Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

40- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Кўпчиликни одилликка етаклаш»

«Кўпчиликни одилликка етаклаш»

Кўпчиликни одилликка етаклаганлар эса абадулабад юлдузлардай порлайди. ДОН. 12:3

151- ҚЎШИҚ Тирилиш ваъдаси

БУ МАҚОЛАДА a

1. Минг йиллик бошқарув пайтида нималар бўлади?

 МАСИҲНИНГ Минг йиллик бошқаруви пайтида ер юзида тирилиш бошланганида хурсанд бўламиз. Яқинларини йўқотган барча уларни яна кўришни интиқиб кутяпти. Яҳова ҳам буни жуда истайди. (Аюб 14:15) Ҳар бир инсон яқинларини кутиб олганидан роса суюнишини тасаввур қилинг! Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, ҳаёт китобида исмлари ёзилган «адолатли» инсонлар «яшаш учун» тирилади. (Ҳавор. 24:15; Юҳан. 5:29) Армагеддондан кўп ўтмай тириладиган инсонларнинг орасида анчагина яқинларимиз бўлиши мумкин b. Бундан ташқари, ўлимидан олдин Яҳовани таниб-билишга ёки Унга топинишга имкони бўлмаган «адолатсиз» кишилар «ҳукм этилиш учун тирилади».

2, 3. а) Ишаё 11:9, 10 да қандай таълим бериш фаолияти ҳақида айтилган? б) Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

2 Тириладиган барча одамлар таълим олишга муҳтож бўлади. (Ишаё 26:9; 61:11) Шунга тарихдаги энг улкан таълим бериш иши амалга оширилади. (Ишаё 11:9, 10 ни ўқинг.) Масалан, тириладиган адолатсиз инсонлар Исо Масиҳ, Худонинг Шоҳлиги, тўлов ва энг муҳими Аллоҳнинг исми ва Унинг ҳукмдорлиги борасида билим олиши даркор. Ҳатто адолатли одамлар ҳам Яҳованинг аста-секин ошкор этилган ер юзига оид ниятини билиб олиши лозим. Улардан баъзилари Муқаддас Китоб тўлиқ тугатилишидан олдин вафот этган. Ҳа, ҳам адолатли, ҳам адолатсиз инсонлар кўп билим олиши керак.

3 Ушбу мақолада қуйидаги саволларни кўриб чиқамиз: «Улкан таълим бериш фаолияти қандай юритилади? Одамларнинг бу таълимга кўрсатган муносабати исмлари ҳаёт китобида абадий қолиш-қолмаслигига қай йўсин таъсир қилади?» Мазкур саволларнинг жавоби биз учун ўта муҳим. Шунингдек, Дониёр ҳамда Ваҳий китобларидаги баъзи башоратлар тирилиш юз берганида нималар бўлиши ҳақидаги тушунчамизни ойдинлаштиради. Келинг, аввал Дониёр 12:1, 2 даги башоратда ёзилган ҳодисаларни кўриб чиқайлик.

«ЕР БАҒРИДА УХЛАБ ЁТГАНЛАР... УЙҒОНАДИ»

4, 5. Дониёр 12:1 да охирзамон ҳақида нима дейилган?

4 Дониёр 12:1 ни ўқинг. Дониёр китобида ҳаяжонли воқеалар охирзамонда қандай кетма-кетликда амалга ошиши очиб берилган. Мисол учун, Дониёр 12:1 да Микоил, яъни Исо Масиҳ Худонинг халқи «томонида тургани» айтилган. Башоратнинг бу қисми 1914 йили Исо Худонинг Самовий Шоҳлигида Шоҳ этиб тайинланганида амалга оша бошлаган.

5 Бироқ Дониёр шунингдек, «халқ пайдо бўлганидан бери ҳали рўй бермаган мусибатли кунлар келганида», Исо «кўтарилади» деб ҳам айтган. Бу «мусибатли кунлар» Матто 24:21 даги «буюк мусибат»га ишора қилади. Исо кўтарилади ёки мусибатли кунларнинг охирида, яъни Армагеддонда Худонинг халқини ҳимоя қилиш учун ҳаракатга тушади. Ваҳий китобидан бу халқ «буюк мусибатдан чиқиб келаётган» улкан оломон эканини билиб оляпмиз. (Ваҳ. 7:9, 14)

6. Улкан оломон буюк мусибатдан омон қолгач, нима содир бўлади? Тушунтиринг. (Ер юзидаги тирилиш ҳақида бу сондаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га ҳам қаранг.)

6 Дониёр 12:2 ни ўқинг. Улкан оломон ушбу мусибатли кунларни бошдан ўтказгач, нима юз беради? Олдинлари Дониёр 12:2 даги башоратда самовий ҳаёт учун тирилиш ёки 1918 йили ваъзгўйлик фаолияти душманлар томонидан деярли тўхтатилганидан кейин кенгайтирилгани назарда тутиляпти, деб ўйлардик c. Лекин ҳозир бу ерда янги дунёда юз берадиган том маънодаги тирилиш ҳақида айтилган деб тушунамиз. Нега бундай хулосага келдик? Дониёр 12:2 даги «ер бағрида» ибораси Аюб 17:16 да «тупроқ» деб таржима қилинган. Бу ибора «шеўл», яъни инсониятнинг умумий қабрига ишора қилади. Бундан кўриниб турибдики, Дониёр 12:2 да охирзамондан ва Армагеддондан кейин бўладиган том маънодаги тирилиш ҳақида айтилган.

7. а) Қайси маънода баъзилар «абадий ҳаёт» учун тирилади? б) Нега бу «яхшироқ тирилиш» бўлади, деб айта оламиз?

7 Дониёр 12:2 даги баъзилар «абадий ҳаёт» учун тирилади деган сўзларни қандай тушунса бўлади? Бу 1 000 йил давомида тирилиб, Яҳова ҳамда Исони таниб-билишга жон куйдирадиганлар ва уларга итоат қиладиганлар натижада абадий ҳаётга эга бўлишини англатади. (Юҳан. 17:3) Бу ўтмишда баъзи инсонларнинг тирилганига қараганда «яхшироқ тирилиш» бўлади. (Иброн. 11:35) Негаки, ўша номукаммал инсонлар вақт ўтиб яна ҳаётдан кўз юмишган.

8. «Иснодга ҳамда тоабад нафратга дучор бўлиш учун» тирилади деган сўзлар қандай маънога эга?

8 Бироқ ҳамма ҳам Яҳовадан таълим олишни хоҳламайди. Дониёрнинг башоратига кўра, айримлар «иснодга ҳамда тоабад нафратга дучор бўлиш учун» тирилади. Исёнкорлик руҳини намоён этганларнинг исми ҳаёт китобига ёзилмайди ва улар абадий ҳаётга эга бўлмайди. Ўша инсонлар «тоабад нафратга дучор бўлади», яъни йўқ қилинади. Демак, Дониёр 12:2 да барча одамлар тирилганидан кейин қиладиган ишлари асосида улар билан нима содир бўлиши ҳақида айтилган d. (Ваҳ. 20:12) Айримлари абадий ҳаётга эга бўлади, бошқалари эса йўқ.

«КЎПЧИЛИКНИ ОДИЛЛИККА ЕТАКЛАШ»

9, 10. Буюк мусибатдан сўнг яна нима содир бўлади ва кимлар «осмон гумбазидай ёрқин нур таратади»?

9 Дониёр 12:3 ни ўқинг. «Мусибатли кунлар»дан сўнг яна нима бўлади? Дониёр 12:3 да буюк мусибатдан кейин нима юз бериши ҳақида қўшимча тафсилот келтирилган.

10 Кимлар «осмон гумбазидай ёрқин нур таратади»? Исонинг Матто 13:43 даги сўзлари бу саволга жавоб топишга ёрдам беради. У шундай деган: «Ўшанда одиллар Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар». Ушбу сўзларнинг матн таркибига қарасак, Исо «Шоҳлик ўғиллари», яъни у билан самода бошқарадиган мойланган биродарлари ҳақида гапирган. (Мат. 13:38) Демак, Дониёр 12:3 даги сўзлар мойланганларга ва улар Минг йиллик бошқарув пайтида бажарадиган ишга ишора қилаётганга ўхшайди.

Мойланганлар 1 000 йил давомида таълим бериш фаолиятини юритишда Исо Масиҳ билан яқиндан ҳамкорлик қилади (11- хатбошига қаранг.)

11, 12. Мойланганлар 1 000 йил мобайнида нима билан банд бўлади?

11 Қандай қилиб мойланганлар «кўпчиликни одилликка етаклайди»? Ер юзида 1 000 йил давомида амалга ошириладиган таълим бериш фаолиятида улар Исо Масиҳ билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Ушбу 144 000 мойланганлар нафақат шоҳлар бўлади, балки руҳонийлар сифатида ҳам хизмат қилади. (Ваҳ. 1:6; 5:10; 20:6) Шундай қилиб, улар «халқларга шифо бахш этиш» ишида кўмаклашади, яъни одамларга аста-секин мукаммал бўлишга ёрдам беради. (Ваҳ. 22:1, 2; Ҳиз. 47:12) Бу мойланганларга улкан қувонч келтиради!

12 Одил инсонга айланган «кўпчилик» орасида кимлар бўлади? Булар тирилганлар, Армагеддондан омон қолганлар ва янги дунёда, эҳтимол, туғиладиган болалар. 1 000 йилнинг охирида барча одамлар мукаммал бўлади. Унда уларнинг исми ҳаёт китобида қачон сиёҳ билан ёзилади?

ЯКУНИЙ СИНОВ

13, 14. Барча мукаммал одамлар абадий ҳаётга эга бўлишдан аввал нима қилиши керак?

13 Мукаммал бўлиш автоматик тарзда абадий ҳаётга эришишни англатмайди. Буни ёдда тутишимиз керак. Одамато билан Момоҳавони эсланг. Улар мукаммал бўлишган, лекин абадий яшаш учун улар Тангри Яҳовага бўйсуниши даркор эди. Афсуски, улар бундай қилмади. (Рим. 5:12)

14 Минг йилнинг охирида ер юзида яшайдиган инсонлар билан нима бўлади? Уларнинг барчаси мукаммалликка эришади. Хўш, улар Яҳованинг ҳукмдорлигини доим тўла-тўкис қўллаб-қувватлайдими? Ёки баъзилари мукаммал бўлганига қарамай бевафолик қилган Одамато билан Момоҳаво каби йўл тутадими? Келинг, бу саволларга жавоб топайлик.

15, 16. а) Қачон барча инсонлар Яҳовага бўлган садоқатини кўрсатиш имконига эга бўлади? б) Якуний синовнинг натижаси қандай бўлади?

15 Шайтон 1 000 йилга қамаб қўйилади. Бу вақт мобайнида у ҳеч нарса қила олмайди. Лекин 1 000 йилнинг охирида Шайтон озод этилади ва мукаммал инсонларни йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Бу синов пайтида барча мукаммал инсонлар Худонинг исмини улуғлаш ва Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш истаги бор-йўқлигини кўрсата олади. (Ваҳ. 20:7–10) Улар Шайтоннинг ҳаракатларига қандай муносабат кўрсатиши исмлари ҳаёт китобида абадий ёзилиш-ёзилмаслигига таъсир қилади.

16 Муқаддас Китобга кўра, баъзи инсонлар Одамато ва Момоҳаво каби садоқатсизлик қилиб, Яҳованинг ҳукмдорлигини рад этади. Улар билан нима содир бўлади? Ваҳий 20:15 да қуйидагича ёзилган: «Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси оловли кўлга ташланди». Ҳа, исёнкорларнинг бари бутунлай йўқ қилинади. Аммо мукаммал инсонларнинг аксарияти якуний синовдан ўтади. Уларнинг исми ҳаёт китобига абадий ёзилади.

«ОХИРЗАМОН»

17. Фаришта бизнинг давримиз ҳақида Дониёрга нима деб айтган? (Дониёр 12:4, 8–10)

17 Келажакда юз берадиган воқеалар ҳақида ўйлаш жуда ҳаяжонли. Бироқ Дониёр бизнинг давримизга, яъни «охирзамонга» оид баъзи муҳим маълумотларни фариштадан олган эди. (Дониёр 12:4, 8–10 ни ўқинг; 2 Тим. 3:1–5) Фаришта Дониёрга: «Аниқ билим мўл-кўл бўлади»,— деб айтган. Ҳа, бу китобдаги башоратли сўзларни Худонинг халқи янада яхшироқ тушунди. Фаришта охирзамон ҳақида гапириб, шундай қўшиб қўйган: «Ёвузлар ёвуз ишлар қилади, ҳеч бири бу сўзларнинг маъносини тушунмайди».

18. Ёвуз инсонлар билан яқинда нима бўлади?

18 Бугунги кунда ёвуз инсонларнинг ёмон ишлари жазосиз қолаётгандай кўриниши мумкин. (Мал. 3:14, 15) Аммо яқинда Исо эчкилар билан солиштирилган инсонларни ҳукм қилади ва қўйлар билан солиштирилган одамларни улардан ажратади. (Мат. 25:31–33) Ёвуз инсонлар буюк мусибатдан омон қолмайди ва уларнинг ҳеч бири янги дунёда тирилмайди. Шунингдек, уларнинг исми Малаки 3:16 да айтилган «хотира китоби»да ёзилмайди.

19. Ҳозир нима қилишимиз керак ва нега? (Малаки 3:16–18)

19 Ҳозир ёвуз инсонлар орасида эмаслигимизни исботлашнинг айни пайти. (Малаки 3:16–18 ни ўқинг.) Яҳова «ўзгача мулки» деб билган, яъни У учун қадрли бўлган инсонларни бирга йиғяпти. Албатта, биз уларнинг қаторида бўлишни истаймиз.

Янги дунёда Дониёр пайғамбар, яқинларимиз ва бошқаларнинг ўрнидан турганини кўриш роса ҳаяжонли бўлади! (20- хатбошига қаранг.)

20. Яҳова Дониёрга қандай ваъда берди ва нега унинг амалга ошишини интиқиб кутяпсиз?

20 Дарҳақиқат, ўзгача пайтда яшаяпмиз. Аммо яқинда бундан ҳам ажойиб воқеалар юз беради. Тез орада барча ёвуз инсонлар йўқ бўлиб кетади. Сўнг Яҳова Дониёрга берган қуйидаги ваъдаси амалга ошишини кўрамиз: «Кунларнинг охирида ўз улушингни олиш учун ўрнингдан турасан». (Дон. 12:13) Хўш, Дониёр ҳамда сиз яхши кўрадиган инсонлар ўрнидан турадиган пайт келишини интиқиб кутяпсизми? Унда ҳозирнинг ўзида садоқатли бўлиш учун жон куйдиринг. Шунда исмингиз Яҳованинг ҳаёт китобида абадий қолади.

80- ҚЎШИҚ «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»

a Ушбу мақолада Дониёр 12:2, 3 да айтилган улкан таълим бериш ишига оид ўзгарган тушунча келтирилган. Бу қачон бошланишини ва унда кимлар иштирок этишини муҳокама қиламиз. Шунингдек, бу таълим бериш иши ёрдамида инсонлар Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувининг охирида бўладиган якуний синовга қай йўсин тайёрланиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.

b Эҳтимол, тирилиш охирзамонда ҳаётдан кўз юмган инсонлардан бошланиб, кейин улардан олдин вафот этганларнинг тирилиши билан давом этади, яъни наслма-насл бўлади. Бундай ҳолда, ҳар бир насл шахсан таниган инсонларни қарши олиш имконига эга бўлади. Муқаддас Ёзувларга кўра, осмондаги ҳаёт учун тирилиш «ўз навбати билан» бўлади. Демак, ер юзидаги тирилиш ҳам ўз навбати билан юз беради. (1 Кор. 14:33; 15:23)

c Бу «Дониёрнинг башоратига диққат қилинг!» китобининг 17- бобидаги ва «Қўриқчи минораси»нинг 1987 йил 1 декабрь (рус) сонидаги 17–21- саҳифаларидаги тушунчага оид ўзгариш.

d Бундан фарқли равишда, Ҳаворийлар 24:15 даги «адолатли ва адолатсиз одамлар» ҳамда Юҳанно 5:29 даги «яхшилик қилганлар» ва «ёмонлик қилганлар» сўзлари тириладиганларнинг ўлимидан олдин қилган ишларига ишора қилади.