Ўқувчиларнинг саволлари
Ҳаворий Павлус ўзи ҳақида «барвақт туғилган»,— деганда нимани назарда тутган? (1 Коринфликларга 15:8)
▪ Ҳаворий Павлус 1 Коринфликларга 15:8 да қуйидагича деган: «Ниҳоят, [у] барвақт туғилган болага ўхшаган менга кўринди». Бу ерда Павлус ваҳийда Исони осмонда кўргани ҳақида айтяпти. Лекин у «барвақт туғилган» деганда нимани назарда тутган? Олдинлари, буни бошқача тушунардик. Гўёки Павлус самовий ҳаёт учун туғилиш ёки тирилиш шарафига барвақт эга бўлгандай эди. Аслида бу тирилиш бир неча асрлардан сўнг юз бериши лозим эди. Аммо ушбу оятни чуқурроқ тадқиқ қилгач, унинг тушунчасига ўзгариш киритишга эҳтиёж сездик.
Хўш, Павлус нимани назарда тутган? Қуйида бир нечта тахмин келтирилган.
Унинг ўзгаргани кутилмаган ва оғриқли эди. Одатда бола барвақт туғилса, бу ҳамма учун кутилмаган воқеа бўлади. Шоул (кейинчалик Павлус деб танилган) масиҳийларни таъқиб қилиш учун Дамашққа кетаётганида, ваҳий орқали тирилган Исони кўраман, деб ўйламаган. Павлуснинг ўзгаргани унинг ўзи ва Дамашқдаги масиҳийлар учун кутилмаган воқеа бўлган. Бу ўзгариш Павлусга оғриқ келтирган, чунки у вақтинча кўриш қобилиятини йўқотган. (Ҳавор. 9:1–9, 17–19)
У «номаъқул пайтда» ўзгарган. «Барвақт туғилган» деб таржима қилинган юнонча сўз, шунингдек, «номаъқул пайтда туғилган» деган маънони билдириши мумкин. Бир китобда бу шундай ёритилган: «Гўёки мен ҳеч ким кутмаган пайтда туғилганман». («The Jerusalem Bible») Павлус ўзгарган пайтда Исо аллақачон осмонга кўтарилган эди. Павлус олдинги оятларда тилга олган одамлардан фарқли равишда, тирилган Исо осмонга кўтарилганини кўрмаган. (1 Кор. 15:4–8) Ҳатто «номаъқул пайтдай» туюлган бўлса ҳам, Исо Масиҳ тирилганидан кейин Павлусни уни кўриш шарафига муяссар қилган.
У ўзи ҳақида камтарлик ила гапирган. Баъзи олимларнинг фикрича, Павлус бу иборани қўллаганида ўзини пастга ургандай бўлган. Агар ростдан ҳам Павлус буни назарда тутган бўлса, у ўзини ҳаворий бўлишга нолойиқ эканини тан олган. Сабаби у давом этиб, шундай деган: «Мен ҳаворийларнинг энг кичигиман ва ҳаворий деб номланишга ҳам нолойиқман, чунки Тангрининг жамоатини таъқиб қилардим. Энди эса, Худонинг инояти билан шу мавқега эга бўлдим». (1 Кор. 15:9, 10)
Демак, Павлус Исо унга кутилмаганда кўринганини, ўзгаргани номаъқул пайтда бўлганини ёки шу каби ажойиб ваҳийни кўришга нолойиқ эканини назарда тутган бўлиши мумкин. Шуниси аниқки, Павлус учун бу воқеа жуда муҳим бўлган. Бу туфайли Павлус Исо тирилганига ишонч ҳосил қилган. Шубҳасизки, у бошқаларга Исонинг тирилгани ҳақида ваъз қилганида ўша воқеани тез-тез тилга олган. (Ҳавор. 22:6–11; 26:13–18)