39- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Исмингиз «ҳаёт китобида» ёзилганми?
Яҳованинг олдида Ундан [қўрқадиганлар]... тўғрисида хотира китоби ёзилди. МАЛ. 3:16
61- ҚЎШИҚ Шоҳидлар, жасур бўлинг!
БУ МАҚОЛАДА a
1. Малаки 3:16 га кўра, Яҳова қандай китобни ёзяпти ва у нимадан иборат?
МИНГЛАБ йиллар давомида Яҳова ўзгача бир китобни ёзиб келяпти. У ерда исмлар рўйхати келтирилган бўлиб, у илк содиқ инсон, яъни Ҳобилдан бошланади b. (Луқо 11:50, 51) Ўшандан бери Яҳова унга исмларни киритяпти ва ҳозир у ерда миллионлаб исмлар бор. Муқаддас Китобда у «хотира китоби» ва «ҳаёт китоби» деб номланади. Ушбу мақолада у «ҳаёт китоби» деб тилга олинади. (Малаки 3:16 ни ўқинг; Ваҳ. 3:5; 17:8)
2. Ҳаёт китобида кимларнинг исми ёзилган ва исмимиз у ерда ёзилиши учун нима қилишимиз керак?
2 Ушбу ўзгача китобда Худога чуқур эҳтиром билан топинадиган ва Унинг исмини яхши кўрадиганларнинг исми ёзилган. Улар абадий яшаш имконига эга. Бизнинг ҳам исмимиз бу китобда ёзилиши учун Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги асосида Яҳова билан яқин муносабатларни ривожлантиришимиз лозим. (Юҳан. 3:16, 36) Ер юзида яшашга умид қиламизми ёки осмондами, барчамиз исмимиз ушбу китобда ёзилишини истаймиз.
3, 4. а) Исмимиз ҳаёт китобида борлиги абадий яшашимизни англатадими? Тушунтиринг. б) Ушбу ва кейинги мақолада нималарни муҳокама қиламиз?
3 Ушбу китобда исми ёзилган ҳамманинг абадий яшаши кафолатланганми? Бунинг жавобини Яҳованинг Мусога айтган сўзларидан топа оламиз. Чиқиш 32:33 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Ким Менга қарши гуноҳ қилган бўлса, ўшанинг исмини китобимдан ўчириб ташлайман». Демак, ҳозир китобда бор бўлган исмлар ўчириб ташланиши мумкин. Чунки Яҳова уларни ҳозирча қаламда ёзгандай бўляпти. (Ваҳ. 3:5) Бизнинг исмимиз у ерда сиёҳда ёзилиб, абадий қолишини истаймиз. Бу ҳаракат талаб қилади.
4 Бу борада бир нечта савол пайдо бўлиши табиий. Масалан, ҳаёт китобида исми ёзилган ва ёзилмаган инсонлар ҳақида Худонинг Каломида нима дейилган? Исми у ердан ўчириб ташланмайдиган инсонлар қачон абадий ҳаётга эришади? Яҳовани таниб-билиш имкони бўлмай ҳаётдан кўз юмган одамлар ҳақида нима деса бўлади? Уларнинг исми бу китобда ёзилганми? Ушбу ва кейинги мақолада бу саволларнинг жавобини топамиз.
КИТОБДА КИМЛАРНИНГ ИСМИ ЁЗИЛГАН?
5, 6. а) Филиппиликларга 4:3 га кўра, кимларнинг исми ҳаёт китобига ёзилган? б) Қачон уларнинг исми бу китобда сиёҳ билан ёзилади?
5 Ҳаёт китобида кимларнинг исми бор? Ушбу саволга жавоб топиш учун, келинг, бешта ҳар хил гуруҳдаги инсонлар тўғрисида сўз юритамиз. Айримларининг исми бу китобда ёзилган бўлса, баъзиларининг эса йўқ.
6 Исо билан осмонда бошқариш учун танлаб олинганлар биринчи гуруҳга киради. Уларнинг исми ҳаёт китобида ёзилганми? Ҳа. Ҳаворий Павлуснинг Филиппидаги «ҳамкорларига» ёзган сўзларига кўра, мойланган масиҳийларнинг, яъни Исо билан бошқариш учун таклиф қилинганларнинг исми ҳозир ҳаёт китобида бор. (Филиппиликларга 4:3 ни ўқинг.) Лекин исми у ердан ўчиб кетмаслиги учун улар садоқатли қолиши керак. Ўлимидан ёки буюк мусибат бошланишидан олдин уларга охирги муҳр босилгач, исмлари бу китобда сиёҳ билан ёзилиб абадий қолади. (Ваҳ. 7:3)
7. Бошқа қўйларнинг исми ҳаёт китобида абадий қолиши нимага боғлиқ? (Ваҳий 7:16, 17)
7 Бошқа қўйлардан иборат бўлган улкан оломон иккинчи гуруҳга киради. Ҳаёт китобида уларнинг исми ёзилганми? Ҳа. Армагеддондан кейин ҳам исмлари у ерда бўладими? Бўлади. (Ваҳ. 7:14) Исо улар «мангу ҳаётга» эга бўлишини айтган. (Мат. 25:46) Бироқ Армагеддондан омон қолганлар шу заҳотиёқ абадий ҳаётга эга бўлмайди. Уларнинг исми ҳаёт китобида қалам билан ёзилган бўлади. Исо Минг йиллик бошқарув пайтида «уларни боқади ва оби ҳаёт булоқларига олиб боради». Унинг кўрсатмаларига амал қиладиган ва Яҳовага содиқ бўлиб, якуний синовдан ўтадиганларнинг исми ҳаёт китобида абадий қолади. (Ваҳий 7:16, 17 ни ўқинг.)
8. Ҳаёт китобида кимларнинг исми ёзилмаган ва улар билан нима содир бўлади?
8 Учинчи гуруҳ Армагеддонда йўқ қилинадиган эчкилардан иборат. Уларнинг исми ҳаёт китобига киритилмаган. Исо пайғамбар «улар абадий йўқ бўлиб кетиши» ҳақида айтган. (Мат. 25:46) Ҳаворий Павлус эса илоҳий илҳом остида: «Бундай кишилар... абадий ҳалокат жазосига маҳкум этилишади»,— деб ёзган. (2 Салон. 1:9; 2 Бутр. 2:9) Қолаверса, тарих давомида била туриб муқаддас руҳга қарши гуноҳ қилганларни ҳам шундай якун кутяпти. Улар абадий ҳаётга эришмай, абадий ҳалокатга маҳкум этилади. Аниқ-равшанки, улар тирилмайди. (Мат. 12:32; Марк 3:28, 29; Иброн. 6:4–6) Энди эса, келинг, ер юзида тириладиган иккита гуруҳдаги инсонлар ҳақида билиб олайлик.
ТИРИЛАДИГАН ИНСОНЛАР
9. Ҳаворийлар 24:15 га кўра, қайси иккита гуруҳдаги инсонлар тирилади ва улар орасида қандай фарқ бор?
9 Муқаддас Китобда ер юзида абадий яшаш учун тириладиган иккита гуруҳдаги инсонлар ҳақида айтилган. Булар «адолатли ва адолатсиз одамлар». (Ҳаворийлар 24:15 ни ўқинг.) «Адолатли» инсонлар ҳаёт бўлганида Яҳовага садоқат ила хизмат қилишган. «Адолатсиз» одамлар эса Яҳовага топинишмаган. Кўп ҳолларда улар адолатли инсонлардай йўл тутишмаган. Иккала гуруҳдаги инсонлар тирилар экан, бу уларнинг исми ҳозир ҳаёт китобида ёзилганини англатадими? Ушбу саволга жавоб топиш учун иккала гуруҳни алоҳида кўриб чиқайлик.
10. Нега адолатли инсонлар тирилади ва баъзилари қандай шарафга эга бўлади? (Ер юзидаги тирилиш борасида бу сондаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га ҳам қаранг.)
10 Тўртинчи гуруҳга «адолатли» инсонлар киради. Ўлимидан аввал уларнинг исми ҳаёт китобида ёзилган эди. Қизиқ, ўлимидан кейин исмлари у ердан ўчирилдими? Йўқ. Чунки улар Яҳованинг хотирасида ҳали ҳам «тирик». Яҳова «ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Зеро У учун уларнинг ҳаммаси тирикдир». (Луқо 20:38) Бу дегани, адолатли инсонлар ер юзида яшаш учун тирилганида, уларнинг исми ҳаёт китобида «қалам» билан ёзилган бўлади. (Луқо 14:14) Уларнинг баъзилари «бутун ер юзи устидан беклар» сифатида хизмат қилиш шарафига эга бўлади. (Заб. 45:16)
11. «Адолатсиз» инсонлар исми ҳаёт китобида ёзилиши учун нимага ўрганиши керак бўлади?
11 Келинг, энди, бешинчи гуруҳни кўриб чиқайлик. Бу «адолатсиз» инсонлар. Улар Яҳованинг қонунини билмагани учун тўғри йўл тутмаган бўлиши мумкин. Шунга уларнинг исми ҳаёт китобида йўқ. Лекин тирилганидан кейин Худо уларга исми у ерда ёзилишига имкон беради. Ушбу «адолатсиз» инсонлар ёрдамга муҳтож бўлади. Баъзилари ўлимидан олдин зўравон ва ёмон ишларга қўл урган. Шунинг учун, улар Яҳованинг адолатли меъёрлари бўйича яшашга ўрганиши керак бўлади. Бу мақсадда Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида ер юзида мисли кўрилмаган таълим бериш иши юритилади.
12. а) Адолатсиз инсонларга кимлар таълим беради? б) Олаётган билимларини рад этган инсонлар билан нима бўлади?
12 Адолатсиз одамларга кимлар таълим беради? Улкан оломон ҳамда тирилган адолатли инсонлар. Адолатсиз одамларнинг исми ҳаёт китобида ёзилиши учун улар Яҳова билан яқин муносабатларни ривожлантириб, ўзларини Унга бағишлаши керак. Улар олаётган билимларига қандай муносабат билдираётганини Исо ва мойланган масиҳийлар осмондан диққат ила кузатиб туришади. (Ваҳ. 20:4) Бу билимларни рад этган ҳар бир инсон, ҳатто у 100 ёшда бўлса ҳам, йўқ қилинади. (Ишаё 65:20) Яҳова ҳамда Исо қалбларни кўра олишади ва ёмон иш қиладиган ҳеч бир инсонга янги дунёда яшашга йўл қўйишмайди. (Ишаё 11:9; 60:18; 65:25; Юҳан. 2:25)
ЯШАШ ВА ҲУКМ ЭТИЛИШ УЧУН ТИРИЛИШ
13, 14. а) Илгари Исонинг Юҳанно 5:29 даги сўзларини қандай тушунардик? б) Ушбу сўзларнинг нимасига эътибор беришимиз лозим?
13 Исо ер юзида яшаш учун тириладиган инсонлар ҳақида ҳам айтиб ўтган. Масалан, у қуйидагича деган: «Шундай вақт келяптики, мозорларда бўлган ҳамма унинг овозини эшитиб чиқади: яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм этилиш учун тирилади». (Юҳан. 5:28, 29) Хўш, Исо нимани назарда тутган?
14 Илгари, Исонинг бу сўзлари одамлар тирилганидан кейин қиладиган ишларга ишора қилади, деб тушунардик. Яъни баъзилар тирилганидан кейин яхшилик қилади, бошқалар эса тирилганидан кейин ёмонлик қилади. Аммо эътибор беришимиз мумкинки, Исо мозорлардан чиққанлар яхшилик ёки ёмонлик қилади, деб айтмаган. У ўтган замонда гапирган. Исо «яхшилик қилганлар» ва «ёмонлик қилганлар» деган. Бу уларнинг ўлимидан олдин қилган ишларга ишора қилади. Бу мантиқан тўғри, шундай эмасми?! Чунки янги дунёда ҳеч ким ёмонлик қилишига йўл қўйилмайди. Адолатсиз инсонлар эҳтимол ўлимидан олдин ёвуз ишлар қилган. Исонинг «яшаш учун» ва «ҳукм этилиш» учун тирилади деган сўзларини-чи, қандай тушунсак бўлади?
15. Кимлар «яшаш учун» тирилади ва нега?
15 Ўлимидан олдин яхши иш қилган адолатли инсонлар «яшаш учун» тирилади. Чунки уларнинг исми ҳаёт китобида аллақачон ёзилган бўлади. Демак, Юҳанно 5:29 даги «яхшилик қилганлар» ва Ҳаворийлар 24:15 даги «адолатли» инсонлар ўша-ўша одамларни англатади. Бу Римликларга 6:7 да келтирилган қуйидаги сўзларга мувофиқ: «Ўлган одам гуноҳдан озоддир». Демак, Яҳова адолатли инсонларнинг ўлимидан кейин гуноҳларини кечиради, лекин яхши ишларини унутмайди. (Иброн. 6:10) Албатта, исмлари ҳаёт китобида абадий қолиши учун улар садоқатли бўлиши керак.
16. «Ҳукм этилиш учун тирилади» ибораси нимани билдиради?
16 Ўлимидан олдин ёмонлик қилган инсонлар ҳақида нима деса бўлади? Гуноҳлари ўлимидан кейин унутилган бўлса ҳам, улар Яҳовага хизмат қилмаган эди. Бу инсонларнинг исми ҳаёт китобида ёзилмаган. Демак, «ёмонлик қилганлар» ва Ҳаворийлар 24:15 даги «адолатсиз» одамлар ўша-ўша инсонларни билдиради. Улар «ҳукм этилиш учун тирилади» c. Бу дегани, Исо адолатсиз одамларни синчиклаб кузатади ва ишларини текширади. (Луқо 22:30) Муайян вақт ўтгач эса, Исо уларнинг исми ҳаёт китобида ёзилиш-ёзилмаслигини ҳал қилади. Улар ўтмишдаги ёмон ҳаёт тарзидан воз кечиб, ўзини Яҳовага бағишласагина исмлари ҳаёт китобида ёзилади.
17, 18. Ер юзида яшаш учун тириладиганлар нима қилиши керак ва улар қайси «қилмишларига» кўра ҳукм этилади? (Ваҳий 20:12, 13)
17 Тирилганлар адолатли ёки адолатсиз бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳаммаси 1 000 йил давомида очиладиган янги китоблардаги қонунларга бўйсуниши лозим. Ҳаворий Юҳанно ваҳийда кўрганларини шундай таърифлаган: «Мен тахт олдида турган улуғу кичик ўликларни кўрдим. Шунда китоблар очилиб, ҳаёт китоби деган яна бир китоб ҳам очилди. Ўликлар китобларда ёзилгани бўйича, қилмишларига яраша ҳукм қилинди. Денгиз ҳам, ўлим ҳам, мозор ҳам ўзидаги ўликларни берди. Ҳар бир киши ишларига яраша ҳукм этилди». (Ваҳ. 20:12, 13)
18 Тирилганлар қайси «қилмишларига» кўра ҳукм этилади? Бу уларнинг ўлимидан олдин қилган ишларига ишора қиладими? Йўқ! Ёдингизда бўлсин, улар ўлганидан кейин барча гуноҳларидан озод этилган. Бу ерда «қилмишлари» деганда, уларнинг ўлимидан олдинги ишлари назарда тутилмаган. Аксинча, бу улар янги дунёда олаётган билимига қандай муносабат билдиришига ишора қилса керак. Ҳатто Нуҳ, Шомуил, Довуд ва Дониёр каби садоқатли хизматчилар ҳам Исо Масиҳ ҳақида ўрганиб, унинг тўлов қурбонлигига ишонишлари керак бўлади. Агар бундай садоқатли инсонлар шунча билим олишига тўғри келса, адолатсиз инсонлар ҳақида нима деса бўлади?!
19. Имкониятни қўлдан бой берадиганлар билан охири нима бўлади?
19 Бундай ажойиб имкониятни қўлдан бой берадиганлар билан охири нима бўлади? Ваҳий 20:15 да шундай дейилган: «Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси оловли кўлга ташланди». Ҳа, улар йўқ бўлиб кетади. Шундай экан, исмимиз ҳаёт китобида ёзилиши ва у ерда абадий қолиши биз учун жуда муҳим.
20. Минг йиллик бошқарув даврида қандай ажойиб иш амалга оширилади? (Муқовадаги расмга қаранг.)
20 Минг йиллик бошқарув даври ажойиб бўлади. Ўшанда ер юзида мисли кўрилмаган таълим бериш иши амалга оширилади. Қолаверса, адолатли ва адолатсиз инсонларнинг ишлари текширилади. (Ишаё 26:9; Ҳавор. 17:31) Ушбу таълим бериш иши қандай амалга оширилади? Кейинги мақола буни тушунишга ва қадрлашга ёрдам беради.
147- ҚЎШИҚ Ваъда қилинган абадий ҳаёт
a Ушбу мақолада Исонинг Юҳанно 5:28, 29 даги «яшаш учун» ва «ҳукм этилиш учун тирилади» деган сўзларига оид ўзгарган тушунчани муҳокама қиламиз. Бу нимани англатишини ва кимлар тирилишини ҳам кўриб чиқамиз.
b Бу китоб «дунёга асос солинганидан», яъни Худо гуноҳдан халос қилишга лойиқ деб топган инсондан бошлаб ёзилишни бошлади. (Мат. 25:34; Ваҳ. 17:8) Шунинг учун, садоқатли Ҳобилнинг исми бу ҳаёт китобига ёзилган илк исм бўлди.
c Олдинлари бу ердаги «ҳукм этиш» ибораси салбий, яъни жазога маҳкум этиш деган маънога эга, деб тушунардик. Аммо у бошқача маънода ҳам қўлланилиши мумкин. Бу матн таркибида Исо «ҳукм этиш» ибораси билан кимнидир синчиклаб кўздан кечиришни назарда тутганга ўхшайди. Битта юнонча Муқаддас Китобнинг луғатида бу ибора «кимнингдир хулқ-атворини текшириш» маъносида қўлланилган.