Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

19- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Одил кишини ҳеч нарса қоқинтирмайди

Одил кишини ҳеч нарса қоқинтирмайди

Қонунингни севганлар тинч-осойишта яшайди, уларни ҳеч нарса қоқинтира олмайди. ЗАБ. 119:165

122- ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Бир ёзувчи нима деган ва бу мақолада нималарга диққат қаратамиз?

БУГУН миллионлаб инсонлар Исога ишонаман, деб айтади. Аммо унинг таълимотларига риоя қилмайди. (2 Тим. 4:3, 4) Мисол учун, бир ёзувчи шундай фикр билдирган: «Агар орамизда Исо каби гапирган бирор киши бўлса, икки минг йил олдин Исони рад этгандек, уни ҳам рад этган бўлармидик?.. Умуман айтганда, ҳа, рад этган бўлардик».

2 Биринчи асрда кўплар Исо қай йўсин таълим беришини эшитган ва мўъжизалар яратганини кўрган. Аммо шунда ҳам унга ишонгиси келмаган. Нима учун? Олдинги мақолада нега инсонлар Исонинг сўзларию ишлари туфайли қоқинганининг тўртта сабабини кўриб чиққан эдик. Келинг, яна қўшимча тўртта сабабига эътибор берайлик. Уларни муҳокама қилар эканмиз, бугунги кунда нега одамлар Исонинг издошларини рад этишига ва қоқинмаслигимизга нима ёрдам беришига диққат қаратамиз.

(1) ИСО ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАГАН

Кўплар Исо кимлар билан мулоқот қилгани туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (3- хатбошига қаранг.) *

3. Баъзилар Исонинг қайси ишлари туфайли қоқинган?

3 Исо ер юзида бўлганида ҳар турли одамлар билан вақт ўтказган. Исо бой ва мансабдор кишилар билан овқатланган, аммо аксарият вақтини камбағал ва руҳан эзилганлар билан ўтказган. Шунингдек, Исо кўпларнинг назарида «гуноҳкор» бўлган инсонларга нисбатан раҳмдил эди. Ўз назарида одил бўлган баъзилар Исонинг қилган ишлари туфайли қоқинган. Улар Исонинг шогирдларидан: «Нега солиқчилар ва гуноҳкорлар билан еб-ичиб ўтирибсизлар?» — деб сўраган. Исо жавобан: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож. Мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни тавба қилишга даъват этгани келганман»,— деган. (Луқо 5:29–32)

4. Ишаёнинг башоратига кўра, яҳудийлар Масиҳ борасида нимадан ҳайрон қолмаслиги керак эди?

4 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Масиҳ келишидан анча аввал, Ишаё пайғамбар дунё уни қабул қилмаслигини айтиб ўтган. У қуйидагича башорат қилган: «Бу кишидан одамлар нафратланди, ўзларини ундан олиб қочди. [...] Инсонлар уни менсимади, биз уни одам қаторида санамадик». (Ишаё 53:3) Одамлар ўзини Масиҳдан «олиб қочиши» башорат қилинган эди. Шунинг учун, биринчи асрдаги яҳудийлар Исо рад этилишидан ҳайрон қолмаслиги керак эди.

5. Ҳозирда кўплар Исонинг издошларига қандай нуқтаи назарда?

5 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Кўп дин раҳбарлари уларнинг саждагоҳларига машҳур, бадавлат ва бу дунёда доно деб танилган инсонлар келишини истайди. Кўпинча ўша инсонларнинг хулқи ва ҳаёт тарзи Худонинг меъёрларига зид бўлса-да, дин раҳбарлари бунга кўз юмади. Шунингдек, улар Яҳованинг ғайратли, ахлоқан пок хизматчиларига паст нуқтаи назар билан қарайди. Сабаби, улар бу дунёнинг назарида машҳур эмас. Павлус айтганидай, Худо «камситилганларни» танлади. (1 Кор. 1:26–29) Лекин Яҳова барча садоқатли хизматчиларини қадрлайди.

6. Исо Матто 11:25, 26 да нима деган ва унга қай йўсин тақлид қила оламиз?

6 Қоқинмаслигимизга нима ёрдам беради? (Матто 11:25, 26 ни ўқинг.) Бу дунёда Яҳованинг Шоҳидларига нисбатан кенг тарқалган нуқтаи назар сизга таъсир қилишига йўл қўйманг. Яҳова иродасини амалга ошириш учун фақат камтар инсонлардан фойдаланишини ёдда тутинг. (Заб. 138:6) Қолаверса, дунё доно ёки ақлли деб билмаган инсонлар ёрдамида Худо қанча кўп ишни амалга оширгани борасида мулоҳаза юритинг.

(2) ИСО СОХТА ТАЪЛИМОТЛАРНИ ОШКОР ЭТГАН

7. Нега Исо фарзийларни иккиюзламачилар деб атаган ва улар бунга қандай муносабат билдирган?

7 Исо дин раҳбарларини иккиюзламачилиги учун қўрқмасдан қоралаган. Боиси, улар одамларни Яҳовага маъқул тарзда топинишга ўргатмаётган эди. Масалан, Исо фарзийларнинг иккиюзламачилигини фош қилган. Улар қўлларини қай йўсин ювишни ота-оналарига ғамхўрлик қилишдан анча устун деб билишган. (Мат. 15:1–11) Исонинг шогирдлари унинг сўзларидан ҳайрон қолишгандир. Шунинг учун, улар Исога: «Фарзийлар айтган сўзларингиздан аччиқланишганини кўрдингизми?» — дейишди. Исо уларга шундай жавоб берди: «Самовий Отам экмаган ҳар қандай ўсимлик, таг-томири билан юлиб ташланади. Қўяверинглар уларни. Улар кўр йўлбошчилардир. Агар кўр кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга қулайди». (Мат. 15:12–14) Исо дин раҳбарларининг салбий муносабати ҳақиқатни гапиришга тўсқинлик қилишига йўл қўймаган.

8. Ҳамма диний эътиқодлар ҳам Худога маъқул келмаслигини Исо қай йўсин кўрсатган?

8 Қолаверса, Исо сохта таълимотларни фош этган. У барча диний эътиқодлар Худога маъқул, деб айтмаган. Аксинча, у кўплар ҳалокатга олиб борадиган энли йўлдан юришини ва ҳаётга олиб борадиган тор йўлдан озчилик юришини тушунтирган. (Мат. 7:13, 14) Исо баъзилар ўзини Худога хизмат қилаётгандек кўрсатишини, аслида эса улар бундай қилмаётганини аниқ қилиб айтган. У қуйидагича огоҳлантирган: «Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар. Улар ёнингизга қўй қиёфасида келадилар, аслида эса улар ваҳший бўрилардир. Уларни ишларидан билиб оласизлар». (Мат. 7:15–20)

Кўплар сохта таълимот ва урф-одатларни қоралагани туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (9- хатбошига қаранг.) *

9. Исо қайси айрим сохта таълимотларни фош қилган?

9 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Муқаддас Китобда Масиҳ ҳақида башорат қилиниб, Яҳованинг уйига бўлган рашки ичида олов бўлиб ёниши айтилган. (Заб. 69:9; Юҳан. 2:14–17) Бу рашк Исони сохта таълимотлару урф-одатларни фош этишга ундаган. Масалан, фарзийлар жон ўлмаслигига ишонган. Исо эса ўлганлар уйқу ҳолатида бўлишини айтган. (Юҳан. 11:11) Саддуқийлар тирилиш бўлишига ишонмаган, лекин Исо дўсти Лазарни тирилтирган. (Юҳан. 11:43, 44; Ҳавор. 23:8) Фарзийлар қандайдир кўринмас куч ёки Худо биз билан нима содир бўлишини ё биз нима қилишимизни олдиндан белгилаган, деб ўргатган. Исо эса Худога хизмат қилиш-қилмаслик одамнинг ўз ихтиёрида экани ҳақида таълим берган. (Мат. 11:28)

10. Нима учун кўплар таълимотларимиз туфайли қоқиняпти?

10 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Муқаддас Китобга асосланган таълимотларимиз сохта дин ғояларини фош этгани туфайли кўплар қоқинади. Дин раҳбарлари одамларга Худо ёвузларни жаҳаннамда жазолайди, деб ўргатади. Улар бу сохта таълимот ёрдамида одамларни бошқаришга ҳаракат қилади. Севги Худоси бўлмиш Яҳовага топинувчилар сифатида мазкур сохта таълимотни фош этамиз. Бунинг устига, дин раҳбарлари жон ўлмаслиги ҳақида ўргатади. Агар бу чин бўлганида тирилишга ҳожат бўлмасди. Биз эса бу ғоя Муқаддас Китобга асосланмаганини кўрсатамиз. Кўп динлар Худо ёки қандайдир кўзга кўринмас куч нима юз беришини олдиндан белгилаб қўяди, деб ўргатади. Лекин биз одам ирода эркинлигига эга эканини ва Худога хизмат қилишни танлаши мумкинлигини ўргатамиз. Хўш, дин раҳбарлари бунга қандай муносабатда? Кўпинча бу уларнинг жаҳлини чиқаради.

11. Юҳанно 8:45–47 га кўра, Худо хизматчиларидан нимани талаб қиляпти?

11 Қоқинмаслигимизга нима ёрдам беради? Ҳақиқатни яхши кўрсак, Худонинг айтганларини қабул қилишимиз лозим. (Юҳанно 8:45–47 ни ўқинг.) Шайтон Иблисдан фарқли равишда ҳақиқатдан асло юз ўгирмаймиз. Эътиқодимизга зид бўлган нарсаларни ҳеч қачон қилмаймиз. (Юҳан. 8:44) Худо хизматчиларидан «ёмонликдан жирканиб, яхшиликка ёпишиб олишни» талаб қиляпти. Исо ҳам шундай йўл тутган. (Рим. 12:9; Иброн. 1:9)

(3) ИСОНИ ТАЪҚИБ ҚИЛИШГАН

Кўплар устунда ўлгани туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (12- хатбошига қаранг.) *

12. Нима учун Исо қай йўсин ўлдирилгани кўпгина яҳудийларни қоқинтирган?

12 Исонинг даврида яна нима яҳудийларни қоқинтирган? Павлус қуйидагича ёзган: «Биз... устунга михланган Масиҳ ҳақида ваъз қиляпмиз. Бу яҳудийлар учун қоқинтирадиган тош». (1 Кор. 1:23) Нега кўп яҳудийлар Исо азоб устунида қатл қилингани учун уни рад этган? Чунки Исо устунда ўлгани туфайли уларга Масиҳдай эмас, балки жиноятчи ва гуноҳкордай кўринган. (Қонун. 21:22, 23)

13. Исони рад этганлар нималарга ишонмаган?

13 Яҳудийларнинг орасида Исо бенуқсон бўлганини, сохта айбланганини ва унга ноҳақ муносабат кўрсатилганини тан олмай, қоқинган кишилар ҳам бор эди. Исони ҳукм қилганларни адолат қарор топиши умуман қизиқтирмаган. Исони ҳукм қилиш учун Олий маҳкамадагилар тезда йиғилиб, қонунларга мувофиқ қарор чиқармаган. (Луқо 22:54; Юҳан. 18:24) Ҳакамлар Исога қарши кўтарилган даъво ва далилларни юзхотирчиликсиз кўриб чиқишнинг ўрнига, Исони ўлимга маҳкум этиш учун унга қарши сохта гувоҳларни излашга тушди. Булар иш бермагач, олий руҳоний Исони сўзда илинтирмоқчи бўлди, бу эса қонунга зид эди. (Мат. 26:59; Марк 14:55–64) Исо тирилганидан кейин ўша ноҳақ ҳакамлар унинг қабри бўш қолгани борасида ёлғон гап-сўзлар тарқатиши учун қабрни қўриқлаган Рим аскарларига «анчагина кумуш танга беришди». (Мат. 28:11–15)

14. Масиҳнинг ўлими борасида Муқаддас Ёзувларда қандай башорат айтилган?

14 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Гарчи Исонинг давридаги кўп яҳудийлар Масиҳ ўлиши кераклигини кутмаган бўлса-да, Муқаддас Ёзувларда қандай башорат ёзилганига эътибор беринг: «У ҳатто жонини фидо қилди, жиноятчилар қаторида саналди, кўп инсонларнинг гуноҳини ўзига олиб, қонунбузарларни ёқлади». (Ишаё 53:12) Шундай экан, Исо гуноҳкор сифатида қатл қилингани туфайли қоқиниш учун яҳудийларда ҳеч қандай сабаб йўқ эди.

15. Яҳованинг Шоҳидларига қарши қайси айбловлар дастидан баъзилар қоқиняпти?

15 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Исога туҳмат қилишган ва уни ноҳақларча айбдор деб топишган. Бугун ҳам Яҳованинг Шоҳидлари шунга ўхшаш ноҳақ муносабатга дуч келяпти. Бир нечта мисолга диққат қаратайлик. Қўшма Штатларда 1930 ва 1950 йиллар мобайнида Худога эркин тарзда топишимиз масаласида кўпгина суд ишлари кўриб чиқилган. Баъзи судьялар бизга қарши очиқчасига юзхотирчилик қилган. Квебекда (Канада) черков ва ҳокимият шериклик қилиб фаолиятимизни тўхтатмоқчи бўлган. Кўпгина ваъзгўйлар қўшниларига Худонинг Шоҳлиги ҳақида айтгани учунгина қамалган. Германияда нацистлар ҳукумати томонидан кўп садоқатли ёш биродарларимиз қатл этилган. Сўнгги йиллар давомида Россияда анчагина биродарларимиз Муқаддас Китоб асосида суҳбат қургани учун айбланиб, қамоққа ташланмоқда. Чунки ҳукумат томонидан бу фаолият «экстремизмга оид» деб тан олинган. Ҳатто рус тилидаги «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» ман этилиб, у ерда Яҳова деган исм қўлланилгани учун «экстремизмга оид» деб топилган.

16. Нега Яҳованинг халқи тўғрисидаги туҳматларга алданиб қолмаслигимиз керак? (1 Юҳанно 4:1)

16 Қоқинмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? Далилларга эга бўлинг. Исо Тоғдаги ваъзида тингловчиларини айримлар улар ҳақида «ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни айтиши» тўғрисида огоҳлантирган эди. (Мат. 5:11) Бу ёлғонлар Шайтондан келиб чиқади. У душманларга таъсир қилиб, уларни ҳақиқатни севадиганлар тўғрисида бўлмағур туҳматларни тарқатишга ундайди. (Ваҳ. 12:9, 10) Бизга қарши чиқаётганлар айтаётган сафсаталарни рад этишимиз керак. Бу каби ёлғонлар бизни қўрқитишига ёки имонимизни сусайтиришига асло йўл қўймаслигимиз лозим. (1 Юҳанно 4:1 ни ўқинг.)

(4) ИСОГА ХИЁНАТ ҚИЛИБ, ТАШЛАБ КЕТИШГАН

Кўплар Яҳудо Ишқариёт томонидан хиёнат қилингани туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (17- , 18- хатбошиларига қаранг.) *

17. Исонинг ўлимидан олдин юз берган воқеалар қандай қилиб баъзиларни қоқинтирган бўлиши мумкин?

17 Исонинг ўлимидан сал олдин 12 та ҳаворийдан бири унга хиёнат қилган. Яна бир ҳаворий эса Исодан уч марта тонган ва қолган ҳаворийлари унинг ўлимидан олдинги кечада уни ташлаб, қочиб кетишган. (Мат. 26:14–16, 47, 56, 75) Исо бундан ҳайрон қолмаган. У булар юз беришини башорат қилган. (Юҳан. 6:64; 13:21, 26, 38; 16:32) Буни кўрган баъзилар, эҳтимол, қоқиниб, қуйидагича ўйлагандир: «Исонинг ҳаворийлари шундай йўл тутган бўлса, мен уларга қўшилишни хоҳламайман».

18. Исонинг ўлимидан сал олдин қайси башоратлар амалга ошган?

18 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Исо ер юзига келишидан юз йиллар олдин Яҳованинг Каломида Масиҳга 30 шекел кумуш эвазига хиёнат қилиниши башорат қилинган. (Закр. 11:12, 13) Исога хиёнат қиладиган киши унинг яқин дўстларидан бири бўлиши керак эди. (Заб. 41:9) Шунингдек, Закариё пайғамбар: «Чўпонга зарба бер, қўйлар тарқалиб кетсин»,— деб башорат қилган. (Закр. 13:7) Ушбу ҳодисаларни кўрган самимий инсонлар қоқинмаслиги, аксинча, барча башоратлар Исода амалга ошаётганини кўриб, имони янада мустаҳкамланиши керак эди.

19. Самимий инсонлар нимани тушунади?

19 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Кўплар таниган бир нечта Яҳованинг Шоҳиди ҳозирда ҳақиқатдан юз ўгириб, муртадга айланган ва бошқаларни ҳам йўлдан уришга ҳаракат қилмоқда. Улар Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет орқали салбий янгилик, қисман рост бўлган маълумот ва ғирт ёлғонларни тарқатмоқда. Лекин самимий инсонлар бундан қоқинмайди, аксинча, улар шу каби воқеалар содир бўлиши Муқаддас Китобда башорат қилинганини тушунади. (Мат. 24:24; 2 Бутр. 2:18–22)

20. Ҳақиқатдан юз ўгирганлар туфайли қоқинмасликка нима ёрдам беради? (2 Тимўтийга 4:4, 5)

20 Қоқинмаслигимизга нима ёрдам беради? Мунтазам тадқиқ ўтказиш, тинмай ибодат қилиш ва Яҳова топширган иш билан доим банд бўлиш орқали имонда маҳкам туришимиз лозим. (2 Тимўтийга 4:4, 5 ни ўқинг.) Имонимиз кучли бўлса, салбий хабарларни эшитганимизда ваҳимага тушмаймиз. (Ишаё 28:16) Яҳовага, Унинг Каломига ва имондошларимизга бўлган севги ҳақиқатдан юз ўгирганлар туфайли қоқинмасликка кўмаклашади.

21. Аксарият одамлар хушхабарни рад этса ҳам нимага амин бўлишимиз мумкин?

21 Биринчи асрда кўплар қоқиниб, Исони рад этди. Бироқ уни қабул қилганлар ҳам оз эмасди. Улар қаторига Олий Кенгашнинг камида битта аъзоси ва ҳатто «анчагина руҳонийлар» кирган. (Ҳавор. 6:7; Мат. 27:57–60; Марк 15:43) Бугун ҳам миллионлаб инсонлар Исонинг изидан юришга қарор қилган. Нима учун? Сабаби улар Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни билади ва севади. Худонинг Каломида шундай дейилган: «Қонунингни севганлар тинч-осойишта яшайди, уларни ҳеч нарса қоқинтира олмайди». (Заб. 119:165)

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

^ абз. 5 Ўтган мақолада нега ўтмишда одамлар Исони рад этганининг ва бугунги кунда унинг издошларини ҳам қабул қилмаётганининг тўртта сабабини билиб олдик. Мазкур мақолада яна тўртта сабабини кўриб чиқамиз. Қолаверса, нима учун Яҳовани севадиган самимий инсонлар ҳеч нарса уларни қоқинтиришига йўл қўймаслигини муҳокама қиламиз.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Исо Матто ва солиқчилар билан овқатланяпти.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Исо маъбаддаги савдогарларни ҳайдаб чиқаряпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Исо азоб устунини судраб кетяпти.

^ абз. 66 РАСМГА ШАРҲ. Яҳудо Ишқариёт Исони ўпиб унга хиёнат қиляпти.