Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Қай йўсин қийинчиликларда қувончни сақлаш мумкин?

Қай йўсин қийинчиликларда қувончни сақлаш мумкин?

Биродарларим, бошингизга тушаётган турли синовларни қувонч билан қабул қилинглар. ЁҚБ. 1:2

111- ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик манбаидир

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Матто 5:11 га кўра, қийинчиликларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

ИСО издошлари чинакамига бахтиёр бўлишларини ваъда қилган. Шунингдек, у уни севадиганлар қийинчиликларга дуч келишини айтган. (Мат. 10:22, 23; Луқо 6:20–23) Биз Исонинг шогирдлари бўлишдан қувонамиз. Оиламиз томонидан қаршиликларга, ҳукумат томонидан қувғунларга дуч келсак ёки ҳамкасбларимиз ё синфдошларимиз бизни нотўғри иш қилишга ундашса, ўзимизни қандай ҳис қиламиз? Албатта, бу каби вазиятлар юз бериши ҳақида ўйлаганимизда хавотирланамиз.

2 Аксарият одамлар қувғунларни қувониш учун сабаб, деб билмайди. Лекин Худонинг Каломига кўра айнан шундай қилишимиз керак. Мисол учун, Исонинг шогирди Ёқуб синовлар пайтида ташвишланишнинг ўрнига қувониш кераклиги ҳақида ёзган. (Ёқб. 1:2, 12) Исо ҳам бизни қувғун қилишса бахтиёр бўлишимиз кераклигини айтган. (Матто 5:11 ни ўқинг.) Хўш, унда қай йўсин қийинчиликларга қарамай қувончни сақлай оламиз? Ёқуб илк масиҳийларга ёзган мактубдан бир нечта фикрни кўриб чиқиб, улардан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Аввалига, келинг, ўша масиҳийлар дуч келган қийинчиликларни кўриб чиқайлик.

ИЛК МАСИҲИЙЛАР ҚАНДАЙ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ДУЧ КЕЛГАН?

3. Ёқуб Исонинг шогирди бўлганидан кўп ўтмай нималар юз берди?

3 Исонинг ўлимидан кўп ўтмай тутинган укаси Ёқуб унинг шогирди бўлди. Қуддусдаги масиҳийлар қаршиликларга дуч келди. (Ҳавор. 1:14; 5:17, 18) Исонинг шогирди Стефан ўлдирилганидан кейин кўпгина масиҳийлар шаҳардан қочиб кетди. Улар «Яҳудия ва Самария юртлари бўйлаб тарқаб кетди» ва охири Кипр ҳамда Антиохия каби олис ҳудудларга етиб борди. (Ҳавор. 7:58–8:1; 11:19) Ўша шогирдлар қандай қийинчиликларни бошдан ўтказганини фақат тасаввур қила оламиз. Аммо улар қаерга бормасин, хушхабарни ваъз қилган. Қолаверса, Рим империяси бўйлаб жамоатларни ташкил этган. (1 Бутр. 1:1) Аммо илк масиҳийларни олдинда ҳали бундан ҳам қийинроқ пайтлар кутаётганди.

4. Илк масиҳийлар яна қандай қийинчиликларни бошдан кечирган?

4 Илк масиҳийлар турли қийинчиликларни бошдан ўтказган. Мисол учун, тахминан мил. 50 йили Рим императори Клавдий барча яҳудийларга Римни тарк этишни буюрган. Шундай қилиб масиҳий бўлган яҳудийлар уйларини ташлаб, ҳар қаерга тарқаб кетишга мажбур бўлган. (Ҳавор. 18:1–3) Тахминан мил. 61 йили ҳаворий Павлус имондошлари эл-юрт олдида ҳақоратга дуч келгани, қамоққа ташлангани ва мол-мулки талон-торож қилингани ҳақида ёзган. (Иброн. 10:32–34) Бошқа одамлар каби масиҳийлар ҳам, камбағаллигу касалликларга йўлиқишган. (Рим. 15:26; Филип. 2:25–27)

5. Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

5 Ёқуб мил. 62 йили мактубини ёзишидан аввал, имондошлари қандай қийинчиликларни бошдан ўтказаётганини жуда яхши билган. Яҳова ўша масиҳийларнинг қийинчиликларга қарамай, қувончни йўқотмасликка кўмаклашиш мақсадида амалий маслаҳатлар бериш учун Ёқубни уларга мактуб ёзишга илҳомлантирган. Келинг, Ёқубнинг мактубини кўриб чиқамиз ва қуйидаги саволларга жавоб топамиз: Ёқуб қандай қувонч ҳақида ёзган? Масиҳийнинг қувончига нима раҳна солиши мумкин? Қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, қай йўсин донолик, имон ва жасорат ёрдамида қувончни сақлай оламиз?

МАСИҲИЙНИ НИМА ҚУВОНТИРАДИ?

Чироқ ичида ёниб турган пилик каби Яҳова масиҳийга ато этаётган қувонч ҳам унинг юрагида ёниб туради (6- хатбошига қаранг.)

6. Луқо 6:22, 23 га кўра, нега масиҳий қийинчиликларга қарамай қувона олади?

6 Одамларнинг фикрича, яхши соғлиқ, кўп пул ва оиладаги тинчлик кишини бахтиёр қилади. Бироқ Ёқуб айтган қувонч муқаддас руҳ самараси бўлиб, у одамнинг вазиятларига боғлиқ эмас. (Галат. 5:22) Масиҳий Яҳовани мамнун қилаётганини ва Исонинг мисолига эргашаётганини билиб, қувончга ёки чинакам бахтга эга бўлади. (Луқо 6:22, 23 ни ўқинг; Колос. 1:10, 11) Худди чироқнинг ичида ёнаётган пиликка ўхшаб, бундай қувонч масиҳийнинг дилида ёниб туради. У соғлиғимиз заифлашганда ёки пулимиз кам қолганда сўниб қолмайди. Бизни мазах қилишганда ёки оила аъзоларимиз ё бошқалар қаршилик кўрсатганида ҳам қувончни йўқотмаймиз. Аксинча, бизга қаршилик кўрсатаётганлар босим ўтказишига қарамай қувончимизга қувонч қўшилади. Имонимиз туфайли дуч келаётган қийинчиликлар биз Исонинг ҳақиқий издошлари эканимизни исботлайди. (Мат. 10:22; 24:9; Юҳан. 15:20) Шунинг учун ҳам, Ёқуб қуйидагича ёзган: «Биродарларим, бошингизга тушаётган турли синовларни қувонч билан қабул қилинглар». (Ёқб. 1:2)

Нега қийинчиликларни пўлат тиғни қиздирадиган оловга ўхшатса бўлади? (7- хатбошига қаранг.) *

7, 8. Нима учун имонимиз қийинчиликлар туфайли мустаҳкамланади?

7 Ёқуб масиҳийлар нима учун ҳатто шиддатли қийинчиликларни ҳам бошдан кечиришга тайёр эканининг яна бир сабабини айтган. У шундай деган: «Синалган имонингиз сабр-бардошни ҳосил қилади». (Ёқб. 1:3) Қийинчиликларни пўлат тиғни қиздирадиган оловга ўхшатса бўлади. Тиғ қиздирилганида ва сўнг совитилганида мустаҳкамроқ бўлади. Шу сингари, қийинчиликларни бошдан кечирганимизда имонимиз мустаҳкамланади. Мана шу боис, Ёқуб: «Ҳар томонлама етук, бекаму кўст ва бенуқсон бўлишингиз учун сабр-бардош тўла самарасини кўрсатсин»,— деб айтган. (Ёқб. 1:4) Қийинчиликлар туфайли имонимиз мустаҳкамроқ бўлганини кўрганимизда, уларни қувонч ила енга оламиз.

8 Қолаверса, Ёқуб қувончимизни йўқотишга сабаб бўладиган баъзи нарсаларни ошкор этган. Хўш, қандай қийинчиликлар ҳақида гап кетяпти? Уларни қай йўсин енга оламиз?

ҚУВОНЧИМИЗГА РАҲНА СОЛАДИГАН ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ

9. Нега бизга донолик керак?

9 Қийинчилик: нима қилишни билмаслик. Қийинчиликни бошдан кечирганда, Яҳовага маъқул келадиган, имондошларимизга фойда келтирадиган ва бенуқсонлигимизни сақлашга кўмаклашадиган қарорлар чиқариш учун Худодан ёрдам излашни истаймиз. (Ерм. 10:23) Қандай йўл тутишни ва бизга қарши чиқаётганларга нима дейишни билишимиз учун донолик керак. Нима қиларимизни билмаганимизда, ўзимизни боши берк кўчага кириб қолгандай ҳис этамиз. Шунда, қувончимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас.

10. Ёқуб 1:5 га кўра, доноликка эга бўлиш учун нима қилишимиз лозим?

10 Ечим: Яҳовадан донолик сўраш. Агар қийинчиликларни қувонч ила енгмоқчи бўлсак, авваламбор Яҳовадан донолик сўрашимиз лозим. Шундагина, тўғри қарорлар чиқара оламиз. (Ёқуб 1:5 ни ўқинг.) Яҳова ибодатимизга дарров жавоб бермаётгандай туюлса, нима қилишимиз керак? Ёқуб Худодан сўраб туришимиз кераклигини айтган. Доноликни сўрашда давом этсак, Яҳова аччиқланмайди. Яҳованинг биздан жаҳли чиқмайди. Қийинчиликларимизни енгиш учун донолик сўраб ибодат қилганимизда, самовий Отамиз уни бизга саховат билан беради. (Заб. 25:12, 13) Аллоҳимиз қийинчиликларимизни кўриб турибди, бизга раҳми келяпти ва бизга ёрдам бермоқчи. Ҳа, бу қувонишимиз учун яхши сабаб! Қизиқ, қай йўсин Яҳова бизга донолик беряпти?

11. Доноликка эга бўлиш учун яна нима қилишимиз даркор?

11 Яҳова Каломи орқали бизга донолик беради. (Ҳик. 2:6) Бу доноликка эга бўлиш учун Худонинг Каломини ва унга асосланган адабиётларни тадқиқ қилишимиз керак. Лекин шунчаки билимга эга бўлишдан кўпроғини қилишимиз лозим. Худонинг маслаҳатларини амалда қўллаб, Унинг донолигини ҳаётимизга татбиқ этишимиз даркор. Ёқуб: «Худо каломининг тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари ҳам бўлинглар»,— деб ёзган. (Ёқб. 1:22) Тангри берган маслаҳатларни амалда қўллаб, янада тинчликпарвар, мулоҳазали ва раҳм-шафқатли бўламиз. (Ёқб. 3:17) Бу фазилатлар ёрдамида ҳар қандай қийинчиликни қувонч ила енга оламиз.

12. Нега Муқаддас Китобни яхши билиш муҳим?

12 Худонинг Каломини кўзгуга ўхшатса бўлади. Унинг ёрдамида яна нимада яхшиланишимиз кераклигини ва буни қай йўсин амалга оширишимиз мумкинлигини кўра оламиз. (Ёқб. 1:23–25) Масалан, Худонинг Каломини тадқиқ қилгач, ғазабимизни тийишимиз кераклигини тушунган бўлишимиз мумкин. Одамлар билан муомала қилганда ёки қийинчиликлар дастидан таранг вазиятларга дуч келганимизда, Яҳованинг ёрдами билан мулойим бўлишга ўргана оламиз. Мулойим бўлганимиз сабабли, муаммоларга йўлиққанда уларга ижобийроқ қарай оламиз. Бунинг устига, яхшироқ фикр юритамиз ва тўғри қарорлар чиқара оламиз. (Ёқб. 3:13) Муқаддас Китобни яхши билиш нақадар муҳим!

13. Нима учун Муқаддас Китобдаги мисолларни тадқиқ қилишимиз керак?

13 Баъзида бошимиз деворга урилгандан кейингина қандайдир сабоқ оламиз. Аммо бу бирон нимани ўрганишнинг осон йўли эмас. Доноликка эга бўлишнинг яхшироқ йўли бошқаларнинг муваффақиятию хатоларидан сабоқ олишдир. Шу боис, Ёқуб бизни Иброҳим, Раҳоба, Аюб ва Илёс каби Муқаддас Китобдаги мисолларга диққат қаратишга ундаган. (Ёқб. 2:21–26; 5:10, 11, 17, 18) Яҳованинг бу садоқатли хизматчилари қийинчиликларда қувонч ила сабр-бардошли бўла олган. Уларнинг сабр-бардош борасидаги ўрнаги Яҳованинг ёрдами билан биз ҳам худди шундай қила олишимизни кўрсатяпти.

14, 15. Нима учун шубҳаларга барҳам беришимиз керак?

14 Қийинчилик: шубҳалар пайдо бўлиши. Гоҳида Худонинг Каломидаги бирон нимани тушунишга қийналишимиз мумкин. Ё бўлмаса, Яҳова ибодатларимизга биз хоҳлагандай жавоб бермаётгандир. Шундай пайтларда шубҳалар туғилиши ҳеч гап эмас. Агар шубҳаларимизга кўз юмадиган бўлсак, имонимиз сусаяди ва Яҳова билан бўлган муносабатларимизга путур етади. (Ёқб. 1:7, 8) Қолаверса, ҳатто келажакка бўлган умидимиз ҳам сўниб қолиши мумкин.

15 Ҳаворий Павлус келажакка бўлган умидимизни лангар билан солиштирган. (Иброн. 6:19) Бўрон пайтида лангар кемани бир жойда ушлаб туради ва қояларга урилиб кетишидан сақлайди. Лекин лангарнинг занжири узилмаган бўлсагина, ундан фойда бор. Занг лангарнинг занжирини емиргани каби, барҳам берилмаган шубҳалар имонимизни сусайтиради. Шубҳаларга берилган инсон таъқибларга дуч келганида, Яҳова ваъдаларини амалга оширишига бўлган ишончини йўқотиши мумкин. Имонни йўқотиш умидни йўқотиш демакдир. Ёқуб айтганидай, «шубҳаланаётган киши шамолда тебраниб, чайқалаётган денгиз тўлқинига ўхшайди». (Ёқб. 1:6) Бундай одам қувониши эҳтимолдан йироқ, шундай эмасми?

16. Агар шубҳаларимиз бўлса, нима қилишимиз даркор?

16 Ечим: шубҳаларга барҳам бериш имонни мустаҳкамлайди. Беқарор бўлманг. Илёс пайғамбарнинг даврида Яҳованинг халқи беқарор бўлиб қолди. Илёс уларга шундай деди: «Қачонгача бир қарорга келолмай юрасизлар? Агар Яҳова ҳақ Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди-ю, Баал ҳақ Худо бўлса, унга сажда қилинглар!» (3 Шоҳ. 18:21) Бугунги кунда ҳам беқарор бўлмаслигимиз лозим. Ўзимиз учун Яҳова ҳақ Худо, Муқаддас Китоб Унинг Каломи ва Яҳованинг Шоҳидлари Унинг халқи эканини исботлаш учун тадқиқ ўтказишимиз даркор. (1 Салон. 5:21) Бундай йўл тутиб, шубҳаларимизни йўққа чиқарамиз ва имонимизни мустаҳкамлаймиз. Шубҳаларга чек қўйиш учун ёрдам керак бўлса, оқсоқолларга мурожаат қилишимиз мумкин. Агар Яҳовага қувонч ила хизмат қилишни хоҳласак, зудлик билан чора кўришимиз керак.

17. Жасоратимизни йўқотсак, нима бўлади?

17 Қийинчилик: тушкунлик. Худонинг Каломида: «Оғир кунда руҳинг тушса, кучинг ҳам заифлашади»,— деб айтилган. (Ҳик. 24:10) «Руҳинг тушса» деб таржима қилинган ибронийча сўз «жасоратни йўқотиш» деган маънони англатиши мумкин. Жасоратни йўқотсангиз, қувонч ҳам шу заҳоти сизни тарк этади.

18. Сабр-бардош қилиш нимани англатади?

18 Ечим: сабр-бардош қила олишингиз учун Яҳова жасорат беришига ишонинг. Қийинчиликларда жасоратли бўлишимиз учун сабр-бардош қилишимиз керак. (Ёқб. 5:11) Ёқуб қўллаган ибора, яъни «сабр-бардош қилиш» ўз ўрнидан қўзғалмай маҳкам турадиган инсонни тасвирлайди. Хаёлимизга жасоратли аскар келиши мумкин. У шиддатли ҳужумларга қарамай, душманларга бир қарич ерни ҳам бой бермаслик учун ортга чекинмайди.

19. Ҳаворий Павлуснинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

19 Ҳаворий Павлус жасоратли бўлишда ва сабр-бардош қилишда ажойиб ўрнак кўрсатган. Баъзида у ўзини заиф ҳис этган. Аммо Павлус Яҳова унга у муҳтож бўлган кучни беришига ишонгани туфайли сабр-бардош қила олган. (2 Кор. 12:8–10; Филип. 4:13) Биз ҳам камтаринлик ила Яҳованинг ёрдамига муҳтож эканимизни тан олсак, шундай кучга ва жасоратга эга бўла оламиз. (Ёқб. 4:10)

ХУДОГА ЯҚИНЛАШИНГ ВА ҚУВОНИНГ

20, 21. Нимага амин бўлишимиз мумкин?

20 Биз дуч келаётган қийинчиликлар Яҳованинг жазоси эмаслигига амин бўлишимиз мумкин. Ёқуб шундай деб ёзган: «Синовга дучор бўлганда ҳеч ким: “Мени Худо синаяпти”,— деб айтмасин. Чунки Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Унинг Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди». (Ёқб. 1:13) Бунга амин бўлсак, меҳрибон самовий Отамизга янада яқинлаша оламиз. (Ёқб. 4:8)

21 Яҳова «ўзгармайдиган Тангридир». (Ёқб. 1:17) У илк масиҳийларни қийинчиликлари давомида қўллаб-қувватлаган бўлса, бугунги кунда ҳам ҳар биримизга ёрдам беради. Яҳовадан донолик, имон ва жасорат беришини сидқидилдан сўранг. У ибодатларингизга жавоб беради. Шунда, У қийинчиликларингиз давомида қувончни йўқотмаслигингизга кўмаклашишига амин бўласиз.

128- ҚЎШИҚ Сўнгги дамга қадар чиданг

^ абз. 5 Ёқуб китобида қийинчиликларни енгишимизга кўмаклашадиган амалий маслаҳатлар бисёр. Ушбу мақолада Ёқуб айтиб ўтган баъзи маслаҳатларни кўриб чиқамиз. Улар қийинчиликларда сабр-бардошли бўлишимизга ҳамда қувончни йўқотмасдан Яҳовага хизмат қилишимизга кўмаклашади.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Биродаримизни уйида ҳибсга олишди. Хотини ва қизи уларга қараб туришибди. Эри қамоқда. Имондошларимиз эса унинг хотини ва қизи билан бирга оилавий топинишни ўтказяпти. Биродарнинг хотини билан қизи қийинчиликларда сабр-бардошли бўла олиш учун Яҳовага чин юракдан ибодат қилишяпти. Яҳова уларга ички хотиржамлик ва жасорат ато этяпти. Натижада уларнинг имони мустаҳкамланди ва улар қийинчиликни қувонч билан енга оляпти.