Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

39- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Жамоатингиздаги опа-сингилларни қўллаб-қувватланг

Жамоатингиздаги опа-сингилларни қўллаб-қувватланг

Хушхабарни эълон қилаётган аёллар улкан қўшиндир. ЗАБ. 68:11

137- ҚЎШИҚ Яҳовага вафодор аёл-қизлар

БУ МАҚОЛАДА *

Фаол ва ғайратли опа-сингилларимиз йиғилишларда, хизматда, Йиғилиш залини таъмирлашда қатнашади ва имондошларга қизиқиш кўрсатади (1- хатбошига қаранг.)

1. Опа-сингилларимиз ташкилотни қай йўсин қўллаб-қувватлайди, аммо уларнинг кўпчилиги қандай қийинчиликларга дуч келади? (Муқовадаги расмга қаранг.)

ЖАМОАТИМИЗДА тинмай меҳнат қилаётган кўплаб опа-сингилларимиз борлиги учун миннатдормиз! Масалан, улар жамоат учрашувларида ва хизматда иштирок этади. Баъзилар Йиғилиш залини таъмирлашда қатнашади ва имондошларига самимий қизиқиш кўрсатади. Шу билан бирга улар қийинчиликларга ҳам дуч келади. Айримлар кекса ота-онасига ғамхўрлик қилади. Бошқаларга оила аъзолари қаршилик кўрсатади. Яна кимдир эса ёлғиз она бўлгани сабабли болаларини боқиш учун оғир меҳнат қилади.

2. Нега опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашимиз лозим?

2 Нега опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашимиз керак? Сабаби бу дунёдагилар аёлларга улар лойиқ бўлган ҳурматни намоён этишмайди. Бундан ташқари, Муқаддас Китобда уларни қўллаб-қувватлашимиз кераклиги айтилган. Ҳаворий Павлус Римдаги жамоатдан Фивани муносиб тарзда қабул қилиб, «қандай эҳтиёжи бўлса ёрдам беришни» сўраган. (Рим. 16:1, 2) Ҳойнаҳой, Павлус фарзий бўлганида, у ҳам аёлларга паст назар билан қараган. Лекин у масиҳий бўлганида, Исога тақлид қилиб аёлларга ҳурмат ва меҳр ила муомала қилган. (1 Кор. 11:1)

3. Исо аёлларга қандай муомала қилган ва Худонинг иродасини бажарган аёлларга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлган?

3 Исо барча аёлларнинг ҳурматини жойига қўйган. (Юҳан. 4:27) У аёлларга ўша пайтдаги яҳудий дин раҳбарлари каби нуқтаи назарда бўлмаган. Масалан, Муқаддас Китобга оид бир энциклопедияда шундай дейилган: «Исо ҳеч қачон аёлларни ерга урадиган гап гапирмаган». Аксинча, у Отасининг иродасини бажарган аёлларни янада кўпроқ ҳурмат қилган. Шуниси эътиборга лойиқки, Исо уларни опа-сингиллари, деб билган ва эркаклар билан бир қаторда маънавий оиласининг аъзолари сифатида тилга олган. (Мат. 12:50)

4. Бу мақолада нимага диққат қаратамиз?

4 Исо Худога хизмат қилган аёлларга ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр бўлган. У аёлларни қадрлаган ҳамда уларнинг ёнини олган. Келинг, опа-сингилларимиз ҳақида ўйлаш борасида Исога қай йўсин тақлид қилишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

ҚАДРЛИ ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗ ҲАҚИДА ЎЙЛАНГ

5. Нима сабабдан баъзи опа-сингилларга далдали суҳбатдан фойда олиш қийин бўлиши мумкин?

5 Барчамиз — хоҳ биродар бўлсин, хоҳ опа-сингил — далдали суҳбатга муҳтожмиз. Лекин баъзида опа-сингиллар учун бу эҳтиёжни қондириш қийин кечиши мумкин. Нега? Қуйида имондошларимиз қандай фикр билдирганига эътибор беринг. Жордан * исмли бир опамиз шундай деди: «Турмушга чиқмаганим туфайли кўпинча жамоатда ўз ўрнимни топишга қийналаман ҳамда ўзимни унинг аъзоси сифатида ҳис этолмайман». Хизматини кенгайтириш учун бошқа ҳудудга кўчиб ўтган Кристен исмли кашшоф опамиз қуйидагича бўлишди: «Янги жамоатга ўтганингизда, ўзингизни ёлғиз ҳис қилишингиз мумкин». Эҳтимол, баъзи биродарлар ҳам ўзини шундай ҳис қилар. Яҳовага хизмат қилмайдиган оила аъзолари билан яшайдиган имондошларга улар билан яқин муносабатларга эга бўлиш қийин кечиши ҳеч гап эмас. Балки улар жамоатдагилар билан ҳам яқин эмасдир. Баъзи опа-сингиллар ўзи ёки оила аъзолари касал бўлгани туфайли уйдан чиқа олмаслиги ҳамда ёлғизликни ҳис этиши мумкин. Анетта қуйидагича бўлишди: «Онамга асосан ўзим қараганим сабабли биродару опа-сингиллар билан бирга вақт ўтказа олмасдим».

Исо каби биз ҳам художўй аёлларга севги ила ғамхўрлик кўрсата оламиз (6–9- хатбошиларига қаранг.) *

6. Луқо 10:38–42 га кўра, Исо Марта ва Марямга қай йўсин ёрдам берган?

6 Исо маънавий опа-сингиллари билан вақт ўтказган ҳамда уларнинг чин дўсти бўлган. Келинг, Исонинг Марям ва Марта билан бўлган дўстлигини кўриб чиқайлик. Бу опа-сингиллар турмуш қурмаганга ўхшайди. (Луқо 10:38–42 ни ўқинг.) Исо сўзлари ва ишлари билан улар ўзларини бемалол ҳис қилишга кўмаклашган. Марям шогирд * сифатида унинг оёқлари олдига ўтиришдан тортинмаган. У овқат тайёрлашга ёрдам бермагани учун Марта хафа бўлган ва буни Исога айтишдан уялмаган. Ўша меҳмондорчиликда Исо уларнинг ҳар иккаласига қимматли сабоқ олишга ёрдамлашган. У бошқа вазиятларда ҳам уларникига ташриф буюрганида бу иккита опа-сингилга ва уларнинг акаси Лазарга ғамхўрлик қилганини кўрсатган. (Юҳан. 12:1–3) Лазар оғир касал бўлиб қолганида, Марям ва Марта Исога ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкинлигини билишгани ажабланарли эмас. (Юҳан. 11:3, 5)

7. Опа-сингилларимизга далда беришнинг йўлларидан бири қандай?

7 Баъзи опа-сингиллар учун йиғилишлар имондошлар билан бирга бўлишнинг атиги бир нечта имкониятидан биридир. Шунинг учун бу фурсатдан уларни қарши олиш, суҳбатлашиш ҳамда улар ҳақида қайғураётганимизни кўрсатиш учун фойдаланишни истаймиз. Юқорида тилга олинган Жордан яна шундай деди: «Бошқалар йиғилишда берган шарҳларим учун мақтаса, мен билан хизматга чиқишни режалаштирса ёки ғамхўрлигини бошқа йўллар орқали кўрсатса роса далда оламан». Опа-сингилларимиз биз учун муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатишимиз лозим. «Йиғилишга боролмасам, ҳол-аҳвол сўраб СМС юборишларини биламан,— деб бўлишди Кия.— Бу биродару опа-сингиллар мен ҳақимда қайғураётганини кўрсатади».

8. Яна қайси йўллар орқали Исога тақлид қила оламиз?

8 Биз ҳам Исо каби опа-сингиллар билан вақт ўтказишга интилсак бўлади. Эҳтимол, уларни овқатга ёки дам олишга таклиф қилишимиз мумкин. Бундай пайтда суҳбатимиз далдали бўлишига ҳаракат қиламиз. (Рим. 1:11, 12) Қолаверса, оқсоқоллар Исо каби нуқтаи назарга эга бўлишлари даркор. Айримлар учун турмуш қурмагани қийинчилик туғдиришини Исо билган. Лекин у турмуш қуриш ҳам, фарзандли бўлиш ҳам чексиз бахтиёрликнинг калити эмаслигини аниқ кўрсатган. (Луқо 11:27, 28) Аксинча, киши Яҳовага хизмат қилишни ҳаётида биринчи ўринга қўйсагина, абадулабад бахтиёр бўла олади. (Мат. 19:12)

9. Оқсоқоллар опа-сингилларга ёрдам бериш учун нима қилишлари мумкин?

9 Айниқса, оқсоқоллар жамоатдаги аёлларни ўз оналари ва опа-сингилларидек кўришлари керак. (1 Тим. 5:1, 2) Оқсоқоллар жамоат учрашувидан олдин ёки кейин опа-сингиллар билан суҳбат қуриш учун вақт ажратишлари даркор. «Бир оқсоқол жуда банд эканимни пайқади ва жадвалим қандайлиги билан қизиқди. Унинг ғамхўрлигидан жуда миннатдорман»,— деди юқорида тилга олинган Кристен. Оқсоқоллар маънавий опа-сингиллари билан суҳбатлашиш учун мунтазам вақт ажратиб, уларга ғамхўрлик қилаётганини кўрсатади *. Аввалроқ сўзлари келтирилган Анетта оқсоқоллар билан тез-тез суҳбат қуришнинг фойдасини қуйидагича таъкидлади: «Улар мени, мен эса уларни яхшироқ билиб оламан. Шунинг учун муаммога дуч келганимда, ёрдам сўраб уларга бемалол мурожаат қила оламан».

ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗНИНГ МЕҲНАТИ УЧУН МИННАТДОР БЎЛИНГ

10. Опа-сингилларимиз гуллаб-яшнашига нима кўмаклашади?

10 Барчамиз — эркаклар ҳам, аёллар ҳам — бошқалар қобилиятларимизни кўриб, қилган меҳнатимиз учун миннатдорчилик билдиришса гуллаб-яшнаймиз. Аммо иқтидоримизни ишга солиб қилган меҳнатимизга ҳеч ким аҳамият бермаса, руҳимиз тушади. Турмуш қурмаган Абигайл исмли кашшоф опамиз баъзан ўзини эътибордан четда қолгандай ҳис қилиши тўғрисида бўлишиб шундай деди: «Мени шунчаки фалончининг опаси, синглиси ёки қизи, деб билишади. Гоҳида ўзимни “кўринмас одамдай” ҳис қиламан». Пэм исмли опамиз эса нима деганига эътибор беринг. У турмуш қурмаган ва кўп йиллар давомида тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган. Кейинчалик Пэм ота-онасига ғамхўрлик қилиш мақсадида уйига қайтган. Ҳозир унинг ёши 70 дан ошган бўлса ҳам, у ҳануз кашшоф бўлиб хизмат қилмоқда. Пэм шундай деб бўлишди: «Менга катта ёрдам бериб келаётган нарса бошқалар қилган меҳнатим учун миннатдор эканини айтишидир».

11. Қай йўсин Исо унга эргашган садоқатли аёлларнинг хизматини қадрлаганини кўрсатган?

11 Исо «ўз мол-мулкларини» унга хизмат қилиш учун сарфлаган художўй аёлларнинг ёрдамини қадрлаган. (Луқо 8:1–3) У нафақат улар бундай шарафга эга бўлишларига изн берган, балки чуқур маънавий ҳақиқатларни ҳам уларга очиб берган. Масалан, Исо уларга ўлиши ва тирилиши тўғрисида айтган. (Луқо 24:5–8) У бу аёлларни ҳам ҳаворийлари сингари уларни олдинда кутаётган қийинчиликларга тайёрлаган. (Марк 9:30–32; 10:32–34) Эътиборли жиҳати шундаки, Исони ҳибсга олишганида ҳаворийлар қочиб кетишган. Исони қўллаб-қувватлаган баъзи аёллар эса у азоб устунида жон бераётганида унга яқин жойда бўлишган. (Мат. 26:56; Марк 15:40, 41)

12. Исо аёлларга қандай ишни ишониб топширган?

12 Исо аёлларга муҳим ишни ишониб топширган. Масалан, художўй аёллар Исо тирилганининг илк гувоҳлари бўлган. У ўша аёллардан ҳаворийларига унинг тирилгани тўғрисида айтишларини сўраган. (Мат. 28:5, 9, 10) Мил. 33 йили Ҳосил байрамида шогирдлар муқаддас руҳ билан мойланганида, уларнинг орасида аёллар ҳам бўлган бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, бу янги мойланган опа-сингиллар мўъжизавий тарзда ўзга тилларда гапириш қобилиятига эга бўлган ҳамда «Аллоҳнинг улуғвор ишлари ҳақида» бошқаларга айтган. (Ҳавор. 1:14; 2:2–4, 11)

13. Бугунги кунда опа-сингиллар нима қиляпти ва уларнинг меҳнати учун қай йўсин миннатдорчилик билдира оламиз?

13 Опа-сингилларимиз Яҳованинг хизматида қилаётган барча ишлари учун мақтовга сазовор. Мисол учун, улар ташкилотимиз биноларини қуриш ва таъмирлашда қатнашяпти, ўзга тилдаги гуруҳлар билан ваъз қиляпти ҳамда Байтилда ихтиёрий хизматчилар сифатида ёрдам беряпти. Улар табиий офатлардан зарар кўрганларга кўмаклашишда ва адабиётларни таржима қилишда ҳисса қўшяпти, кашшоф ҳамда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қиляпти. Биродарлар сингари опа-сингиллар ҳам кашшофлар, Шоҳлик хабарчилари, ва Гилад мактабларида таълим оляпти. Бундан ташқари, хотинлар эрларига жамоатдаги ҳамда ташкилотдаги вазифаларини бажаришга ёрдамлашяпти. Бу биродарлар «ҳадя сифатида» берилган ва бошқаларга ёрдам бериш учун кўп ишлар қилади. Агар хотинлари уларни қўллаб-қувватламаганида, улар учун вазифаларини бажариш қийинроқ бўларди. (Эфес. 4:8) Опа-сингилларимиз меҳнат қилар экан, уларни қўллаб-қувватлаш йўллари тўғрисида ўйлаб кўра оласизми?

14. Забур 68:11 га кўра, доно оқсоқоллар нима қилишади?

14 Доно оқсоқоллар шуни тушунадики, опа-сингиллар ихтиёрий хизматчилардан иборат «улкан қўшин»ни ташкил этади ва кўпинча улар хушхабарни маҳорат ила ваъз қилади. (Забур 68:11 ни ўқинг.) Шунинг учун, оқсоқоллар уларнинг тажрибасидан фойда олишга интилади. Юқорида тилга олинган Абигайл биродарлар ундан ҳудуддаги одамлар билан суҳбат бошлашнинг қайси йўлларини самарали, деб топгани тўғрисида сўрашганида далда олишини айтди. У шундай деди: «Бу Яҳова менга ташкилотида бажаришим учун муҳим ишни топширганини кўришга ёрдам беради». Қолаверса, оқсоқоллар садоқатли, маънан етук опалар ёш сингилларимизга қийинчиликлари билан курашишга самарали ёрдам беришларини тан олади. (Титус. 2:3–5) Шубҳасизки, опа-сингилларимиз севгимизга ҳамда улардан миннатдор бўлишимизга лойиқ.

ОПА-СИНГИЛЛАРНИНГ ЁНИНИ ОЛИНГ

15. Қайси вазиятларда опа-сингилларимиз кимдир уларнинг ёнини олишига муҳтож бўлиши мумкин?

15 Баъзида опа-сингилларимиз муайян қийинчиликка дуч келишса, уларнинг ёнини олишимизга муҳтож бўлишар. (Ишаё 1:17) Балки бева ёки ажрашган опа-сингилларимиз кимдир уларнинг ёнини олиб гапириши ҳамда олдин эри бажарган баъзи юмушларни қилишда ёрдамга муҳтождир. Эҳтимол, кекса опамиз кимдир у учун шифокорлар билан гаплашишига эҳтиёж сезар. Яҳованинг ташкилотида қўшимча вазифаларни бажараётган кашшоф опа ёки синглимиз бошқа кашшофлар сингари ваъзгўйлик хизматида кўп қатнаша олмаётгандир. Бу учун уни танқид қилишса, кимдир унинг ёнини олишига муҳтож бўлар. Опа-сингилларимизга яна қай йўсин ёрдам бера оламиз? Келинг, Исонинг ўрнагига қайтайлик.

16. Марк 14:3–9 га кўра, Исо Марямни қай йўсин ҳимоя қилган?

16 Кимдир маънавий опа-сингилларини нотўғри тушунганида, Исо дарҳол уларнинг ёнини олган. Мисол учун, Марта Марямни танқид қилганида, Исо уни ҳимоя қилган. (Ишаё 1:17) Иккинчи марта Исо Марямни бошқалар унинг чиқарган қарорини маъқулламай танқид қилишганида ҳимоя қилган. (Марк 14:3–9 ни ўқинг.) Исо Марямнинг ниятини тушуниб уни: «У мен учун эзгу иш қилди. [...] Қўлидан келганини қилди»,— деб мақтаган. Исо ҳаттоки «хушхабар дунёнинг қайси жойида ваъз қилинмасин, бу аёлнинг қилган иши ҳам ёдга олинади»,— деб башорат қилган. Бу сўзлар амалга ошаётганини мазкур мақолада ҳам кўрсак бўлади. Шуниси қизиқки, Исо Марямни фидойилиги учун мақтаётиб хушхабар дунё бўйлаб ваъз қилиниши тўғрисида айтган. Уни адолатсизларча ҳукм қилганларидан кейин Исонинг бу сўзлари унга қанчалар далда бергандир-а?!

17. Қайси вазиятларда опа-сингилларимиз уларнинг ёнини олишимизга муҳтож бўлади? Мисол келтиринг.

17 Маънавий опа-сингилларингиз муҳтож бўлганида, уларнинг ёнини оласизми? Масалан, қуйидаги мисолга эътибор беринг. Баъзи ваъзгўйлар эри Яҳованинг шоҳиди бўлмаган бир имондошимиз кўпинча жамоат учрашувларига кечикишини ҳамда дастур тугаши билан кетиб қолишини кўради. Улар у фарзандларини йиғилишга кам олиб келишини пайқайди. Шу сабабли, улар уни танқид қилиб фарзандларига йиғилишларга келишга рухсат беришини эридан талаб қилиши керак, деб ўйлайди. Аммо ҳақиқат шундаки, имондошимиз қўлидан келганини қиляпти. Унинг жадвали буткул унга боғлиқ эмас, устига-устак, фарзандлари борасида сўнгги қарорни у чиқармайди. Бошқалар опамизни ёки синглимизни шу йўсин танқид қилаётганини эшитсангиз, нима қилишингиз мумкин? Агар имондошимизни мақтаб, бошқаларнинг диққатини у қилаётган яхши ишларга қаратсангиз, салбий суҳбатларга чек қўйишингиз мумкин.

18. Опа-сингилларимизга яна қайси йўллар орқали кўмаклаша оламиз?

18 Амалий ёрдам таклиф қилиб, опа-сингилларимизга улар учун қанчалик қайғураётганимизни кўрсата оламиз. (1 Юҳан. 3:18) Бемор онасига ғамхўрлик қилаётган Анетта шундай деди: «Бошқа ишларимни қила олишим учун баъзи биродару опа-сингиллар бизникига келиб, онамга қараб турарди ёки овқат олиб келарди. Бу севикли ҳамда жамоатнинг бир қисми эканимни ҳис қилишимга кўмаклашарди». Жорданга ҳам ёрдам беришди. Бир биродар унга машинасини таъмирлашни ўргатди. У қуйидагича бўлишди: «Биродару опа-сингилларим хавфсизлигим ҳақида қайғураётганини билиш қандай яхши».

19. Оқсоқоллар опа-сингилларга яна қандай ёрдам бера олишади?

19 Оқсоқоллар ҳам опа-сингилларимизнинг эҳтиёжлари ҳақида қайғуриши керак. Улар шуни биладики, Яҳова опа-сингилларга яхши муомала қилинишини истайди. (Ёқб. 1:27) Шунинг учун, улар Исонинг мулоҳазакорлигига тақлид қилиб, истисно қилиш ўринли бўлганда, қоидалар ўрнатмайди. (Мат. 15:22–28) Оқсоқоллар опа-сингилларга ёрдам беришга интилса, уларга Яҳова ҳамда ташкилотининг ғамхўрлигини ҳис қилишга кўмаклашади. Кианинг гуруҳ нозири у бошқа уйга кўчаётганини билганида, зудлик билан унга ёрдам бериш чорасини кўрди. Киа шундай деб айтди: «Стрессим анча камайди. Оқсоқоллар ҳам амалий ёрдам, ҳам далда берганидан жамоатнинг ардоқли аъзоси эканимни ва бу қийин вазиятда ёлғиз эмаслигимни ҳис этдим».

БАРЧА ОПА-СИНГИЛЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШИМИЗ ЛОЗИМ

20, 21. Барча опа-сингилларни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

20 Бугунги кунда жамоатларда зўр бериб меҳнат қилаётган ва қўллаб-қувватлашимизга лойиқ бўлган беҳисоб аёллар бор. Исонинг ўрнагидан кўрганимиздай, опа-сингилларимизга вақт ажратсак ва яхшироқ билиб олсак, уларга ёрдам бера оламиз. Боз устига, Худонинг хизматида қилаётган меҳнати учун миннатдор эканимизни кўрсатишимиз ва керак бўлганида уларнинг ёнини олишимиз мумкин.

21 Римликларга йўллаган мактубининг сўнгида ҳаворий Павлус тўққизта масиҳий аёлни алоҳида эслатиб ўтган. (Рим. 16:1, 3, 6, 12, 13, 15) Бу аёллар унинг мақтов ва саломларини эшитиб, далда олгани шубҳасиз. Келинг, биз ҳам жамоатимиздаги барча опа-сингилларни қўллаб-қувватлайлик. Шу йўсин уларни маънавий оиламизнинг бир қисми сифатида қадрлаётганимизни кўрсатамиз.

136- ҚЎШИҚ Яҳова cизни «тўлиқ мукофотласин»

^ абз. 5 Жамоатимиздаги опа-сингиллар кўп қийинчиликларни бошдан кечиради. Бу мақолада Исонинг ўрнагига эргашиб опа-сингилларимизни қай йўсин қўллаб-қувватлашимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Исо аёлларга вақт ажратгани, уларни қадрлагани ҳамда ёнини олганидан сабоқ оламиз.

^ абз. 5 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 6 Муқаддас Китобга оид бир манбада шундай деб ёзилган: «Шогирдлар устозларининг оёқлари олдида ўтиришган. Аниқ мақсадга эга шогирдлар устоз бўлишга тайёрланарди, аёлларга эса бунга рухсат этилмасди. [...] Шунинг учун аксарият яҳудийлар Марям Исонинг оёғи олдида ўтиргани ва ундан қунт билан ўрганаётганини кўриб таажжубланган бўларди».

^ абз. 9 Оқсоқоллар опа-сингилларга ёрдам бераётиб эҳтиёткор бўлишлари лозим. Масалан, оқсоқол опа-сингилларникига ёлғиз ташриф буюрмайди.

^ абз. 65 РАСМГА ШАРҲ. Исонинг художўй аёлларга кўрсатган самимий қизиқишига тақлид қилиб, бир биродаримиз иккита имондошимизга машинасининг ғилдирагини алмаштиришга ёрдам беряпти, бошқа биродар ногирон опамизни кўргани келди, учинчи биродар ва хотини эса бир имондошимиз ва қизи билан оилавий топиниш ўтказяпти.