Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қудратли ва мулоҳазакор

Қудратли ва мулоҳазакор

Қандай ясалганимизни У [Яҳова] яхши билади, тупроқ эканимизни ёдида тутади. ЗАБ. 103:14

ҚЎШИҚЛАР: 51, 9

1, 2. а) Қудратли кишилардан фарқли ўлароқ, Яҳова одамларга қандай муносабатда? б) Ушбу мақолада нима ҳақида гап боради?

ҚУДРАТЛИ ва обрўли кишилар кўпинча бошқалар «устидан бошқариб», ўзларини улардан устун деб билишади. (Мат. 20:25; Воиз 8:9) Бу Яҳовадан қанчалик фарқ қилади-я! Гарчи у Қудратли Шахс бўлса-да, номукаммал одамлар билан муносабат қилганда мулоҳазакорлик намоён этади. У меҳрибон ва эътиборли. Худо ҳис-туйғуларимизни инобатга олади ва эҳтиёжларимизга диққат қаратади. Дарҳақиқат, У «тупроқ эканимизни ёдида тутади» ва ҳеч қачон кучимиздан ортиғини талаб қилмайди. (Заб. 103:13, 14)

2 Яҳова хизматчилари билан муносабат қилганда мулоҳазакорликни кўрсатгани борасида Муқаддас Китобда кўпгина мисоллар бор. Келинг, улардан учтасини кўриб чиқайлик. Биринчиси, ёш Шомуил олий руҳоний Элахга ҳукм хабарини етказиши керак бўлганида, Шомуилга ёрдам бериш учун У эътиборли бўлган. Иккинчиси, Мусо Исроил халқини Мисрдан олиб чиқиш учун у ерга боришни хоҳламаган. Аммо Яҳова унга нисбатан сабр намоён этган. Учинчиси, Яҳова Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанида мулоҳазакорлик ила йўл тутган. Мазкур мисоллар устида мулоҳаза юритар эканмиз, улар Яҳова борасида нимани очиб бераётгани ва олган сабоқларимизни қай йўсин татбиқ этишимиз мумкинлигига диққат қаратинг.

ОТАЛАРЧА ЭЪТИБОРЛИ

3. Бир куни тунда Шомуил билан қандай кутилмаган воқеа юз берди ва қандай савол туғиляпти? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 Шомуил кичиклигиданоқ муқаддас чодирда «Яҳовага хизмат қилишни» бошлаган. (1 Шоҳ. 3:1) Бир куни Шомуил дам олаётганида кутилмаган воқеа юз берди *. (1 Шоҳлар 3: 2–10 ни ўқинг.) Шомуил кимдир уни чақираётганини эшитди. Бу кексайиб қолган олий руҳоний Элахнинг овози деб ўйлаб, Шомуил итоаткорлик ила унинг ёнига югуриб борди-да: «Лаббай, мени чақирдингизми?» — деб сўради. Элах уни чақирмаганини айтди. Бу ҳолат бир неча маротаба такрорлангач, Элах Шомуилни Худо чақираётганини тушунди ва кейинги сафар қандай жавоб беришни айтди. Яҳова фариштаси орқали нозил бўлганида нима сабабдан биринчи сафардаёқ Ўзини ошкор қилмади? Муқаддас Китобда бу ҳақда айтилмаган, лекин воқеалар қандай тус олганидан шуни кўришимиз мумкинки, Худо Шомуилнинг ҳис-туйғуларини инобатга олган.

4, 5. а) Шомуил Худо унга топширган вазифага қандай муносабат билдирди ва эртаси куни нима бўлди? б) Мазкур воқеадан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпмиз?

4 1 Шоҳлар 3:11–18 ни ўқинг. Яҳова берган қонунга биноан, болалар ёши улуғ кишиларни, айниқса йўлбошчиларни ҳурмат қилиши зарур эди. (Чиқ. 22:28; Лев. 19:32) Эртаси куни ёш Шомуил Элахнинг олдига бориб, жасорат ила ҳукм хабарини айтаётганини тасаввур қилиш қийин. Аслида, Шомуил «кўрган ваҳийсини Элахга айтиб беришдан қўрқди». Лекин Худо Шомуилни чақираётганини Элахга аниқ қилиб кўрсатди. Шунинг учун, Элах ташаббус кўрсатиб, Шомуилга барчасини айтиб беришни буюрди. Шомуил итоаткорлик ила «ҳаммасини айтиб берди».

5 Шомуилнинг сўзлари Элах учун янгилик бўлмаган. Зеро, унинг айтганлари бундан олдин келган исми номаълум пайғамбарнинг сўзларига мувофиқ эди. (1 Шоҳ. 2:27–36) Ушбу воқеадан Яҳова қанчалик мулоҳазакор ва доно эканини кўряпмиз.

6. Худо ёш Шомуилга ёрдам берганидан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Сиз ҳам ёшмисиз? Шундай бўлса, Шомуил билан бўлган воқеалар Тангри Яҳова қийинчиликларингизни ва ҳис-туйғуларингизни тушунишини кўрсатяпти. Эҳтимол, уятчандирсиз ёки хушхабарни катталар билан бўлишишга, тенгдошларингиздан ажралиб туришга қийналарсиз. Амин бўлишингиз мумкинки, Яҳова сизга ёрдам беришни истайди. Ибодатларда юрагингизда борини Яҳовага тўкиб солинг. (Заб. 62:8) Муқаддас Китобда келтирилган Шомуил каби ёшларнинг мисоли борасида фикр юритинг. Сизникига ўхшаш қийинчиликларни енгиб ўтган ёш ёки ёши катта имондошингиз билан суҳбатлашинг. Яҳова уларга баъзида кутилмаган тарзда кўмаклашгани ҳақида айтиб беришлари аниқ.

МУСОГА НИСБАТАН МУЛОҲАЗАКОРЛИК

7, 8. Қай йўсин Яҳова Мусога нисбатан мулоҳазакорлик намоён этди?

7 Мусо 80 ёшда бўлганида Яҳова унга масъулиятли вазифа топширди. Мусо Исроил халқини Миср қуллигидан озод этиши керак эди. (Чиқ. 3:10) Мидиёнда 40 йил чўпонлик қилгач, бундай вазифани олганидан Мусо ўзини йўқотиб қўйган бўлса керак. У: «Мен ким бўлибманки, фиръавн ҳузурига бориб, Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?» — деб айтган. Худо уни: «Мен сен билан бирга бўламан»,— деб ишонтирган. (Чиқ. 3: 11, 12) Қолаверса, Худо Исроил оқсоқоллари «сўзларингга қулоқ солишади» деган. Аммо шунда ҳам Мусо: «Гапларимга қулоқ солишмаса-чи?» — деб сўраган. (Чиқ. 3:18; 4:1) Бошқача қилиб айтганда, Мусо Худога қарши чиққан. Аммо Яҳова сабрли бўлган. Ҳатто бундан ортиғини ҳам қилган. У Мусога мўъжизалар яратиш қобилиятини берган. Мусо бундай қобилиятга эга бўлган биринчи инсондир! (Чиқ. 4:2–9, 21)

8 Мусо яхши гапира олмаслигини айтиб, узрли сабаблар келтирмоқчи эди. Бироқ Тангри унга жавоб бериб: «Гапираётганингда сенга ёрдам бериб, нима дейишингни ўргатиб тураман»,— деди. Хўш, Мусо рози бўлдими? Йўқ, чунки у Худодан бошқа бир кишини юборишини сўради. Шунда Яҳованинг аччиғи келди. Аммо У жаҳлини тия олган. Яҳова Мусонинг ҳис-туйғуларини инобатга олаётганини яна бир бор кўрсатиб, унинг ўрнига гапириши учун Ҳорунни тайинлаган. (Чиқ. 4:10–16)

9. Яҳова сабр-тоқат ва мулоҳазакорликни намоён этгани қай йўсин Мусога ёрдам берди?

9 Ушбу воқеадан Яҳова ҳақида нимани билиб олдик? Қодир Тангри сифатида Яҳова Мусони тезда Ўзига бўйсундириши мумкин эди. Аммо У сабр-тоқат ва меҳрибонлик намоён этиб, камтарин ва итоатли хизматчисини ишонтиришга ҳаракат қилди. Хўш, бу иш бердими? Бўлмасам-чи! Мусо бошқалар билан муносабат қилганда Яҳова каби мулоҳазакорликни намоён этган ажойиб йўлбошчига айланди. (Саҳ. 12:3)

Бошқалар билан муомала қилганда, Яҳовага тақлид қиляпсизми? (10- хатбошига қаранг.)

10. Яҳованинг мулоҳазакорлигига тақлид қилсак, қандай фойда оламиз?

10 Қандай сабоқ олсак бўлади? Оила боши, ота-она ёки жамоат оқсоқолимисиз? Агар шундай бўлса, демак муайян ҳокимиятга эгасиз. Сиз қарамоғингиздаги кишиларга меҳрибон, сабр-тоқатли бўлиб мулоҳазакорликни намоён этган ҳолда Яҳовага тақлид қилишингиз жуда муҳим. (Колос. 3:19–21; 1 Бутр. 5:1–3) Яҳовага ҳамда Исога тақлид қилишга интилсангиз, бошқалар сизга бемалол мурожаат қила олади ва уларга далда бахш эта оласиз. (Мат. 11: 28, 29) Боз устига, тақлид қилишга арзигулик ўрнак кўрсатасиз. (Иброн. 13:7)

ЭҲТИРОМ ҲИССИНИ УЙҒОТАДИГАН МУЛОҲАЗАКОР ҚУТҚАРУВЧИ

11, 12. Исроил халқини Мисрдан олиб чиққанида, улар ўзини хавфсиз ва ҳимоя остида ҳис эта олиши учун Яҳова нима қилган?

11 Исроил халқи милоддан аввалги 1513 йили Мисрни тарк этганда, уларнинг сони уч миллиондан ошган. Уларнинг учинчи ё ҳатто тўртинчи авлоди бўлиб, ораларида болалар, кексалар ва ҳатто касал ёки ногирон бўлган кишилар ҳам бор эди. Бундай улкан оломонни Мисрдан олиб чиқиш учун ақл-идрокли ва эътиборли Йўлбошчи керак эди. Яҳова Мусо орқали айнан шундай Йўлбошчи эканини исботлади. Натижада, Исроил халқи уйи деб билган яккаю ягона жойни тарк этаётганида ўзини хавфсиз ҳис қилган. (Заб. 78: 52, 53)

12 Халқи ўзини хавфсиз ва ҳимоя остида ҳис эта олиши учун Яҳова нима қилган? Аввало, Яҳова улар Мисрдан «аскарлар гуруҳига ўхшаб тартиб билан» чиқишини ташкиллаштирди. (Чиқ. 13:18) Шу тарзда ташкиллаштириш туфайли Исроил халқи ҳаммаси Худонинг назорати остида эканига амин бўлган. Бундан ташқари, Яҳова «кундузи булут орқали, кечаси эса олов ёруғи орқали» улар билан эканини билдириб турди. (Заб. 78:14) Яҳова гўёки уларга: «Қўрқманглар. Мен Ўзим сизларни йўналтириб, ҳимоя қиламан» дегандай бўлди. Ҳа, бундай ишонтирув жуда муҳим эди.

Яҳова Исроил халқига Қизил денгизда қандай мўъжиза кўрсатди? (13- хатбошига қаранг.)

13, 14. а) Яҳова Қизил денгизда Исроил халқига қандай мўъжиза кўрсатади? б) Яҳова мисрликлардан қудратлироқ эканини қай йўсин кўрсатади?

13 Чиқиш 14:19–22 ни ўқинг. Фиръавннинг қўшини ва Қизил денгиз орасида қолганингизни тасаввур қилинг. Бу вазиятга Тангри аралашади. Булут устуни қароргоҳдан ортга кўчганда мисрликлар қоронғиликда қолиб кетади. Аммо қароргоҳингизда мўъжизавий тарзда ёруғлик турибди. Сўнг Мусо қўлини денгиз томон чўзганда, шарқдан шамол эсиб денгиз иккига бўлинганини кўрасиз. Шунда сиз, оилангиз ва уй ҳайвонларингиз бошқа одамлар билан бирга тартиб ила денгиз тубидан юрасиз. Буни қарангки, ўзгача бир нарсанинг гувоҳи бўласиз! Денгиз туби ботқоқ ёки совуқ эмас, аксинча бемалол юра олишингиз учун қуруқ ва қаттиқ. Бу туфайли ҳатто энг секин юрадиган киши ҳам бемалол нариги тарафга ўта олади.

14 Чиқиш 14:23, 26–30 ни ўқинг. Шу пайтда мағрур ва нодон фиръавн ҳам уларнинг изидан таъқиб қилиб денгиз тубига тушади. Бу сафар ҳам Мусо қўлини денгиз томонга узатади. Энди қотиб турган иккита сув девори қулайди. Худди цунами тўлқинлари бир-бирига урилгандай, денгиз иккита тарафдан бирлашади. Фиръавн ва унинг қўшини унга ғарқ бўлади. (Чиқ. 15:8–10)

15. Ушбу воқеадан Яҳова ҳақида нимани билиб олдингиз?

15 Бу воқеадан кўрганимиздай, Яҳова тартиб Худоси ва Унинг бу фазилати туфайли биз хавфсизлик ва ҳимояни ҳис эта оламиз. (1 Кор. 14:33) Шунингдек, Яҳова қўйларига меҳрибонлик ила ғамхўрлик қиладиган чўпондай эканини амалий йўллар билан кўрсатди. У халқини севги ила Ўз қучоғига олади, душманларидан ҳимоя қилади. Ушбу замонанинг сўнгида юз берадиган воқеаларга дуч келар эканмиз, мазкур ҳақиқатни билиш ишончимизни мустаҳкамлайди. (Ҳик. 1:33)

16. Яҳова Исроил халқини етаклаганини кўриб чиқишдан қандай сабоқ оляпмиз?

16 Бугунги кунда ҳам Яҳова маънавий ва жисмоний тарафдан Ўз халқига гуруҳ сифатида ғамхўрлик қилмоқда. Яқинлашиб келаётган буюк мусибат пайтида ҳам У шундай қилишда давом этади. (Ваҳ. 7:9, 10) Шундай экан, хоҳ ёш, хоҳ кекса, хоҳ соғлом, хоҳ ногирон бўлсин Худонинг хизматчилари буюк мусибат пайтида қўрқиб, хавотирга тушмайди *. Аксинча, улар бошқача муносабатда бўлади. Улар Исонинг қуйидаги сўзларини ёдда сақлашади: «Қоматингизни ғоз тутиб бошингизни кўтаринглар, зеро халос бўлиш вақтингиз яқинлашиб қолди». (Луқо 21:28) Қадимда фиръавн ҳужум қилгани каби, халқлар иттифоқи бўлмиш Гўг ҳужум қилганида ҳам улар жасоратли қолишади. (Ҳиз. 38:2, 14–16) Нега Худонинг халқи дадил бўлади? Боиси, улар Яҳова ҳеч қачон ўзгармаслигини билади. Ўшанда У яна бир бор мулоҳазакор Қутқарувчи эканини исботлайди. (Ишаё 26:3, 20)

17. а) Яҳова халқига ғамхўрлик қилиши борасидаги Муқаддас Китобдаги воқеалардан қандай фойда оламиз? б) Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

17 Ушбу мақолада Яҳова меҳрибонлик ва эътибор билан хизматчиларига ғамхўрлик қилиши, уларни йўналтириши ва етаклашини кўрсатувчи бир нечта мисолни кўрдик, холос. Бу каби воқеалар устида мулоҳаза юритар экансиз, Яҳованинг ҳатто сезилмас фазилатларини очиб берувчи тафсилотларга ҳам диққат қаратинг. Шундай йўл тутиб, ушбу ажойиб фазилатларни қалбингизу онгингизга чуқурроқ жо қилиб, Яҳовага бўлган севгингизни ва имонингизни мустаҳкамлайсиз. Навбатдаги мақолада Яҳовага тақлид қилган ҳолда бошқаларга эътиборли бўлишнинг бир нечта йўлини кўриб чиқамиз. Оила, жамоат ва ваъзгўйлик хизматига диққат қаратамиз.

^ абз. 3 Яҳудий тарихчиси Иосиф Флавийнинг сўзларига кўра, Шомуил ўшанда 12 ёшда бўлган.

^ абз. 16 Армагеддондан омон қолганларнинг орасида ногиронлар ҳам бўлади деган хулосага келиш мумкин. Исо одамларнинг ҳар турли дармонсизлигу касалликларини даволаганда келажакда ҳам шундай йўл тутишини кўрсатган. У тирилганларни эмас, балки Армагеддондан омон қолганларни соғайтиради. (Мат. 9:35) Чунки тирилганларда соғлом тана бўлиши шубҳасиз.