Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Бошқалардан кўп нарсани ўргандим»

«Бошқалардан кўп нарсани ўргандим»

ЗИМ-ЗИЁ қоронғи тун эди. Мен хизмат қилган француз қўшини Жазоир тоғларида қароргоҳ қурганди. У ердаги уруш авжига чиққан палла эди. Қўлимда қурол билан қум солинган қоплар орасида ёлғиз ўзим қоровуллик қилаётгандим. Кутилмаганда кимдир келаётганининг шитирлашидан сокинлик бузилди. Қўрқувдан қотиб қолдим. Жуда ёш эдим ва ўлишни ёки кимнидир ўлдиришни истамасдим. Баланд овозда: «Худо, эй Худо!» — деб айтдим.

Ўша қўрқинчли воқеа ҳаётимни ўзгартириб юборди. Ўшанда Худо ҳақида билиб олишга киришган эдим. Лекин ўша тундан сўнг нималар бўлганини айтиб беришимдан олдин, келинг, болалигим фикрлаш тарзимга қай йўсин таъсир қилгани ва Худони таниб-билишга қалбимни тайёрлагани ҳақида сўзлаб берай.

ОТАМДАН ОЛГАН ИЛК САБОҚЛАР

1937 йили Франция шимолидаги Генен кон шаҳарчасида туғилганман. Кончи бўлган отамдан оғир меҳнат қилиш муҳим эканини ўргандим. Қолаверса, отам жуда адолатпарвар эди ва оғир шароитларда сабр-бардош ила меҳнат қилган кончиларнинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қиларди. Унинг бу нуқтаи назари менга ҳам ўтди. Отам уларнинг вазиятини яхшилашга ҳаракат қилиб, касаба уюшмалари ва кончилар ҳуқуқларини ҳимоялайдиган ташкилотларга аъзо бўлди. Шунингдек, руҳонийлар орасидаги иккиюзламачиликни кўриб, отамнинг ҳафсаласи пир бўлди. Уларнинг кўпи ҳашаматли шароитларда яшаса-да, базўр кун кўрган кончилардан озиқ-овқат ва пул сўрарди. Отам руҳонийларнинг хулқидан жуда нафратланганидан менга дин борасида билим бермаган. Умуман олганда, Худо ҳақида ҳеч ҳам гаплашмаганмиз.

Улғайганим сайин мен ҳам адолатсизликдан нафратлана бошладим. Францияда яшовчи чет элликларга ноҳақ муносабат кўрсатилгани менга қаттиқ ботарди. Муҳожирларнинг болалари билан футбол ўйнардик ва улар билан вақт ўтказишни ёқтирардим. Бунинг устига, онам француз эмас, поляк эди. Турли ирқдаги одамлар тинчликда яшашини ва ҳаммага бир хил муносабат кўрсатилишини хоҳлардим.

ҲАЁТ БОРАСИДА ЖИДДИЙРОҚ ЎЙЛАЙ БОШЛАДИМ

Ҳарбий хизматни ўтаганда

1957 йили ҳарбий хизматга чақирилдим. Шундай қилиб, юқорида айтиб берган Жазоир тоғларидаги тунда бўлиб ўтган воқеа мен билан юз берган эди. Баланд овозда: «Худо, эй Худо!» — деб айтгандан кейин душман аскарини эмас, балки ёввойи эшакни кўриб қолдим. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Аммо ўша воқеа ва уруш ҳаёт мазмуни борасида жиддийроқ ўйлашимга сабаб бўлди. Нега бу дунёга келганмиз? Худо бизга ғамхўрлик қиляптими? Қачондир тинчлик бўладими?

Кейинроқ ота-онамни кўришга уйга келганимда, Яҳованинг Шоҳиди билан танишдим. У менга Муқаддас Китобнинг француз католик таржимасини берди. («La Sainte Bible») Жазоирга қайтгач, уни ўқий бошладим. Ваҳий 21:3, 4- оятлар мени ўйлантириб қўйди. У ерда шундай дейилган: «Аллоҳнинг чодири инсонлар орасида. [...] Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди» *. Бу сўзлардан лол қолдим. Бу рост бўлиши мумкинми, деб ҳайрон бўлдим. Ўша пайтда Худо ва Муқаддас Китоб борасида деярли ҳеч нарса билмасдим.

1959 йили ҳарбий хизматни ўтагач, Франкоис исмли Яҳованинг Шоҳиди билан танишдим. У менга Муқаддас Китобдаги кўпгина ҳақиқатларни ўргатди. Масалан, Франкоис Муқаддас Китобдан Худонинг ягона исми Яҳова эканини кўрсатди. (Заб. 83:18) Қолаверса, Яҳова ер юзида адолат ўрнатишини ва уни жаннатга айлантиришини ҳамда Ваҳий 21:3, 4 даги сўзларни амалга оширишини тушунтириб берди.

Ўша таълимотлар мантиқан тўғри эди ва улар қалбимни забт этди. Лекин шу билан бир вақтда руҳонийлардан ҳам аччиғим чиққанди ва улар Муқаддас Китобда ёзилмаган нарсаларни одамларга ўргатаётгани учун уларга қарши чиқмоқчи эдим. Ўшанда ҳам отам каби фикр юритардим. Адолатсизлик билан курашмоқчи эдим, кутишга сабрим етмасди. Зудлик билан нимадир қилмоқчи эдим.

Франкоис ва яқинда дўстлашган Шоҳидлар тинчланишимга ёрдам берди. Улар менга биз масиҳийлар сифатида одамларни ҳукм қилиш эмас, балки Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни айтиб, уларга ёрдам беришимизни тушунтирди. Исонинг ўзи ҳам бу ишни бажарган ва шогирдларига ҳам бу вазифани топширган. (Мат. 24:14; Луқо 4:43) Бундан ташқари, одамларнинг эътиқоди қандай бўлмасин, улар билан ҳурмат ва мулойимлик ила гапиришга ўрганишим керак бўлди. Чунки Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Раббимизнинг қули эса жанжалкаш бўлмасин. Аксинча, ҳамма билан мулойим... бўлсин». (2 Тим. 2:24)

Мен керакли ўзгаришлар қилдим ва 1959 йили туман анжуманида Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим. У ерда Анжела билан танишдим ва уни ёқтириб қолдим. Унинг жамоатига қатнай бошладим ва 1960 йили турмуш қурдик. У чиндан ҳам бебаҳо аёл, ажойиб рафиқа ва Яҳовадан қимматбаҳо ҳадядир. (Ҳик. 19:14)

Тўй кунимизда

ДОНО ВА ТАЖРИБАЛИ ИНСОНЛАРДАН КЎП НАРСАНИ ЎРГАНДИМ

Йиллар оша доно ва тажрибали биродарлардан кўпгина муҳим нарсаларни ўргандим. Сабоқларимдан бири қуйидагича: ҳар қандай қийин топшириқни бажаришда муваффақиятга эришиш учун камтарин бўлишимиз ва Ҳикматлар 15:22 даги доно маслаҳатга амал қилишимиз керак. У ерда шундай дейилган: «Маслаҳатчи кўп бўлса, улар амалга ошади».

Францияда туман нозирлик хизматида, 1965

1964 йили бу илҳомлантирилган сўзлар қанчалар чин эканини кўра бошладим. Ўша йили мен туман нозири бўлиб хизмат қилишни бошладим ва биродарларга далда бериб, уларни маънан мустаҳкамлаш учун жамоатларга ташриф буюрардим. Бироқ ўшанда 27 ёшда эдим ва унча тажрибали эмасдим. Шу боис, хатолар қилиб турардим. Аммо улардан сабоқ чиқаришга интилардим. Асосийси, қобилиятли ва тажрибали маслаҳатчилардан кўпгина қимматли сабоқлар олдим.

Илк маротаба қандай сабоқ олганимни эслайман. Парижда жамоатга ташриф буюрганимдан сўнг маънан етук битта биродар алоҳида гаплашиб олишни сўради, мен рози эканимни айтдим.

У мендан: «Лоис, шифокор чақирилганида, у кимни кўришга келади?» — деб сўради.

Мен: «Касални-да»,— дедим.

Кейин у шундай деди: «Тўғри. Лекин мен шунга эътибор бердимки, сиз кўп вақтингизни жамоат оқсоқоли каби маънан етук инсонлар билан ўтказяпсиз. Жамоатимизда руҳи тушган, яқинда сувга чўмган ёки тортинчоқ кўпгина биродару опа-сингилларимиз бор. Улар билан вақт ўтказсангиз ва ҳатто уйларига овқатланишга борсангиз, улар роса далда олади».

Ўша қадрли биродарнинг маслаҳати ҳам амалий, ҳам бебаҳо эди. Яҳованинг қўзичоқларига бўлган севгиси менга қаттиқ таъсир қилди. Шу боис, мағрурликни четга суриб, у айтган маслаҳатга зудлик билан амал қила бошладим. У каби биродарлар борлиги учун Яҳовадан миннатдорман.

1969 ва 1973 йиллари Колумбусда (Париж) халқаро анжумандаги озиқ-овқат бўлимига нозир этиб тайинландим. 1973 йили бўлиб ўтган анжуманда тахминан 60 000 кишига 5 кун давомида озиқ-овқат тақдим этиш керак эди. Ростини айтсам, бу мени чўчитганди. Бироқ яна бир бор муваффақиятга эришишнинг калити Ҳикматлар 15:22 да эди, яъни бошқалар билан маслаҳатлашиш. Озиқ-овқат саноатида тажрибага эга бўлган маънан етук биродарлардан маслаҳат сўрадим. Масалан, улар орасида қассоб, деҳқон, ошпаз ва савдо билан шуғулланадиганлар бор эди. Биргаликда тоғдай кўринган вазифани уддаладик.

1973 йили хотиним иккимиз Франциядаги Байтилга хизмат қилишга таклиф этилдик. У ерда олган биринчи вазифам ҳам осон бўлмади. Мен Камерундаги (Африка) биродарларимизга адабиёт етказишим керак эди. 1970–1993 йиллар давомида у ерда фаолиятимиз тақиқланган эди. Ўшанда ҳам бу вазифани қандай бажарар эканман, деб ўйлардим. Францияда филиал нозири бўлиб хизмат қилган биродаримиз менга қуйидагича далда берди: «Камерундаги имондошларимиз маънавий озуқага жуда ҳам муҳтож. Уларнинг бу эҳтиёжини қондиришимиз керак». Биз айнан шундай йўл тутдик.

Нигерияда Камерундан келган имондошлар билан махсус учрашувда, 1973

Камерунлик оқсоқоллар билан учрашиш мақсадида Камерунга чегарадош мамлакатларга бир неча бор сафарга бордим. Улар жуда ҳам жасоратли ва доно бўлиб имондошларимизга мунтазам равишда адабиётларни етказиш учун турли йўлларни топишга кўмаклашган. Яҳова уринишларимизга барака берди. Мисол учун, тахминан 20 йил давомида ўша мамлакатда яшовчилар «Қўриқчи минораси»нинг ва «Илоҳий хизматимиз» деб номланган ҳар ой чиққан адабиётимизнинг ҳеч бир сонини ўтказиб юбормади.

Анжела ва мен Нигерияда Камерундан келган туман нозирлари ва уларнинг хотинлари билан, 1977

ҚАДРЛИ РАФИҚАМДАН КЎП НАРСАНИ ЎРГАНДИМ

Учрашишни бошлаганимизданоқ Анжела Яҳова билан қалин муносабатларга эга эканини пайқадим. Оилавий ҳаётимизда унинг фазилатлари янада намоён бўлди. Дарҳақиқат, тўйимиз бўлган куниёқ оқшомда у Яҳовага жуфтлик сифатида тўла вақтли хизмат қилиш истагимиз тўғрисида ибодат қилишимни сўради. Яҳова ўша ибодатимизга жавоб берди.

Қолаверса, Анжела Яҳовага кўпроқ таянишимга кўмаклашди. Масалан, 1973 йили бизни Байтилга таклиф қилишганида, иккилангандим. Чунки туман нозирлик хизматини ёқтирардим. Аммо Анжела ҳаётимизни Яҳовага бағишлаганимизни эслатди. Яҳованинг ташкилоти бизга нимаики айтса, шуни қилишимиз керак эмасми, деди. (Иброн. 13:17) У бутунлайин ҳақ эди. Шундай қилиб, Байтил хизматини бошладик. Бутун ҳаётимиз мобайнида хотиним фаҳм-фаросатли, ақли расо ва маънавий нуқтаи назарга эга бўлгани учун никоҳимиз мустаҳкам эди ва тўғри қарорлар чиқаришимизга кўмаклашди.

Байтил боғида Анжела иккимиз, Франция

Ёшимиз ўтар экан, Анжела ажойиб ва қўллаб-қувватлашга тайёр турмуш ўртоқ бўлишда давом этмоқда. Мисол учун, ташкилотимизнинг кўпгина мактаблари инглиз тилида ўтади. Уларда ўқиш учун Анжела иккаламиз бу тилни яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилдик. Ёшимиз 70 дан ўтган бўлса ҳам, инглиз тилидаги жамоатга қатнай бошладик. Янги тилни ўрганиш осон бўлмади, сабаби Франция Филиал қўмитасининг аъзоси эдим ва масъулиятларим кўп эди. Бироқ Анжела билан бир-биримизга ёрдам берардик. Ҳозир ёшимиз 80 дан ошган ва йиғилишларга ҳам инглиз, ҳам француз тилида тайёрланамиз. Шунингдек, қўлимиздан келганча тез-тез йиғилишларда қатнашиш ва жамоат билан ҳамкорлик қилиш учун ҳаракат қиламиз. Яҳова инглиз тилини ўрганиш учун қилаётган ҳаракатларимизга барака беряпти.

2017 йили яна бир ажойиб баракага эга бўлдик. Анжела ва мени Филиал қўмитаси аъзолари ва уларнинг хотинлари учун мактабга таклиф қилишди. Бу мактаб Паттерсондаги (Нью-Йорк) Қўриқчи Минораси Жамиятининг ўқув-таълим марказида бўлиб ўтди.

Тангри Яҳова чиндан ҳам Буюк Устоздир. (Ишаё 30:20) Шу боис, Унинг халқидаги барча — ёшу қари — энг аъло таълим олиши ажабланарли эмас. (Қонун. 4:5–8) Дарҳақиқат, шуни кузатдимки, ҳам Яҳовага, ҳам тажрибали биродару опа-сингилларга қулоқ соладиган ёшлар ҳаётда донолик ила қарорлар чиқариб, Яҳованинг садоқатли хизматчиларига айланади. Ҳикматлар 9:9 да шундай дейилган: «Донога ўгит бер, у янада донороқ бўлади. Одил кишига таълим бер, у билимига билим қўшади».

Баъзида Жазоир тоғларида деярли 60 йил олдин бўлган зим-зиё ва қўрқинчли тунни эслаб тураман. Ўшанда олдинда мени шундай яхши кунлар кутаётганини билмаган эдим. Бошқалардан жуда кўп нарсани ўргандим. Яҳова ҳам менга, ҳам Анжелага ажойиб, мазмунли ҳаётни бахш этди. Шу боис, самовий Отамиздан ва Уни севувчи доно, тажрибали биродару опа-сингиллардан ўрганишда давом этиш қароримиз қатъий.

^ абз. 11 «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси».