Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

123-ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз

Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилинг

Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилинг

Мен Яҳова... керак бўлган йўлдан етаклайман. (ИШАЁ 48:17)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Бу мақоладан Яҳова халқига қай йўсин йўл-йўриқ бераётганини ва уларга амал қилганимизда қандай баракаларга эга бўлишимизни билиб оламиз.

1. Нега Яҳованинг йўл-йўриғига муҳтожмиз? Мисол келтиринг.

 АЙТАЙЛИК, сиз ўрмонда адашиб қолдингиз. Теварак-атроф турли қўрқинчли нарсалар билан тўлиб-тошган: ёввойи ҳайвонлар, касалликларни келтириб чиқарадиган қурт-қумурсқалар, заҳарли ўт-ўланлар ва қояли жойлар. Бундай хавф-хатарларни биладиган ва сизни улардан ҳимоя қила оладиган йўл кўрсатувчи ёнингизда бўлганида жуда миннатдор бўлардингиз, шундай эмасми?! Бу дунёни шундай ўрмонга ўхшатиш мумкин. У, айниқса, маънавий соғлигимизга зарар келтирадиган хавфли нарсаларга тўлиб-тошган. Бироқ бизнинг мукаммал Йўлбошчимиз, Яҳова бор. У бизни манзилимизгача — янги дунёдаги абадий ҳаётгача хавфсизликлардан асраб етаклаб кетяпти.

2. Яҳова бизни қандай етаклаяпти?

2 Хўш, У бизга қай йўсин йўл кўрсатяпти? Буни асосан Каломи бўлмиш, Муқаддас Китоб орқали қиляпти. Худо инсонлардан фойдаланиб ҳам бизга йўл-йўриқ беряпти. Масалан, У бизга доно қарорлар чиқаришимизга кўмаклашадиган маънавий озуқани етказиш учун «ишончли ва ақлли хизматкор»дан фойдаланяпти. (Мат. 24:45) Қолаверса, Яҳова бизни етаклаш учун қобилиятли бошқа инсонларни ҳам беряпти. Мисол учун, туман нозирлари ва оқсоқоллар бизга далда беришади ҳамда қийин пайтларда бизга кўмаклашадиган йўл-йўриқлар тақдим этишади. Ушбу ниҳоятда оғир охирги кунларда бундай ишончли йўл-йўриқларга эга эканимиздан жуда миннатдормиз! Бунинг ёрдамида Яҳовани мамнун қилиб, ҳаёт сари элтувчи йўлдан кетяпмиз.

3. Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Шундай бўлса-да, гоҳида Яҳованинг йўл-йўриқларига, айниқса, улар номукаммал одамлардан келганида амал қилишга қийналармиз. Нега? Боиси улар бизга ёқадиган ёки ёқмайдиган нарсалар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ёки биз олаётган йўл-йўриқ амалий эмас ва Яҳова бундай маслаҳат бермаган бўларди, деб ўйлашимиз ҳеч гап эмас. Бундай пайтларда биз айниқса Яҳова Ўз халқини етаклаётганига ва йўл-йўриқларига амал қилиш баракалар олиб келишига амин бўлишимиз керак. Ишончимизни мустаҳкамлаш учун қуйидагиларни кўриб чиқиш ёрдам беради: 1) Яҳова ўтмишда халқини қандай етаклаган, 2) У буни ҳозир қай йўсин қиляпти ва 3) Унинг йўл-йўриқларига амал қилганимизда қандай фойда оламиз?

Қадимдан то ҳозиргача Яҳова халқини етаклаш учун инсонлардан фойдаланиб келяпти (3-хатбошига қаранг.)


ИСРОИЛ ХАЛҚИНИ ЯҲОВА ҚАНДАЙ ЕТАКЛАГАН?

4, 5. Яҳова исроилликларни Мусо орқали етаклаганини қай йўсин кўрсатган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

4 Яҳова исроилликларни Мисрдан олиб чиқишни Мусога тайинлаган. Уларни Ўзи Мусо орқали етаклаётганини кўринарли далиллар ёрдамида кўрсатган. Масалан, исроилликларни кундузи булут устуни, кечаси эса олов устуни орқали етаклаган. (Чиқ. 13:21) Мусо уни ва Исроил халқини Қизил денгизга олиб кетаётган устунга эргашган. Исроилликлар денгиз ва кетидан қувлаётган мисрликлар ўртасида қолишганида ваҳимага тушишган. Шунда Мусо уларни Қизил денгизга олиб келиб хато қилган деган хулосага келишган. Аммо бу хато бўлмаган. Яҳова Мусо орқали халқини етаклаган. (Чиқ. 14:2) Кейинчалик, Худо уларни янада ҳайратланарли тарзда ҳимоя қилган. (Чиқ. 14:26–28)

Мусо Худонинг халқини саҳро бўйлаб етаклаш учун булут устунига муҳтож эди (4-, 5-хатбошиларига қаранг.)


5 Сўнг 40 йил давомида Мусо Худонинг халқини саҳро бўйлаб етаклаш учун ўша булут устуни орқасидан юришда давом этган a. Вақт ўтгач, Яҳова ўша устунни Мусонинг чодири устида ўрнатди ва барча исроилликлар уни кўра оларди. (Чиқ. 33:7, 9, 10) Устун орқали Яҳова Мусога гапирарди. У эса Худонинг йўл-йўриқларини одамларга етказарди. (Заб. 99:7) Исроилликлар Яҳова уларни етаклаш учун Мусодан фойдаланаётганини яққол кўришарди.

Мусо ва унинг ўринбосари Ёшуа (5-, 7-хатбошиларига қаранг.)


6. Исроилликлар Яҳованинг йўл-йўриқларига қандай муносабат кўрсатишган? (Саҳрода 14:2, 10, 11)

6 Минг афсуски, аксарият исроилликлар Яҳова вакили сифатида Мусодан фойдаланаётганининг яққол исботини рад этган. (Саҳрода 14:2, 10, 11 ни ўқинг.) Улар қайта-қайта Мусонинг ўрнини тан олишдан бош тортган. Натижада, Яҳова уларга ваъда қилинган юртга киришга рухсат бермаган. (Саҳ. 14:30)

7. Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилган кишиларнинг мисолини келтиринг. (Саҳрода 14:24) (Расмга ҳам қаранг.)

7 Лекин баъзи исроилликлар Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилган. Масалан, Яҳова: «Холиб... бутун қалби билан Менга эргашган»,— деб айтган. (Саҳрода 14:24 ни ўқинг.) У Холибни мукофотлаган ва ҳатто ваъда қилинган юртнинг қаерида яшашни танлашга йўл қўйган. (Ёшуа 14:12–14) Саҳрода ҳаётдан кўз юмган исроилликлар ҳам Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилишда ўрнак кўрсатишган. Мусонинг ўрнига Ёшуа исроилликларни етаклаш учун тайинланганида, улар уни «бутун ҳаёти давомида ҳурмат қилишди». (Ёшуа 4:14) Натижада, Яҳова уларнинг болаларига барака бериб, ваъда қилган юртга киришига рухсат берган. (Ёшуа 21:43, 44)

8. Яҳова шоҳлар даврида халқини қандай етаклаганини тушунтиринг. (Расмга ҳам қаранг.)

8 Йиллар ўтгач, Яҳова халқига йўл-йўриқ бериш учун ҳакамларни тайинлаган. Шоҳлар даврида эса Яҳова халқини етаклаш учун пайғамбарларни тайинлаган. Садоқатли шоҳлар пайғамбарларнинг маслаҳатига амал қилишарди. Масалан, шоҳ Довуд камтар бўлиб, Натан пайғамбарнинг маслаҳатини қабул қилган. (2 Шоҳ. 12:7, 13; 1 Сол. 17:3, 4) Шоҳ Ёҳушафат Яхазиёл пайғамбар берган маслаҳатга амал қилган ва Яҳудодаги одамларни пайғамбарларга ишонишга ундаган. (2 Сол. 20:14, 15, 20) Шоҳ Ҳизқиё сиқилганда, Ишаё пайғамбарга мурожаат қилган. (Ишаё 37:1–6) Шоҳлар Яҳованинг йўл-йўриқларига риоя қилишганда, баракалар олишган ва халқ ҳимоя остида бўлган. (2 Сол. 20:29, 30; 32:22) Ҳар бир киши Яҳова халқига йўл-йўриқ бериш учун пайғамбарлардан фойдаланаётганини тушуниши керак эди. Лекин аксарият шоҳлар ҳамда одамлар Яҳованинг пайғамбарларини рад этишган. (Ерм. 35:12–15)

Шоҳ Ҳизқиё ва Ишаё пайғамбар (8-хатбошига қаранг.)


ЯҲОВА ИЛК МАСИҲИЙЛАРНИ ҚАНДАЙ ЕТАКЛАГАН?

9. Биринчи асрда масиҳийларни йўналтириш учун Яҳова кимлардан фойдаланган? (Расмга ҳам қаранг.)

9 Мил. биринчи асрда Яҳова масиҳийлар жамоатини ташкил этган. Хўш, У илк масиҳийларни қандай етаклаган? Худо Исони жамоат Боши сифатида тайинлаган. (Эфес. 5:23) Лекин Исо ҳар бир шогирдини шахсан ўзи етакламаган. У ҳаворийлар ва етакчилик қилган Қуддусдаги оқсоқоллардан фойдаланган. (Ҳавор. 15:1, 2) Шунингдек, жамоатларни бошқариш учун оқсоқоллар ҳам тайинланган. (1 Салон. 5:12; Титус. 1:5)

Ҳаворийлар ва Қуддусдаги оқсоқоллар (9-хатбошига қаранг.)


10. a) Биринчи асрдаги аксар масиҳийлар олган йўл-йўриқларга қандай муносабат кўрсатган? (Ҳаворийлар 15:30, 31) б) Нега улар Яҳованинг вакилларини қабул қилишмаган? (« Нега баъзилар яққол далилларни рад этган?» номли рамкага қаранг.)

10 Биринчи асрдаги масиҳийлар уларнинг йўл-йўриқларини қабул қилишганми? Аксарияти олган йўл-йўриқларга қувонч ила амал қилган. Ҳа, улар бу «далда берувчи сўзлардан севиниш»ган. (Ҳаворийлар 15:30, 31 ни ўқинг.) Яҳова бизнинг давримизда Ўз халқини қандай етаклаяпти?

ЯҲОВА БИЗНИ ҚАНДАЙ ЕТАКЛАЯПТИ?

11. Яҳова сўнгги пайтларда раҳбарликни ўз зиммасига олганларни қандай етаклаётганини кўрсатувчи мисол келтиринг.

11 Яҳова халқини етаклашда давом этяпти. У буни Каломи ва жамоат Боши Исо орқали қиляпти. Худо ҳозир ҳам инсонлардан фойдаланаётганининг исботини кўряпмизми? Ҳа. Масалан, 1870 йилдан сўнг нималар юз бергани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Чарлз Тейз Расселл ва унинг маслакдошлари 1914 йил Худонинг Шоҳлиги учун муҳим аҳамият касб этишини тушуна бошлашган. (Дон. 4:25, 26) Улар Муқаддас Китобдаги башоратларни тадқиқ қилиб бунга эришишган. Яҳова уларнинг бундай тадқиқига бош-қош бўлганми? Шубҳасиз. 1914 йили юз берган ҳодисалар Худонинг Шоҳлиги бошқаришни бошлаганини исботлаган. Биринчи жаҳон уруши юз берди ва ўлатлар, зилзилалар ҳамда озиқ-овқат етишмовчилиги бошланди. (Луқо 21:10, 11) Яҳова Ўз халқига ёрдам бериш учун бу самимий масиҳийлардан фойдаланишни бошлади.

12, 13. Масъулиятли биродарлар Иккинчи жаҳон уруши пайтида ваъзгўйлик ишини олға суриш учун нима қилишган?

12 Иккинчи жаҳон уруши пайтида нима юз берганини ҳам кўриб чиқайлик. Ваҳий 17:8 ни тадқиқ қилгач, Халқаро бош идорадаги масъулиятли биродарлар уруш Армагеддон жанги билан тугамаслигини тушунишган. Бироқ нисбатан тинчлик пайти туфайли ваъзгўйлик фаолияти кенгайиши учун кенг эшик очилди. Ўшанда бу ҳатто мантиқсиз туюлган бўлса-да, Яҳованинг ташкилоти томонидан бутун дунёда ваъз қилиш ва таълим бериш учун тўла вақтли махсус ваъзгўйларни ўргатиш мақсадида Гилад мактаби ташкиллаштирилди. Улар ҳатто уруш пайтида ҳам таълим олишган. Бундан ташқари, ишончли хизматкор барча ваъзгўйларга яхшироқ ваъз қилиб, таълим беришларига кўмаклашиш учун «Воизлик хизмати курси»ни b ташкиллаштирди. Шу йўсин, Худонинг халқи бўлажак фаолият учун тайёргарлик кўрган.

13 Ортга қараб, Яҳова халқини ҳозирги оғир пайтда ҳам етаклаётганини яққол кўриб турибмиз. Иккинчи жаҳон урушидан бери Худонинг хизматчилари кўпгина юртларда эркин ваъз қила олишяпти. Ҳа, бу фаолият гуллаб-яшнаяпти.

14. Нега ташкилотимиздан ва тайинланган оқсоқоллардан олаётган йўл-йўриқларга ишонсак бўлади? (Ваҳий 2:1) (Расмга ҳам қаранг.)

14 Ҳозир ҳам Етакчи кенгаш аъзолари Масиҳнинг йўл-йўриқларига муҳтож. Улар биродарларга бераётган бу йўл-йўриқлар Яҳованинг ҳамда Исонинг нуқтаи назарини акс эттиришини хоҳлашади. Туман нозирлари ва оқсоқоллар эса уларни ҳамма жамоатларга етказишади c. Мойланган оқсоқоллар Масиҳнинг «ўнг қўли»дир. (Ваҳий 2:1 ни ўқинг.) Албатта, ушбу оқсоқоллар номукаммал бўлиб, хатолар қилиб туришади. Мусо, Ёшуа ҳамда ҳаворийлар ҳам гоҳида хатолар қилишган. (Саҳ. 20:12; Ёшуа 9:14, 15; Рим. 3:23) Аммо Масиҳ ишончли хизматкорни ва тайинланган оқсоқолларни синчиклаб йўналтиряпти ва буни «замонанинг охиригача... доимо» қилади. (Мат. 28:20) Шу боис тайинланган ушбу биродарлар орқали у бераётган йўл-йўриқларга ишонишимиз учун барча сабаблар бор.

Етакчи кенгаш (14-хатбошига қаранг.)


ЯҲОВАНИНГ ЙЎЛ-ЙЎРИҒИГА АМАЛ ҚИЛСАК, ФОЙДА ОЛАМИЗ

15, 16. Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилганлардан қандай сабоқ олдингиз?

15 Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилганимизда, ҳатто ҳозирнинг ўзида баракаларга эга бўляпмиз. Масалан, Энди ва Робина содда ҳаёт тарзини кечириш маслаҳатига амал қилишди. (Мат. 6:22) Натижада, улар ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида ихтиёрий равишда ёрдам бера олишди. Робина шундай бўлишди: «Гоҳида, кичик хоналарда яшардик. Кўп ҳолларда у ерда ошхонаси ҳам бўлмасди. Расмга тушириш жону дилим эди. Шундай бўлса ҳам, бу учун мўлжалланган кўпгина асбоб-ускуналаримни сотиб юбордим ва кўз ёш тўкдим. Бироқ Иброҳимнинг хотини Сора каби ортга эмас, олдинга қараш қарорим қатъий эди». (Иброн. 11:15) Хўш, бу жуфтлик қандай фойда олди? Робина қуйидагича деди: «Яҳовага бизда борини бераётганимизни билишдан чуқур мамнуният ҳиссига тўламиз. Ташкилотимиз лойиҳаларида меҳнат қилганимизда, янги дунёда ҳаёт қандай бўлиши борасида озгина бўлса ҳам тушунчага эга бўляпмиз». Энди хотининг гапига қўшилиб: «Биз жуда бахтлимиз. Чунки бутун вақтимизу кучимизни Шоҳликни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаяпмиз»,— деди.

16 Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилганимизда, яна қандай фойда оламиз? Марсия синглимиз мактабни битиргач, бутун ҳаётини хизматга бағишлаш мақсадини қўйди. (Мат. 6:33; Рим. 12:11) У шундай деди: «Менга тўрт йил давомида университетда ўқишни таклиф қилишди. Лекин мен маънавий мақсадлар сари интилишни хоҳлардим. Шунинг учун бу таклифга рози бўлишнинг ўрнига, кашшофлик қилишимга асқатадиган ҳунарни орттирдим. Бу ҳаётимдаги энг аъло танловларнинг биридир. Ҳозир мен доимий кашшофман ва иш жадвалим унча тиғиз бўлмагани учун штатдан ташқари байтилчи бўлиб хизмат қиляпман ҳамда Яҳова учун қилаётган бошқа кўп ажойиб ишлардан завқ оляпман».

17. Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилишда давом этиш яна қандай баракалар келтиради? (Ишаё 48:17, 18)

17 Баъзида, масалан, пулпарастликдан ва Худонинг қонунларини бузиш хавфи бор хатти-ҳаракатлардан бизни ҳимоя қиладиган маслаҳатлар олиб турамиз. Ушбу соҳаларда ҳам Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилиб барака топамиз. Виждонимизни пок сақлаймиз ва ўзимизни кераксиз стрессдан асраймиз. (1 Тим. 6:9, 10) Натижада, Яҳовага сидқидилдан топинишимиз мумкин. Бу эса ич-ичимиздан хурсанд, хотиржам ва мамнун бўлишимизга етаклайди. (Ишаё 48:17, 18 ни ўқинг.)

18. Нега Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилиш қарорингиз қатъий?

18 Шубҳасизки, Яҳова буюк мусибат пайтида ва Минг йиллик бошқарувигача бизга йўл-йўриқ бериш учун инсонлардан фойдаланишда давом этади. (Заб. 45:16) Хўш, ҳатто ўзимизга маъқул келмаганда ҳам бу йўл-йўриқларга амал қиламизми? Ҳозирдан Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилсак, бундай йўл тутиш осонроқ кечади. Шу сабабли, келинг, доимо Яҳова, жумладан, раҳбарликни ўз зиммасига олган кишилар тақдим этаётган йўл-йўриқларга амал қилайлик. (Ишаё 32:1, 2; Иброн. 13:17) Бу эса, бизни маънавий хавф-хатарлардан асраётган ва янги дунёдаги абадий ҳаёт сари етаклаб кетаётган Йўлбошчимиз Яҳовага ишонишимиз учун аъло сабабдир.

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Яҳова Исроил халқини қандай етаклаган?

  • Яҳова илк масиҳийларни қандай етаклаган?

  • Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилсак, қандай баракаларга эга бўламиз?

48-ҚЎШИҚ Яҳовага ҳар куни ҳамроҳ бўлайлик

a Шунингдек, Яҳова исроилликларни ваъда қилинган юртга етаклаш учун улар «олдида бораётган» фариштани тайинлаган. Ҳойнаҳой, бу фаришта Микоил бўлган. Бу Исо ҳамма фаришталарнинг етакчиси бўлиб хизмат қилганида берилган исм. (Чиқ. 14:19; 32:34)

b Кейинчалик, бу Воизлик мактаби деб аталган. Ҳозир бундай таълимни ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувнинг бир қисмида оламиз.

c «Қўриқчи минораси» журналининг 2021 йил февраль сонидаги 18-саҳифада келтирилган «Етакчи кенгашнинг масъулияти» номли рамкага қаранг.