Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Дононинг сўзларини тингла»

«Дононинг сўзларини тингла»

Қулоқ тутиб, дононинг сўзларини тингла. ҲИК. 22:17

123- ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега маслаҳатлар оламиз ва нима учун ҳаммамиз уларга муҳтожмиз?

 ВАҚТИ-ВАҚТИ билан барчамиз маслаҳатга муҳтожмиз. Баъзида ўзимиз ҳурмат қиладиган кишидан маслаҳат сўрашимиз мумкин. Гоҳида эса биз ҳақимизда хавотирланаётган биродар «бирон-бир хатога» йўл қўяётганимизни кўриб, бизга маслаҳат берар. Бу кейинчалик пушаймон бўлишимиздан асраб қолади. (Галат. 6:1) Ёки жиддий хатога йўл қўйганимиздан кейин маслаҳат олишимиз мумкин. Қандай бўлмасин, маслаҳатларга қулоқ солишимиз керак. Бундай қилиш ўзимизга фойда келтиради ва ҳаётимизни сақлаб қолади. (Ҳик. 6:23)

2. Ҳикматлар 12:15 га кўра, нега маслаҳатга қулоқ солишимиз керак?

2 Очқич оят бизни «қулоқ тутиб, дононинг сўзларини тинглашга» ундаяпти. (Ҳик. 22:17) Ҳамма нарсани биладиган одамнинг ўзи йўқ. Лекин бизга қараганда билими ёки тажрибаси кўпроқ одам доим топилади. (Ҳикматлар 12:15 ни ўқинг.) Маслаҳатга қулоқ солиш камтарликнинг белгисидир. Бу имкониятларимиз чегараланганини билишимизни ва мақсадларимизга эришиш учун ёрдамга муҳтож эканимизни тушунаётганимизни кўрсатади. Доно шоҳ Сулаймон илоҳий илҳом остида шундай ёзган: «Маслаҳатчи кўп бўлса, улар [режалар] амалга ошади». (Ҳик. 15:22)

Қайси бирини қабул қилиш сиз учун қийинроқ? (3-, 4- хатбошиларига қаранг.)

3. Қандай йўллар орқали маслаҳат олишимиз мумкин?

3 Билвосита ёки тўғридан-тўғри маслаҳат олишимиз мумкин. Хўш, билвосита маслаҳат олиш нима дегани? Масалан, Муқаддас Китобни ёки адабиётларимиздан бирон маълумотни ўқиганимизда, бу бизни тўхтаб, ишларимизни текширишга ва ўзгаришга ундаши мумкин. (Иброн. 4:12) Буни билвосита маслаҳат олиш деса бўлади. Тўғридан-тўғри маслаҳат олиш-чи, нимани англатади? Оқсоқол ёки маънан етук биродаримиз ниманинг устида ишлашимиз кераклигини айтиши мумкин. Буни тўғридан-тўғри маслаҳат олиш деса бўлади. Одам бизни яхши кўрсагина Муқаддас Китоб асосида маслаҳат беради. Шу боис, унинг айтганлари учун миннатдор бўлишимиз ва маслаҳатини қабул қилишимиз керак.

4. Маслаҳат олганимизда нима қилмаслигимиз керак? (Воиз 7:9)

4 Тўғридан-тўғри берилган маслаҳатга қулоқ солиб, унга амал қилиш қийин кечиши мумкин. Бундан ҳатто хафа бўлиб қолармиз. Нега? Номукаммал эканимизни тан олсак-да, кимдир бизга хато қилаётганимизни айтиб маслаҳат берса уни қабул қилиш қийин кечиши ҳеч гап эмас. (Воиз 7:9 ни ўқинг.) Ўзимизни оқлармиз ёки бизга маслаҳат берган кишининг ниятларини шубҳа остига қўярмиз. Шунингдек, у бизга қай тарзда маслаҳат берганидан хафа бўлиб қолишимиз мумкин. Шунда, ўша кишини ҳатто танқид қилиб шундай фикрга борармиз: «Менга маслаҳат беришга қандай ҳаққи бор? Ўзининг хатоларига қарасин». Агар маслаҳат бизга ёқмаса, уни назаримизга илмаслигимиз мумкин. Ёки эшитишни хоҳлаган маслаҳатни олиш умидида бошқа кишидан маслаҳат сўрармиз.

5. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

5 Мазкур мақолада маслаҳатни қабул қилган ва қабул қилмаганларнинг мисолларини кўриб чиқамиз. Шунингдек, маслаҳатни қабул қилишга нима ёрдам беришини ва бундай йўл тутганимизда, қандай фойда кўришимизни билиб оламиз.

УЛАР МАСЛАҲАТНИ РАД ЭТГАН

6. Шоҳ Рахабом маслаҳатга билдирган муносабатидан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Рахабом билан бўлган вазиятни олайлик. У Исроилнинг шоҳи бўлгач, халқ унинг олдига илтимос билан келди. Улар ундан отаси Сулаймон солган оғир бўйинтуруқни енгиллаштиришни сўрашди. Рахабом Исроил оқсоқолларига маслаҳат солиб, халққа қандай жавоб бериш борасида сўради. Улар шоҳга халқнинг бўйинтуруғини енгиллаштирса, халқ уни қўллаб-қувватлашини айтди. (3 Шоҳ. 12:3–7) Афтидан, Рахабом бу маслаҳат билан қониқмади. Шунинг учун, у ўзи билан катта бўлганлардан ҳам маслаҳат сўради. Эҳтимол, улар тахминан 40 ёшларда бўлган ва ҳаётда қандайдир тажрибага эга бўлган. (2 Сол. 12:13) Лекин бу вазиятда улар Рахабомга ёмон маслаҳат берди. Бу эркаклар унга халқнинг бўйинтуруғини янада оғирлаштиришни айтди. (3 Шоҳ. 12:8–11) Рахабом иккита маслаҳат олдида турганди ва қайси бирига қулоқ солиш борасида Яҳовага ибодат қилиши мумкин эди. Бироқ бунинг ўрнига, у қулоғига ёққан маслаҳатга амал қилиб халқнинг бўйинтуруғини оғирлаштирди. Бунинг оқибатлари ҳам Рахабом, ҳам Исроил халқи учун аянчли бўлди. Шу сингари, биз доим ҳам ўзимизга ёқадиган маслаҳатни эшитмасмиз. Аммо у Худонинг Каломига асосланган бўлса, уни қабул қилишимиз керак.

7. Шоҳ Уззиё билан юз берган вазиятдан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

7 Шоҳ Уззиё маслаҳатни рад этган. У Яҳованинг маъбадига кириб тутатқи тутатмоқчи бўлган. Бунга фақат руҳонийларнинг ҳаққи бўлган. Улар Уззиёга шундай деб айтган: «Эй шоҳимиз Уззиё, Яҳовага тутатқи тутатишга ҳаққингиз йўқ! Тутатқини фақат руҳонийлар тутатиши керак». Хўш, у нима қилган? Уззиё бу маслаҳатни камтарлик ила қабул қилиб, маъбаддан шу заҳоти чиқиб кетганида, Яҳова, эҳтимол, уни кечирарди. Аммо Уззиёнинг «аччиғи чиқди». Нега у маслаҳатни рад этди? Уззиё, эҳтимол, шоҳ сифатида хоҳлаганимни қилишга ҳақлиман, деб ўйлагандир. Бироқ Яҳова бунга бошқача муносабатда эди. Уззиё ҳаққи бўлмаган ишни қилгани учун «мохов касалига дучор бўлиб, умрининг охиригача соғаймади». (2 Сол. 26:16–21) Кўриб чиққанимиздай, ким бўлишимиздан қатъи назар, Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни рад этсак, Яҳованинг марҳаматини йўқотамиз.

УЛАР МАСЛАҲАТНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

8. Аюб маслаҳатга қандай муносабат кўрсатди?

8 Кўриб чиққан огоҳлантирувчи мисоллардан фарқли равишда Муқаддас Китобда маслаҳатни қабул қилгани учун барака олган кишиларнинг яхши мисоллари ҳам бор. Масалан, Аюбни олайлик. У художўй бўлса ҳам номукаммал бўлган. Қаттиқ босим остида у баъзи нотўғри фикрларни айтган. Натижада, у Элиху ва Яҳовадан тўғридан-тўғри маслаҳат олган. Хўш, Аюб бунга қандай муносабат кўрсатган? У маслаҳатни камтарлик ила қабул қилган. Аюб шундай деган: «Мен тушунмай туриб гапирдим. [...] Айтганларимни қайтариб оламан. Тупроқ ва кулга ўтириб, тавба қиламан». Яҳова Аюбга камтарлиги учун барака берган. (Аюб 42:3–6, 12–17)

9. Маслаҳатни қабул қилиш борасида Мусо қандай ўрнак кўрсатган?

9 Мусо пайғамбар ҳам яхши ўрнак қолдирган. У жиддий хатога йўл қўйганида, маслаҳатни қабул қилган. Бир сафар Мусо ғазабга берилиб, Яҳовани шарафламаган. Оқибатда у ваъда қилинган юртга кира олмаган. (Саҳ. 20:1–13) У Яҳованинг қароридан хафа эканини айтганида, Яҳова унга: «Менга бу ҳақда бошқа оғиз очма»,— деб жавоб берган. (Қонун. 3:23–27) Лекин Мусонинг жаҳли чиқмаган. Аксинча, у Яҳованинг қарорини қабул қилган. Яҳова эса Исроил халқини етаклашда ундан фойдаланишда давом этган. (Қонун. 4:1) Ҳам Аюб, ҳам Мусо маслаҳатни қабул қилиш борасида яхши ўрнакдир. Уларга тақлид қилсак арзийди. Аюб нуқтаи назарини ўзгартирган. Мусо эса ваъда қилинган юртга кира олмаган бўлса-да, охиригача садоқатли қолиб, Яҳованинг маслаҳатини қабул қилган.

10. а) Маслаҳатни қабул қилсак қандай фойда оламиз? (Ҳикматлар 4:10–13) б) Баъзилар маслаҳат ҳақида қандай фикр билдирди?

10 Аюб ва Мусо каби садоқатли кишиларга тақлид қилганимизда фойда оламиз. (Ҳикматлар 4:10–13 ни ўқинг.) Кўп имондошларимиз улар каби йўл тутади. Конгода яшовчи Эммануэл исмли биродаримизнинг сўзларига эътибор беринг *. У шундай деди: «Жамоатимдаги маънан етук биродарлар Яҳова билан муносабатларим хавф остида эканини кўрганида, менга ёрдам беришди. Уларнинг маслаҳатига амал қилдим. Бу мени анчагина муаммолардан сақлаб қолди». Канададаги Меган исмли кашшоф маслаҳат ҳақида шундай деб бўлишди: «Бу доим ҳам мен эшитишни хоҳлаган маслаҳат эмас эди. Аммо уни эшитишим керак эди». Хорватиядаги Марко биродаримиз қуйидагича деди: «Мен шарафли вазифаларимни йўқотдим. Аммо ортга қараб, менга берилган маслаҳат маънан тикланишимга ҳисса қўшганини тушуняпман».

11. Биродар Карл Клейн маслаҳатни қабул қилиш борасида нима деб айтган?

11 Карл Клейн биродаримиз ҳам маслаҳатни қабул қилиб фойда олганлар қаторига киради. У Етакчи кенгаш аъзоси сифатида хизмат қилган. Бу биродаримиз таржимаи ҳолида яқин дўсти Жозеф Рутерфорддан жиддий маслаҳат олгани ҳақида ёзган. Биродар Клейнга олган маслаҳати бошида қаттиқ ботган. У қуйидагиларни айтган: «Орадан вақт ўтиб, Рутерфорд биродаримиз мен билан кўришиб дўстона салом берди. Мен қуруқ жавоб қайтарганим учун Рутерфорд биродар ҳали ҳам ундан хафа эканимни сезиб: “Эҳтиёт бўл, Карл! Иблис изингга тушган”,— деб мени огоҳлантирди. Мен хижолатга тушиб: “Сиздан хафа эмасман”,— деб айтдим. Лекин Рутерфорд биродар ундан хафа эканимни билиб: “Барибир эҳтиёт бўл! Иблис изингга тушган”,— деб огоҳлантирди. У ҳақ эди. Айниқса, нимадир дейишга ҳаққи бўлган биродарга гина сақласак,.. Иблиснинг тузоғига тушган бўламиз» *. (Эфес. 4:25–27) Клейн Рутерфорднинг маслаҳатини қабул қилган ва улар яқин дўст бўлиб қолган.

МАСЛАҲАТНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШИМИЗГА НИМА ЁРДАМ БЕРАДИ?

12. Қандай қилиб камтарлик маслаҳатни қабул қилишимизга ёрдам беради? (Забур 141:5)

12 Маслаҳатни қабул қилишимизга нима ёрдам беради? Камтарин бўлиб, номукаммал эканимизни ва баъзида нотўғри йўл тутишимизни эсда сақлашимиз лозим. Юқорида кўриб чиққанимиздай, Аюб нотўғри нуқтаи назарга эга бўлган. Лекин у фикрлаш тарзини ўзгартирган ва Яҳова унга барака берган. Хўш, нега? Чунки Аюб камтарин эди. У ўзидан ёш бўлган Элихунинг маслаҳатини қабул қилиб камтарин эканини кўрсатган. (Аюб 32:6, 7) Шу сингари, камтарлик биздан ёшроқ одам маслаҳат берганида, уни қабул қилишимизга ва бу маслаҳатга муҳтож эмасман, деб ўйламаслигимизга ёрдам беради. Канадалик оқсоқол шундай деди: «Биз ўзимизни кўра олмаймиз, бошқалар эса кўради. Ҳеч кимдан маслаҳат олмасак, қанақасига яхшилана оламиз? Қолаверса, барчамиз муқаддас руҳ самарасини ривожлантиришдан ва хизматда яхшиланишдан тўхтамаслигимиз керак». (Забур 141:5 ни ўқинг.)

13. Маслаҳат борасида қандай фикрда бўлишимиз керак?

13 Маслаҳатни Худонинг севгиси деб билинг. Яҳова бизга энг аълосини бермоқчи. (Ҳик. 4:20–22) У бизга Каломи, адабиётларимиз ёки тажрибали имондошлар орқали маслаҳат берганида, бу Унинг бизга нисбатан севгисидир. Ибронийларга 12:9, 10 га биноан, «Аллоҳ фойдамизни кўзлаб» бундай қилади.

14. Маслаҳат берилганда нимага диққат қаратишимиз керак?

14 Маслаҳат қандай берилишига эмас, унинг мағзига диққат қаратинг. Баъзида бизга маслаҳат нотўғри тарзда айтилди деб ўйлашимиз мумкин. Албатта, маслаҳат бераётган киши уни ўринли тарзда етказишга ҳаракат қилиши керак *. (Галат. 6:1) Лекин сизга маслаҳат берилган бўлса, буни яхшироқ айтиш мумкин эди, деган фикрга эмас, балки маслаҳатнинг мағзига эътибор қаратсангиз яхши бўлади. Ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Маслаҳат қандай берилаётгани менга ёқмаса ҳам айтилаётган фикрларда жон борми? Уни бераётган кишининг камчиликларига қарамай у айтаётган фикрлардан фойда олишим мумкинми?» Маслаҳат қандай берилишидан қатъи назар, ундан фойда олиш йўлини изласак, ўз томонимиздан доно йўл тутган бўламиз. (Ҳик. 15:31)

МАСЛАҲАТ СЎРАБ ФОЙДА ОЛИНГ

15. Нега маслаҳат сўрашимиз керак?

15 Муқаддас Китоб бизни бошқалардан маслаҳат сўрашга ундаяпти. Ҳикматлар 13:10 да: «Донолик эса маслаҳат излаганлар биландир»,— деб айтилган. Бу рост гап! Кимдир маслаҳат беришини кутиб ўтирмай, ўзи бошқалардан маслаҳат сўраган одам бундай йўл тутмаганларга қараганда тезроқ маънан ўсади. Шундай экан, ташаббусни қўлга олиб ўзингиз бошқалардан маслаҳат сўранг.

Нега синглимиз маънан етук опамиздан маслаҳат сўраяпти? (16- хатбошига қаранг.)

16. Қайси вазиятларда маслаҳат сўрашимиз мумкин?

16 Имондошларимиздан қачон маслаҳат сўрасак бўлади? Келинг, баъзи вазиятларни кўриб чиқайлик. 1) Имондошимиз тажрибали ваъзгўйни Муқаддас Китоб тадқиқига таклиф қилади ва таълим беришда қай йўсин яхшиланиши тўғрисида ундан маслаҳат сўрайди. 2) Турмуш қурмаган синглимиз бирон кийим сотиб олмоқчи бўлади ва маънан етук опамиздан танлови ҳақида холисона фикрини сўрайди. 3) Биродаримизга илк бор оммавий нутқ берилди. У тажрибали маърузачидан нутқини эшитиб, нималарни яхшилаши кераклиги борасида маслаҳат сўрайди. Биродаримиз кўп йиллар давомида нутқлар сўзлаётган бўлса ҳам, маҳоратли маърузачилардан маслаҳат сўраб, унга амал қилиши мумкин.

17. Қай йўсин маслаҳатдан фойда олишимиз мумкин?

17 Келаётган ҳафта ёки ойларда барчамиз тўғридан-тўғри ёки билвосита маслаҳат оламиз. Ўшанда ҳозир муҳокама қилган асосий фикрларни эсланг. Камтарин бўлинг. Маслаҳат қандай айтилганига эмас, унинг мағзига диққат қаратинг. Уни амалда қўлланг. Ҳеч биримиз доно бўлиб туғилмаймиз. Лекин «маслаҳатга қулоқ солиб тарбияни қабул қилсак», Худонинг Каломи бизни «доно бўлишимизга» ишонтиряпти. (Ҳик. 19:20)

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

^ Яҳованинг хизматчилари Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатлар фойдали эканини тушунади. Лекин маслаҳатни қабул қилиш доим ҳам осон эмас. Нима учун? Бизга маслаҳат беришганида, ундан фойда олишга нима ёрдам беради?

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ «Қўриқчи минораси»нинг 1984 йил 1 октябрь (ингл.) сонидаги 21–28- саҳифаларига қаранг.

^ Навбатдаги мақолада қай йўсин мулойимлик ила маслаҳат бериш мумкинлигини кўриб чиқамиз.