Ўқувчиларнинг саволлари
Ер юзида кимлар тирилади ва қайси мақсадда?
▪ Муқаддас Китобда бу саволга қандай жавоб берилишига диққат қаратинг.
Ҳаворийлар 24:15 да «адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилиши» ҳақида ёзилган. Адолатли инсонлар ўлимидан олдин Аллоҳга итоатли бўлган. Шунинг учун, уларнинг исми ҳаёт китобида бор. (Мал. 3:16) Адолатсиз инсонларда эса Яҳовани таниб-билиш имкони бўлмаган. Шу боис, уларнинг исми ҳаёт китобида йўқ.
Юҳанно 5:28, 29 да Ҳаворийлар 24:15 да тилга олинган ўша-ўша икки гуруҳдаги инсонлар ҳақида айтилган. Исо Масиҳ: «Яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм этилиш учун тирилади»,— деб айтган. Адолатли инсонлар ўлимидан олдин яхшилик қилган. Улар яшаш учун тирилади, чунки уларнинг исми ҳаёт китобида ёзилган бўлади. Аммо адолатсиз инсонлар ўлимидан олдин ёвуз ишларга қўл урган. Улар ҳукм этилиш учун тирилади. Уларнинг исми ҳаёт китобида ёзилмаган бўлади ва улар муайян пайт ҳукм этилади, яъни уларнинг ишлари текширилади. Бу вақт давомида улар Яҳовани таниб-билиш ва исмлари ҳаёт китобида ёзилиш имконига эга бўлади.
Ваҳий 20:12, 13 да айтилган сўзлар шуни кўрсатяптики, барча тирилганлар «китобларда ёзилганларга», яъни жаннатдаги янги қонунларга бўйсуниши керак бўлади. Кимда-ким бўйсунмаса, Яҳова уларни йўқ қилади. (Ишаё 65:20)
Дониёр 12:2 да башорат қилинганидай, ҳаётдан кўз юмган баъзилар «абадий ҳаёт учун, бошқалари эса... иснодга ҳамда тоабад нафратга дучор бўлиш учун» тирилади. Бу оятда тириладиган инсонларнинг сўнгги бор ҳукм этилиши ҳақида гап кетяпти. Улар «абадий ҳаёт учун» ёки «тоабад нафратга дучор бўлиш учун» тирилади. Демак, 1 000 йилнинг охирида айримлар абадий ҳаётга эга бўлади, баъзилар эса йўқ қилинади. (Ваҳ. 20:15; 21:3, 4)
Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Тириладиган инсонларнинг вазиятини бошқа мамлакатда яшашни истайдиган инсонлар билан солиштирса бўлади. Адолатли инсонлар иш визасини олганларга ўхшайди. Улар кўпроқ эркинликка ва ҳуқуқларга эга бўлади. Адолатсиз инсонлар эса вақтинчалик виза олганларга ўхшайди. Икки гуруҳдаги инсонлар янги мамлакатда қолиши ва у ерда фуқаролик олиши учун қонунларга бўйсуниб, уларни ҳурмат қилиши лозим. Якуний қарор уларнинг янги мамлакатдаги хулқ-атворига ва муносабатига асосланади. Шу сингари, барча тирилганларга чиқариладиган ҳукм уларнинг янги дунёда кўрсатадиган садоқатига ва хулқ-атворига боғлиқ бўлади.
Яҳова нафақат ҳамдард, балки адолатли Худодир. (Қонун. 32:4; Заб. 33:5) У адолатли ва адолатсиз инсонларни тирилтириш орқали уларга Ўз севгисини кўрсатади. Лекин Яҳова улардан юқори ахлоқий меъёрларига бўйсунишини кутади. Фақат Яҳовани севиб, Унинг қонунларига амал қиладиган инсонгина янги дунёда абадий яшайди.