Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ёши улуғ имондошлар, Яҳова садоқатингизни қадрлайди

Ёши улуғ имондошлар, Яҳова садоқатингизни қадрлайди

ДУНЁ бўйлаб оқсоқоллар Яҳованинг халқига хизмат қилиш шарафини қадрлайди. Улар барчамиз учун ажойиб баракадир! Аммо яқинда бир ўзгариш бўлди. Кекса оқсоқоллардан баъзи масъулиятли вазифаларини ёшроқ оқсоқолларга топшириш сўралган эди. Хўш, нима учун?

Ўзгаришга кўра, туман нозирлари ва ташкилотимиз мактабларида таълим берувчи биродарлар 70 га киргач, мазкур хизмат турини давом эттира олмайди. Қолаверса, ёши 80 да бўлган оқсоқоллар Филиал қўмитаси аъзоси ёки оқсоқоллар кенгашининг раиси бўлиш каби вазифаларни ёшроқ оқсоқолларга топшириши лозим. Ёши улуғ азиз имондошларимиз бундай ўзгаришга қандай муносабат кўрсатди? Улар Яҳовага ҳамда Унинг ташкилотига содиқ қолишди!

Деярли 49 йил давомида Филиал қўмитасининг раиси бўлиб хизмат қилган Кен биродаримиз қуйидагича деди: «Бу ўзгариш менга жуда маъқул келди. Аслида, ўша куни эрталаб Яҳовага ибодат қилиб, раис сифатида хизмат қилиш учун ёшроқ биродар кераклигини айтгандим». Дунё бўйлаб бошқа ёши улуғ садоқатли оқсоқоллар ҳам Кен каби муносабат кўрсатди. Албатта, бу биродарлар хизматини севгани боис, бошида бир оз руҳи тушган.

Оқсоқоллар кенгашининг раиси бўлган Эсперандио: «Аввалига озгина хафа бўлдим»,— деб бўлишди. Кейин у шундай деди: «Заифлашиб бораётган соғлигимга ғамхўрлик қилиш учун кўпроқ вақт ажратишим керак эди». Эсперандио садоқат ила хизмат қилишда давом этмоқда ва жамоати учун баракадир.

Узоқ вақт мобайнида туман нозири бўлиб хизмат қилган ва кейин вазифаси ўзгарган биродарлар ҳақида нима деса бўлади? Масалан, 38 йил давомида туман нозири бўлиб хизмат қилган Аллан: «Бошида бу мен учун кутилмаган янгилик бўлди»,— деб айтди. Аммо у ёшроқ биродарларни хизмат учун тайёрлаш фойдали эканини кўряпти ва садоқат ила хизмат қилишдан тўхтамаяпти.

Рассел 40 йил мобайнида туман нозири бўлиб хизмат қилган ва ташкилотимиз мактабларида таълим берган. Ўзгариш ҳақида илк бор эшитганида рафиқаси икковининг руҳи тушган. «Хизматимизни роса қадрлардик ва уни давом эттириш учун ҳам ақлан, ҳам жисмонан кучимиз бор деб ўйлардик»,— дея бўлишди у. Ҳозирда Рассел ва унинг рафиқаси маҳаллий жамоатда таълим бериб, ўз тажрибалари билан бўлишмоқда. Жамоат аъзолари бундан жуда хурсанд.

Борди-ю, юқорида айтиб ўтилган вазиятларга шахсан дуч келмаган бўлсангиз, Шоҳлар тарихининг иккинчи китобида келтирилган бир воқеа уларнинг ҳис-туйғуларини тушунишингизга ёрдам беради.

КАМТАРИНЛИК ВА ХОЛИСЛИК ИЛА ЁНДАШГАН БИР КИШИ

Довуднинг ўғли Абсалом исён кўтарган воқеани эсланг. Довуд Қуддусдан Иордан дарёсининг шарқига, яъни Моханайимга қочган. Бу ерда Довуд ва у билан бўлганлар яшаш учун асосий нарсаларга муҳтож бўлган. Ўшанда нима бўлгани ёдингиздами?

У ердаги учта киши тўшак, турли хил озиқ-овқат ва керакли идишларни сахийлик ила тақдим этди. Бу учта киши орасида Борзулай ҳам бор эди. (2 Шоҳ. 17:27–29) Абсаломнинг исёнига чек қўйилганда Довуд Қуддусга қайтиши мумкин эди. Ўшанда Борзулай уни Иордан дарёсидан ўтказиш учун келди. Довуд уни Қуддусга боришга ундади. Гарчи Борзулай «жуда ҳам бой киши бўлиб» озиқ-овқатга муҳтож бўлмаса-да, шоҳ уни егулик билан таъминлашни таклиф қилди. (2 Шоҳ. 19:31–33) Афтидан, Довуд Борзулайнинг фазилатларини ва маслаҳатларини қадрлагани учун унга буни таклиф қилган. Шоҳ саройида яшаш ва меҳнат қилиш улкан шараф эди!

Борзулай вазиятга холисона ёндашди ва камтаринлик ила ёши 80 га бориб қолганини айтди. Кейин эса: «Мен яхши билан ёмоннинг фарқига бормайман»,— деди. Қизиқ, у нимани назарда тутди? Шубҳасизки, ҳаёти давомида Борзулай донолик фазилатини ривожлантирган. Шоҳ Рахабомга «оқсоқоллар» маслаҳат берганидек, Борзулай ҳали ҳам яхши таклифлар айта оларди. (3 Шоҳ. 12:6, 7; Заб. 92:12–14; Ҳик. 16:31) Шундай экан, Борзулай яхши билан ёмоннинг фарқига бормаслигини айтганда, эҳтимол, кексайиб қолгани туфайли заифлашиб, имкониятлари чегараланганини назарда тутгандир. У ҳатто қарилик унинг таъм сезиш ва эшитиш қобилиятларига таъсир қилганини тан олди. (Воиз 12:4, 5) Шу йўсин Борзулай Довудни Химхам исмли йигит билан бирга Қуддусга қайтишга ундади. Афтидан, бу йигит Борзулайнинг ўғли бўлган. (2 Шоҳ. 19:35–40)

КЕЛАЖАК УЧУН РЕЖА ТУЗИШ

Демак, ёш билан боғлиқ ўзгаришлар Борзулай намоён этган муносабатни акс эттиряпти. Шуниси аниқки, Борзулайнинг вазиятида бўлганидек, бугунги кунда ҳам қилиниши керак бўлган ишлар бир кишининг шароитию қобилиятларидан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Шундай экан, дунё бўйлаб хизмат қилаётган садоқатли оқсоқоллар учун айнан нима яхши бўлишини холисона кўриб чиқишга эҳтиёж туғилди.

Камтарин кекса оқсоқоллар масъулиятли вазифаларини ёшроқ биродарларга топширишса, Яҳованинг ташкилоти келажакда мустаҳкам бўлишини тушунишди. Борзулай эҳтимол, ўз ўғлига, ҳаворий Павлус эса Тимўтийга таълим бергани сингари аксарият ҳолларда ёши улуғ оқсоқоллар ёшроқ биродарларга таълим беришган. (1 Кор. 4:17; Филип. 2:20–22) Ҳозир эса ушбу ёшроқ биродарлар «Масиҳнинг танасини барпо этиш учун» «ҳадя сифатида» берилган одамлар эканини кўрсатишди. (Эфес. 4:8–12; Саҳрода 11:16, 17, 29 ни солиштиринг.)

БЎЛИШИШНИНГ ТУРЛИ ИМКОНИЯТЛАРИ

Жаҳон бўйлаб жамоатлардаги кўплар муайян вазифаларидан озод бўлгач, хизматини кенгайтиришнинг янги усулларидан фойдалана олишди.

19 йил давомида туман нозири бўлиб хизмат қилган Марко шундай деди: «Ҳозирги вазиятим жамоатимиздаги опа-сингилларнинг имондошимиз бўлмаган эрлари билан танишишга имкон бермоқда».

«Бизнинг янги мақсадимиз фаолиятсиз бўлиб қолганларга ёрдам бериш ва кўпроқ Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш»,— деб бўлишди 28 йил мобайнида туман нозири бўлиб хизмат қилган Геральдо. Унинг айтишича, ҳозир у турмуш ўртоғи билан 15 та тадқиқ ўтказмоқда ва фаолиятсиз бўлиб қолган анчагина ваъзгўйлар йиғилишларга қатнамоқда.

Юқорида тилга олинган Аллан қуйидагича деди: «Бизда ҳозир ваъзгўйлик хизматининг кўпроқ турларида банд бўлиш имкони бор. Биз омма олдида ва иш жойларда шоҳидлик беришдан ҳамда қўшниларимизга ваъз қилишдан хурсандмиз. Улардан иккитаси Йиғилиш залига келди».

Агар сиз ҳам янги вазифа олган қобилиятли ва садоқатли биродар бўлсангиз, Худога ўзгача йўллар билан хизмат қилиш имконингиз бор. Мисол учун, жамоатдаги ёшроқ биродарлар билан бебаҳо тажрибангизни бўлишиб Яҳованинг ишини қўллаб-қувватлай оласиз. «Яҳова келишган, истеъдодли ёшроқ биродарларга таълим бермоқда»,— деб айтди юқорида тилга олинган Рассел. «Барча имондошларимиз улар ғайрат ила таълим берганидан ва оқсоқол сифатида хизматини бажарганидан фойда олади!» — деб қўшиб қўйди у. (« Ёшларга тўлақонли фойда келтиришга ёрдам беринг» номли рамкага қаранг.)

ЯҲОВА САДОҚАТИНГИЗНИ ҚАДРЛАЙДИ

Сизнинг ҳам вазифангиз ўзгарган бўлса, ижобий нуқтаи назарни сақланг. Сидқидилдан хизмат қилиб, беҳисоб инсонларнинг ҳаётига таъсир қилгансиз ва шундай қилишда давом этишингиз мумкин. Сизни яхши кўришган ва бу доим шундай бўлади.

Энг асосийси, Яҳованинг қалбидан абадий жой олгансиз. Зеро, У «сизларнинг аввал ҳам, ҳозир ҳам муқаддас кишиларга хизмат қилиб, Унинг исмига кўрсатган севгингизни ҳамда меҳнатингизни унутмайди». (Иброн. 6:10) Бу оят парчаси олдин қилган барча ишларимизга тегишли ваъдадир. Яҳова учун жуда азиз бўлганингиз боис, У аввалги меҳнатингизни ва ҳозир ҳам Уни мамнун қилишга интилаётганингизни унутмайди.

Хўш, бундай ўзгаришларга шахсан дуч келмаган бўлсангиз-чи? Шунда ҳам бу мавзу сизга тегишли бўлиши мумкин. Қандай қилиб, дейсизми?

Вазифаси ўзгарган садоқатли кекса оқсоқол билан ҳамкорлик қилаётган бўлсангиз, унинг яхши фазилатларидан ва кўп йиллик тажрибасидан фойда олишингиз мумкин. Маслаҳатлашиб, ундан таклифлар сўранг. Шунингдек, ҳозирги вазифасида тажрибаси унга қандай қўл келаётганини кузатинг.

Вазифаси ўзгарган кекса оқсоқолмисиз ёки фойда келтириши мумкин бўлган биродар ё опа-сингилмисиз, шуни унутмангки, Яҳова Унга узоқ йиллар давомида хизмат қилган ва буни давом эттираётган кишиларнинг садоқатини қадрлайди.