Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳовадан ўрганиш ва У ҳақда таълим беришдан завқ оляпман

Яҳовадан ўрганиш ва У ҳақда таълим беришдан завқ оляпман

МЕН Истонда (Пенсильвания, АҚШ) катта бўлганман. Олдинлари университетга кириб мансабдор инсон бўлишни истардим. Ўқишни жуда яхши кўрардим. Математика ва физика энг яхши кўрган фанларим эди. 1956 йили қора танли ўқувчилар орасида энг юқори балл олганим учун фуқаролик ҳуқуқлари ташкилоти менга 25 доллар берганди. Кейинчалик, ҳаётимдаги мақсадлар ўзгарди. Нега дейсизми?

ЯҲОВА ҲАҚИДА БИЛИБ ОЛДИМ

1940 йилларнинг бошида ота-онам Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ бошлашди. Улар тадқиқни тўхтатган бўлса ҳам, онам «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларини олиб турарди. 1950 йили Нью-Йоркда халқаро анжуман бўлди ва оиламиз билан у ерга бордик.

Бундан кўп вақт ўтмай биродар Лоуренс Жеффриз уйимизга келишни бошлади. У ҳақиқатга бўлган қизиқишимни кучайтиришга ҳаракат қиларди. Бошида Яҳованинг Шоҳидлари бетарафликни сақламай, сиёсатга аралашиши ва ҳарбий хизматни ўташи керак деб ўйлардим. Мен: «Агар Америкадаги барча одамлар урушга боришдан бош тортса, душманлар мамлакатни босиб олади-ку!» — деб айтгандим. Биродар Жеффриз сабр ила шундай деганди: «Нима деб ўйлайсан, агар Америкадаги ҳамма одамлар Яҳовага топинганида ва душманлар уларга ҳужум қилганида У қандай йўл тутган бўларди?» Унинг бу ва бошқа масалалар борасида айтганлари нотўғри фикрда эканимни тушунишга ёрдам берди. Шу йўсин, ҳақиқатга бўлган қизиқишим ошди.

Сувга чўмишим

Онам «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларининг эски сонларини ертўлада тўплаб қўйганди. Мен уларни соатлаб ўқиб ўтирардим. Вақт ўтгани сайин бу ҳақиқат эканини тушундим ва биродар Жеффризнинг Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш таклифини қабул қилдим. Шунингдек, йиғилишларга мунтазам қатнайдиган бўлдим. Олаётган билимлар ўзимга ёқарди ва мен ваъзгўй бўлдим. «Яҳованинг улуғ куни яқин» эканини тушунганимда, ҳаётимдаги мақсадларни ўзгартирдим. (Заф. 1:14) Университетга киришнинг ўрнига бошқаларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўргатишни хоҳлардим.

1956 йили 13 июнда мактабни битирдим ва уч кундан кейин туман анжуманида сувга чўмдим. Ҳаётимни бошқаларга Яҳова ҳақида таълим беришга бағишлаб кўп баракаларга эга бўламан, деб ҳеч қачон ўйламаганман.

КАШШОФ СИФАТИДА ЎРГАНИШ ВА ТАЪЛИМ БЕРИШ

Сувга чўмганимдан олти ой ўтгач, доимий кашшоф бўлдим. «Илоҳий хизматимиз»нинг 1956 йил декабрь сонида «Эҳтиёж катта ҳудудда хизмат қила оласизми?» номли мақола чиқди. Мен хизмат қила олардим ва хушхабар кенг тарқалмаган ҳудудда ёрдам беришни истардим. (Мат. 24:14)

Мен Эджфилдга кўчиб ўтдим (Жанубий Каролина). У ердаги жамоатда тўртта ваъзгўй бор эди. Мен бешинчиси бўлдим. Йиғилишларни бир биродарнинг уйида ўтказардик. Ҳар ой 100 соат ваъз қилардим. Ваъзгўйлик хизматини ташкиллаштириш ва йиғилишларда нутқлар айтиш билан банд бўлардим. Қизиғи шундаки, бу ишлар билан шуғулланганим сайин Яҳова ҳақида кўпроқ билиб олардим.

Битта аёл билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказардим. У бир неча километр узоқликда бўлган Жонстон шаҳрида яшарди. Қолаверса, у меҳрибонлик қилиб менга иш топиб берди. У ерда ҳафтасига бир неча кун ишлардим. Бундан ташқари, у ўзининг кичик бир биносида йиғилишлар ўтказишимизга рухсат берди.

Лоуренс биродарнинг ўғли Жолли Жеффриз Бруклиндан (Нью-Йорк) кетиб, мен билан бирга кашшофлик хизматида иштирок этадиган бўлди. Биз бир биродар бериб турган трейлерда (ғилдиракли уй) яшардик.

Жанубда иш ҳақи жуда кам эди. Кунига икки-уч доллар тўлашарди. Бир сафар бор пулимга озиқ-овқат сотиб олгандим. Дўкондан чиққанимда олдимга бир киши келиб: «Ишлашни хоҳлайсизми? Соатига бир доллар бераман»,— деди. У менга уч кун ичида қурилиш майдончасини тозалашни айтди. Яҳова Эджфилдда қолишим учун менга ёрдам бераётганини аниқ кўрдим. Шунингдек, пулим кам бўлишига қарамай 1958 йили Нью-Йоркда ўтказилган халқаро анжуманга бора олдим.

Тўй кунимиз

Анжуманнинг иккинчи куни ажойиб воқеа юз берди. Мен Галлатинда (Теннесси) доимий кашшоф бўлиб хизмат қилган Руби Вадлингтон исмли синглимизни учратдим. Биз тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлишни орзу қилардик. Шу боис, ўша анжуманда Гилад мактабида ўқишни хоҳлайдиган ваъзгўйлар учун ўтказилган учрашувга бордик. Кейинчалик бир-биримизга хат ёзишни бошладик. Бир куни мени Галлатинга оммавий нутқ сўзлашга таклиф қилишди. Ўша имкониятдан фойдаланиб, Рубига оила қуришни таклиф қилдим. Сўнг унинг жамоатига кўчдим ва 1959 йили биз турмуш қурдик.

ЖАМОАТДА ЎРГАНИШ ВА ТАЪЛИМ БЕРИШ

23 ёшда бўлганимда Галлатинда мени жамоат хизматкори (ҳозир оқсоқоллар кенгашининг раиси деб аталади) этиб тайинлашди. Чарлз Томпсон туман нозири бўлганидан кейин биринчи бўлиб бизнинг жамоатга ташриф буюрди. У жуда тажрибали эди, лекин бунга қарамай имондошларнинг эҳтиёжлари ҳамда бошқа туман нозирлари уларга қандай ғамхўрлик қилаётгани борасида ўз фикримни билдиришни сўради. Ундан муҳим қарорлар чиқаришдан олдин саволлар бериш ва барча тафсилотларга эга бўлиш кераклигини ўргандим.

1964 йили майда мени Саут-Лансингга (Нью-Йорк) бир ойлик Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастурига таклиф қилишди. Таълим берган биродарлар Яҳова ҳақида кўпроқ ўрганиб, Унга яқинлашиш истагимни янада кучайтиришди.

ТУМАН ВА ВИЛОЯТ НОЗИРЛИК ХИЗМАТИДА ЎРГАНИШ ВА ТАЪЛИМ БЕРИШ

1965 йили январда бизни туман нозирлик хизматига таклиф қилишди. Биринчи ҳудудимиз жуда катта эди. Унга Ноксвиллдан (Теннесси) Ричмондгача (Виргиния) бўлган ҳудуд кирарди. Шимолий Каролина (Кентукки) ва Ғарбий Виргиниядаги жамоатлар ҳам ҳудудимизга кирарди. Қўшма Штатларнинг жанубида қора танли одамлар оқ танли одамлар билан бирга йиғилиши мумкин эмас эди. Шу боис, биз қора танли кишилардан иборат бўлган жамоатларга ташриф буюрардик. Имондошларимиз камбағал эди. Бор нарсамизни муҳтож бўлганлар билан бўлишишни ўргандик. Анча йиллар туман нозири бўлиб хизмат қилган бир биродар шундай маслаҳат берди: «Имондошларингиз учун хўжайин эмас, биродар бўлинг. Улар биродари эканингизни ҳис қилишсагина ёрдам бера оласиз».

Кичкина жамоатга ташриф буюрганимизда, Руби 17 ёшли бир қиз билан тадқиқ бошлади. Унинг бир ёшли қизалоғи бор эди. Жамоатда ҳеч ким у билан тадқиқ ўтказмаган, лекин Руби буни хатлар орқали қилди. Кейинги сафар ташриф буюрганимизда у барча учрашувларга келди. Ўша жамоатга тайинланган иккита махсус кашшоф опамиз у билан тадқиқни давом эттирди. Вақт ўтиб у сувга чўмди. Тахминан 30 йилдан кейин 1995 йили Паттерсондаги Байтилда ёш синглимиз Рубининг ёнига келиб ўзини таништирди. Бу ўша қизиқувчининг қизи эди. У ва унинг эри Гилад мактабининг 100- синфида ўқишган.

Иккинчи ҳудудимиз Флорида эди. Ўша пайтларда бизга машина керак бўлгани учун яхши нархга биттасини сотиб олдик. Лекин биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ мотори ишдан чиқди. Уни тузатиш учун пулимиз йўқ эди. Шунинг учун, бизга ёрдам бера оладиган битта биродарга машинани кўрсатдим. У ишчисига машинани тузатиб беришни айтди ва бунинг учун биздан пул олмай: «Бу чин юракдан»,— деди. У бизга совға сифатида озгина пул ҳам берди. Бу Яҳова Ўз хизматчиларига ғамхўрлик қилишининг яққол исботи эди. Бундан бошқаларга сахийлик кўрсатишни ўргандик.

Жамоатларга ташриф буюрганимизда имондошларимизникида яшардик. Бу туфайли кўп дўстлар орттирдик. Бир сафар чоп этиш машинасида жамоат ҳақида ҳисобот ёздим. Ўша хатни чоп этиш машинасининг ичида қолдириб кетгандим. Кечки пайт уйга қайтганимда, биз яшаган оиладаги уч ёшли болакай чоп этиш машинасининг тугмаларига босиб, уни тугатиб қўйишга «ёрдам берганини» кўрдим. Анча йиллар давомида унга буни эслатиб ҳазиллашиб турардим.

1971 йили Нью-Йоркка вилоят нозири сифатида тайинланганим ҳақида хат олдим. Бу хатни ўқиганимизда лол қолдик. Мен ўшанда атиги 34 ёшда эдим. У ердаги имондошлар биринчи қора танли вилоят нозирини, яъни мени илиқ қарши олди.

Вилоят нозири сифатида ҳар ҳафта туман анжуманида Яҳова ҳақида таълим беришдан завқ олардим. Аксарият туман нозирлари менга қараганда кўпроқ тажрибага эга эди. Улардан бири сувга чўмишимдан олдин нутқ сўзлаган. Бошқаси эса Теодор Ярач эди. У кейинчалик Етакчи кенгаш аъзоси бўлган. Шунингдек, анжуманда Бруклин Байтилида хизмат қилган кўпгина тажрибали биродарлар ҳам бор эди. Мен ўша туман нозирлари ва байтилчилардан жуда миннатдорман. Чунки улар ўзимни эркинроқ ҳис қилишимга ёрдам беришган. Ушбу биродарлар Худонинг Каломига асосланиб йўл тутадиган меҳрибон чўпонлар эканини ҳамда ташкилотни садоқат ила қўллаб-қувватлаганини шахсан кўрганман. Уларнинг камтарлиги вилоят нозири сифатида хизмат қилишимга ёрдам берган.

ТУМАН НОЗИРЛИК ХИЗМАТИГА ҚАЙТИШ

1974 йили Етакчи кенгаш бошқа туман нозирларини вилоят нозири сифатида тайинлади. Мен эса яна Жанубий Каролинага туман нозири этиб тайинландим. Ўшанда Қўшма Штатларнинг жанубидаги оқ ва қора танли кишилардан иборат жамоатларга бирга йиғилиш рухсат этилганди. Бундан жуда бахтиёр эдик.

1976 йилнинг охирида мен Атланта ва Колумбус шаҳарларининг ўртасидаги ҳудудга — Жоржияга тайинландим. Қора танли имондошларимизнинг бешта фарзанди нобуд бўлганида дафн нутқини айтганим ҳалиям эсимда. Бир киши уларнинг уйига ўт қўйганди. Бешта фарзанднинг ота-онаси эса жароҳат олгани учун касалхонада эди. Ҳам қора танли, ҳам оқ танли Яҳованинг Шоҳидлари касалхонага уларни йўқлашга келиб, тасалли беришарди. Мен имондошларимизнинг чексиз севгисини кўргандим. Бу Худонинг хизматчиларига энг қийин дамларда бардошли бўлишга ёрдам беради.

БАЙТИЛДА БИЛИМ ОЛИШ ВА ТАЪЛИМ БЕРИШ

1977 йили бир лойиҳада ёрдам бериш учун бизни бир неча ойга Бруклиндаги Байтилга таклиф қилишди. Лойиҳа тугай деб қолганида Етакчи кенгашнинг иккита аъзоси биз билан учрашди ва Байтилда қолиб хизмат қилишни таклиф қилди. Биз таклифни қабул қилдик.

24 йил давомида Хизмат бўлимида меҳнат қилдим. Кўпинча биродарларга мураккаб масалаларни ҳал қилишга кўмаклашардим. Йиллар давомида Етакчи кенгаш Муқаддас Китобдаги принципларга мувофиқ йўл-йўриқлар бериб келяпти. Бу йўл-йўриқлар ёрдамида Хизмат бўлими саволларга жавоб бериб туман нозири, оқсоқоллар ва кашшофларга таълим беряпти. Бундай таълим маънан ўсишимга асқатиб, Яҳованинг ташкилотини янада мустаҳкамлаяпти.

1995 йилдан 2018 йилгача мен Бош идора вакили (олдинлари минтақа нозири деб аталарди) сифатида турли филиалларга ташриф буюрдим. Мен Филиал қўмитаси аъзолари, байтилчилар, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан учрашиб, уларнинг руҳини кўтаришга ва ёрдам беришга ҳаракат қилардим. Имондошларимизнинг турли вазиятлари ҳақида эшитиш Руби иккимизга далда берарди. Мисол учун, 2000 йили Руандага ташриф буюрдик. У ердаги имондошлар ва Байтил оиласи 1994 йили содир бўлган геноциддан қандай омон қолгани ҳақида эшитиш қалбимизга қаттиқ таъсир қилди. Кўплар яқинларини йўқотди. Улар қийинчиликларга қарамай, садоқат ва қувонч билан хизмат қилишда давом этиб, умидини сўндирмади.

Тўйимизнинг 50 йиллиги

Ҳозир ёшимиз 80 дан ошган. Охирги 20 йил давомида Қўшма Штатлардаги Филиал қўмитасида хизмат қиляпман. Университетда ўқимаган бўлсам-да, Яҳова ва Унинг ташкилотидан энг аъло таълим оляпман. Бу менга бошқаларга абадий ёрдам бериши мумкин бўлган ҳақиқатларни ўргатиш имконини берди. (2 Кор. 3:5; 2 Тим. 2:2) Бу ҳақиқатлар бошқаларга ҳаётини яхшилашга ҳамда Яратувчимиз билан яқин муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашаётганини кўряпман. (Ёқб. 4:8) Руби иккимиз қўлдан келганча бошқаларни Яҳова ҳақида таълим олишга ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни бошқалар билан бўлишишга ундаяпмиз. Бу Яҳованинг хизматчиси эга бўлиши мумкин бўлган энг катта шараф!