Муқаддас Ёзувлар хазинадир. Боиси, Муқаддас Китоб «сабр-бардош ва тасалли бахш этадиган Аллоҳ»дан келган. Таскин бахш этувчи оятлардан ташқари, бу борада тадқиқ ўтказиш учун ажойиб қўлланмаларга эгамиз. Масалан, «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ва «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»дан фойдаланишимиз мумкин. Мазкур қўлланмалар ёрдамида ҳар қандай муаммо билан курашганда далда бахш этувчи Муқаддас Китобга асосланган фикрларни топишимиз мумкин. Қолаверса, улар ҳамдард бўлишимизга кўмаклашиб, севги ила қилаётган уринишларимизни самаралироқ қилади.

16. Депрессияга тушган имондошимизга далда беришни истасак, қайси фазилатларни намоён этишимиз лозим?

16 Раҳмдил ва хушмуомала бўлинг. Бошқаларни мустаҳкамлаб, уларга далда берганда мазкур фазилатларни намоён этиб самимий севгимизни кўрсатамиз. Яҳова «раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир». У Ўз хизматчиларига «меҳр-шафқат» кўрсатади. (2 Коринфликларга 1:3–6 ни ўқинг; Луқо 1:78; Рим. 15:13) Бу борада Павлус қуйидаги сўзларни ёзиб, аъло ўрнак қолдирган: «Сизларга худди болаларини паҳпаҳлаб боқадиган она каби юмшоқ муомала қилганмиз. Хуллас, биз сизларга шу қадар кўнгил боғлаган эдикки, фақат Аллоҳнинг хушхабарини эмас, балки ўз жонимизни ҳам беришга тайёр эдик, чунки биз сизларни севиб қолгандик». (1 Салон. 2:7, 8) Худо каби раҳмдил бўлсак, руҳи тушган кишиларнинг ибодатига жавоб бўлишимиз мумкин.

17. Қандай нуқтаи назар имондошларимизни севги ила қўллаб-қувватлашимизга ёрдам беради?

17 Имондошларингиздан мукаммалликни кутманг. Биродару опа-сингилларга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлинг. Имондошлардан мукаммалликни кутиш нотўғри бўларди, бунинг натижасида кўнглимиз қолиши мумкин. (Воиз 7:21, 22) Шуни унутмангки, Яҳова хизматчиларидан бирон нима талаб қилса, уларнинг имкониятларини инобатга олади. Биз ҳам Унга тақлид қилсак, бошқаларнинг камчиликларига чидашга тайёр бўламиз. (Эфес. 4:2, 32) Улар ўзларини кам ҳисса қўшаётгандай ҳис этмаслиги учун, уларни мақташни мақсад қилинг. Бу уларга далда бериши мумкин. Имондошларни самимият ила мақтасак, севги ила мустаҳкамлаган бўламиз. Бу туфайли улар адо этаётган муқаддас хизматидан «суюнишга сабаб топади». Уларни бошқалар билан солиштириб, кўнглимиз қолганини айтишнинг ўрнига, уларни мақташ яхшироқдир. (Галат. 6:4)

18. Бошқаларни севги ила мустаҳкамлаш учун қандай сабабимиз бор?

18 Яҳованинг сурувидаги ҳар бир одам У учун ва ўз жонини қурбон қилган Исо учун жуда қадрли. (Галат. 2:20) Биз ҳам биродару опа-сингилларимизни яхши кўрамиз. Шунингдек, улар ҳақида меҳрибонлик ва севги ила ғамхўрлик қилишни истаймиз. Далда манбаи бўлиш учун «келинглар, тинчлик келтирадиган ва бир-биримизни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нарсалар пайида бўлайлик». (Рим. 14:19) Жаннатда ҳеч қандай тушкунлик бўлмайдиган пайтни интиқиб кутяпмиз! Ўшанда касаллик, уруш, мерос бўлиб ўтадиган ўлим, қувғун, оиладаги зўравонлик ва пучга чиққан умидлар бўлмайди. Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви тугагач эса, барча инсонлар мукаммалликка эришади. Охирги синовдан ўтганлар «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлиб» Унинг ер юзидаги фарзандларига айланади. (Рим. 8:21) Илоё, барчамиз мустаҳкамловчи севгини кўрсатишда давом этиб, бир-биримизга қувонч ва мукофотга эришишга кўмаклашайлик!

^ абз. 6 «Яҳова Таолога яқинлашинг» номли китобнинг (рус) 24- бобига қаранг.

^ абз. 12 Ўз жонига қасд қилиш каби фикрлар билан курашиш борасидаги амалий маслаҳатларни «Уйғонинг!» журналидаги «Нима учун яшаш керак? Яшаш учун учта сабаб» (2014 йил апрель, рус), «Ҳаётдан чарчагандай туюлганда» (2012 йил январь, рус) ва «Яшаш арзийди» (2001 йил 22 октябрь, рус) номли мақолалардан топишингиз мумкин.