Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

37- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Қўлларингга тиним берма»

«Қўлларингга тиним берма»

Эрталабдан уруғингни эккин, кечга қадар қўлларингга тиним берма. ВОИЗ 11:6

68- ҚЎШИҚ Шоҳлик уруғини сепайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Воиз 11:6 ва ваъзгўйлик иши ўртасида қандай боғлиқлик бор?

АЙРИМ мамлакатларда одамлар хушхабарни жон, деб тинглашади. Чунки бу айнан улар кутган нарса! Бошқа мамлакатларда эса одамлар Худо ёки Муқаддас Китоб билан унча қизиқишмайди. Сиз яшаётган жойда-чи, одамлар қандай муносабатда? Уларнинг муносабати қандай бўлмасин, Яҳова иш якунига етди, демагунича ваъз қилишда давом этишингизни кутади.

2 Яҳова белгилаган пайтда ваъзгўйлик иши ўз ниҳоясига етади ва «охират бўлади». (Мат. 24:14, 36) Ҳозирча эса «қўлларингга тиним берма» * деган сўзларга қай йўсин амал қила оламиз? (Воиз 11:6 ни ўқинг.)

3. Мазкур мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Ўтган мақолада самарали одам овчилари бўлиш учун асқатадиган тўртта омилни кўриб чиқдик. (Мат. 4:19) Мазкур мақолада эса қандай вазиятларга дуч келсак ҳам ваъз қилиш қарорида мустаҳкам туришга кўмаклашадиган учта соҳани муҳокама қиламиз. Биз нега 1) бор диққатимизни ваъзгўйликка қаратиш, 2) сабр-тоқатни намоён этиш ва 3) имонимизни мустаҳкам сақлаш муҳимлигини билиб оламиз.

БОР ДИҚҚАТИНГИЗНИ ВАЪЗГЎЙЛИККА ҚАРАТИНГ

4. Нега бутун эътиборимизни Яҳова бизга топширган ишга қаратишимиз керак?

4 Исо охирзамоннинг аломати бўладиган ҳодисалар ва шароитларни башорат қилган эди. Улар эса унинг издошларини ваъзгўйлик ишини бажаришдан чалғитиши мумкин. Шунинг учун Исо шогирдларига: «Ҳушёр туринглар»,— деган эди. (Мат. 24:42) Нуҳнинг даврида кўп нарсалар одамларни у эълон қилган огоҳлантиришга диққат қаратишдан чалғитган. Ўша-ўша нарсалар бугун бизни ҳам чалғитиши мумкин. (Мат. 24:37–39; 2 Бутр. 2:5) Шу сабабли, бутун эътиборимизни Яҳова бизга топширган ишга қаратишни истаймиз.

5. Ҳаворийлар 1:6–8 да ваъзгўйлик ишининг кўлами ҳақида нима дейилган?

5 Ҳозир бутун диққатимизни Шоҳлик хабарини ваъз қилишга қаратсак арзийди. Исо бу иш кенг қулоч ёзишини ва унинг ўлимидан кейин ҳам давом этишини башорат қилганди. (Юҳан. 14:12) Исонинг ўлимидан сўнг айрим шогирдлари балиқчилик ишига қайтди. У тирилгач, мўъжиза яратиб уларга кўп балиқ тутишга ёрдам берди. Бу мўъжизани кўрсатиб Исо одам овчилари бўлиш топшириғи бошқа барча ишлардан муҳимроқ эканини таъкидлади. (Юҳан. 21:15–17) Осмонга кўтарилишидан сал олдин Исо шогирдларига у бошлаган шоҳидлик бериш иши Исроил ҳудуди билан чегараланиб қолмаслигини айтди. (Ҳаворийлар 1:6–8 ни ўқинг.) Йиллар ўтгач, Исо ваҳий орқали ҳаворий Юҳаннога «Ҳазратимиз кунида» * нималар бўлишини кўрсатди. Бошқа нарсалар билан бир қаторда, Юҳанно эҳтиром ҳиссини уйғотувчи қуйидаги воқеани кўрди: фаришта бошчилигида «абадий хушхабар... ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа эълон» этилди. (Ваҳ. 1:10; 14:6) Шуниси аниқки, Яҳова бутун дунё бўйлаб шоҳидлик бериш иши якунига етмагунича унда қатнашишимизни истайди.

6. Қай йўсин бутун эътиборимизни ваъзгўйлик фаолиятига қарата оламиз?

6 Яҳова бизга ёрдам бериш учун нималар қилаётгани ҳақида ўйласак, бутун эътиборимизни ваъзгўйлик фаолиятига қарата оламиз. Масалан, У босма ва электрон адабиётлар, аудио-видеоёзувлар ҳамда Интернет-телевидение орқали мўл-кўл маънавий озуқани тақдим этмоқда. Бир ўйлаб кўринг, расмий веб-сайтимизда 1 000 дан ошиқ тилда маълумот мавжуд! (Мат. 24:45–47) Дунё сиёсий, диний ҳамда иқтисодий фарқ туфайли бўлинган бир пайтда, умумжаҳон биродарликни ташкил этган Худонинг саккиз миллиондан ошиқ хизматчилари орасида чинакам бирлик ҳукм сурмоқда. Мисол учун, 2019 йили 19 апрель жума куни бутун дунёдаги Яҳованинг Шоҳидлари якдиллик ила кунлик оят муҳокамасининг видеосини томоша қилди. Ўша куни кечқурун 20 919 041 киши Қутлуғ Кечлик маросимига келди. Ушбу замонавий мўъжизани кўриш ва унинг иштирокчилари бўлиш шарафи тўғрисида ўйлаганимизда бор диққатимизни Шоҳлик ишига қаратишни истаймиз.

Исо ҳеч нарса уни ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик беришдан чалғитишига йўл қўймаган (7- хатбошига қаранг.)

7. Қандай қилиб Исонинг ўрнаги бор диққатимизни ваъзгўйликка қаратишга ёрдам беради?

7 Бор диққатимизни ваъзгўйликка қаратишнинг яна бир йўли Исонинг ўрнагига эргашишдир. У ҳеч нарса уни ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик беришдан чалғитишига йўл қўймаган. (Юҳан. 18:37) Шайтон унга «дунёнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг улуғворлигини» таклиф қилганида ҳам, одамлар уни шоҳ қилмоқчи бўлишганида ҳам Исо васвасага берилмаган. (Мат. 4:8, 9; Юҳан. 6:15) Исо на бойлик пайида бўлиш тузоғига илинган, на қаршиликлар туфайли қўрқувга берилган. (Луқо 9:58; Юҳан. 8:59) Имонимиз синалганида ҳаворий Павлуснинг маслаҳатини ёдда тутсак, ваъзгўйликни ҳаётимизда биринчи ўринга қўя оламиз. У масиҳийларни «чарчаб», таслим бўлмаслик учун Исонинг ўрнагига эргашишга ундаган. (Иброн. 12:3)

САБР-ТОҚАТЛИ БЎЛИНГ

8. Сабр-тоқатли инсон қанақа бўлади ва нега бу ҳозир айниқса муҳим?

8 Сабр-тоқатли инсон хотиржамликни сақлаган ҳолда вазият ўзгаришини кутади. Ёқимсиз ҳолат ўтиб кетишини ёки орзуйимиз амалга ошишини узоқ кутганимизда бизга сабр-тоқат керак бўлади. Хабаққуқ пайғамбар Яҳудода содир бўлаётган зўравонлик ниҳоясига етишини жуда истаган. (Хаб. 1:2) Исонинг шогирдлари эса Шоҳлик «ўша заҳоти» ўрнатилади ва уларни Рим бошқарувидан озод қилади, деб умид қилишган. (Луқо 19:11) Биз ҳам Худонинг Шоҳлиги ёвузликни бартараф этиб, адолат ҳукм сурадиган янги дунёни ўрнатишини интиқиб кутяпмиз. (2 Бутр. 3:13) Бироқ сабр-тоқатли бўлиб, Яҳова белгилаган вақтни кутишимиз лозим. Келинг, У қайси йўллар орқали бизни сабр-тоқатли бўлишга ўргатаётганини кўриб чиқайлик.

9. Яҳова сабр-тоқатли эканини қайси мисоллардан кўрсак бўлади?

9 Яҳова сабр-тоқатли бўлиш борасида энг аъло ўрнак. У Нуҳга кема қуриши ва «адолат йўлини хабарлаб» юриши учун етарлича вақт ажратган. (2 Бутр. 2:5; 1 Бутр. 3:20) Яҳова Иброҳим пайғамбар Унинг Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ёвуз аҳолисини йўқ қилиш қарори ҳақида қайта-қайта савол берганида уни тинглаган. (Ибт. 18:20–33) Асрлар мобайнида Яҳова садоқатсиз Исроил халқига сабр қилиб келган. (Нахим. 9:30, 31) Худо сабр-тоқатли эканини У бугунги кунда Ўзига жалб қилган инсонларга «тавба қилиши» учун вақт бераётганидан ҳам кўрсак бўлади. (2 Бутр. 3:9; Юҳан. 6:44; 1 Тим. 2:3, 4) Ваъз қилиш ва таълим беришда давом этар эканмиз, Яҳованинг ўрнаги сабр-тоқатли бўлишимиз учун ўринли асосдир. Аллоҳ Ўз Каломидаги бир мисол ёрдамида ҳам бизга сабр-тоқатли бўлишни ўргатмоқда.

Меҳнаткаш, аммо сабр-тоқатли деҳқон каби ҳаракатларимизнинг натижасини кутамиз (10- , 11- хатбошиларига қаранг.)

10. Ёқуб 5:7, 8 га кўра, деҳқоннинг мисоли нимаси билан диққатга сазовор?

10 Ёқуб 5:7, 8 ни ўқинг. Даласига экин эккан деҳқоннинг мисоли қандай қилиб сабр-тоқатни намоён этишимиз мумкинлигига ўргатади. Тўғри, айрим ўсимликлар тез ўсади. Бироқ уларнинг аксариятини, айниқса, ҳосил берадиганларини ўрим-йиғимгача кўпроқ кутиш керак бўлади. Исроилда ҳосил етилгунига қадар тахминан олти ой кутишга тўғри келган. Деҳқон илк кузги ёмғирдан сўнг экин экиб, баҳорда ёққан сўнгги ёмғирдан кейин ҳосил йиққан. (Марк 4:28) Деҳқоннинг сабр-тоқатига тақлид қилсак, доно йўл тутган бўламиз. Аммо бу осон бўлмаслиги мумкин.

11. Сабр-тоқат хизматда бизга қандай ёрдам беради?

11 Номукаммал инсонлар ҳаракатларининг натижасини шу заҳоти кўришни исташади. Аммо экинларимиз ўсиб, ҳосил беришини истасак, уларни парвариш қилишимиз лозим. Биз ерни шудгор қилишимиз, уруғ экишимиз, бегона ўтларни юлиб туришимиз ва экинни суғоришимиз лозим. Шогирд тайёрлаш иши ҳам доимий ҳаракатларни талаб этади. Таълим бераётган инсонларимизнинг қалбидан юзхотирчилик ва бефарқликни илдизи билан юлиб ташлаш учун вақт керак. Қолаверса, сабр-тоқат бизни тинглашни истамайдиган одамларни учратганимизда тушкунликка тушмасликка кўмаклашади. Бизни тинглашга ва ўрганишга тайёр инсонларни учратганимизда ҳам сабр-тоқатли бўлишимиз лозим. Чунки тадқиқ қилувчи инсонни имонини мустаҳкамлашга мажбурлай олмаймиз. Баъзан ҳатто Исонинг шогирдлари ҳам у ўргатган нарсаларни тушунишга қийналган. (Юҳан. 14:9) Келинг, биз экиб суғорсак-да, ўстирадиган Худо эканини ёдда тутайлик. (1 Кор. 3:6)

12. Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган оила аъзоларимизга ваъз қилганимизда сабр-тоқатни қандай намоён эта оламиз?

12 Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган оила аъзоларимизга ваъз қилганимизда ҳам сабр-тоқатни намоён этиш қийин кечиши мумкин. Бу вазиятда Воиз 3:7 даги: «Сукут сақлашнинг ҳам, гапиришнинг ҳам ўз вақти бор»,— деган принцип бизга ёрдамга келади. Яхши хулқимиз билан уларга бирорта сўз айтмай ҳам шоҳидлик беришимиз мумкин, аммо ҳақиқат тўғрисида гапириш имконини қўлдан бой бермаслик учун доим сергак турамиз. (1 Бутр. 3:1, 2) Ғайрат ила ваъз қилаётиб ва таълим бераётиб ҳамма одамларга, жумладан, оила аъзоларимизга сабр-тоқатни намоён этамиз.

13, 14. Сабр-тоқатни намоён этиш борасида кимларга тақлид қилсак бўлади?

13 Муқаддас Китобдаги мисоллар билан бир қаторда замонавий садоқатли кишиларнинг ўрнагидан ҳам сабр-тоқатли бўлишни ўргана оламиз. Хабаққуқ пайғамбар ёвузликка чек қўйилишини жуда истаган, бироқ: «Қоровуллик қилиб турган жойимда қоламан»,— деб сабр-тоқатни намоён этган. (Хаб. 2:1) Ҳаворий Павлус ҳам хизматини «охиригача етказиб» қўйишни истаётганини айтган. Аммо у сабр-тоқат ила «хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик бериш»да давом этган. (Ҳавор. 20:24)

14 Гилад мактабини битирган бир жуфтликнинг мисолини кўриб чиқайлик. Улар Яҳованинг Шоҳидлари жуда кам ва аксарият одамлар христиан динида бўлмаган ҳудудга тайинланган. Жуда кам одам Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни истаган. Улар билан Гилад мактабида ўқиган синфдошлари эса кўп одамлар билан Муқаддас Китобни тадқиқини ўтказиб, уларга Яҳованинг Шоҳиди бўлишга кўмаклашаётгани ҳақида бўлишарди. Уларнинг ҳудудида ўсиш жуда секин бўлганига қарамай, бу жуфтлик сабр-тоқат ила хизматини адо этишдан тўхтамаган. Самарасиздай туюлган ушбу ҳудудда саккиз йил хизмат қилгач, ниҳоят улар тадқиқ ўтган кишилардан бири сувга чўмганини кўриш бахтига муяссар бўлишган. Мазкур қадимги ва замонавий мисоллар ўртасида қандай умумийлик бор? Бу садоқатли кишилар ялқов бўлиб қолмагани ва қўлларига тиним бермай сабр-тоқатни намоён этгани учун Яҳовадан мукофот олган. Келинг, биз ҳам «имон ва сабр-тоқат билан Тангрининг ваъдаларига эришадиганлардан ибрат» олайлик. (Иброн. 6:10–12)

ИМОНИНГИЗНИ МУСТАҲКАМ САҚЛАНГ

15. Имон қайси жиҳатдан ваъз қилиш қароримизни мустаҳкамлаши мумкин?

15 Биз ўзимиз ваъз қилаётган хабарга ишонганимиз учун уни иложи борича кўпроқ одамлар билан бўлишишни истаймиз. Худонинг Каломида ёзилган ваъдалар амалга ошишига аминмиз. (Заб. 119:42; Ишаё 40:8) Муқаддас Китобдаги башоратлар бизнинг давримизда бажо бўлиб келаётганини кўряпмиз. Одамлар бу китобдаги маслаҳатларга амал қилганида ҳаёти яхши томонга ўзгараётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бу далиллар туфайли Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ҳамма эшитиши кераклигига ишончимиз янада комил бўляпти.

16. Забур 46:1–3 га кўра, Яҳовага ҳамда Исога бўлган ишончимиз ваъз қилиш қароримизни қай йўсин мустаҳкамлаяпти?

16 Шунингдек, биз ўзимиз ваъз қилаётган хабарнинг Манбаи бўлмиш Яҳовага ҳамда У Шоҳлигининг Шоҳи сифатида тайинлаган Исога ишонамиз. (Юҳан. 14:1) Қандай вазиятга дуч келмайлик, Яҳова бошпанамиз ва куч-қудратимиз бўлади. (Забур 46:1–3 ни ўқинг.) Қолаверса, Исо Яҳовадан олган қудрат ва ҳокимият ёрдамида осмондан туриб ваъзгўйлик ишини йўналтираётганига аминмиз. (Мат. 28:18–20)

17. Ваъз қилишни тўхтатмаслигимиз кераклигини тасдиқловчи мисол келтиринг.

17 Имон Яҳова ҳаракатларимизга — баъзан биз кутмаган тарзда — барака беришига аминлик бахш этади. (Воиз 11:6) Масалан, ҳар куни минглаб одамлар адабиётларимиз қўйилган стол ёки аравача ёнидан ўтади. Ваъзгўйлик қилишнинг бундай усули самаралими? Шубҳасиз! «Илоҳий хизматимиз»нинг 2014 йил ноябрь сонида Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида иншо ёзишни истаган бир университет талабаси ҳақида ёзилган эди. Бу қиз Йиғилиш залини топа олмаган, бироқ университет ҳудудида адабиётларимиз қўйилган столни топган ва иншо ёзиш учун маълумотга эга бўлган. Вақт ўтгач, у сувга чўмиб Яҳованинг Шоҳиди бўлди ва ҳозир доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. Бундай мисоллар бизни ваъз қилишни тўхтатмасликка ундайди, чунки ҳали Шоҳлик хабарини эшитиши керак бўлган одамлар бор.

ҚЎЛЛАРИНГИЗГА ТИНИМ БЕРМАСЛИК ҚАРОРИДА МАҲКАМ ТУРИНГ

18. Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш иши Яҳова истаган пайтда якунига етишига нега аминмиз?

18 Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш иши ўз вақтида якунига етишига амин бўлишимиз мумкин. Нуҳнинг даврида нималар юз берганини кўриб чиқайлик. Яҳова ҳамма ишни доим ўз вақтида қилишини исботлаган. Тўфон юз беришидан тахминан 120 йил олдин Яҳова унинг вақтини белгилаган. Бир неча ўн йил ўтгач, У Нуҳга кема қуришни буюрган. Эҳтимол, Нуҳ Тўфон бошлангунча 40 ёки 50 йил давомида жон куйдириб меҳнат қилган. У одамларнинг бефарқлигига қарамай, Яҳова ҳайвонларни кемага киргизиш вақти келди демагунича, огоҳлантирувчи хабарни эълон қилишда давом этган. Сўнг айнан белгиланган пайтда «Яҳова кеманинг эшигини ёпган». (Ибт. 6:3; 7:1, 2, 16)

19. Қўлларимизга тиним бермасак, нимага умид қилишимиз мумкин?

19 Яқинда Яҳова Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш ишига якун ясайди; У Шайтон дунёсининг «эшигини ёпиб», адолат ҳукм сурадиган янги дунёни ўрнатади. Ҳозирча эса, келинг, қўлларига тиним бермаган Нуҳ, Хабаққуқ ва бошқаларнинг ўрнагига тақлид қилайлик. Бор диққатимизни ваъзгўйликка қаратиб, сабр-тоқатли бўлайлик ва Яҳовага ҳамда Унинг ваъдаларига бўлган ишончимизни мустаҳкам сақлайлик.

75- ҚЎШИҚ «Мен бораман! Мени юбор!»

^ абз. 5 Ўтган мақолада Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган ва ҳаётига ўзгаришлар киритган кишилар Исонинг одам овчилари бўлиш таклифини қабул қилишга ундалди. Бу мақолада эса учта соҳани кўриб чиқамиз. Улар барчага — ҳам янги, ҳам тажрибали ваъзгўйларга, Яҳова бўлди демагунича, Шоҳлик ҳақидаги хабарни эълон қилишни тўхтатмасликка ёрдам беради.

^ абз. 2 ИБОРА МАЪНОСИ. Бу мақолада «қўлларингга тиним берма» ибораси Яҳова иш якунига етди демагунича ваъз қилишда давом этиш қароримиз қатъий бўлиши кераклигини англатади.

^ абз. 5 «Ҳазратимиз куни» Исо 1914 йили Шоҳ сифатида тахтга ўтирганида бошланган ва Минг йиллик бошқарувнинг охиригача давом этади.