Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Исонинг севимли шогирди»дан қандай сабоқ олсак бўлади?

«Исонинг севимли шогирди»дан қандай сабоқ олсак бўлади?

Бир-биримизни севишни бас қилмайлик, зеро севги Худодандир. 1 ЮҲАН. 4:7

105- ҚЎШИҚ «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Худонинг севгиси борасида нималарни ҳис қиляпсиз?

ҲАВОРИЙ ЮҲАННО: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб ёзган эди. (1 Юҳан. 4:8) Мазкур оддийгина сўзлар бизга муҳим бир ҳақиқатни эслатяпти: ҳаёт Манбаи бўлмиш Худо, севгининг ҳам Манбаидир. Яҳова бизни севади! Унинг севгиси туфайли хавфсизликни, бахтиёрликни ва мамнуниятни ҳис этамиз.

2. Матто 22:37–40 да қайси иккита муҳим амр ҳақида айтилган ва нега баъзида иккинчисига амал қилиш қийин кечади?

2 Масиҳийлар учун севги кўрсатиш ё кўрсатмаслик ихтиёрий масала эмас. Бу амрдир. (Матто 22:37–40 ни ўқинг.) Яҳовани яқиндан таниб-билганимизда, биринчи амрга қулоқ солиш қийин кечмайди. Ахир Яҳова мукаммал ва биз билан муомала қилганида, ғамхўрликни ҳамда меҳрни намоён этади. Лекин иккинчи амрга амал қилиш биз учун қийин бўлиши мумкин. Нега деганда, ёнимиздаги яқинларимиз — биродару опа-сингилларимиз номукаммал. Баъзида улар бизга бепарволик ва бемеҳрлик ила гапириши ёки бирон нима қилиши мумкин. Яҳова бундай қийинчиликка дуч келишимизни билган. Шу боис, У Муқаддас Китобнинг айрим ёзувчиларини нега бир-биримизга севги кўрсатишимиз кераклиги ва буни қай йўсин қилиш борасида аниқ маслаҳатларни ёзишга илҳомлантирган. Бундай ёзувчилардан бири Юҳанно бўлган. (1 Юҳан. 3:11, 12)

3. Юҳанно нимани таъкидлаган?

3 Юҳанно ўз баёнотларида масиҳийлар бир-бирига нисбатан севги кўрсатишлари кераклигини таъкидлаган. Дарҳақиқат, Исонинг ҳаёти тўғрисидаги баёнотида Юҳанно «севги», «муҳаббат», «севган» сўзларини Инжилнинг учта ёзувчисининг ҳаммасидан кўпроқ ишлатган. Юҳанно Инжилдаги баёнотини ва учта мактубини ёзганида, тахминан юз ёшда бўлган. Илоҳий илҳом остида ёзилган бу баёнотлардан шу ошкор бўляптики, масиҳий қилган ҳар бир ишда севги акс этиши лозим. (1 Юҳан. 4:10, 11) Аммо Юҳанно буни тушуниб-етиши учун вақт керак бўлган.

4. Юҳанно доим бошқаларга севги кўрсатганми?

4 Юҳанно ёш бўлганида, севгини доим ҳам кўрсатмаган. Масалан, бир сафар Исо ва шогирдлари Самария орқали Қуддусга кетаётган эди. Ўшанда Самариянинг бир қишлоғида яшовчилар уларга меҳмондўстлик кўрсатмади. Хўш, Юҳанно бунга қандай муносабатда бўлди? У осмондан олов тушиб, қишлоқнинг бутун аҳолисини гумдон қилишини таклиф қилди. (Луқо 9:52–56) Яна бир сафар эса Юҳанно бошқа ҳаворийларга севги кўрсатмади. У ва акаси Ёқуб онасидан Исога мурожаат қилиб, унинг Шоҳлигида юқори мавқега эга бўлишларини сўраб беришини илтимос қилганга ўхшайди. Бошқа ҳаворийлар Ёқуб ва Юҳаннонинг қилган ишидан хабар топгач, аччиқланишди. (Мат. 20:20, 21, 24) Лекин Юҳанно бундай хатолар қилганига қарамай, Исо уни севган. (Юҳан. 21:7)

5. Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

5 Ушбу мақолада Юҳаннонинг ўрнагини ва у севги ҳақида ёзган айрим фикрларни кўриб чиқамиз. Буни қилиш жараёнида қай йўсин биродару опа-сингилларимизга севги кўрсатишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Шунингдек, оила боши оиласини севишини кўрсата олишининг муҳим бир йўлига диққат қаратамиз.

СЕВГИ АМАЛДА НАМОЁН БЎЛАДИ

Яҳова Ўғлини бизни деб ўлиши учун юбориб, Ўз севгисини исботлади (6- , 7- хатбошиларига қаранг.)

6. Яҳова бизни севишини кўрсатиш учун нима қилди?

6 Севги ҳақида меҳрга тўла сўзларда ифода бўладиган илиқ туйғу сифатида ўйлаймиз. Лекин чинакам севги ишларда ҳам намоён бўлиши керак. (Ёқуб 2:17, 26 ни солиштиринг.) Масалан, Яҳова бизни севади. (1 Юҳан. 4:19) У Муқаддас Китобдаги чиройли сўзлар орқали бизга бўлган севгисини изҳор этади. (Заб. 25:10; Рим. 8:38, 39) Аммо нафақат Худонинг сўзлари, балки биз учун қилаётган ишлари туфайли ҳам У бизни севишига аминмиз. Юҳанно қуйидагича ёзган: «Тангрининг муҳаббати бизга шунда ошкор бўлдики, Худо ягона Ўғлини дунёга юборди, токи биз у орқали ҳаётга эга бўлайлик». (1 Юҳан. 4:9) Яҳова суюкли Ўғли бизни деб азоб чекишига ва ўлишига йўл қўйди. (Юҳан. 3:16) Яҳова бизни севишига асло шубҳамиз йўқ, шундай эмасми?

7. Исо бизни севишини исботлаш учун нима қилган?

7 Исо шогирдларини уларни севишига ишонтирган. (Юҳан. 13:1; 15:15) Исо уларни ва бизни қанчалик қаттиқ севишини сўзлари билангина эмас, қилган ишлари билан ҳам намоён этган. «Ким ўз дўстлари учун жонини берса, бундан буюкроқ севги йўқдир»,— деб айтган Исо. (Юҳан. 15:13) Яҳова ҳамда Исо биз учун нималар қилгани тўғрисида ўйлаганимизда, бу бизни нима қилишга ундаши керак?

8. Юҳаннонинг биринчи мактуби 3:18 га кўра, нима қилишимиз керак?

8 Яҳова ҳамда Исога итоатли бўлиб уларни севишимизни исботлаймиз. (Юҳан. 14:15; 1 Юҳан. 5:3) Исо аниқ қилиб бир-биримизни севишни амр этган. (Юҳан. 13:34, 35) Биродару опа-сингилларимизни севишимизни нафақат сўзларда изҳор этишимиз, балки ишларимизда ҳам кўрсатишимиз лозим. (1 Юҳанно 3:18 ни ўқинг.) Хўш, уларни севишимизни кўрсатиш учун айнан нималар қилсак бўлади?

ИМОНДОШЛАРНИ СЕВИНГ

9. Севги Юҳаннони нима қилишга ундади?

9 Юҳанно отаси билан қолиши ва оилавий бизнеси бўлган балиқчилик билан шуғулланиб, пул ишлаши мумкин эди. Аммо у қолган бутун умрини бошқаларга Яҳова ҳамда Исо тўғрисидаги ҳақиқатни билиб олишга кўмаклашиш учун бағишлади. Юҳанно танлаган ҳаёт йўли осон эмасди. У таъқиблардан азоб чекди ва биринчи асрнинг охирларида — кекса бўлганида — қамоққа ташланди. (Ҳавор. 3:1; 4:1–3; 5:18; Ваҳ. 1:9) Гарчи Исо тўғрисида ваъз қилгани учун қамалган бўлса-да, Юҳанно бошқалар ҳақида қайғураётганини кўрсатган. Мисол учун, у Патмос оролида бўлганида, Ваҳий китобини ёзади ва жамоатлар «яқинда юз берадиган воқеалар»дан хабардор бўлиши учун уни уларга юборади. (Ваҳ. 1:1) Сўнг Юҳанно, эҳтимол, Патмос оролида озодликка чиққач, Исонинг ҳаёти ва хизмати тўғрисидаги баёнотни ёзди. Бундан ташқари, у биродару опа-сингилларига далда бериш ва уларни мустаҳкамлаш учун учта мактуб йўллади. Юҳанно фидойи ҳаёт тарзини олиб борганига қандай тақлид қила оласиз?

10. Одамларни севишингизни қай йўсин исботлай оласиз?

10 Қандай ҳаёт йўлини танлаш орқали одамларни севишингизни исботлай оласиз. Шайтоннинг замонаси бутун вақтингизу кучингизни ўзингиз учун сарфлаб, пул топишингизни ёки ном қозонишингизни истайди. Бундан фарқли равишда, дунё бўйлаб фидойи ваъзгўйлар хушхабарни эълон қилиш ва одамларга Яҳовага яқинлашишга кўмаклашиш мақсадида имкон борича кўп вақтини сарфлайди. Улардан баъзилари ҳатто тўла вақт ваъз қилиб, таълим бера оляпти.

Имондошларимиз ва оила аъзоларимиз учун қилаётган ишларимиз орқали ўз севгимизни исботлаймиз (11- , 17- хатбошиларига қаранг.) *

11. Кўпгина садоқатли ваъзгўйлар Яҳовани ҳамда имондошларини севишини қай йўсин исботламоқда?

11 Кўпгина масиҳийлар ўзи ва оиласини таъминлаш учун кун бўйи ишлашига тўғри келади. Аммо бу садоқатли ваъзгўйлар Худонинг ташкилотини иложи борича қўллаб-қувватлайди. Масалан, баъзилар табиий офатлардан зарар кўрганларга кўмаклашиш ишида қатнашади, бошқалар қурилиш лойиҳаларида иштирок этади ва барчада умумжаҳон фаолиятимизга хайр-эҳсон қилиш имконияти бор. Улар Худони ва яқинини севгани учун бу ишларни қилади. Ҳар ҳафта жамоат йиғилишларига қатнаб ва уларда иштирок этиб, биродару опа-сингилларимизни севишимизни исботлаймиз. Ҳатто чарчаган бўлсак ҳам учрашувларни қолдирмаймиз. Ҳаяжонлансак ҳам шарҳ берамиз. Шунингдек, барчамизда муаммолар бўлишига қарамай, йиғилишдан олдин ёки кейин бир-биримизга далда берамиз. (Иброн. 10:24, 25) Дарҳақиқат, қадрли имондошларимизнинг меҳнати учун жуда миннатдормиз!

12. Юҳанно яна қайси йўл орқали имондошларига бўлган севгисини кўрсатган?

12 Мақташ билан бирга имондошларига маслаҳат бериб, Юҳанно уларни севишини кўрсатган. Масалан, у мактубларида биродару опа-сингилларини имони ва яхшиликлари учун мақтаган ҳамда гуноҳ борасида уларга жиддий маслаҳат ҳам берган. (1 Юҳан. 1:8–2:1, 13, 14) Шу сингари, биз ҳам имондошларимизни қилаётган яхши ишлари учун мақташимиз лозим. Аммо кимдадир нотўғри нуқтаи назар ёки одат ривожланаётган бўлса, бу ҳақида унга айтиб, севгимизни кўрсата оламиз. Дўстимизга маслаҳат бериш учун жасорат керак, лекин Муқаддас Китобда айтилишича, ҳақиқий дўстлар бир-бирини ўткирлайди, яъни тўғрилайди. (Ҳик. 27:17)

13. Нимадан қочишимиз керак?

13 Баъзида муайян нарсалардан қочиб биродару опа-сингилларимизга бўлган севгимизни кўрсатамиз. Мисол учун, уларнинг сўзларига дарров хафа бўлмаймиз. Исонинг ер юзидаги ҳаётининг сўнгида юз берган бир воқеа тўғрисида ўйлаб кўринг. У шогирдларига ҳаётга эга бўлишлари учун унинг танасини ейишлари ва қонини ичишлари кераклигини айтган. (Юҳан. 6:53–57) Кўпгина шогирдлар бу сўзлардан шунчалик ҳайрон қолганки, ҳатто уни тарк этган. Бироқ ҳақиқий дўстлари, жумладан, Юҳанно бундай йўл тутмаган. Улар садоқат ила Исо билан қолган. Улар Исонинг айтганларини тушунмаган ва, эҳтимол, бундан ҳайрон қолгандир. Аммо Исонинг садоқатли дўстлари унинг айтганлари нотўғри, деб хулоса қилмаган ва улардан ранжимаган. Аксинча, улар Исо ҳақиқатни гапиришини билгани учун унга ишонган. (Юҳан. 6:60, 66–69) Дарҳақиқат, дўстларимизнинг гапларидан дарров хафа бўлмаслигимиз нақадар муҳим! Бунинг ўрнига, улар нимани назарда тутганини тушунтиришларига имкон берамиз. (Ҳик. 18:13; Воиз 7:9)

14. Нима учун нафрат қалбимизда ин қуришига йўл қўймаслигимиз керак?

14 Шунингдек, Юҳанно бизни биродару опа-сингилларимиздан нафратланмасликка ундаган. Бу маслаҳатга қулоқ солмасак, Шайтон бизни ўз ноғорасига ўйнатиши мумкин. (1 Юҳан. 2:11; 3:15) Мил. биринчи асрнинг охирида бу баъзилар билан юз берган. Шайтон Худонинг халқи орасида нафрат уруғларини сочиш ва бўлинишлар ҳосил қилиш учун зўр бериб ҳаракат қилган. Юҳанно ўз мактубларини ёзган пайтга келиб, Шайтон каби руҳиятга эга бўлганлар жамоатнинг бир қисмига айланган эди. Масалан, Диотреф бир жамоатда бўлинишлар юзага келишига сабабчи бўлаётганди. (3 Юҳан. 9, 10) У етакчи кенгашнинг кўчма вакилларига ҳурматсизлик кўрсатган. Диотреф ҳатто унга ёқмайдиган кишиларга меҳмондўстлик кўрсатганларни жамоатдан ҳайдашга уринган. У такаббурларча йўл тутган! Шайтон бугунги кунда ҳам Худонинг халқи орасида бўлинишлар ҳосил қилиш ва уларни ўзига бўйсундириш учун тинмай ҳаракат қиляпти. Нафрат туфайли орамизда бўлинишлар юз беришига асло йўл қўймайлик.

ОИЛАНГИЗНИ СЕВИНГ

Исо онасининг жисмоний ва маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишни ҳаворий Юҳаннога топширган. Бугун ҳам оила боши оила аъзоларининг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши лозим (15- , 16- хатбошиларига қаранг.)

15. Оила боши нимани унутмаслиги керак?

15 Оила боши оила аъзоларини севишини кўрсатишининг муҳим йўлларидан бири — уларнинг жисмоний эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш. (1 Тим. 5:8) Бироқ у шуни унутмаслиги керакки, жисмоний нарсалар оила аъзоларининг маънавий эҳтиёжларини қондира олмайди. (Мат. 5:3) Исо оила бошиларига қандай ўрнак қолдирганига эътибор беринг. Юҳаннонинг баёнотига кўра, Исо азоб устунида ўлаётганида ҳам, оиласи ҳақида ўйлаган. Исо қатл қилинган жойда Юҳанно ва Исонинг онаси Марям турган эди. Исо кучли оғриқни ҳис қилаётган бўлса-да, Юҳаннодан Марямга ғамхўрлик қилишни сўраган. (Юҳан. 19:26, 27) Унга ғамхўрлик қилиш учун Исонинг ука-сингиллари бор эди, лекин ўша пайтда улар ҳали унинг шогирдлари бўлмаганга ўхшайди. Шу сабабли, Исо онасининг ҳам жисмоний, ҳам маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилинишига амин бўлишни истаган.

16. Юҳаннонинг зиммасида қандай масъулиятлар бор эди?

16 Юҳаннонинг зиммасида жиддий масъулиятлар бор эди. Ҳаворийлардан бири сифатида у ваъзгўйлик ишида етакчилик қилган. У уйланган бўлиши мумкин. Шу боис, оиласининг жисмоний ва маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш ўртасида мувозанатни сақлаши керак бўлган. (1 Кор. 9:5) Хўш, оила бошилари бундан қандай сабоқ олиши мумкин?

17. Оила боши оила аъзоларининг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши нима учун муҳим?

17 Оила боши бўлган биродарнинг зиммасида бир нечта жиддий масъулият бўлиши мумкин. Масалан, хулқ-атвори Яҳовага шараф келтириши учун у сидқидилдан ишлаши керак. (Эфес. 6:5, 6; Титус. 2:9, 10) Бундан ташқари, у чўпонлик ҳамда ваъзгўйлик ишида етакчилик қилиш каби жамоатда масъулиятларга эгадир. Шу билан бирга у турмуш ўртоғи ва болалари билан мунтазам равишда Муқаддас Китобни тадқиқ қилиши муҳим. Оила аъзолари у уларнинг жисмоний, ҳиссий ва маънавий соғлигига ғамхўрлик қилиш мақсадида қилаётган ҳаракатлари учун жуда миннатдор бўлади. (Эфес. 5:28, 29; 6:4)

«МЕНИНГ СЕВГИМДАН АЙРИЛМАЙСИЗ»

18. Юҳанно нимага амин бўлган?

18 Юҳанно узоқ ва саргузаштга бой умр кўрган. У имонини заифлаштириши мумкин бўлган кўпгина турли қийинчиликларни бошдан кечирган. Лекин у Исонинг амрларига, жумладан, биродару опа-сингилларини севиш амрига бўйсуниш учун доим жон куйдирган. Бу туфайли у Яҳова ҳамда Исо уни севишларига ва ҳар қандай қийинчиликни енгиши учун унга куч ато этишларига амин бўлган. (Юҳан. 14:15–17; 15:10; 1 Юҳан. 4:16) Шайтон ёки унинг дунёси Юҳаннога биродару опа-сингилларини севишига ва буни сўзларию ишлари орқали намоён этишига тўсқинлик қила олмаган.

19. Юҳаннонинг биринчи мактуби 4:7 даги сўзлар бизни нима қилишга ундаяпти ва нега?

19 Юҳанно сингари биз ҳам Шайтон бошқараётган дунёда яшаяпмиз. У ҳеч кимни севмайди. (1 Юҳан. 3:1, 10) Гарчи Шайтон биродару опа-сингилларимизга бўлган севгимизни сўндиришга уринса-да, агар бунга ўзимиз йўл қўймасак, у ҳеч нима қила олмайди. Илойим, имондошларимизни севиш, буни сўзларда изҳор этиш ва амалда кўрсатиш қароримиз қатъий бўлсин. Шунда Яҳованинг оиласига тегишли бўлишдан мамнуният ҳис қилиб, жуда бахтиёр бўламиз. (1 Юҳанно 4:7 ни ўқинг.)

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

^ абз. 5 Ҳаворий Юҳанно «Исонинг севимли шогирди» бўлган, деб ҳисобланади. (Юҳан. 21:7) У ёш бўлганига қарамай, кўпгина ажойиб фазилатларга эга бўлганга ўхшайди. Йиллар ўтиб, Яҳова севги ҳақида батафсил маълумот бериш учун ундан фойдаланган. Бу мақолада Юҳаннонинг баёнотларидан айримларини кўриб чиқамиз ва унинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Банд бўлган оила боши табиий офатлардан зарар кўрганларга кўмаклашиш ишида қатнашяпти, хайр-эҳсонлари билан умумжаҳон фаолиятимизни қўллаб-қувватлаяпти, бошқаларни таклиф қилиб, оиласи билан бирга оилавий топиниш ўтказяпти.