Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳова йўлларимни равон қилди

Яҳова йўлларимни равон қилди

БИР сафар ёши йигирмалардан ошган биродар: «Ёқтирган оятингиз қайси?» — деб сўради. Мен ҳеч иккиланмай: «Ҳикматлар 3- боб, 5- , 6- оятлар»,— дедим. У ерда: «Яҳовага бутун қалбинг билан таян, ўз ақлингга ишонма. Ҳар ишингда Уни ёдда тут, У йўлларингни равон қилади»,— дейилган. Ҳа, Яҳова йўлларимни равон қилди. Қанақасига?

ОТА-ОНАМ ТЎҒРИ ЙЎЛНИ ТОПИШИМГА ЁРДАМЛАШДИ

Ота-онам турмуш қуришдан аввал, 1920 йилларда ҳақиқатни билиб олган. Мен 1939 йилнинг бошида туғилганман. Болалигимда Англияда яшардик ва ота-онам билан йиғилишларга борардим. Воизлик мактаби менга роса ёқарди. Тингловчиларни кўра олишим учун қутининг устига чиқиб, нутқ сўзлаганим ҳали ҳам эсимда. Ўшанда олти ёшда эдим ва қаттиқ ҳаяжонланганман, атрофимда эса фақат ёши катталар бор эди.

Ота-онам билан кўчама-кўча хизматда

Отам хизматда фойдаланишим учун карточкага оддий муқаддимани чоп этиб берди. Илк маротаба уйма-уй ёлғиз ваъз қилганимда, саккиз ёшда эдим. Уй эгаси карточкани ўқиб, шу заҳоти «Аллоҳ ҳақдир» китобини олганидан бошим кўкка етганди! Кўчада отамнинг ёнига югуриб бориб, бу ҳақида унга айтиб бердим. Хизмат ва йиғилишлар менга қувонч келтириб, Яҳовага тўла вақтли хизмат қилиш истагини ривожлантиришимга кўмаклашди.

Отам мени «Қўриқчи минораси» журналига обуна қилганидан кейин Муқаддас Китоб ҳақиқати қалбимга янада кучлироқ таъсир қила бошлади. Келган ҳар бир сонни иштиёқ билан ўқирдим. Яҳовага бўлган ишончим ортиб борди ва ўзимни Унга бағишлашга қарор қилдим.

1950 йилда оиламиз билан Нью-Йоркда ўтган анжуманга ташриф буюрдик. 3 август пайшанба кунининг мавзуси «Тўла вақтли махсус ваъзгўйнинг куни» деб номланган эди. Ўша куни, кейинчалик Етакчи кенгаш аъзоси сифатида хизмат қилган Кэри Барбер биродаримиз сувга чўмувчиларга аталган нутқни сўзлади. У нутқининг охирида сувга чўмувчиларга аталган иккита саволни берганидан сўнг ўрнимдан туриб: «Ҳа!» — дея жавоб бердим. Ўшанда ёшим ўн бирда эди, лекин муҳим қадам қўйганимни тушунгандим. Аммо сувга киришдан қўрққандим, чунки ҳали сузишни билмасдим. Амаким бассейнгача мен билан борди ва ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирди. Чиндан ҳам, барчаси шунчалик тез бўлдики, оёғим бассейннинг тубига тегишга ҳам улгурмади. Битта биродар мени бошқасига узатди. Биттаси мени сувга чўмдирди, иккинчиси эса бассейндан кўтариб олди. Ўша муҳим кундан бери Яҳова йўлларимни равон қилиб келмоқда.

ЯҲОВАГА ТАЯНИШНИ ТАНЛАДИМ

Мактабни битиргач, кашшоф бўлишни истагандим, аммо устозларим олий маълумотли бўлишга ундашарди. Уларнинг босимига берилиб, университетга кирдим. Лекин кўп ўтмай шуни тушундимки, бир вақтнинг ўзида ҳам ҳақиқатда мустаҳкам туриш, ҳам ўқишга диққат қаратиш имконсиз эди. Шу боис, ўқишни ташлашга қарор қилдим. Бу ҳақида Яҳовага ибодат қилиб, биринчи ўқув йилининг сўнгида кетиш тўғрисида ариза ёздим. Бутунлайин Яҳовага таяниб, шу заҳоти кашшофликни бошладим.

1957 йили июлда Уэллингборо шаҳарчасида тўла вақтли хизматимни бошладим. Лондон Байтилидаги биродарлардан мени тажрибали кашшофга ҳамкор қилишларини сўрадим. Биродар Берт Вейзидан кўп нарсани ўргандим. У сидқидилдан хизмат қилгани ваъзгўйликда яхши жадвал тузишимга кўмаклашди. Жамоатимизда олтита кекса опа, биродар Вейзи ва мен бор эдим. Барча йиғилишларга тайёрланиш ва уларда қатнашиш туфайли Яҳовага бўлган ишончимни мустаҳкамлаш ҳамда имонимни намоён этиш учун кўп имкониятга эга бўлдим.

Ҳарбий хизматни ўташдан бош тортганим учун қисқа вақтга қамоққа ташландим. Озод бўлганимдан кейин махсус кашшоф бўлган Барбара билан танишдим. 1959 йили турмуш қурдик ва бизни қаерга тайинлашса, ўша ерга боришга тайёр эдик. Биринчи бўлиб Англиянинг шимоли-ғарбидаги Ланкаширга тайинландик. Сўнг 1961 йили январда мени Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастурига таклиф қилишди. Ўқиш Лондон Байтилида бир ой мобайнида давом этди. Ўқишнинг охирида кўчма нозирлик хизматига тайинлашларини кутмаган эдим. Икки ҳафта мобайнида Бирмингем шаҳрида тажрибали туман нозиридан таълим олдим ва Барбара ҳам менга қўшилишига рухсат берилган эди. Сўнг Ланкашир ва Чешир графлигидаги вазифаларимизни бажариш учун йўл олдик.

ЯҲОВА ДОИМ ИШОНЧНИ ОҚЛАЙДИ

1962 йили августда таътилда бўлганимизда, филиалдан хат олдик. Ичида Гилад мактабида ўқиш учун аризалар бор экан! Бу ҳақида ибодат қилгач, Барбара билан аризаларни тўлдирдик-да, айтилганидай, тезда филиалга жўнатдик. Беш ойдан сўнг Гилад мактабининг 38- синфида ўн ой давомида Муқаддас Китоб асосида таълим олиш учун Нью-Йоркка (Бруклин) йўл олдик.

Гиладда нафақат Худонинг Каломи ва ташкилоти, балки биродарлигимиз тўғрисида кўп нарсани ўргандик. Мен 24, Барбара эса 23 ёшда эди ва биз синфдошларимиздан анча нарсани ўргандик. Ҳар куни устозларимиздан бири Фред Раск билан ишлаб, муайян вазифани бажариш шарафига эга бўлганман. Фред Раск таъкидлаб ўтган дарслардан бири маслаҳат доим адолатли бўлиши, яъни у фақатгина Муқаддас Ёзувларга асосланиши кераклиги ҳақида эди. Шунингдек, ўқишимиз давомида Нейтан Норр, Фредерик Френц ва Карл Клейн каби тажрибали биродарлар маърузалар айтди. Қолаверса, камтар биродар Макмилланнинг ўрнагидан кўп нарсани ўргандик. У 1914 йилдан 1919 йилнинг бошларига қадар синовли пайтларда Яҳова йўл-йўриқ бергани борасида маъруза сўзлаганди.

ВАЗИФАМИЗ ЎЗГАРДИ

Ўқишимиз охирлаб қолганида, биродар Норр мен билан Барбара Бурундига (Африка) тайинланганимизни айтди. Ўша пайтда Бурундида қанча ваъзгўй хизмат қилишни «Йилнома»дан кўриш учун Байтил кутубхонасига ошиқдик. Буни қарангки, у ерда ваъзгўйлар сони қанча эканини тополмадик! Ҳа, биз ваъзгўй оёғи етмаган ҳудудга, ўзимиз кам маълумотга эга бўлган қитъадаги мамлакатга кетаётгандик. Оҳ, роса хавотирлангандик! Сидқидилдан ибодат қилиш хотиржамликка эга бўлишимизга ёрдам берди.

Янги вазифамизда барчаси — иқлим, маданияти ва тили биз олдин дуч келганлардан мутлақ фарқ қиларди. Энди француз тилини ўрганишимиз керак эди. Шунингдек, яшашимиз учун жой топишимиз лозим эди. Келганимиздан икки кун ўтгач, Гиладдаги синфдошимиз Харри Арнотт Замбияга — ўз вазифасига қайтаётганида бизникига ташриф буюрди. Харри уй топишимизга ёрдам берди ва у тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизматимиздаги биринчи уйимиз бўлди. Лекин тез орада маҳаллий ҳокимият томонидан қаршиликларга дуч кела бошладик. Давлат ходимлари Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида ҳеч нарсани билмасди. Хизматимиздан энди қувонч топамиз, деганда улар агар ишимиз бўлмаса, у ерда қола олмаслигимиз тўғрисида огоҳлантирди. Афсуски, кетишимизга ва бошқа мамлакатга — Угандага боришимизга тўғри келди.

Угандага визасиз боришдан хавотирлангандик, лекин Яҳовага таяндик. Уганданинг эҳтиёж катта бўлган ҳудудида хизмат қиладиган канадалик биродар миграция хизмати ходимига вазиятимизни тушунтирди ва бизга бир неча ой берилди. Бу вақт давомида яшаш учун рухсатномага эга бўла олардик. Вазият ижобий тус олганидан Яҳова ёрдам бераётганини кўрдик.

Янги вазифамиздаги шароит Бурундида бўлганидан анчагина фарқ қиларди. Бутун мамлакат бўйлаб бор-йўғи 28 та ваъзгўй бўлса-да, Шоҳлик иши йўлга қўйилган эди. Ҳудудимизда инглиз тилида гапирадиган кўп одамни учратдик. Бироқ тез орада шуни тушундикки, қизиқиш билдирганларга маънан ўсишга ёрдам бериш учун туб аҳоли гапирадиган тиллардан камида биттасини ўрганишимиз керак эди. Биз Кампала ҳудудида ваъз қила бошладик ва бу ерда кўплар луганда тилида гапирарди. Шу боис, диққатимизни мана шу тилга қаратишга қарор қилдик. Бу тилда бемалол гапиришни ўрганишимиз учун бир неча йил керак бўлди, аммо унинг ёрдамида самаралироқ ваъз қила олдик. Биз Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказган одамларнинг маънавий эҳтиёжларини яхшироқ тушуна бошладик. Улар эса, ўз навбатида, биз билан бемалол суҳбатлашарди ва ўрганаётганлари борасида нималарни ҳис қилаётганини айтарди.

ТУРЛИ САФАРЛАР

«Қидирув сафари», Уганда

Ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган камтарин одамларга ёрдам беришдан қувонардик. Бутун мамлакат бўйлаб кўчма нозирлик хизмати каби кутилмаган шарафга эга бўлганимизда, қувончимизга яна бир қувонч қўшилди. Махсус кашшофлар хизмат қила олиши учун мос келадиган жойларни топиш мақсадида Кения филиалининг йўл-йўриғи остида «қидирув сафарига» чиқдик. Яҳованинг Шоҳидларини олдин ҳеч ҳам учратмаган одамлар бизга бир неча маротаба меҳмондўстлик кўрсатди. Улар бизни кутиб олди ва ҳатто биз учун овқатлар тайёрлади.

Олдинда яна бир сафар кутаётганди. Мен поездда икки кунлик йўл юриб, Кампаладан Кениядаги Момбаса портига бордим. У ердан эса кемада Ҳинд океанидаги Сейшель оролларига йўл олдим. Кейинчалик, 1965–1972 йилларда, Барбара мунтазам равишда мен билан Сейшель оролларига борадиган бўлди. Бу вақт давомида бир-биридан олисда яшаган иккита ваъзгўй бир гуруҳ бўлди, сўнг эса у гуллаб-яшнаётган жамоатга айланди. Бошқа сафарларда эса Эритрея, Эфиопия ва Судандаги биродарларни кўришга бордим.

Ўша пайтлари Угандада тўнтарилиш юз бериб, сиёсий вазият бир зумда ўзгарди. Даҳшатга тўла ўша йиллар давомида «подшоҳнинг ҳақини подшоҳга... беринглар» деган йўл-йўриққа амал қилиш донолик эканини тушундим. (Марк 12:17) Бир марта барча хориж фуқаролари ўзлари яшаётган уй яқинидаги полиция маҳкамасида рўйхатдан ўтиши керак эди. Шу ондаёқ бунга қулоқ солдик. Бир неча кун ўтгач, Кампала бўйлаб кетаётганимизда, давлат ходимлари тўла вақтли махсус ваъзгўйни ва мени тўхтатишди. Юрагимиз така-пука бўлиб кетди! Улар бизни жосусликда айблаб, марказий полиция маҳкамасига олиб кетишди. У ерда эса биз тинчликсевар тўла вақтли махсус ваъзгўйлар эканимизни тушунтирдик. Аллақачон рўйхатдан ўтганимизни айтсак-да, бизга қулоқ солишни истамасди. Қуролланган соқчи назорати остида бизни уйимиз яқинидаги полиция маҳкамасига олиб боришди. Бизни рўйхатдан ўтказган полиция ходими бизни таниганида ва соқчиларга қўйиб юборишини айтганида елкамиздан тоғ ағдарилгандай бўлди.

Ўша пайтлари кўпинча йўлдаги постларда, айниқса, маст аскарлар бизни тўхтатишганида, мушкул вазиятларга дуч келардик. Аммо ҳар сафар ибодат қилардик ва эсон-омон ўтиб кетишимизга рухсат беришганида, хотиржамликни ҳис этардик. Афсуски, 1973 йили барча тўла вақтли махсус ваъзгўйларга Угандани тарк этиш буюрилди.

«Илоҳий хизматимиз»нинг нусхаларини тайёрлаяпман, Абиджан, Кот-д’Ивуардаги филиалимиз

Вазифамиз яна ўзгарди ва бу гал бизни Кот-д’Ивуарга (Ғарбий Африка) тайинлашди. Бу умуман янги маданиятга мослашишни, яна доим француз тилида гапиришни ва келиб чиқиши турлича бўлган тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан яшашга ўрганишимиз кераклигини англатарди. Лекин камтарин ва самимий одамлар хушхабарни тезда қабул қилганида, Яҳова бизни йўналтирганига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Хотиним икковимиз Яҳовага таянганимиз туфайли У йўлларимизни равон қилганини кўрдик.

Кутилмаганда Барбарага саратон ташхиси қўйилди. Ҳар хил мамлакатларга бориб, махсус даволаниш турларини олганимизга қарамай, 1983 йили Африкадаги хизматимизни давом эттира олмаслигимизни тушундик. Бундан иккаламизнинг ҳам кўнглимиз тушган эди.

ВАЗИЯТИМИЗ ЎЗГАРДИ

Лондон Байтилида хизмат қилаётганимизда, Барбаранинг касаллиги авж олди ва охири у ҳаётдан кўз юмди. Байтил оиласи мен учун ажойиб тиргак бўлди. Бир жуфтлик бу вазиятга кўникишимга ва Яҳовага таянишда давом этишимга катта ёрдам берди. Кейинроқ штатдан ташқари байтилчи бўлган ва олдинлари махсус кашшоф сифатида хизмат қилган Аннани учратдим. Унинг Яҳовага бўлган севгиси маънавий инсон эканини кўрсатарди. Анна билан 1989 йили турмуш қурдик ва ўшандан бери Лондондаги Байтилда хизмат қилиб келяпмиз.

Анна билан Буюк Британиядаги янги Байтилда

1995 йилдан 2018 йилга қадар деярли 60 та мамлакатга ташриф буюриб, бош идора вакили (олдин минтақа нозири) сифатида хизмат қилиш шарафига эга бўлганимдан хурсандман. Ҳар бир ташрифда Яҳова турли вазиятдаги хизматчиларига барака бераётганининг шахсан гувоҳи бўлдим.

Ташрифлардан бирида 2017 йили Африкага бордик. Бурундига Анна билан борганимиздан бошим осмонга етганди ва у ердаги ўсишни кўриб, қойил қолдик! 1964 йили мен уйма-уй хизмат қилган кўчада ҳозир ажойиб Байтил бор ва бутун мамлакат бўйлаб 15 500 дан ошиқ ваъзгўй хизмат қилмоқда.

2018 йил учун ташрифлар рўйхатини олганимда, қувончим ичимга сиғмай кетган эди. Рўйхатдаги мамлакатлар орасида Кот-д’Ивуар бор эди. У ердаги энг йирик шаҳар Абиджанга келганимизда, уйимга қайтгандай бўлдим. У ердаги Байтил хонамизда биздан кейин ким туришини билиш учун телефон рақамларини кузатаётганимда, Соссоу исмли биродар борлигини кўрдим ва бу исмни шу заҳоти танидим. Абиджанда хизмат қилганимда, у шаҳар нозири * бўлганини эсладим. Лекин адашибман. Бу бошқа Соссоу — унинг ўғли экан.

Яҳова ваъдасини бажариб келмоқда. Турли хил оғир вазиятларда шунга ўргандимки, Яҳовага таянганимизда, У чиндан ҳам йўлларимизни равон қилади. Ҳозир янги дунёдаги ҳаёт билан янада ёришадиган охири йўқ йўлдан юришни интиқиб кутяпмиз. (Ҳик. 4:18)

^ абз. 33 Бугунги кунда шаҳар нозирлари йўқ.