Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

20- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Хизматингизга нисбатан ижобий нуқтаи назарни ривожлантиринг

Хизматингизга нисбатан ижобий нуқтаи назарни ривожлантиринг

Уруғингни эккин... қўлларингга тиним берма. ВОИЗ 11:6

70- ҚЎШИҚ Муносиб бўлганларни излайлик

БУ МАҚОЛАДА *

Исо осмонга кўтарилгандан кейин, шогирдлари ғайрат ила Қуддусда ва бошқа кўп жойларда ваъз қилишган (1- хатбошига қаранг.)

1. Исо издошларига қандай ўрнак кўрсатган ва улар қандай йўл тутган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

ИСО ер юзидаги хизмати давомида ижобий нуқтаи назарни сақлаган ва шогирдлари ҳам айнан шундай йўл тутишларини хоҳлаган. (Юҳан. 4:35, 36) У шогирдлари билан бўлганида, улар ваъзгўйлик фаолиятида ғайрат ила қатнашарди. (Луқо 10:1, 5–11, 17) Исо ҳибсга олиниб, ўлдирилганидан кейин эса уларнинг ваъз қилиш истаги вақтинча сўнган. (Юҳан. 16:32) Исо тирилганидан сўнг уларни диққатини ваъзгўйликка қаратишга ундаган. У осмонга кўтарилганидан кейин шогирдлари шунчалик ғайрат ила ваъз қилганки, душманлар уларни қуйидагича койишган: «Мана, таълимотингиз билан бутун Қуддусни тўлдириб юбордингизлар». (Ҳавор. 5:28)

2. Яҳова қай йўсин ваъзгўйлик ишига барака берди?

2 Илк масиҳийлар ваъз қилганида Исо уларни йўналтириб турган, Яҳова эса ваъзгўйлик ишига барака берган. Масалан, мил. 33 йили Ҳосил байрамида тахминан 3 000 киши сувга чўмди. (Ҳавор. 2:41) Қолаверса, шогирдларнинг сони шиддат ила ўсишда давом этди. (Ҳавор. 6:7) Шундай бўлса-да, Исо охирзамонда ваъзгўйлик фаолияти янада ривож топишини башорат қилган. (Юҳан. 14:12; Ҳавор. 1:8)

3, 4. Нега баъзилар учун воизлик иши қийин бўлиши мумкин ва мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Барчамиз хизматга нисбатан ижобий нуқтаи назарни сақлаб қолишга интиляпмиз. Баъзи мамлакатларда бундай қилиш осон. Нега? Сабаби, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтмоқчи бўлган жуда кўп одам бор ва баъзилар Яҳованинг Шоҳидлари улар билан тадқиқ ўтиш учун вақти бўлишини кутишига тўғри келади. Бироқ ернинг бошқа қисмларида воизлик иши унча осон эмас. Сабаби, кўпинча одамлар уйида бўлмайди ва уйида бўлганлар ҳам хушхабарга унча қизиқиш кўрсатмайди.

4 Агар ваъз қилиш қийин бўлган ҳудудда яшаётган бўлсангиз, бу мақоладаги маслаҳатлар сизга қўл келиши мумкин. Баъзилар хизматда кўпроқ одамни учратиш учун нима қилганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, одамлар хушхабарни қабул қиладими ёки йўқми, нега ижобий бўлиб қолишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

ОДАМЛАРНИ ТОПИШ ҚИЙИН БЎЛГАНДА ИЖОБИЙ НУҚТАИ НАЗАРНИ САҚЛАБ ҚОЛИНГ

5. Кўпгина имондошларимиз қандай қийинчиликларга дуч келяпти?

5 Кўпгина ваъзгўйларнинг фикрича, одамларни уйида учратиш тобора қийинлашиб кетяпти. Баъзи ваъзгўйлар хавфсизлик чоралари юқори бўлган кўп хонадонли биноларда ёки қўриқланадиган ҳудудларда яшайди. Бундай жойларда қоровул бўлиши мумкин ва у уй эгасининг махсус таклифномасисиз ҳеч кимни ҳудудга киритмайди. Бошқа ваъзгўйлар эса ҳеч қандай муаммосиз уйма-уй хизмат қилади, лекин деярли ҳеч кимни учратмайди. Яна бошқа ваъзгўйлар кам одам яшайдиган қишлоқ ёки олис ҳудудларда ваъз қилади. Ваъзгўйлар ҳеч бўлмаганда бир киши билан суҳбат қуриш учун узоқ масофани босиб ўтади, лекин у ҳатто уйида бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундай қийинчиликларга дуч келаётган бўлсак, таслим бўлмаслигимиз лозим. Хўш, бу каби тўсиқларни енгиш ва хизматимиз самарали бўлиши учун нима қилсак бўлади?

6. Ваъзгўйларни қайси маънода балиқчиларга ўхшатса бўлади?

6 Исо ваъзгўйлик фаолиятини балиқчининг иши билан солиштирган. (Марк 1:17) Баъзи балиқчилар бир неча кун давомида битта ҳам балиқ тута олмаслиги мумкин. Бироқ улар таслим бўлмайди, аксинча, мослашади. Улар вақтни, жойни ёки балиқ овлаш усулини ўзгартиради. Хизматимизга ҳам шунга ўхшаш ўзгаришлар киритсак бўлади. Келинг, баъзи маслаҳатларга диққат қаратайлик.

Одамларни уйида учратиш қийин бўлганида, уларга турли вақтда, турли жойда ва турли усуллар ёрдамида ваъз қилиб кўринг (7–10- хатбошиларига қаранг.) *

7. Турли вақтда ваъз қилганимизда натижаси қандай бўлиши мумкин?

7 Турли вақтда ваъз қилиб кўринг. Одамлар уйида бўлиш эҳтимоли юқори бўлган пайтда ваъз қилсак, кўпроқ одамни учратамиз. Ахир ҳар бир киши қачондир уйга қайтади-ку! Кўпгина биродару опа-сингилларимиз тушдан кейин ёки оқшомлари ваъз қилишни амалий деб топди. Боиси, бундай пайтда кўпроқ одам уйида бўлади. Қолаверса, ўшанда уй эгалари эшитишга ва суҳбат қуришга мойилроқ бўлади. Ёки, эҳтимол, Дейвид исмли оқсоқолнинг маслаҳати сиз учун фойдали бўлади. Унинг айтишича, у ва ҳамкори муайян ҳудудда ваъз қилгач, биринчи сафар жавоб бермаган одамларнинг уйига ўша куниёқ яна бир бор ташриф буюради. У шундай деди: «Қайтиб борганимизда кўплар уйида бўлганини кўриб, ҳайрон қоламан» *.

Одамларни уйида учратиш қийин бўлганида, уларга турли вақтда ваъз қилиб кўринг (7- , 8- хатбошиларига қаранг.)

8. Хизматимизда Воиз 11:6 ни қай йўсин қўллай оламиз?

8 Таслим бўлмаслигимиз керак. Очқич оятимиз қандай нуқтаи назарга эга бўлишимиз кераклигини эслатяпти. (Воиз 11:6 ни ўқинг.) Юқорида тилга олинган Дейвид таслим бўлмади. Кўпгина муваффақиятсиз уринишлардан сўнг у охири бир хонадон эгасини учратди. Ўша кишига Муқаддас Китобни муҳокама қилиш ёқди ва у шундай деди: «Бу ерда тахминан 8 йилдан бери яшайман, лекин Яҳованинг Шоҳидларини уйим олдида ҳечам учратмаганман». Дейвид: «Шуни тушундимки, ниҳоят одамларни уйида учратганимизда, кўпинча улар биз ваъз қилаётган хабарни эшитишга тайёр бўлади»,— деди.

Одамларни уйида учратиш қийин бўлганида, уларга турли жойда ваъз қилиб кўринг (9- хатбошига қаранг.)

9. Одамларни уйида учратиш қийин бўлганда, баъзи ваъзгўйлар нима қилмоқда?

9 Турли жойда ваъз қилиб кўринг. Баъзи одамларни уйида учратиш қийин. Улар билан суҳбатлашиш учун айрим ваъзгўйлар ваъз қилиш жойларини ўзгартирди. Мисол учун, уйма-уй шоҳидлик бериш тақиқланган кўп қаватли биноларда яшовчи одамлар билан суҳбат қуришда кўчама-кўча ва адабиёт аравачалари ёрдамида ваъз қилиш самарали бўлди. Бу туфайли ўша хонадонларда яшовчи одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш мумкин. Қолаверса, кўп ваъзгўйларнинг фикрича, хиёбонларда, дўконларда ва иш жойларида одамлар суҳбатлашишга ёки адабиётларни олишга мойилроқ бўлади. Боливиядаги туман нозири Флоран қуйидагича деди: «Тушдан кейин соат бир ва уч орасида бозор ҳамда одамларнинг иш жойларида ваъз қиламиз. Бундай пайтда сотувчилар унча банд бўлмайди. Одатда мазмунли суҳбатлар қурамиз ва ҳатто Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлаймиз».

Одамларни уйида учратиш қийин бўлганида, уларга турли усуллар ёрдамида ваъз қилиб кўринг (10- хатбошига қаранг.)

10. Одамларга шоҳидлик бериш учун қайси усуллардан фойдалансангиз бўлади?

10 Турли усуллардан фойдаланиб кўринг. Айтайлик, ким биландир шахсан суҳбатлашиш учун қайта-қайта ҳаракат қилдингиз. Уникига ҳар хил вақтда бориб кўрдингиз, лекин барибир у уйда йўқ эди. Унга шоҳидлик беришнинг бошқа йўли борми? Катарина шундай деди: «Одамлар уйида бўлмаса, уларга нима демоқчи эканимни қоғозга тушириб, хат ёзаман». Унинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин? Хизматингизни адо этар экансиз, у ёки бу усулдан фойдаланиб ҳудудингиздаги барча одамларга ваъз қилишга ҳаракат қилинг.

ОДАМЛАР БЕФАРҚ БЎЛГАНДА ИЖОБИЙ БЎЛИБ ҚОЛИНГ

11. Нега баъзи одамлар хушхабарга бефарқ?

11 Баъзи одамлар хушхабарга бефарқ. Уларнинг фикрича, Худо ёки Муқаддас Китоб ҳақида билишнинг кераги йўқ. Дунёда кўп азоб-уқубатлар бўлаётгани туфайли, улар Худога ишонмайди. Уларни Муқаддас Китоб умуман қизиқтирмайди. Чунки улар Муқаддас Китоб бўйича яшаяпмиз, деб айтадиган дин раҳбарларининг иккиюзламачилигини кўряпти. Яна бошқалар эса ишга берилиб кетган, оилавий ёки шахсий муаммоларга кўмилган ва Муқаддас Китоб уларга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ўйламайди. Одамлар биз ваъз қилаётган хушхабарни бефойда деб билса, қай йўсин қувончимизни сақлай оламиз?

12. Филиппиликларга 2:4 даги сўзларни қўллаш хизматда қай йўсин ёрдам бериши мумкин?

12 Шахсий қизиқиш кўрсатинг. Аввалига бефарқ бўлган кўплар, ваъзгўйлар уларга самимий қизиқиш кўрсатаётганини ҳис этганида, хушхабарга ижобий муносабат кўрсатган. (Филиппиликларга 2:4 ни ўқинг.) Мисол учун, юқорида тилга олинган Дейвид шундай деди: «Агар кимдир бу менга қизиқ эмас, деб айтса, Муқаддас Китобни ёки адабиётимизни ёпиб, у кишидан: “Бунинг сабабини билсак майлими?” — деб сўраймиз». Одамларга қизиқиш кўрсатганимизда, улар буни пайқашади. Балки одамлар уларга нима деб айтганимизнинг ҳаммасини эслаб қолмас, аммо уларда қандай таассурот қолдирганимизни эслаб қолишлари эҳтимолдан йироқ эмас. Агар уй эгаси гаплашишни хоҳламаса, унга нисбатан яхши муносабатда эканимизни хулқимиз ва юз-чеҳрамизда кўрсатамиз.

13. Айтмоқчи бўлган хабаримизни ҳар бир уй эгасининг эҳтиёжига қай йўсин мослаштира оламиз?

13 Айтмоқчи бўлган хабаримизни уй эгасининг эҳтиёжларию қизиқишларига мослаштириб, уларга самимий қизиқиш кўрсатган бўламиз. Масалан, бу уйда болалар яшаши нимадандир кўриняптими? Бола тарбияси ёки бахтлироқ оилавий ҳаёт борасидаги Муқаддас Китоб маслаҳатларию амалий тавсиялар ота-онага қизиқ бўлиши мумкин. Ёки уй эшигига бир нечта қулф осилганми? Шундай бўлса, уй эгаси билан жиноят ва дунёда кенг тарқалган қўрқув ҳақида суҳбатлашармиз. Эҳтимол, у жиноятга абадий барҳам берилишини эшитишдан хурсанд бўлар. Қандай бўлмасин, тингловчига Муқаддас Китоб маслаҳатлари унга қандай асқатишини кўришга ёрдам беринг. Юқорида тилга олинган Катарина шундай деди: «Ҳақиқат ёрдамида ҳаётим қай йўсин яхшиланганини ўзимга эслатиб тураман». Бу туфайли Катарина аминлик ила гапиради. Бу эса уни тинглаётганларнинг назаридан четда қолмаслиги шубҳасиз.

14. Ҳикматлар 27:17 га кўра, ҳамкорлар ваъзгўйликда бир-бирини қай йўсин қўллаб-қувватлаши мумкин?

14 Бошқалардан ёрдам сўранг. Биринчи асрда ҳаворий Павлус воизлик ва таълим бериш усулларини Тимўтий билан бўлишган. Қолаверса, у Тимўтийни ўша усуллардан фойдаланиб, биродару опа-сингилларга ёрдам беришга ундаган. (1 Кор. 4:17) Тимўтий каби биз ҳам жамоатимиздаги тажрибали ваъзгўйлардан ўрнак олишимиз мумкин. (Ҳикматлар 27:17 ни ўқинг.) Шон исмли биродаримизнинг мисолига эътибор қаратайлик. Қайсидир вақт мобайнида у қишлоқда кашшофлик қилар эди. У ердаги кўпчилик ўз динидан мамнун эди. Хўш, у қай йўсин қувончини сақлай олган? У қуйидагича бўлишди: «Имкон туғилганда, ҳамкорим билан хизмат қилардим. Уйма-уй ваъз қилиб юрган пайтда бир-биримизга таълим бериш маҳоратимизни яхшилашга ёрдам берардик. Мисол учун, уй эгаси нима дегани ва қандай жавоб берганимиз борасида суҳбатлашардик. Кейинги сафар худди шундай вазиятга дуч келганимизда, қандай жавоб беришни муҳокама қилардик».

15. Нима сабабдан хизматга чиқишдан аввал ибодат қилиш муҳим?

15 Ёрдам сўраб Яҳовага ибодат қилинг. Ҳар сафар хизматга чиққанингизда, Яҳовадан йўл-йўриқ сўранг. Зеро, барча ишимизда Унинг муқаддас руҳига муҳтожмиз. (Заб. 127:1; Луқо 11:13) Ёрдам сўраб Яҳовага ибодат қилганингизда, аниқ нарсаларни айтиб ўтинг. Масалан, Худодан ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлганларга йўналтиришини сўранг. Сўнг ибодатингизга мувофиқ равишда сиз учратган барчага ваъз қилинг.

16. Хизматда муваффақиятли бўлиш учун нега шахсий тадқиқ муҳим аҳамиятга эга?

16 Шахсий тадқиқ учун вақт ажратинг. Худонинг Каломида шундай ёзилган: «Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси нимада эканини аниқланглар». (Рим. 12:2) Аллоҳ ҳақида ҳақиқатни билганимизга қанча амин бўлсак, хизматда ҳам бошқаларга У ҳақида шунча ишонч билан гапирамиз. Юқорида тилга олинган Катарина шундай деди: «Бироз вақт аввал Муқаддас Китобдаги баъзи асосий таълимотлар борасида ишончимни мустаҳкамлашим кераклигини пайқадим. Шунда Яратувчи мавжудлиги, Муқаддас Китоб ростдан ҳам Худонинг Каломи ва Унинг ташкилоти борлиги борасида синчковлик ила тадқиқ ўтказдим». Катарина шахсий тадқиқ имонини мустаҳкамлаганини ва хизматидаги қувончини оширганини айтди.

НИМА УЧУН ХИЗМАТДА ИЖОБИЙ НУҚТАИ НАЗАРНИ САҚЛАШ КЕРАК?

17. Нима учун Исо хизматга нисбатан ижобий нуқтаи назарини йўқотмаган?

17 Гарчи баъзилар Исо айтган хабарга бефарқ бўлган бўлса-да, у ижобий нуқтаи назарини йўқотмаган ҳамда ваъз қилишдан тўхтамаган. Нега деганда, у одамлар ҳақиқатни билишга қанчалар муҳтож эканини тушунган ва Шоҳлик ҳақидаги хабарни қабул қилиши учун уларга иложи борича кўпроқ имкон беришни истаган. Бундан ташқари, Исо аввалига хушхабарга бефарқ бўлганларнинг айримлари кейинчалик уни қабул қилишини билган. Унинг оиласида вазият қандай бўлганига эътибор беринг. Исо уч ярим йил мобайнида хизмат қилган бўлса, бу вақт давомида укаларидан ҳеч бири унинг шогирди бўлмади. (Юҳан. 7:5) Лекин у тирилганидан кейин улар масиҳий бўлди. (Ҳавор. 1:14)

18. Нега ваъз қилишни давом эттирамиз?

18 Кейинчалик Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ким қабул қилишини олдиндан билмаймиз. Баъзилар ҳақиқатни дарров қабул қилади, бошқалар эса йўқ. Ҳатто бизни тинглашдан бош тортганлар, яхши хулқимизни ва ижобий нуқтаи назаримизни кўриб, кейинчалик Аллоҳга «шон-шараф келтириши» мумкин. (1 Бутр. 2:12)

19. Нимани ёдда сақлашимиз керак? (1 Коринфликларга 3:6, 7)

19 Биз экамиз, суғорамиз, аммо ўстирадиган Аллоҳ эканини ёдда сақлашимиз керак. (1 Коринфликларга 3:6, 7 ни ўқинг.) Эфиопияда хизмат қилувчи Гетаҳун исмли биродар қуйидагича деди: «20 йилдан ошиқ вақт мобайнида ёлғиз ўзим Яҳованинг Шоҳиди эдим. Ҳозир бу ерда 14 та ваъзгўймиз. Улардан 13 таси, жумладан, хотиним ва учта фарзандим сувга чўмган. Йиғилишларимизда ўртача ҳисобда 32 та одам бўлади». Гетаҳун Яҳова самимий инсонларни ташкилотига жалб қилишини сабр ила кутиш билан бирга ваъз қилишни давом эттирганидан хурсанд. (Юҳан. 6:44)

20. Қайси маънода қутқарувчиларга ўхшаймиз?

20 Яҳова барча одамларнинг ҳаётини қадрлайди. У бизни Ўғли билан ҳамкорлик қилиб, бу замонанинг охиригача ҳамма халқлардан одамларни йиғиш шарафига муяссар қилмоқда. (Хаг. 2:7) Ваъзгўйлик фаолиятимизни қутқариш иши билан солиштирса бўлади. Биз худди кон ичида қолиб кетган кончиларни қутқариш мақсадида юборилган қутқарув гуруҳига ўхшаймиз. Атиги бир нечта қутқарувчи кимнидир топса-да, гуруҳнинг барча аъзолари муҳим ишда қатнашган ҳисобланади. Ваъзгўйлик хизматимиз ҳақида ҳам худди шундай айтсак бўлади. Шайтоннинг бу дунёсида қанча кўп одам қутқарилиб қолишини билмаймиз. Аммо Яҳова уларга кўмаклашиш учун бирортамиздан фойдаланиши мумкин. Боливиядаги Андрэс қуйидагича деди: «Кимдир Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўрганиб, сувга чўмганида буни гуруҳнинг ҳаракатлари натижаси, деб биламан». Келинг, хизматимизга нисбатан худди шундай ижобий нуқтаи назарни ривожлантирайлик. Шундай қилсак, Яҳова бизга барака беради ва воизлик хизмати қувонч манбаига айланади.

66- ҚЎШИҚ Хушхабарни эълон қиламиз

^ абз. 5 Одамлар уйида бўлмаганида ёки хушхабарга қизиқиш кўрсатмаганида қай йўсин хизматга нисбатан ижобий нуқтаи назарни сақлай оламиз? Ушбу мақолада ижобий нуқтаи назаримизни сақлаб қолишга ёрдам берадиган бир нечта маслаҳатни кўриб чиқамиз.

^ абз. 7 Ваъзгўйлар ушбу мақолада келтирилган ваъз қилиш усулларидан маълумотларни муҳофаза қилиш қонунларига мувофиқ тарзда фойдаланиши керак.

МУҚОВАДАГИ РАСМ

Исо осмонга кўтарилгандан кейин, шогирдлари ғайрат ила Қуддусда ва бошқа кўп жойларда ваъз қилишган (1- хатбошига қаранг.)

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. (тепадан пастга). Жуфтлик одамларни уйида учратиш қийин бўлган ҳудудда ваъз қиляпти. Биринчи уй эгаси ишда, иккинчиси шифокор қабулида, учинчиси эса дўконда. Улар биринчи уй эгасиникига ўша куни сал кейинроқ келиб, у билан суҳбатлаша олди. Касалхона ёнида адабиёт аравачаси билан ваъз қилаётганда эса улар иккинчи уй эгасини учратди. Учинчи уй эгаси билан телефон орқали гаплаша олди.