Етакчи кенгашнинг иккита янги аъзоси
2023 ЙИЛ 18 ЯНВАРЬ, чоршанба куни jw.org сайтида махсус эълонда Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгашида хизмат қилиш учун Гейж Флигл ва Жеффри Виндер тайинлангани айтилганди. Иккала биродар ҳам Яҳовага кўп йиллар мобайнида садоқат ила хизмат қилиб келяпти.
Биродар Флигл Пенсильваниянинг (АҚШ) ғарбида художўй оилада улғайган. Ўсмирлигида оиласи эҳтиёж катта бўлган ҳудуддаги кичик шаҳарга кўчган эди. Кўп вақт ўтмай, у 1988 йили 20 ноябрда сувга чўмган.
Ота-онаси уни тўла вақтли хизматни бошлашга доим ундашган. Улар кўпинча уйига туман нозирларию байтилчиларни таклиф қилишарди ва биродар Флигл улар қанчалик бахтиёр эканини кузатарди. Сувга чўмганидан кўп ўтмай, у 1989 йили 1 сентябрда доимий кашшоф бўлган. Икки йил ўтгач, у 12 ёшида қўйган мақсадига эришган — Байтилдаги хизмати бошланган. У 1991 йили октябрда Бруклиндаги Байтилда хизмат қилишни бошлаган.
У ерда биродар Флигл саккиз йил Муқовалаш бўлимида меҳнат қилган, кейин эса Хизмат бўлимига тайинланган. Ўшанда у бир неча йил давомида рус тилидаги жамоатда хизмат қилган. 2006 йили у Надяга уйланган ва уни ҳам Байтилга таклиф қилишган. Улар бирга португал тилидаги ҳудудда ва ўн йилдан зиёд вақт мобайнида испан тилидаги ҳудудда хизмат қилишган. Анча йиллар Хизмат бўлимида меҳнат қилгач, уни Маориф қўмитасига, кейинчалик эса Хизмат қўмитасига тайинлашган. 2022 йили мартда у Етакчи кенгашнинг Хизмат қўмитаси ёрдамчиси сифатида тайинланган.
Биродар Виндер Марриетада (Калифорния, АҚШ) улғайган. У ҳақиқатни ота-онасидан билган ва 1986 йили 29 мартда сувга чўмган. Бир ойдан кейин у кўмакчи кашшоф бўлган. Биродар Виндер бу хизматдан завқланиб, уни давом эттиришни истаган. Бир неча ой ўтгач, 1986 йили 1 октябрда у доимий кашшоф бўлган.
Ўсмирлигида биродар Виндер ўша пайтда Байтилда хизмат қилган иккита акасиникига меҳмонга борган. Ўшанда у катта бўлса, Байтилда хизмат қилиш учун ариза тўлдиришни ният қилиб қўйган. 1990 йили майда эса уни Байтилга, Уолкиллга таклиф қилишган.
У ерда биродар Виндер турли бўлимларда, жумладан, Тозалик бўлимида, Байтил фермасида ва Байтил бюросида хизмат қилган. 1997 йили у Анжелага уйланган ва улар ўшандан бери Байтилда хизмат қилишни давом эттиришяпти. 2014 йили улар Уорвикка кўчишган. У ерда биродар Виндер Халқаро бош идоранинг қурилиш лойиҳасида кўмаклашган. 2016 йили улар Қўриқчи Минораси Жамиятининг ўқув-таълим марказига (Паттерсон) кўчишган. У ерда биродар Виндер Аудио-видеоларни ёзиш бўлимида хизмат қилган. Тўрт йил ўтгач, улар яна Уорвикка кўчишган ва уни Ходимлар қўмитасига тайинлашган. 2022 йили мартда у Етакчи кенгашнинг Ходимлар қўмитаси ёрдамчиси сифатида тайинланган.
Яҳова «ҳадя сифатида» берилган ушбу биродарларга Шоҳлик манфаатлари учун меҳнат қилиш йўлида баракалар ёғдиришини сўраймиз. (Эфес. 4:8)