Ўқувчиларнинг саволлари
Муқаддас Китобда Яҳованинг келажакни башорат қилиш қобилияти ҳақида нима дейилган?
Муқаддас Китобда Яҳова келажакни башорат қилиши мумкинлиги аниқ қилиб айтилган. (Ишаё 45:21) У ерда Худо буни қандай ёки қачон қилиши ё У қанча маълумотга эга бўлишни истаётгани батафсил тушунтирилмаган. Шу боис Яҳованинг келажакни башорат қилиш қобилияти борасида ҳамма нарсани тўлиқ англай олмаймиз. Шундай бўлса-да, бир нечта омилга эътибор қаратайлик.
Яҳова истаган нарсани қилиши, гоҳида эса қилмаслиги мумкин. У чексиз доноликка эга бўлгани учун хоҳлаган нарсани башорат қилишга қодир. (Рим. 11:33) Худо ўзини тута билиш фазилатини мукаммал тарзда намоён этаётгани туфайли, нима юз беришини билмасликни лозим деб топиши ҳам мумкин. (Ишаё 42:14 ни солиштиринг.)
Яҳова иродасини амалга ошириш учун воқеаларни йўналтиради. Қандай қилиб бу Унинг келажакни башорат қилиш қобилияти билан боғлиқ? Ишаё 46:10 да шундай тушунтирилган: «Охирида нима бўлишини бошидан, ҳали юз бермаган нарсаларни олдиндан айтаман. Мен: “Ниятим албатта бажо бўлади, истаганимни амалга ошираман”,— дейман».
Демак, Яҳова келажакни башорат қилишга қодир эканини кўрсатувчи сабаблардан бири — У воқеаларни йўналтириш кучига эга эканида. Масалан, гоҳида бирон фильм қандай якунланишини билиш учун уни ўтказиб томоша қиламиз. Худо учун эса келажакда нима юз беришини билиш учун воқеаларнинг ривожини кўриб, уларни ўтказишнинг ҳожати йўқ. Яъни келажакдаги барча ҳодисалар қайсидир маънода юз бериб бўлган-у, Яҳова уларни кўздан кечиряпти деб айтиш тўғри бўлмасди. Худо муайян вақтда қайси воқеа юз беришини ҳал қилиши мумкин. Ўша вақт келганда эса, бу амалга ошиши учун воқеаларни йўналтиради. (Чиқ. 9:5, 6; Мат. 24:36; Ҳавор. 17:31)
Шунинг учун Муқаддас Китобдаги «ҳозирлаб қўйган», «режалаштириб қўйганим» ёки «тилагим» каби сўзлар Худо келажакда амалга оширадиган баъзи ҳодисалар борасида нималар қилаётганини англатади. (4 Шоҳ. 19:25; Ишаё 46:11) Асл матндан ўгирилган бу иборалар «кулол» сўзининг маъноси билан боғлиқ. (Ерм. 18:4) Моҳир кулол бир бўлак гилдан чиройли нафис идиш ясагани каби, Яҳова ҳам иродасини амалга ошириш учун воқеаларни моҳирона йўналтириб, улар юз беришига ғамхўрлик қила олади. (Эфес. 1:11)
Яҳова одамлар ўзлари танлашига йўл қўяди. У ҳар бир кишининг ҳаётини пешонасига ёзиб қўймайди, самимий инсонлар йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган бирон иш қилишига ҳам сабабчи бўлмайди. Худо ҳаммага ўз йўлини танлашга йўл қўяди ва тўғри ҳаёт кечиришни танлашга чорлайди.
Иккита мисолни кўриб чиқайлик. Биринчиси Ниневия аҳолиси билан боғлиқ. Яҳова уларнинг ёвузликлари туфайли Ниневияни вайрон қилмоқчи эканини башорат қилган. Аммо улар тавба қилганида, У «уларнинг устига “юбораман”, деб айтган офатни юбормади». (Юнус 3:1–10) Яҳова каромат қилган нарсани ўзгартирди, чунки ниневияликлар ирода эркинлигидан фойдаланиб, Унинг огоҳлантирувчи хабарига қулоқ солишди.
Иккинчи мисол Яҳованинг маъбадини қайта қуриш учун яҳудийларни асирликдан озод қилган Кир ҳақидаги башорат билан боғлиқ. (Ишаё 44:26–45:4) Форс шоҳи Кир бу башоратни амалга оширди. (Эзра 1:1–4) Лекин у ҳақ Таолога топинмасди. Яҳова бу башоратни амалга ошириш учун ундан фойдаланган бўлса-да, уни Унга топинишга мажбурламаганди. (Ҳик. 21:1)
Албатта, бу Яҳова келажакни башорат қилиш борасидаги бир нечта мисол, холос. Аслини олганда, ҳеч бир киши Яҳованинг йўлларини тўлиқ англаб етишга қодир эмас. (Ишаё 55:8, 9) Аммо Яҳова ошкор қилаётганлари туфайли У доимо тўғри йўл тутишига бўлган ишончимиз, жумладан, келажакни башорат қилганда ҳам имонимиз мустаҳкамланади.