6-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
10-ҚЎШИҚ Аллоҳимиз Яҳовани улуғланг!
«Яҳованинг исмига мақтовлар айтинг!»
Эй, Яҳованинг хизматчилари, Унга ҳамду сано айтинг! Яҳованинг исмига мақтовлар айтинг! (ЗАБ. 113:1)
НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?
Худонинг муқаддас исмини мадҳ этишга бизни нима ундаши мумкинлигини билиб оламиз.
1, 2. Қайси мисол Яҳова Унинг исми булғанганда Ўзини қандай ҳис қилишини тушунишимизга ёрдам бериши мумкин?
АЙТАЙЛИК, сиз ғамхўрлик қилган бир киши сиз ҳақингизда даҳшатли нарсаларни гапириб юрибди. Бу ғирт ёлғон эканини биласиз, аммо баъзилар бунга ишоняпти. Энг ёмони эса, улар буни бошқаларга тарқатяпти ва кўплар бунга ишоняпти. Хўш, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Бирорта кишига ғамхўрлик қилсангиз ва обрўингиз яхши бўлишини хоҳласангиз, бундай ёлғон дастидан сиқиласиз, шундай эмасми?! (Ҳик. 22:1)
2 Бу мисол ёрдамида Яҳова Унинг обрўйига доғ тушганида Ўзини қандай ҳис қилишини тушунамиз. Осмондаги ўғилларидан бири У ҳақда илк аёл, Момоҳавога ёлғон гапирган. У бунга лаққа тушган. Бу ёлғон дастидан илк жуфтлик Яҳовага қарши исён кўтарди. Оқибатда, инсонлар оиласига гуноҳ ва ўлим кириб келди. (Ибт. 3:1–6; Рим. 5:12) Бу дунёдаги ҳамма муаммолар — ўлим, уруш, қашшоқлик Шайтон Адан боғида тарқатишни бошлаган ёлғон туфайли юз беряпти. Хўш, бундай ёлғон ва унинг асоратлари Яҳовага оғриқ келтиряптими? Албатта. Аммо Яҳованинг аччиғи чиқмаяпти ёки У ранжимаяпти. Аксинча, У «бахтиёр Тангри» бўлиб қоляпти. (1 Тим. 1:11)
3. Қандай шарафга эгамиз?
3 «Яҳованинг исмига мақтовлар айтинг!» — дейилган оддий амрга итоат қилиш орқали Худонинг исми оқланишига ҳисса қўшиш шарафига эгамиз. (Заб. 113:1) Бошқаларга Унинг барча яхши ишлари ҳақида айтиб берганимизда исмини мадҳ этамиз. Сиз ҳам шундай қиляпсизми? Келинг, Тангримизнинг исмини сидқидилдан мадҳ этишимизга ёрдам берадиган учта кучли омилга назар солайлик.
ЯҲОВА УНИНГ ИСМИНИ МАДҲ ЭТГАНИМИЗДА МАМНУН БЎЛАДИ
4. Нега мадҳларимиз Яҳовани мамнун қиляпти? Мисол келтиринг. (Расмга ҳам қаранг.)
4 Самовий Отамизнинг исмини мадҳ этганимизда, Уни мамнун қиламиз. (Заб. 69:30, 31) Бу Қодир Тангри номукаммал инсонлар каби мақтовлар олишга муҳтож бўлганини англатадими? Йўқ. Бир мисолга диққат қаратайлик. Битта қизалоқ отасини қаттиқ қучоқлаб: «Дадажон, сиз ҳаммадан зўрсиз!» — деб айтади. Шунда отаси жуда суюнади. Нима учун? У боласининг далдали ва мақтовли сўзларига муҳтож бўлгани учун суюнадими? Йўқ. Аксинча, у қизалоғини яхши кўргани учун ўзини шундай ҳис қилади. Қолаверса, у қизи унга бўлган севгисини ва миннатдорчилигини кўрсатганидан бахтиёр бўлади. У қизи улғайгани сайин бу каби фазилатлар янада бахтли бўлишига ҳисса қўшишини билади. Худди шу сабабларга кўра, Отажонимиз Яҳова Уни мадҳ этганимизда мамнун бўлади.
5. Яҳовани мадҳ этганимизда, қандай ёлғонни фош этамиз?
5 Самовий Отамизни мадҳ этганимизда, биз ҳақимизда айтилган ёлғонни ҳам йўққа чиқаришга кўмаклашамиз. Шайтон ҳеч бир инсон Худонинг исмини садоқат ила ҳимоя қила олмаслигини айтган. Синов остида ҳеч бир инсон Худога содиқ бўлиб қола олмас эканмиш. У барчамизни ўз фойдамизни ўйлаб, Худодан юз ўгиришда айблаган. (Аюб 1:9–11; 2:4) Аммо садоқатли бўлган Аюб пайғамбар Шайтон ёлғончи эканини исботлаган. Сиз ҳақингизда нима деса бўлади? Ҳар биримиз Отамизнинг исмини садоқат ила ҳимоя қилиб, бенуқсонлик ила Унга хизмат қилиш орқали Уни қувонтириш шарафига эгамиз. (Ҳик. 27:11) Дарҳақиқат, бундай қилиш чиндан ҳам катта шараф!
6. Қандай қилиб шоҳ Довудга ва левиларга тақлид қила оламиз? (Нахимиё 9:5)
6 Худога бўлган севги садоқатли инсонларни Унинг исмини чин юракдан мадҳ этишга ундайди. Шоҳ Довуд: «Эй жоним, Яҳовани мадҳ эт, бутун борлиғим Унинг муқаддас исмини мадҳ этсин»,— деб ёзган. (Заб. 103:1) У шуни тушунганки, Худонинг исмини мадҳ этиш, Унинг Ўзини мадҳ этиш билан тенг. Унинг исмини эшитганимизда, У қандай Шахс экани, ҳамма гўзал фазилатлари ва ажойиб ишлари борасида фикр юритамиз. Довуд Отасининг исмини муқаддас деб, мадҳ этишни истаган. У буни «бутун борлиғи» билан — сидқидилдан қилишни истаган. Шу каби левилар ҳам Яҳовани мадҳ этишган. Улар Унинг муқаддас исми лойиқ бўлган мадҳларни сўзлар билан тўлиқ изҳор этишнинг иложи йўқлигини камтарлик ила тан олишган. (Нахимиё 9:5 ни ўқинг.) Шубҳасизки, бу каби камтарлик ила ва чин юракдан айтилган мадҳлар Яҳованинг қалбини қувонтирган.
7. Кундалик ҳаётимизда ва хизматда Яҳовани қай йўсин мадҳ эта оламиз?
7 Яҳова ҳақида биз Ундан қанчалик миннатдор эканимизни ва жуда яхши кўришимизни намоён этадиган тарзда гапириб Уни мамнун қиламиз. Хизматда энг асосий мақсадимиз инсонларни Яҳовага жалб қилиб, уларга Отамизга биз каби қарашга кўмаклашишдан иборат эканини ёдда тутамиз. (Ёқб. 4:8) Муқаддас Китобда Яҳова қай тарзда таърифланганини, Унинг севги, адолат, донолик ва бошқа ажойиб фазилатлари борлигини одамларга кўрсатиш жону дилимиз. Шунингдек, Яҳовага тақлид қилиш орқали Уни мадҳ этиб, мамнун қиламиз. (Эфес. 5:1) Шу йўсин, бу ёвуз дунёда бошқалардан ажралиб турамиз. Одамлар буни сезиб, бунинг сабабини билишни хоҳлашар. (Мат. 5:14–16) Улар билан кунда бирон иш қилишимизга тўғри келса, нега ўзимизни бундай тутаётганимизни тушунтириб бера олармиз. Натижада, самимий кишилар Тангримизга яқинлаша олади. Бу йўллар орқали Яҳовани мадҳ этсак, Уни роса хурсанд қиламиз. (1 Тим. 2:3, 4)
ХУДОНИНГ ИСМИНИ МАДҲ ЭТГАНИМИЗДА ИСОНИ МАМНУН ҚИЛАМИЗ
8. Худонинг исмини мадҳ этишда нега Исо энг аъло ўрнак?
8 Осмону ердаги барча онгли мавжудотлардан ҳеч бири Ўғли каби Отасини билмайди. (Мат. 11:27) Исо Отасини яхши кўради ва Унинг исмини мадҳ этишда биз учун ўрнак. (Юҳан. 14:31) У ўлимидан олдинги кечада Отасига ибодат қилганда, ердаги хизмати ҳақида шундай деган: «Мен исмингни уларга маълум қилдим». (Юҳан. 17:26) У нимани назарда тутган?
9. Исо Отаси аслида қандай Шахс эканини тушунтириш учун қандай масал келтирган?
9 Исо Худонинг исми Яҳова эканини одамларга шунчаки билдириб қўймаган. У таълим берган яҳудийлар Унинг исмини билишарди. Бироқ у Худо ҳақда тушунтиришда ташаббус кўрсатган. (Юҳан. 1:17, 18) Масалан, Ибронийча ёзувлардан Яҳова «шафқатли ва раҳмдил» эканини билиб оляпмиз. (Чиқ. 34:5–7) Исо дарбадар ўғил ва унинг отаси ҳақидаги масални келтирганда, бу ҳақиқатни янада кўпроқ ойдинлаштирган. Ўша ота ўғли «ҳали узоқда келаётганида», уни кўриб, қарши олиш учун ёнига югуриб бағрига босгани ва чин дилдан кечиргани ҳақида ўқиганимизда, Яҳова қанчалик шафқатли ва раҳмдил эканини тушунамиз. (Луқо 15:11–32) Исо Отаси аслида қандай Шахс эканини ошкор этган.
10. а) Исо Отасининг шахсий исмини қўллаганини ва бошқалар ҳам шундай қилишни хоҳлаганини қаердан биламиз? (Марк 5:19) (Расмга ҳам қаранг.) б) Исо ҳозир нима қилишимизни истаяпти?
10 Исо бошқалар ҳам Отасининг ягона исмини қўллашини истаганми? Албатта. Баъзи дин пешволари Худонинг исми шунчалик муқаддас бўлганидан уни тилга олиб бўлмайди деб билишгандир. Бироқ Исо Каломга зид бундай қарашлар Отасининг исмини мадҳ этишдан уни тўхтатишига йўл қўймаган. У Гадара ҳудудида жинга чалинган бир кишига шифо берганини эслайлик. Ўшанда одамлар қўрқиб, Исодан юртларини тарк этишни ёлворишган. (Марк 5:16, 17) Шундай бўлса ҳам Исо Отасининг исми у ерда ҳам танилишини хоҳлаган. Шу боис Исо ўша соғайган кишига у эмас, балки Яҳова қилган бу иш тўғрисида бошқаларга етказишни айтган. (Марк 5:19 ни ўқинг.) a Ҳозир ҳам у шундай бўлишини истайди — биз бутун дунё бўйлаб Отасининг исмини барчага танитишимизни хоҳлайди! (Мат. 24:14; 28:19, 20) Бундай қилганимизда, Шоҳимиз Исони мамнун қиламиз.
11. Исо издошларига нима деб ибодат қилишни ўргатган ва нега бу муҳим? (Ҳизқиё 36:23)
11 Исо Яҳованинг нияти исмини муқаддас қилиб, уни барча туҳматлардан оқлашдан иборат эканини билган. Шунинг учун ҳам у издошларига: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин»,— деб ибодат қилишни ўргатган. (Мат. 6:9) Исо бу барча ижодлар дуч келаётган энг улкан масала эканини тушунган. (Ҳизқиё 36:23 ни ўқинг.) Ундан ташқари коинотдаги ҳеч бир онгли шахс Худонинг исмини у каби муқаддас қилмаган. Лекин у ҳибсга олинганда, душманлар уни Отасига ўтакетган ҳурматсизлик кўрсатишда айблашган. Исо Отасининг муқаддас исмини бадном қилиш ёки туҳмат қилишни энг даҳшатли гуноҳ деб билган. У бундай жиноятда айбдор деб топилганидан юраги тилка-пора бўлган. Ҳойнаҳой, бу у ҳибсга олинишдан олдин «ич-ичидан эзил»ганининг асосий сабаби бўлган. (Луқо 22:41–44)
12. Қандай қилиб Исо Отасининг исмини энг аъло тарзда муқаддас қилган?
12 Отасининг исмини муқаддас қилиш учун Исо ҳар қандай азоб, айблов ва туҳматга қарамай сабр-бардошли бўлиб қолган. У барча нарсада Отасига бўйсунганини; уялишига сабаб бўладиган ҳеч қандай иш қилмаганини билган. (Иброн. 12:2) Қолаверса, у Шайтон ўша даҳшатли онларда унга тўғридан-тўғри ҳужум қилаётганини тушунган. (Луқо 22:2–4; 23:33, 34) Ҳа, у Исонинг бенуқсонлигини барбод қилишга умид боғлаган; аммо у мағлубиятга учради! Исо Шайтон ғирт ёлғончи эканини ва энг мудҳиш синовлар остида ҳам бенуқсонликни сақлаб қолишга қодир Яҳованинг содиқ хизматчилари борлигини узил-кесил исботлади!
13. Ҳукм сураётган Шоҳимизни қай йўсин мамнун қила оласиз?
13 Ҳукм сураётган Шоҳимизни мамнун қилмоқчимисиз? Ундай бўлса, бошқаларга Худо аслида қандай Шахс эканини билишга кўмаклашиш орқали Унинг исмини мадҳ этинг. Бундай қилиб, Исонинг изидан юрган бўласиз. (1 Бутр. 2:21) У каби Яҳовани қувонтирасиз ва Унинг душмани, Шайтон ўтакетган ёлғончи эканини исботлайсиз.
ХУДОНИНГ ИСМИНИ МАДҲ ЭТГАНИМИЗДА НАЖОТБАХШ ИШДА КЎМАКЛАШАМИЗ
14, 15. Одамларга Яҳова тўғрисида таълим берганимизда қандай ажойиб нарсалар юз бериши мумкин?
14 Худонинг исмини мадҳ этганимизда, одамларга омон қолишга ёрдам берамиз. Қанақасига? Биламизки, Шайтон «имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйган». (2 Кор. 4:4) Натижада улар, масалан, Шайтоннинг қуйидаги ёлғонларига ишонади: Худо йўқ, У биздан йироқ ва инсонлар билан иши йўқ, У золим ва гуноҳкорларни тоабад дўзахда қийнайди. Бу каби ёлғонлар шунчаки Худонинг исмини ҳамда обрўсини булғаш учун хизмат қилади. Бунинг оқибатида инсонлар Унга яқинлашишни исташмайди. Бироқ фаолиятимиз Шайтоннинг мақсадини чиппакка чиқаряпти. Биз одамларга Отамиз тўғрисида ҳақиқатни айтиб, Унинг муқаддас исмини мадҳ этяпмиз. Натижада нима бўляпти?
15 Каломдаги ҳақиқатлар катта кучга эга. Одамларга Яҳова ҳақида ва аслида У қандай Шахс экани борасида таълим берганимизда, ажойиб бир нарсанинг гувоҳи бўламиз. Улар Шайтоннинг ёлғонларидан халос бўлиб, Отамизнинг гўзал фазилатларини кўра бошлашади, Унинг чексиз кучи туфайли эҳтиром ҳиссига тўлишади. (Ишаё 40:26) Улар Унга мукаммал адолати сабабли умид боғлашни ўрганишади. (Қонун. 32:4) Ажойиб донолигидан ҳам завқ олишади. (Ишаё 55:9; Рим. 11:33) Қолаверса, Худонинг Ўзи севги эканини билишдан тасалли топишади. (1 Юҳан. 4:8) Яҳовага яқинлашгани сайин, Унинг фарзандлари сифатида мангу яшаш умиди янада мустаҳкамланади. Одамларга Отамизга яқинлашишга ёрдам бериш катта шараф! Бундай қилганимизда, Яҳова бизни «хизматдошлари» деб билади. (1 Кор. 3:5, 9)
16. Худонинг исмини билиш баъзиларга қандай таъсир қилган? Мисоллар келтиринг.
16 Бошида шунчаки одамларга Худонинг исми Яҳова эканини айтармиз. Бунинг ўзи самимий инсонга таъсир қилиши мумкин. Масалан, масиҳийлар оиласида улғаймаган Алия b исмли ёш аёлни олайлик. У динидан қониқмасди ва ўзини Худодан узоқ деб билган. У Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ ўтишни бошлаганида бу борада фикри ўзгарди. Худони Дўсти сифатида ҳис қила бошлади. Алия Худонинг исми Муқаддас Китобнинг кўп таржималаридан олиб ташланганини ва Эгамиз каби унвонларга алмаштирилганини билганида ҳайрон қолган. Худонинг исмини билиш ҳаётини тубдан ўзгартирган. У шундай деди: «Энг яқин Дўстимнинг исми бор! Ҳозир ич-ичимдан хотиржамликни ҳис қиляпман. Бу катта шараф». Мусиқачи бўлган Стив эса урф-одатларига қатъий амал қиладиган яҳудийлар оиласида улғайган. У ҳеч қандай диний ташкилотга тегишли бўлишни истамаган, чунки иккиюзламачиликдан тўйиб кетганди. Бироқ онасининг ўлимидан сўнг у Яҳованинг Шоҳиди билан Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлган. Худонинг исмини билиш унга қаттиқ таъсир қилган. У шундай бўлишди: «Худонинг исмини умримда эшитмаганман. Ҳаётимда илк бор Худо мавжуд эканини тушундим. Уни мавжуд Шахс деб биламан. Дўстимни топганимга амин бўлдим».
17. Нега Худонинг исмини мадҳ этишни давом эттириш қарорингиз қатъий? (Расмга ҳам қаранг.)
17 Ваъзгўйлик ҳамда таълим бериш ишида қатнашганингизда, Худонинг муқаддас исми Яҳова эканини айтяпсизми? Уларга Аллоҳ аслида қандай Шахс эканини кўришга кўмаклашяпсизми? Бундай қилиб, Унинг исмини мадҳ этяпсиз. Илойим, бундан буён ҳам одамларга бу муқаддас исм ортида қандай Шахс турганини кўришга ёрдам бериш орқали уни мадҳ этинг. Шу йўсин, одамлар омон қолишига ҳисса қўшасиз. Шоҳимиз, Исо Масиҳга эргашган бўласиз. Энг муҳими эса, меҳрибон Отажонимиз Яҳовани мадҳ этасиз. Келинг, Унинг исмини «абадулабад мадҳ эта»йлик! (Заб. 145:2)
ХУДОНИНГ ИСМИНИ МАДҲ ЭТИШ ҚАЙ ЙЎСИН...
-
Уни мамнун қилади?
-
Исо Масиҳни мамнун қилади?
-
одамларга нажот бахш этади?
2-ҚЎШИҚ Исмингдир Яҳова
a Бу Марк асл нусхада Исонинг ушбу сўзларида илоҳий исмни қўллаганининг исботидир. Шу тариқа у «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да тиклаган.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.