Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Жорж Роллстон ва Артур Уиллис исмли кашшофлар радиаторни тўлдириш учун тўхташди. Шимолий ҳудуд, 1933 йил

ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН

«Ҳеч бир йўл ўнқир-чўнқир ва узоқ бўла олмайди»

«Ҳеч бир йўл ўнқир-чўнқир ва узоқ бўла олмайди»

1937 ЙИЛ 26 мартда иккита ҳолдан тойган саёҳатчи чанг босган юк машинасида Австралиянинг Сидней шаҳрига кириб келди. Бир йил олдин шаҳарни тарк этишганидан бери улар шу қитъанинг энг олис ҳудудлари ва юриш қийин бўлган жойлари бўйлаб 19 300 километрдан ошиқ масофани босиб ўтишди. Улар тадқиқотчи ёки саргузашт изловчилар эмас. Улар — Артур Уиллис ва Билл Ньюлендс — Австралиянинг олис жойларида Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни етказишга қатъий қарор қилган ғайратли ваъзгўйлардан иккитаси эди.

1920 йилларнинг охиригача Австралиядаги Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг * кичик бир гуруҳи асосан қирғоқ бўйидаги ва унинг атрофидаги шаҳару шаҳарчаларда ваъз қиларди. Австралия қитъасининг ичида майдони АҚШнинг яримидан кўп бўлган қуруқ ва аҳоли кам яшайдиган олис бир ҳудуд жойлашган. Биродарлар Исонинг издошлари «ернинг четларига қадар», хусусан, Австралиянинг олис ҳудудларида ҳам шоҳидлик беришлари кераклигини яхши билишарди. (Ҳавор. 1:8) Аммо қизиқ, улар бундай улкан вазифани қандай бажара олишади? Бу биродарлар Яҳова уларнинг ҳаракатларига барака беришига ишонгани учун қўлларидан келганини қилишга бел боғлашганди.

КАШШОФЛАР ВАЪЗГЎЙЛИККА КИРИШИШДИ

1929 йили Квинсленд ва Ғарбий Австралиядаги жамоатлар қитъанинг ички ҳудудларига етиб бориш учун бир нечта яхши жиҳозланган автофургон ясашди. Фургонлар шижоатли кашшофлар билан тўлдирилганди. Улардан оғир шароитларга бардош бериш ва фургонлар бузилиб қолганда, уларни тузатиш кутиларди. Бу кашшофлар Яҳованинг Шоҳидлари ҳали қадам босмаган кўплаб жойларга боришди.

Фургон ясашга имкони бўлмаган кашшофлар олис ҳудудларга велосипедларда отланишди. Масалан, 1932 йили 23 яшар Беннетт Брикелл Квинсленднинг Рокгемптон шаҳридан мазкур штатнинг шимолидаги олис ҳудудлари бўйлаб ваъз қилиш учун беш ойлик сафарга чиқди. У оғир юкланган велосипедида кўрпаларни, кийимларни, озиқ-овқатни ва кўпгина китобларни олиб юрарди. Велосипедининг шиналари эскириб кетганида эса, Яҳова уни албатта йўналтиришига амин бўлгани учун, йўлида давом этарди. У велосипедида охирги 320 километрни авваллари одамлар сувсизликдан нобуд бўлган ҳудудлар орқали босиб ўтди. Кейинги 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида биродар Брикелл Австралия бўйлаб велосипедда, мотоциклда ва машинада юз минглаб километр саёҳат қилди. У аборигенларга хушхабарни айтган биринчи ваъзгўй эди. Шунингдек, Брикелл янги жамоатлар ташкил топишига ёрдам бериб, олис ҳудудларда яхши ном орттирган обрўли кишилардан бирига айланди.

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ

Австралия — дунёда аҳоли зичлиги энг паст бўлган жойлардан биридир ва бу, айниқса, одамлар кам бўлган узоқ ҳудудларда намоёндир. Шунинг учун, Яҳованинг хизматчилари бундай олис ҳудудларда инсонларни топишга енг шимаришди.

Стюарт Келти ва Вильям Торрингтон исмли кашшофлар айнан шундай қатъийликни намоён этишди. 1933 йили улар Австралиянинг юраги бўлмиш Алис-Спрингс шаҳрига бориш учун қумли барханли улкан Симпсон чўлини босиб ўтишди. Уларнинг кичкина машинаси бузилиб, уни ташлаб кетишга тўғри келганида, бир оёғи ёғочдан бўлган биродар Келти ваъзгўйлик сафарини давом эттирди, аммо бу гал — туяда. Кашшофлар узоқдаги Вильям Крик станциясида меҳмонхона бошлиғи билан танишишганида, ўз меҳнатларининг самарасини кўришди. Зеро меҳмонхона бошлиғи Чарлз Бернхардт кейинчалик ҳақиқатни қабул қилди ва меҳмонхонасини сотиб, Австралиянинг энг олис ҳамда қуруқ ҳудудларининг бир нечтасида якка ўзи 15 йил давомида кашшофлик қилди.

Артур Уиллис Австралиянинг олис ҳудудида хизмат қилиш учун сафарга отланяпти. Перт шаҳри, Ғарбий Австралия, 1936 йил

Ушбу илк кашшофлар қийинчиликларни енгиб ўтиш учун жасорат ва кучли иродага эга бўлишлари керак эди. Бир марта Австралиянинг олис ҳудудларига бўлган хизмат сафарида юқорида айтиб ўтилган Артур Уиллис ва Билл Ньюлендс кучли ёмғирлар туфайли чўл балчиққа айланиб қолгани дастидан 32 километрлик масофани ўзиям икки ҳафтада босиб ўтишди. Баъзида улар машинасини баланд барханлардан олиб ўтиш учун, жазирамада терлаб ва кучаниб, тошлоқ ҳудудлардан ҳамда дарёнинг ўзанлари бўйлаб қумли жойлардан ўтишарди. Уларнинг машинаси бузилганида (бу ҳол тез-тез бўлиб турарди), улар яқин орадаги шаҳарчага етиб олиш учун бир неча кун давомида яёв ёки велосипедда боришарди. Қолаверса, машинанинг алмашинувчи деталларини ҳафталаб кутишарди. Бундай ноқулайликларга қарамай, улар ижобий руҳни сақлашарди. Артур Уиллис «Олтин давр» журналида келтирилган бир таъкидловни ўз сўзлари билан ифодалаб шундай деганди: «Унинг Шоҳидлари учун ҳеч бир йўл ўнқир-чўнқир ва узоқ бўла олмайди».

Узоқ вақт кашшоф бўлган Чарлз Херис олис ҳудудда ёлғиз хизмат қилиш ва у ердаги қийинчиликлар уни Яҳовага яқинроқ қилганини айтди. У шундай деб қўшиб қўйди: «Нарсаларингиз қанча кам бўлса, ҳаётингиз шунча бахтлироқ кечади. Кези келганда Исо юлдузлар остида ухлашга тайёр бўлган экан, биз ҳам вазифамиз талаб қилганида, худди шундай йўл тутишдан хурсанд бўлишимиз керак». Кўпгина кашшофлар айнан шундай қилишди. Уларнинг тинимсиз ҳаракатлари туфайли хушхабар Австралиянинг ҳар бир бурчагигача етиб бориб, сон-саноқсиз кишиларга Худо Шоҳлигининг тарафдори бўлишга ёрдам берди.

^ 4- х.б. 1931 йилдан бошлаб Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Яҳованинг Шоҳидлари деб номланадиган бўлишди. (Ишаё 43:10)