38- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ишончли инсон бўлинг
Ишончли одам эса сир сақлайди. ҲИК. 11:13
101- ҚЎШИҚ Баҳамжиҳат хизмат қилайлик
БУ МАҚОЛАДА a
1. Ишончли одамни қандай таърифлаган бўлардингиз?
ИШОНЧЛИ одам ваъдасининг устидан чиқишга ва рост гапиришга ҳаракат қилади. (Заб. 15:4) Шунга бошқалар унга ишонади. Имондошларимиз ҳам бизни ишончли деб билишларини хоҳлаймиз. Уларнинг ишончини қандай қозона оламиз?
2. Ишончли эканимизни қандай кўрсата оламиз?
2 Бошқаларни бизга ишонишга мажбур қила олмаймиз. Ишончга сазовор бўлиш керак. Уни пулга ўхшатса бўлади. Пулни ишлаб топиш қийин, йўқотиш эса жуда осон. Тангри Яҳова ҳам ишончимизни қозонган. Биз Унга доим ишонишимиз мумкин, чунки Унинг «барча ишлари ишончга сазовордир». (Заб. 33:4) Яҳова Унга тақлид қилишимизни истайди. (Эфес. 5:1) Келинг, Унинг баъзи хизматчиларининг мисолини кўриб чиқайлик. Улар Яҳовага тақлид қилиб, ўзини ишончли инсон сифатида танитган. Шунингдек, ишончли бўлишимизга ёрдам берадиган бешта фазилатни муҳокама қиламиз.
ЯҲОВАНИНГ ИШОНЧЛИ ХИЗМАТЧИЛАРИДАН ЎРГАНИНГ
3, 4. Дониёр пайғамбар ишончли эканини қандай кўрсатган ва ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
3 Дониёр пайғамбар ишончли бўлишда яхши ўрнак. Бобилликлар уни асирликка олиб кетган бўлса-да, у ишончли инсон сифатида обрў орттирган. Дониёр Яҳованинг кўмаги билан Бобил шоҳи Навуходоносорнинг тушларини таъбирлаб берганида, одамларнинг унга бўлган ишончи ошган. Бир сафар Дониёр Навуходоносорга Яҳова ундан норози эканини айтиши керак бўлган. Бу шоҳ эшитишни истаган хабар бўлмаган. Бунинг учун у жасоратли бўлиши кутилган. Чунки Навуходоносорнинг жаҳли тез бўлган. (Дон. 2:12; 4:20–22, 25) Кўп йиллар ўтгач, Дониёр Бобилдаги шоҳ саройининг деворида пайдо бўлган сирли хабарнинг маъносини батафсил тушунтириб берганида ишончли эканини яна бир бор кўрсатган. (Дон. 5:5, 25–29) Кейинчалик, мидиялик шоҳ Доро ва унинг амалдорлари ҳам Дониёр «ақли расолик руҳига эга» эканини тушунишган. Улар «у ишончли ва масъулиятли инсон бўлиб, ноҳақликка йўл қўймаслигини» тан олишган. (Дон. 6:3, 4) Ҳа, сохта худоларга сажда қилган бошқарувчилар ҳам Яҳованинг бу хизматчиси ишончга сазовор эканини тушунишган.
4 Дониёрнинг мисоли устида мулоҳаза юритиб, ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар мен ҳақимда қандай фикрда? Улар мени вазифасини охиригача бажарадиган ишончли одам деб билишадими?» Нега ўзимизга бу каби саволларни бериш муҳим? Чунки бошқалар бизни ишончли деб билса, бу Яҳовага шараф келтиради.
5. Нима туфайли Ханониё ишончли бўла олган?
5 Мил. авв. 455 йили Қуддус деворлари қайта қурилганидан кейин ҳоким Нахимиё шаҳарга кўз-қулоқ бўла оладиган ишончли кишиларни излаган. У бошқалардан ташқари Қалъага жавобгар бўлган Ханониёни ҳам танлаган. Муқаддас Китобда у «ниҳоятда ишончли ва бошқаларга қараганда ҳақ Тангридан кўпроқ қўрқадиган киши» сифатида таърифланган. (Нахим. 7:2) Яҳовани севгани ва Уни ранжитишдан қўрққани учун Ханониё ҳар бир вазифасига жиддий ёндашган. Бу бизга ҳам хизматда ишончли бўлишга ёрдам беради.
6. Тихик ҳаворий Павлуснинг ишончли дўсти бўлганини қандай кўрсатган?
6 Ҳаворий Павлус ишонган Тихикнинг мисолини олайлик. У уй қамоғида бўлганида Тихикка таяниб, уни «ишончли хизматчи» деб атаган. (Эфес. 6:21, 22) Павлус Тихикни Эфесдаги ва Колосадаги биродарларга нафақат мактубларни етказишга, балки уларга далда ва тасалли беришга ҳам тайинлаган. Тихик бизга маънавий ризқ-рўзни етказиш учун тайинланган садоқатли ва ишончли кишиларни эслатяпти. (Колос. 4:7–9)
7. Ишончли бўлиш борасида оқсоқоллар ва жамоат хизматкорларидан нимани ўрганишингиз мумкин?
7 Ишончли оқсоқоллар ва жамоат хизматкорларидан миннатдормиз. Улар Дониёр, Ханониё ва Тихик каби ўз вазифаларига жиддий ёндашишади. Масалан, ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувларга борганимизда, дастурнинг қайсидир қисми тайёрланмаганидан хавотирланмаймиз. Шунингдек, вазифа олган биродару опа-сингиллар унга тайёргарлик кўриб, бажаришганида оқсоқоллар буни жуда қадрлашади. Дам олиш кунлари ўтадиган учрашувда оммавий нутқ сўзланишини билганимиз учун қизиқувчиларни у ерга бемалол таклиф қила оламиз. Бундан ташқари, хизматимиз учун керак бўлган адабиётлар бор бўлишига ишончимиз комил. Садоқатли биродарлар бизга ғамхўрлик қиляпти. Улар учун Яҳовадан миннатдормиз. Ишончли эканимизни қандай кўрсата оламиз?
МАХФИЙЛИКНИ САҚЛАБ ИШОНЧЛИ БЎЛИНГ
8. Бошқаларга шахсий қизиқиш кўрсатганда нимани унутмаслигимиз керак? (Ҳикматлар 11:13)
8 Биродару опа-сингилларимизни яхши кўрамиз ва улар учун қайғурамиз. Аммо уларнинг шахсий ҳаётига аралашмаслигимиз лозим. Биринчи асрдаги жамоатда баъзилар «ғийбат қилиб, бошқаларнинг ишига аралашиб, лозим бўлмаган нарсаларни гапиришган». (1 Тим. 5:13) Бундай йўл тутишни асло истамаймиз. Лекин айтайлик, кимдир шахсий ҳаётига тегишли нарсани биз билан бўлишиб, уни бошқаларга айтмасликни сўрар. Мисол учун, опамиз соғлик муаммоси ёки бошқа қийинчилиги ҳақида гапириб, уни сир сақлашимизни сўраши мумкин. Биз у айтгандай қилишимиз керак b. (Ҳикматлар 11:13 ни ўқинг.) Келинг, махфийликни сақлашимиз муҳим бўлган баъзи соҳаларни кўриб чиқайлик.
9. Оила аъзолар ишончли эканини қай йўсин кўрсата олади?
9 Оилада. Оиламизга тегишли муайян масалаларни бошқаларга айтмаслигимиз лозим. Масалан, эр хотинининг бирон кулгили ҳаракатини билар. Хўш, у буни бошқаларга айтиб, унинг уялишига йўл қўядими? Албатта, йўқ! Чунки у хотинини севади ва уни хафа қилмасликка интилади. (Эфес. 5:33) Ўсмирлар ҳам уларга ҳурмат билан муносабат қилишларини хоҳлайди. Ота-оналар буни инобатга олишса яхши бўларди. Улар фарзандларининг хатоларини бошқаларга айтиб, уларни камситмайди. (Колос. 3:21) Болалар фаросатли бўлишга ва оила аъзоларини хижолат қиладиган нарсаларни айтмасликка ўрганишлари керак. (Қонун. 5:16) Агар оиланинг ҳар бир аъзоси оиласига тегишли шахсий нарсаларни бошқаларга айтмаса, уларнинг ришталари янада мустаҳкам бўлади.
10. Кимни чин дўст деса бўлади? (Ҳикматлар 17:17)
10 Дўстона муносабатларда. Вақти-вақти билан қалбимиз тўридаги туйғуларни яқин дўстимиз билан бўлишгимиз келади. Лекин бундай қилиш доим ҳам осон эмас. Ичимиздаги туйғуларни кимдир билан бўлишиш қийин кечиши мумкин. Айниқса, яқин дўстимиз сиримизни бошқаларга айтганини эшитганимизда ўзимизни ёмон ҳис қиламиз. Сир тутадиган дўстимизни эса қадрлаймиз. Ҳа, уни «чин дўст» деса бўлади. (Ҳикматлар 17:17 ни ўқинг.)
11. а) Оқсоқоллар ва уларнинг рафиқалари ишончли эканини қандай кўрсата олади? б) Жамоатга оид маълумотларни сир сақлайдиган оқсоқолдан нимани ўрганишимиз мумкин? (Расмга қаранг.)
11 Жамоатда. Махфийликни сақлайдиган оқсоқоллар имондошлари учун «шамолдан ҳимоялайдиган жойдай, жаладан сақлайдиган панадай». (Ишаё 32:2) Оқсоқоллар сир тутишни билишгани учун уларга ичимиздагиларни бемалол айта оламиз. Лекин шу билан бирга, махфий маълумотни айтиб бериши учун уларга босим ўтказмаймиз. Шунингдек, оқсоқолларнинг рафиқаларини жуда қадрлаймиз, чунки улар эрларидан махфий маълумотларни билишга интилмайди. Оқсоқол имондошларига тегишли маълумотни хотини билан бўлишмаслиги чинакам баракадир. Бир оқсоқолнинг рафиқаси шундай бўлишди: «Эрим далдали ташриф ёки маънавий ёрдамга ким муҳтожлигини менга айтмайди. Буни жуда қадрлайман. Бу туфайли мен ҳал қила олмайдиган муаммолар ҳақида хавотирланмайман ва жамоатдагилар билан бемалол гаплаша оламан. Эрим у билан бўлишган туйғуларимни ёки муаммоларимни сир сақлашини билганим учун унга ишона оламан». Албатта, барчамиз ишончли одам сифатида обрў орттиришни истаймиз. Бунда бизга қайси фазилатлар ёрдам беради? Келинг, улардан бештасини кўриб чиқайлик.
ИШОНЧЛИ БЎЛИШИНГИЗГА КЎМАКЛАШАДИГАН ФАЗИЛАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ
12. Нега ишончли бўлишга ёрдам берадиган энг муҳим фазилат севги деб айта оламиз? Мисол келтиринг.
12 Ишончли бўлишга ёрдам берадиган энг муҳим фазилат бу севги. Исо Яҳовани ҳамда яқинимизни севиш иккита энг муҳим амр эканини айтган. (Мат. 22:37–39) Яҳовани яхши кўрамиз ва У каби ишончли бўлишга интиламиз. Биродару опа-сингилларимизга бўлган севги эса уларнинг сирини сақлашга кўмаклашади. Уларни уялтириши, зарар ёки оғриқ келтириши мумкин бўлган нарсаларни бошқаларга айтмаймиз. (Юҳан. 15:12)
13. Қай йўсин камтарлик ишончли бўлишимизга кўмаклашади?
13 Камтарлик ишончли бўлишимизга кўмаклашади. Камтарин бўлсак, бошқаларни лол қолдиришга интилиб, бирон янгиликни биринчи бўлиб айтмаймиз. (Филип. 2:3) Қолаверса, бошқаларда улар билиши мумкин бўлмаган қандайдир махфий маълумотга эгамиз деган таассурот уйғотмаймиз. Бундан ташқари, камтарлик бизни Муқаддас Китоб ёки адабиётларимизда тилга олинмаган масалалар бўйича ўз нуқтаи назаримизни олға сурмасликка ундайди.
14. Қай йўсин ақл-идрок ишончли бўлишимизга ёрдам беради?
14 Ақл-идрокли масиҳийлар «сукут сақлашнинг ҳам, гапиришнинг ҳам ўз вақти борлигини» билади. (Воиз 3:7) Баъзи халқларда шундай гап бор: «Сўз кумуш, сукут эса олтиндир». Бошқача айтганда, баъзида гапиришдан кўра индамаслик яхшироқ. Бежизга Ҳикматлар 11:12 да: «Ақл-идрокли киши эса сукут сақлайди»,— деб айтилмаган. Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Бошқа жамоатлар қийин вазиятларга дуч келганда тажрибали оқсоқолдан ёрдам сўрайди. Бошқа оқсоқол у ҳақда шундай фикр билдирди: «У доим эҳтиёткор бўлиб, бошқа жамоатга тегишли махфий маълумотлар билан бўлишмайди». Ушбу оқсоқол ақл-идрокли бўлгани учун жамоатидаги бошқа оқсоқоллар уни ҳурмат қилишади. У махфий маълумотларни бошқаларга айтмаслигига улар ишонишади.
15. Ростгўй бўлсак нега бошқалар бизга ишонади, деб айта оламиз? Мисол келтиринг.
15 Ишончли бўлишимизга ёрдам берадиган яна бир фазилат ростгўйлик. Ростгўй инсон ҳеч қачон алдамайди. (Эфес. 4:25; Иброн. 13:18) Мисол учун, таълим бериш қобилиятингизни янада яхшиламоқчисиз. Шунда бирон кишидан тайёрлаган вазифангизни тинглаб, керакли маслаҳатларни беришини сўрайсиз. Хўш, кимга мурожаат қиласиз? Қулоғингизга ёқимли бўлган гапларни айтадиган инсонгами? Ёки мулойимлик ила сизга ростини айтиб, маслаҳат берадиган кишигами? Бунинг жавоби аниқ. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Яширин севгидан кўра, очиқ танбеҳ яхшироқ. Дўстнинг яралаши садоқатидан даракдир». (Ҳик. 27:5, 6) Гарчи бошида маслаҳатни эшитиш қийин бўлса-да, дўстимизнинг ростгўй маслаҳати кейинчалик бизга фойда келтиради.
16. Ўзимизни тута билиш кераклиги Ҳикматлар 10:19 да қандай таъкидланган?
16 Бошқалар бизга ишонишини хоҳласак, ўзимизни тута билишимиз муҳим. Бу бизга ишониб айтилган бирон маълумотни сир сақлашга ёрдам беради. (Ҳикматлар 10:19 ни ўқинг.) Масалан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда бундай қилиш осон бўлмас. Агар эҳтиёт бўлмасак, кўп одамларга махфий маълумотни етказиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Электрон қурилмадан бирон маълумот юборсак, у кейинчалик қандай қўлланилишини ёки қанча муаммо олиб келишини билмаймиз. Шунингдек, душманларимиз бизни алдаб-сулдаб, имондошларимизга зарар етказиши мумкин бўлган бирон маълумотни айтиб беришни сўраши мумкин. Шунда, ўзимизни тута билиш бизни бу ҳақда ҳеч нарса айтмасликка ундайди. Бу фаолиятимиз ман этилган ёки тақиқ остида бўлган мамлакатда полиция ходимлари томонидан сўроқ қилинганимизда юз бериши мумкин. Бу ёки бошқа вазиятларда оғзимизга «юган солиб олиш» принципига амал қилсак бўлади. (Заб. 39:1) Оила аъзоларимиз, дўстларимиз, имондошларимиз ёки бошқа одамлар бўладими, барчаси билан муомала қилганда ишончли бўлишимиз лозим. Бунда ўзимизни тута билиш фазилати қўл келади.
17. Жамоатда ҳамма бир-бирига ишонишига қандай ҳисса қўша оламиз?
17 Яҳова бизни ишончли ва бир-бирини севадиган одамлардан иборат оиласига жалб қилганидан ниҳоятда миннатдормиз. Биродару опа-сингилларимизнинг ишончини қозониш бурчимиздир. Ҳар биримиз севги, камтарлик, ақл-идрок, ростгўйлик ва ўзини тута билиш фазилатларини намоён этиб, жамоатда ҳамма бир-бирига ишонишига ҳисса қўшамиз. Ишончли эканимизни кўрсатиш тўхтовсиз жараёндир. Келинг, Худойимиз Яҳовага тақлид қилишда ва ишончли бўлишда давом этайлик.
123- ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз
a Бошқалар бизга ишонишини хоҳласак, ўзимиз ҳам ишончли бўлишимиз даркор. Бу мақолада нега бир-биримизга ишонишимиз муҳим эканини ва бошқалар бизга ишонишига ёрдам берадиган фазилатларни муҳокама қиламиз.
b Агар кимдир жиддий гуноҳга қўл урганини билиб қолсак, уни оқсоқоллардан ёрдам излашга ундашимиз керак. Бироқ у бундай қилмаса, Яҳовага ва жамоатга бўлган садоқатимизни кўрсатиш учун бу ҳақда оқсоқолларга ўзимиз хабар беришимиз лозим.
c РАСМГА ШАРҲ. Оқсоқол махфий маълумотни оиласига айтиб бермаяпти.