Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳамма нарсаси бор Шахсга нима бера оламиз?

Ҳамма нарсаси бор Шахсга нима бера оламиз?

Эй Тангримиз, биз Сенга шукрона келтириб, улуғвор исмингга мадҳлар айтамиз. 1 СОЛ. 29:13

ҚЎШИҚЛАР: 1, 48

1, 2. Яҳова сахийликни қандай намоён этган?

ЯҲОВА сахий Худодир. Бизда бори Ундандир. Яҳова жамики олтину кумушлар ҳамда ер юзидаги барча табиий бойликларнинг эгаси. Ер юзидаги ҳаётни таъминлаб туриш учун У бу нарсалардан фойдаланади. (Заб. 104:13–15; Хаг. 2:8) Яҳова бу қимматли нарсалардан фойдаланиб Ўз халқини мўъжизавий тарзда қўллаб-қувватлагани ҳақида Муқаддас Китобда талайгина воқеалар ёзилган.

2 Масалан, Яҳова 40 йил давомида Исроил халқини саҳрода манна ва сув билан таъминлаб турган. (Чиқ. 16:35) «Улар ҳеч нарсада муҳтожлик кўришмади». (Нахим. 9:20, 21) Элишай пайғамбар орқали Яҳова садоқатли бева аёлнинг бир кўза ёғини мўъжизавий тарзда кўпайтириб берган. Худонинг бу совғаси туфайли аёл қарзидан қутулган ва ўзи билан ўғилларининг тирикчилиги учун етарли пулга ҳам эга бўлган. (4 Шоҳ. 4:1–7) Яҳованинг мадади ила Исо мўъжизавий тарзда одамларни овқат ва зарур бўлганда пул билан таъминлаган. (Мат. 15:35–38; 17:27)

3. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

3 Ердаги мавжудотларни таъминлаб туриш учун Яҳованинг ихтиёрида чексиз захиралар бор. Шунга қарамай, Яҳова Ўз хизматчиларини ташкилотида бажарилаётган ишларни моддий томондан қўллаб-қувватлашга таклиф этяпти. (Чиқ. 36:3–7; Ҳикматлар 3:9 ни ўқинг.) Нега Яҳова биздан энг яхши нарсаларимизни Унга қайтариб беришни кутяпти? Ўтмишда садоқатли кишилар Яҳованинг вакиллари бажарган ишларни моддий томондан қандай қўллаб-қувватлашган? Бугунги кунда хайр-эҳсонларни ташкилот қандай ишлатяпти? Жавобларни ушбу мақоладан билиб оламиз.

НЕГА БИЗ ЯҲОВАГА БЕРАМИЗ?

4. Яҳованинг ишини қўллаб-қувватласак Унга нимани кўрсатамиз?

4 Яҳовага беришимизнинг сабаби шундаки, биз Уни севамиз ва Ундан миннатдормиз. Яҳованинг бизга қилган барча яхшиликлари ҳақида ўйласак, қалбимиз завқ-шавққа тўлади. Шоҳ Довуд маъбадни қуриш учун нималар кераклиги ҳақида гапирганда, бизда бор нарсаларнинг барчаси Ундан эканини ва Унинг қўлидан олган нарсаларни Ўзига қайтариб беришимизни тан олган. (1 Солномалар 29:11–14 ни ўқинг.)

5. Чин қалбдан эҳсон бериш ҳақ топинишда катта аҳамиятга эга экани ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

5 Яҳовага беришимизнинг яна бир сабаби шундаки, биз шу тариқа Унга топинамиз. Ҳаворий Юҳанно ваҳийда Яҳованинг хизматчилари осмонда қуйидагиларни айтганини эшитган: «Эй Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир». (Ваҳ. 4:11) Наҳотки ўзимиздаги энг яхшисини Яҳовага бериб, Уни шон-шарафга лойиқ деб билмасак?! Яҳова Мусо орқали Исроил халқига йилига уч марта ҳузурига келиб байрам нишонлашни амр этган эди. Исроилликлар байрамлар пайтида «Яҳованинг олдига бўш қўл билан келмаслиги» керак эди. Бу топинишнинг бир қисми эди. (Қонун. 16:16) Бугунги кунда ҳам чин қалбдан эҳсон бериш топинишимизда катта аҳамиятга эга. Шу тариқа, Яҳованинг ташкилоти бажараётган ишни қадрлаб, уни қўллаб-қувватлаган бўламиз.

6. Беришнинг бизга қандай фойдаси бор? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

6 Фақат олиш эмас, балки сахийлик билан бериш бизга фойда келтиради. (Ҳикматлар 29:21 ни ўқинг.) Фараз қилинг, бола ота-онаси унга берган озгина пулни йиғиб уларга совға беради. Улар роса хурсанд бўлади! Кашшоф бўлиб хизмат қилаётган ва ота-онасининг уйида яшаётган ўғил ёки қиз рўзғорга ёрдам бўлиши учун бир оз пул бериши мумкин. Гарчи ота-онаси буни кутмаса-да, лекин улар боласи учун қилган барча яхшиликларидан у миннатдор бўлишни ўрганиши мақсадида бундай ёрдамни қабул қилса бўлади. Шу сингари, қўлимиздаги энг яхшисини бериш ўзимизга фойда келтиришини Яҳова билади.

ЎТМИШДА ХУДОНИНГ ХИЗМАТЧИЛАРИ ҚАНДАЙ БЕРИШГАН?

7, 8. Қандай қилиб қадимда Яҳованинг халқи а) муайян ишларга эҳсон қилган? б) Худонинг ишини бажаришда бошчиликни зиммасига олганларни моддий томондан қўллаб-қувватлаган?

7 Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳованинг халқи Унинг ишини қўллаб-қувватлаш учун хайр-эҳсонлар қилган. Масалан, улар муайян ишларга эҳсон қилишган. Мусо халқни муқаддас чодир ясаш учун, шоҳ Довуд эса маъбад қуриш учун эҳсон қилишга даъват этган. (Чиқ. 35:5; 1 Сол. 29:5–9) Шоҳ Йўш даврида руҳонийлар халқ эҳсон қилган пулни Яҳованинг уйини таъмирлаш учун ишлатишган. (4 Шоҳ. 12:4, 5) Биринчи асрда очарчилик дастидан имондошлари муҳтожликда эканидан хабар топган масиҳийларнинг «ҳар бири ўз имкониятига қараб, Яҳудияда яшовчиларга ёрдам жўнатишга қарор қилган». (Ҳавор. 11:27–30)

8 Бошқа вазиятларда Яҳованинг халқи Унинг ишини бажаришда бошчиликни зиммасига олганларни моддий томондан қўллаб-қувватлаган. Мусонинг Қонунига кўра, левилар бошқа қабилалар қатори мерос олмас эди. Улар бутун диққат-эътиборини муқаддас чодирдаги хизматга қарата олиши учун исроилликлар уларга ушр, яъни ўзида бор нарсанинг ўндан бир қисмини беришган. (Саҳ. 18:21) Кейинчалик аёллар Исо билан ҳаворийларига сахийлик кўрсатиб, «ўз мол-мулкларини унга ва ҳаворийларига хизмат қилиш учун сарфлашган». (Луқо 8:1–3)

9. Ўтмишда эҳсонлар қайси манбалардан келарди?

9 Хайр-эҳсонлар турли манбалардан келади. Саҳрода муқаддас чодир ясалганида исроилликлар Мисрдан олиб келган нарсаларни эҳсон қилган бўлишлари мумкин. (Чиқ. 3:21, 22; 35:22–24) Биринчи асрда, мол-мулки бор баъзи масиҳийлар ерларинию уйларини сотиб, пулини олиб келиб ҳаворийларга беришарди. Ҳаворийлар эса пулларни ҳаммага эҳтиёжига қараб тақсимлашарди. (Ҳавор. 4:34, 35) Бошқалар эса Худонинг ишини қўллаб-қувватлаш учун пул ажратиб, мунтазам равишда эҳсон қилиб туришарди. (1 Кор. 16:2) Шу тариқа, турли инсонлар — бою камбағал — ҳиссасини қўшарди. (Луқо 21:1–4)

БИЗ ҚАНДАЙ БЕРАМИЗ?

10, 11. а) Қадимда яшаган Яҳованинг хизматчиларига сахийликда қандай тақлид қилишимиз мумкин? б) Шоҳлик ишини қўллаб-қувватлаш борасида қандай фикрдасиз?

10 Бугунги кунда бизни ҳам муайян мақсадлар учун эҳсон қилишга чорлаб туришади. Масалан, жамоатингиз фойдаланиши учун янги Йиғилиш залини қуриш режалаштириляптими? Балки Йиғилиш залингиз таъмирланаётгандир? Маҳаллий филиал таъмирга муҳтож экани ҳақида эшитган бўлишимиз мумкин. Анжуман билан боғлиқ харажатларни қоплашга ёки табиий офатдан талафот кўрганларга ёрдам беришга ҳиссамизни қўшсак бўлади. Биз шунингдек Бош идорада ҳамда дунё бўйлаб филиалларда хизмат қилаётганларни қўллаб-қувватлаш учун эҳсон қилишимиз мумкин. Эҳсонларимиз билан тўла вақтли махсус ваъзгўйларга, махсус кашшофлар ва туман нозирларига кўмак берамиз. Қолаверса, жамоатингиз резолюция қабул қилиб, Анжуман ва Йиғилиш Залларининг қурилиши учун пул жўнатиб туриши мумкин. Бу эса дунё бўйлаб имондошларимизга катта фойда келтиради.

11 Ушбу охирги кунларда ҳаммамиз Яҳованинг ишини қўллаб-қувватлашда ўз ҳиссамизни қўша оламиз. Хайр-эҳсонларнинг аксарияти аноним тарзда қилинади. Йиғилиш залидаги қутига пул солганимизда ёки jw.org сайти орқали эҳсон қилганимизда, қанча берганимизни бошқаларга билдирмаймиз. Эҳтимол, қилган озгина эҳсонимиз назаримизда арзимасдек кўриниши мумкин. Бироқ бугунги кунда эҳсонларнинг асосий қисмини катта миқдорда пул берганлар эмас, оз пул берганлар ташкил этади. Имондошларимиз иқтисодий аҳволи ёмон бўлишига қарамай, «ғоят камбағал» бўлган ва ёрдам бериш ишида иштирок этиш шарафига уларни ҳам муносиб кўришларини кўп илтимос қилган македонияликларга тақлид қилишади. (2 Кор. 8:1–4)

12. Қандай қилиб ташкилот эҳсонлардан оқилона фойдаланишга интилади?

12 Етакчи кенгаш ташкилотдаги пулларни ишлатишда ишончли ва ақлли бўлиб, бу ишга ибодат ила ёндашади. (Мат. 24:45) Пулни сарфлаш борасида режа тузилади ва унга мувофиқ ишлатилади. (Луқо 14:28) Қадимда хайр-эҳсонларга масъул бўлган кишилар маблағлар фақат Яҳовага топиниш билан боғлиқ ишларга сарфланишини назорат қилишган. Мисол учун, Эзра Форс шоҳи томонидан эҳсон қилинган ва замонавий қиймати 100 миллион доллардан (АҚШ) ошиқ олтин, кумуш ва бошқа қимматли буюмларни Қуддусга олиб келган. Эзра бу нарсаларга Яҳовага аталган ихтиёрий назрлардек қараган ва хавфли, душманларга бой ҳудуддан эсон-омон олиб ўтиш учун батафсил йўл-йўриқлар берган. (Эзра 8:24–34) Ҳаворий Павлус Яҳудиядаги биродарларга ёрдам бериш учун пул йиққан. Пулни етказиб берганлар «бу ишни фақатгина Яҳованинг назарида эмас, балки одамларнинг олдида ҳам ҳалоллик билан бажариши» учун у муайян чоралар кўрган. (2 Коринфликларга 8:18–21 ни ўқинг.) Бугунги кунда ташкилотимиз Эзра ва Павлуснинг ўрнагига тақлид қилиб, берилган эҳсонларни сарфлашда қатъий тартибга риоя қилади.

13. Нега ташкилот сўнгги йилларда муайян ўзгаришлар қилди?

13 Оила кирим-чиқим ўртасида мувозанат сақланиши учун ҳаётига ўзгаришлар киритиб туради ёки Яҳовага кўпроқ хизмат қилиш учун ҳаётини соддалаштириш йўлларини излайди. Яҳованинг ташкилотида ҳам буни кузатиш мумкин. Сўнгги йилларда кўп ажойиб ишлар қилинди. Натижада шу вақт мобайнида киримга қараганда чиқим кўпроқ бўлди. Шунда ташкилот сахийлик билан берган эҳсонларингизни имкон борича тўғри сарфлаш мақсадида харажатларни камайтириш ва ишларни соддалаштириш йўлларини излади.

ЭҲСОНЛАРИНГИЗНИНГ ФОЙДАСИ

Эҳсонларингиз умумжаҳон фаолиятимизга ёрдам бўлади (14–16- хатбошиларига қаранг.)

14–16. а) Эҳсонларингиз туфайли нималар қилинди? б) Қилинган ишлар сизга қандай фойда келтирди?

14 Яҳовага узоқ вақтдан буён хизмат қилиб келаётган аксарият кишиларнинг айтишича, сўнгги йилларда ташкилот тақдим этган маънавий совғаларни улар бундан олдин ҳеч қачон кўрмаган. Бир ўйлаб кўринг, охирги йилларда jw.org сайтимиз ва JW Интернет телевидениемиз пайдо бўлди! Кўп тилларда «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» нашр этилди. 2014–2015 йилларда жаҳон бўйлаб 14 та шаҳарнинг йирик стадионларида «Худонинг Шоҳлиги ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин!» номли уч кунлик халқаро анжуманлар ўтказилди. Анжуманга келганларнинг ҳаммаси ниҳоятда хурсанд эди!

15 Кўплар Яҳованинг ташкилоти тақдим этган ушбу совғалар учун жуда миннатдор. Мисол учун, Осиё мамлакатларининг бирида хизмат қилаётган бир жуфтлик JW Интернет телевидениеси ҳақида шундай деб ёзди: «Биз кичик шаҳарга тайинланганмиз. Шунинг учун баъзан ўзимизни бошқалардан ажралиб қолгандек ҳис қилиб, Яҳованинг иши кенг кўламли эканини тезда унутиб қўямиз. Аммо JW Интернет телевидениесида кўрсатиладиган турли дастурларни томоша қилгач, халқаро биродарликнинг бир қисми эканимизни эслаймиз. Биз учун қадрли бўлган маҳаллий биродару опа-сингиллар JW Интернет телевидениесини томоша қилишдан ғоят мамнун. Ойлик дастурларни томоша қилгач, Етакчи кенгаш аъзолари бизга яқин эканини ҳис қиламиз, деб айтишганини тез-тез эшитиб турамиз. Ҳар қачонгидан кўра ҳозир улар Яҳова ташкилотининг бир қисми эканидан фахрланишади».

16 Жаҳон бўйлаб қарийб 2 500 та Йиғилиш зали қуриляпти ёки таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Янги Йиғилиш залидан фойдаланишни бошлаганда Гондурасдаги бир жамоат аъзоси шундай деб ёзди: «Биз Яҳованинг оламшумул оиласининг бир қисми эканимиздан ва умумжаҳон ажойиб биродарлигимиз борлигидан жудаям бахтиёрмиз. Улар туфайли ҳудудимизда Йиғилиш залига эга бўлиш орзуимиз ушалди». Кўплар она тилида Муқаддас Китоб ва бошқа адабиётлар чиққанда, табиий офатдан кейин ёрдам олганда ёки катта шаҳарларда ва омма олдида шоҳидлик берганда ўхшаш туйғуларни изҳор қилади.

17. Ташкилот ортида Яҳова тургани нимадан кўриняпти?

17 Бизни четдан кузатиб турганлар бунча ишни фақатгина эҳсонлар туфайли қилаётганимизни ақлига сиғдира олмайди. Битта катта компания иш бошқарувчиси босмахоналаримизда экскурсияда бўлганида, ҳамма иш ихтиёрий хизматчилар томонидан, ҳеч қандай пул йиғилмасдан хайр-эҳсонлар эвазига бажарилаётганидан лол қолган эди. У ақлга сиғдириб бўлмайдиган ишлар қилаётганимизни айтди. Биз унинг фикрига қўшиламиз. Сабаби, бунинг ортида Яҳова тургани учунгина бу иш бажариляпти. (Аюб 42:2)

ЯҲОВАГА ҚАЙТАРИБ БЕРИШНИНГ БАРАКАЛАРИ

18. а) Шоҳлик ишини қўллаб-қувватласак, қандай баракаларга эга бўламиз? б) Фарзандларимиз ва ҳақиқатга яқинда келганларни эҳсон қилишга қандай ўргатишимиз мумкин?

18 Бугунги кунда олиб борилаётган улкан ишни қўллаб-қувватлаш имконини бериб, Яҳова бизни шарафга лойиқ деб топяпти. Шоҳлик ишини қўллаб-қувватлаш учун берсак, У бизга баракалар ёғдиришни кафолатлаяпти. (Мал. 3:10) Яҳованинг ваъдасига кўра, сахий инсон равнақ топади. (Ҳикматлар 11:24, 25 ни ўқинг.) Бериш бизни бахтли қилади, чунки «олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта». (Ҳавор. 20:35) Сўзларимизу ўрнагимиз билан фарзандларимиз ва ҳақиқатга яқинда келганларни эҳсон қилишга ўргатиб, натижада баракалардан баҳраманд бўлиш мумкинлигини кўрсатамиз.

19. Бу мақола сизни нимага ундади?

19 Бизда бори Яҳовадан. Унга қайтариб бериш орқали, қилган барча яхшиликлари учун миннатдорлигимизни ва севгимизни намоён этамиз. (1 Сол. 29:17) Маъбад қурилаётганда «халқ шод-хуррамлик ила ихтиёрий назрлар келтирди, чунки Яҳовага аталган бу назрларни чин қалбдан олиб келишди». (1 Сол. 29:9) Келинг, Яҳованинг қўлидан олган нарсаларни Унга қайтариб бераётиб, биз ҳам шодлик ва мамнуният ҳис этаверайлик.