Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Маънан ўсишда давом этинг!

Маънан ўсишда давом этинг!

Муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутинглар. ГАЛАТ. 5:16

ҚЎШИҚЛАР: 16, 10

1, 2. Роберт маънавий ҳолати борасида нимани тушунди ва нима қилди?

РОБЕРТ биродаримиз ўсмирлигида сувга чўмган, аммо ҳақиқатга жиддий қарамаган. У шундай деб бўлишди: «Ҳеч қандай ёмон иш қилмагандим, лекин барча нарса мен учун расмий бўлиб қолганди. Йиғилишларни қолдирмаганим ва йилига бир неча маротаба кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилганим учун маънан етук кўринардим. Бироқ нимадир етишмас эди».

2 Уйланганидан кейингина Роберт муаммо нимада эканини англаб етди. У хотини билан Муқаддас Китобга асосланган саволларни муҳокама қилишга вақт ажратарди. Хотини маънан мустаҳкам бўлгани боис, саволларга жавоб беришга қийналмас эди. Бироқ Роберт жавоб бера олмагани туфайли ҳар гал уялиб қоларди. У қуйидагича деди: «Мен гўёки ҳеч нимани билмасдим. Кейин ўзимча шундай деб ўйладим: “Агар маънавий жиҳатдан хотинимнинг боши бўлишни истасам, бирон нима қилишим керак”». Роберт ҳаракатга тушди. «Мен Муқаддас Китобни тадқиқ қилдим, тадқиқ қилдим ва яна тадқиқ қилдим. Шунда ҳамма нарса ўз жойига туша бошлади. Тушунчам анча кенгайди ва энг муҳими, Яҳова билан яқинроқ бўлдим»,— деб айтди у.

3. а) Робертнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? б) Қайси муҳим саволларни кўриб чиқамиз?

3 Робертнинг мисолидан қимматли сабоқ олсак бўлади. Биз Муқаддас Китобни билишимиз, йиғилишларга мунтазам қатнашимиз мумкин, аммо улар ўз-ўзидан бизни маънавий инсон қилиб қўймайди. Ёки маънавий тарафдан қандайдир муваффақиятга эришгандирмиз, лекин ўзимизни текширганда ўзгаришимиз мумкин бўлган соҳаларни топа оламиз. (Филип. 3:16) Маънан ўсишда давом этиш учун қуйидаги учта муҳим саволга жавоб топиш ёрдам беради: 1) Маънавий аҳволимиз қандай эканини текширишга нима қўл келади? 2) Қай йўсин маънан ўсишда давом этишимиз мумкин? 3) Маънан мустаҳкам бўлиш кундалик ҳаётимизда қандай ёрдам беради?

ЎЗИМИЗНИ ТЕКШИРИШ

4. Эфесликларга 4:23, 24 да ёзилган маслаҳат кимга тегишли?

4 Худога хизмат қилишни бошлаганимизда ҳаётимизга ўзгаришлар киритганмиз. Бундай ўзгаришлар ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига таъсир қилди. Сувга чўмганимиздан кейин ҳам шундай йўл тутишда давом этамиз. Муқаддас Китобда: «Бундан буён фикрлаш тарзингизни ва муносабатингизни ўзгартиринглар», деб ёзилган. (Эфес. 4:23, 24) Ҳа, барчамиз номукаммал эканмиз, ўзгаришда давом этишимиз керак. Ҳатто кўп йиллардан бери Яҳовага хизмат қилаётганлар ҳам маънан ўсишда тўхтамаслиги лозим. (Филип. 3:12, 13)

5. Қайси саволлар ўзимизни текширишга ёрдамлашади?

5 Маънавий аҳволимизни яхшилаш ва маънан ўсиш учун ўзимизни холисона текширишимиз керак. Ёшу қари — барчамиз ўзимиздан шундай деб сўрасак бўлади: «Маънан ўсаётганимни кўрсатаётган ўзгаришларни сезяпманми? Шахсиятим Масиҳникига ўхшаб боряптими? Йиғилишларда ўзимни тутишим ва хатти-ҳаракатларим маънавийлигим ҳақида нималарни ошкор этмоқда? Гапларим хоҳиш-истакларим тўғрисида нима демоқда? Шахсий тадқиқ қилиш одатим, кийинишим, пардоз-андоз қилишим ёки маслаҳатга билдирган муносабатим мен ҳақимда нималарни намоён этмоқда? Васвасага дуч келганда ўзимни қандай тутяпман? Маънан етук бўлиб, Масиҳнинг тўлиқ қоматига етишяпманми?» (Эфес. 4:13) Мазкур саволларга берган жавобларимиз устида мулоҳаза юритиш маънавий аҳволимиз қандай эканини аниқлашга кўмаклашади.

6. Маънавий аҳволимизни текшириш учун яна нима керак бўлиши мумкин?

6 Маънавий аҳволимизни текшириш учун баъзида бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлишимиз мумкин. Ҳаворий Павлус жисмоний киши Худонинг олдида нотўғри йўл тутаётганини англашга ожиз эканини айтган. Бундан фарқли равишда, маънавий инсон Худонинг нуқтаи назарида нима ёмон эканини баҳолай олади. (1 Кор. 2:14–16; 3:1–3) Масиҳ каби фикр юритадиган оқсоқоллар кўпинча жисмоний кишига хос нуқтаи назарнинг илк белгиларини кўришади. Борди-ю, улар бу ҳақида бизга айтишса, маслаҳатни қабул қилиб, унга амал қиламизми? Шундай йўл тутсак, маънан ўсишни истаётганимизни яққол кўрсатамиз. (Воиз 7:5, 9)

МАЪНАН ЎСИНГ

7. Нега маънан ўсиш учун Муқаддас Китобдаги билимларга эга бўлишнинг ўзи етарли эмас?

7 Маънавий инсон бўлиш учун Муқаддас Китоб ҳақида билим орттиришнинг ўзи етарли эмас. Шоҳ Сулаймон ҳам Яҳова ҳақида кўп нарсаларни билган. Унинг сўзлари Муқаддас Китобда қаламга олинган. Лекин у маънавий инсон сифатида Яҳовага садоқатли бўлиб қола олмаган. (3 Шоҳ. 4:29, 30; 11:4–6) Муқаддас Китоб ҳақида билимга эга бўлишдан ташқари, яна нима қилиш керак? Биз маънан ўсишга интилишимиз лозим. (Колос. 2:6, 7) Қай йўсин бунга эришса бўлади?

8, 9. а) Маънан барқарор бўлишимизга нима ёрдам беради? б) Тадқиқ ўтказганимизда ва мулоҳаза юритганимизда қандай мақсадни кўзлашимиз керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

8 Павлус илк масиҳийларни «камолот сари интилишга» чорлаган. (Иброн. 6:1) Павлуснинг маслаҳатига амал қилиш учун қандай қадамлар қўйсак бўлади? Биринчи муҳим қадам «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» китобини тадқиқ қилишдир. Уни тўлалигича тадқиқ қилиш ҳаётингизда Муқаддас Китоб принципларини қўллашга кўмаклашади. Агар бу китобни тугатган бўлсангиз, имонингизни мустаҳкамлайдиган бошқа адабиётларни тадқиқ қилинг. (Колос. 1:23) Билиб олганларингизни ҳаётингизда қандай қўллаш мумкинлиги ҳақида ибодат ила мулоҳаза юритинг.

9 Шуни унутмангки, тадқиқ ўтказганимизда ва мулоҳаза юритганимизда мақсадимиз Яҳовани мамнун этиш ҳамда Унинг амрларига бўйсуниш истагимизни алангалатиш бўлиши даркор. (Заб. 40:8; 119:97) Шу билан бирга маънавий ўсишимизга халақит берадиган нарсалардан қочишимиз лозим. (Титус. 2:11, 12)

10. Маънан ўсиш учун ёшлар нима қилса бўлади?

10 Агар ёш бўлсангиз, аниқ маънавий мақсадлар қўйдингизми? Байтилда хизмат қиладиган битта биродар туман анжуманларига борганда, дастур бошланишидан аввал сувга чўмувчилар билан гаплашишни одат қилган. Улардан кўпи ёшлар. Биродар улардан қандай маънавий мақсадлар қўйишгани борасида сўрайди. Жавобларидан улар Яҳовага хизмат қилишмоқчи экани кўриниб туради. Масалан, кимдир тўла вақтли хизматда иштирок этишни ёки Шоҳлик хабарчиларига эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилишни хоҳлайди. Лекин баъзида айрим ёшлар биродарнинг саволига жавоб бера олмайди. Бу улар қалбларида ҳали аниқ маънавий мақсад қўйишмаганини билдирадими? Ёш экансиз, ўзингиздан шундай деб сўранг: «Фақат ота-онам хоҳлагани учунгина маънавий ишларда қатнашяпманми? Худо билан шахсий муносабатларни ривожлантириб Унга яқинлашяпманми?» Албатта, маънавий мақсад қўйиш борасидаги маслаҳат фақат ёшларга тегишли эмас. Бундай мақсадлар барчамизга Яҳованинг хизматчилари сифатида маънан ўсишга ёрдамлашади. (Воиз 12:1, 13)

11. а) Чинакамига маънавий ўсиш учун нима қилишимиз керак? б) Муқаддас Китобдаги қайси мисолга тақлид қилишимиз мумкин?

11 Қайси соҳаларда ўзгаришимиз кераклигини билиб олгач, олға интилиш учун қадамлар қўйишимиз зарур. Маънавий инсон бўлиш ниҳоятда муҳим. Ахир бу ҳаёт-мамот масаласи. (Рим. 8:6–8) Албатта, маънавий инсон бўлиш мукаммал бўлишни англатмайди. Муқаддас руҳ керакли ўзгариш қилишимизга ёрдам беради. Аммо ўзимиз ҳам ҳаракат қилишимиз керак. Бир неча йил аввал Етакчи кенгаш аъзоси бўлган Жон Барр Луқо 13:24 ни изоҳлаб қуйидагича айтган: «Кўплар етук бўлиш учун етарлича ҳаракат қилмагани туфайли муваффақиятсизликка учрайди». Биз баракани олмагунича фаришта билан курашган Ёқуб сингари бўлишимиз керак. (Ибт. 32:26–28) Гарчи Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш қизиқ бўлса-да, унга шунчаки вақтичоғлик учун мўлжалланган бир асардай қарамаслигимиз лозим. Бизга ёрдам берадиган маънавий марваридларни топиш учун жон куйдиришимиз зарур.

12, 13. а) Римликларга 15:5 даги сўзларга амал қилишга нима ёрдам беради? б) Ҳаворий Бутруснинг мисоли ва маслаҳати бизга қандай қўл келади? в) Маънан ўсиш учун нима қила оласиз? (« Маънан ўсиш учун қўядиган қадамлар» номли рамкага қаранг.)

12 Маънан ўсишга интилар эканмиз муқаддас руҳ онгимизда керакли ўзгаришлар қилишимиз учун куч беради. Бу кучнинг ёрдами туфайли биз бора-бора Масиҳ каби фикр юритишни бошлаймиз. (Рим. 15:5) Қолаверса, бу тана истакларини илдизи билан суғуриб ташлашга ва Худони мамнун этадиган фазилатларни ривожлантиришга кўмаклашади. (Галат. 5:16, 22, 23) Борди-ю, ўзимизда моддий нарсалар ёки танага оид истакларни сезсак, таслим бўлмаслигимиз керак. Муқаддас руҳ сўраб ибодат қилишда давом этинг, шунда Яҳова диққатингизни ўринли нарсаларга қайта қаратишга кўмаклашади. (Луқо 11:13) Ҳаворий Бутруснинг мисолини эслайлик. Ҳаётида бир неча маротаба у маънавий инсондек йўл тутмаган. (Мат. 16:22, 23; Луқо 22:34, 54–62; Галат. 2:11–14) Аммо у бўшашмаган. Яҳованинг кўмаги билан Бутрус Масиҳ каби фикр юритишга интилган. Биз ҳам шундай қилсак бўлади.

13 Бутрус яхшилашимиз керак бўлган бир нечта нарсани таъкидлаб ўтган. (2 Бутрус 1:5–8 ни ўқинг.) Ўзини тута билиш, сабр-бардош ва самимий биродарлик каби фазилатларни ривожлантиришда «астойдил ғайрат кўрсатиш» маънан ўсишда давом этишимизга ёрдам беради. Кунда ўзингиздан: «Маънан ўсиш учун бугун нима устидан ишласам бўлади?» — деб сўраш ўринлидир.

КУНДАЛИК ҲАЁТДА ПРИНЦИПЛАРНИ ҚЎЛЛАНГ

14. Маънавий бўлиш кундалик ҳаётимизга қандай таъсир қилади?

14 Масиҳ каби фикр юритиш сўзларимизга, ишдаги ёки мактабдаги хулқимизга ва кунда чиқарадиган қарорларимизга таъсир қилади. Бу қарорлар биз Масиҳнинг издошлари бўлмоқчи эканимизни аён қилади. Маънавий инсонлар сифатида самовий Отамиз билан бўлган муносабатларимизга бирон нима зарар етказишини истамаймиз. Васвасаларга дуч келганда, уларга қарши туришга ҳаракат қиламиз. Қарор чиқариш олдида турганда қуйидаги саволлар устида мулоҳаза юритамиз: «Муқаддас Китобдаги қайси принциплар қарор қабул қилишимга ёрдам беради? Исо Масиҳ бундай вазиятда нима қилган бўларди? Қайси қарор Яҳовани мамнун қилади?» Бундай фикр юритишни ўрганиш учун, келинг, қуйидаги бир нечта мисолни кўриб чиқайлик. Келтирилган ҳар бир вазиятда доно қарор чиқаришимиз учун қайси принциплар қўл келишини муҳокама қиламиз.

15, 16. а) Масиҳ каби фикр юритиш турмуш ўртоқ танлашда қандай ёрдам беради? б) Масиҳ каби фикр юритиш ким билан мулоқот қилиш борасида қандай кўмаклашади?

15 Турмуш ўртоқ танлаш. 2 Коринфликларга 6:14, 15 да (ўқинг) бу масалага оид муҳим принцип келтирилган. Павлуснинг сўзларидан яққол кўриниб турибдики, маънавий инсон жисмоний инсон билан ҳеч қандай уйғунликка эриша олмайди. Мазкур принцип турмуш ўртоқ танлашда қандай ёрдам бера олади?

16 Мулоқот. 1 Коринфликларга 15:33 даги (ўқинг) принципга эътибор беринг. Художўй инсон унинг маънавийлигига хавф туғдирадиган кишилар билан яқиндан мулоқот қилмайди. Қайси саволлар ушбу принципни амалда қўллашингизга кўмаклашади? Мисол учун, мазкур принцип ижтимоий тармоқларга қандай тегишли? Ёки бўлмаса, нотаниш кишилар сизни бирга онлайн ўйинларни ўйнашга таклиф қилса, нима қилишингиз керак?

Қарорларим маънан ўсишимга ёрдамлашяптими? (17- хатбошига қаранг.)

17–19. Маънавий нуқтаи назарга эга бўлиш а) бефойда ишлардан қочишга, б) мақсадлар қўйишга, в) келишмовчиликларни ҳал қилишга қандай ёрдам беради?

17 Маънавийликка хавф туғдирадиган ишлар. Павлус имондошларига огоҳлантирувчи сўзларни ёзган. (Ибронийларга 6:1 ни ўқинг.) Хўш, йироқлашишимиз керак бўлган «ўлик ишлар» нимани англатади? Бунга маънан ўлик, бефойда ва беҳуда ишлар киради. Павлуснинг огоҳлантириши ҳаётимизда пайдо бўладиган қуйидаги каби саволларга жавоб топишга ёрдамлашади: «Ушбу машғулот «ўлик ишлар»га кирадими? Кўп пул ишлаш борасидаги таклифни қабул қилишим керакми? Нега дунёвий ислоҳот ишларига қўшилмайман?»

Қарорларим маънавий мақсадлар қўйишимга ёрдамлашяптими? (18- хатбошига қаранг.)

18 Маънавий мақсадлар. Исонинг Тоғдаги ваъзида маънавий мақсадлар қўйиш борасида аниқ йўл-йўриқлар топамиз. (Мат. 6:33) Маънавий инсон маънавий мақсадлар сари интилади. Бу принципни ёдда тутиш қуйидаги саволларга жавоб беришга ёрдамлашади: «Қўшимча ўқишим керакми? Муайян иш борасидаги таклифларни қабул қиламанми?»

Қарорларим «тинчлик ўрнатувчи» бўлишимга ёрдамлашяптими? (19- хатбошига қаранг.)

19 Келишмовчиликлар. Павлуснинг Римдаги жамоатга ёзган маслаҳати келишмовчиликларни ҳал қилишимизга қандай ёрдам беради? (Рим. 12:18) Масиҳнинг издошлари сифатида «барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришга» интиламиз. Келишмовчиликлар пайдо бўлганида қандай йўл тутамиз? Ён бериш биз учун қийин кечяптими ёки бизни «тинчлик ўрнатувчи» деб билишяптими? (Ёқб. 3:18)

20. Нима учун маънан ўсишни истайсиз?

20 Булар Худонинг принципларига асосланиш маънавий инсондан кутиладиган қарорларни чиқаришга ёрдамлашишини кўрсатувчи бир нечта мисол, холос. Маънавий бўлиш ҳар бир кунимизни янада бахтли ва мазмунли қилишга кўмаклашади. Мақоламизнинг бошида келтирилган Роберт шундай деди: «Яҳова билан чинакамига муносабатларни ривожлантиргач, ҳам эр сифатида, ҳам ота сифатида яхшироқ бўлдим. Мен мамнун ва бахтлиман». Маънавий ўсиш пайида бўлсак, биз ҳам шундай баракаларга эришамиз. Маънавий инсон сифатида ҳозирнинг ўзида ҳаётдан янада кўпроқ мамнуният топишимиз ва келажакда «ҳақиқий ҳаётдан» баҳра олишимиз мумкин. (1 Тим. 6:19)