Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Хотиржам бўлиб, Яҳовага таянинг

Хотиржам бўлиб, Яҳовага таянинг

2021 ЙИЛНИНГ ОЯТИ: Хотиржам бўлиб Менга таянсангиз, кучли бўласиз. ИШАЁ 30:15

3- ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг

БУ МАҚОЛАДА *

1. Баъзиларимиз шоҳ Довуд каби нима деб сўрашимиз мумкин?

БАРЧАМИЗ беташвиш ва бехавотир яшашни хоҳлаймиз. Ахир хавотир туйғуси ҳеч кимга қувонч келтирмайди. Бироқ гоҳида ҳаддан ортиқ ташвишланишимиз мумкин. Шу боис, Худонинг баъзи хизматчилари шоҳ Довуд каби Яҳовадан қуйидагича сўрар: «Токайгача мен ташвишланиб, ҳар куни қалбимда қайғу-алам чекиб юраман?» (Заб. 13:2)

2. Мазкур мақолада нимани кўриб чиқамиз?

2 Ташвишланиш ҳиссидан буткул халос бўла олмасак-да, муайян ишларни қилиб уларни назорат қилишимиз мумкин. Мазкур мақолани кўриб чиқар эканмиз, аввалига, тинчлигимиз йўқолишига сабаб бўладиган баъзи нарсаларни аниқлаймиз. Сўнг муаммолар билан курашганда, хотиржамликни сақлашга кўмаклашадиган олтита амалий қадам ҳақида гап юритамиз.

ТАШВИШЛАНИШИМИЗГА НИМА САБАБ БЎЛИШИ МУМКИН?

3. Қандай босимларга дуч келамиз ва уларни қанчалик назорат қила оламиз?

3 Эҳтимол, бизни кўп нарсалар ташвишлантирар ва уларнинг баъзилари рўй беришига тўсқинлик қила олмасмиз. Масалан, ҳар йили озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой нархи ўсишини назорат қилолмаймиз. Шунингдек, ишдаги ҳамкорларимиз ё синфдошларимиз бизни қанчалик тез-тез нотўғри йўлга бошлаши ёки жинсий ахлоқсизлик қилишга ундашини бошқаролмаймиз. Ҳудудимиздаги жиноятчиликни тўхтатиш ҳам бизнинг ихтиёримизда эмас. Аксарият одамларнинг фикрлаш тарзи Муқаддас Китоб принципларига асосланмагани туфайли бу қийинчиликларга дуч келяпмиз. Бунинг яна бир сабаби бу дунёнинг ҳукмдори Шайтон эканидадир. У «замонанинг ташвишлари»га берилиб, Яҳовага хизмат қилишни тўхтатишимизни истайди. (Мат. 13:22; 1 Юҳан. 5:19) Шу боис, дунё қийинчиликларга тўлиб-тошганидан ҳайрон қолмаймиз.

4. Муттасил босимлар нимага олиб келиши мумкин?

4 Муттасил босимлар дастидан ташвишлар гирдобига ғарқ бўлишимиз мумкин. Масалан, эҳтиёжларимизни қондириш учун етарлича пул тополмайман ёки касал бўлиб ишга боролмайман ё ҳатто ишсиз қоламан, деб ташвишланармиз. Қолаверса, Худонинг қонунини бузиш васвасасига дуч келганимизда садоқатсизлик қиламан, дея хавотирланармиз. Яқинда Шайтон таъсири остидагилар Худонинг халқига ҳужум қилади. Шу боис, ўшанда қандай йўл тутаман, деб бош қотирармиз. «Булар борасида ташвишланишим нотўғрими?» — деб ўйланиб қолармиз.

5. «Ташвишланманглар»,— деганда, Исо нимани назарда тутган?

5 Исо издошларига: «Ташвишланманглар»,— деганини биламиз. (Мат. 6:25) Бу билан Исо биз ҳеч нарсадан ташвишланмаслигимиз кераклигини назарда тутганми? Йўқ албатта! Масалан, қадимда Яҳованинг баъзи садоқатли хизматчилари ташвишланганини бир эсланг. Шунга қарамай, У улардан мамнун бўлган *. (3 Шоҳ. 19:4; Заб. 6:3) Исо бу билан бизга далда бермоқчи эди. У ҳаётнинг югур-югурлари дастидан ташвишларга берилиб, бу хизматимизга салбий таъсир қилишини истамаган. Хўш, ташвишланганда нима қила оламиз? (« Буни қандай қилса бўлади?» номли рамкага қаранг.)

ХОТИРЖАМЛИКНИ САҚЛАШГА КЎМАКЛАШАДИГАН ОЛТИТА ҚАДАМ

6- хатбошига қаранг *

6. Филиппиликларга 4:6, 7 га кўра, ўзимизни хотиржам ҳис қилишга нима кўмаклашади?

6 (1) Тинмай ибодат қилинг. Масиҳий босим остида бўлса, Яҳовага сидқидилдан ибодат қилиб тасалли топа олади. (1 Бутр. 5:7) У «ҳар қандай [инсоннинг] ўй-фикрдан устун бўлган» Ўз тинчлигини ато этиб, ибодатларингизга жавоб беради. (Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.) Яҳова ташвишли ўй-фикрларимизни қудратли муқаддас руҳи орқали тинчлантиради. (Галат. 5:22)

7. Худога ибодат қилар эканмиз, нимани ёдда тутишимиз даркор?

7 Яҳовага ибодат қилганда қалбингиздагиларни Унга тўкиб солинг. Аниқ бирон нима ҳақида ибодат қилинг. Муаммо нимада эканини ва бу борада нималарни ҳис қилаётганингизни айтиб беринг. Агар муаммонинг ечими бордай кўринса, уни топиш учун донолик ҳамда амалда қўллаш учун куч сўранг. Муаммони ҳал қилиш сизга боғлиқ бўлмаса, ҳаддан ортиқ ташвишланмаслик учун Яҳовадан ёрдам сўранг. Ибодатларингизда аниқ нарсалар ҳақида сўрасангиз, вақт ўтиб Яҳова уларга қандай жавоб бераётганини янада яхшироқ кўра бошлайсиз. Бир неча бор ибодат қилганингиздан кейин ҳам, дарҳол жавоб олмасангиз таслим бўлманг. Яҳова нафақат аниқ нарсалар ҳақида сўрашингизни, балки қайта-қайта ибодат қилишингизни истайди. (Луқо 11:8–10)

8. Ибодатларимизда яна нималар ҳақида айтиб ўтишимиз керак?

8 Барча ғам-ташвишларингизни ибодатда Яҳовага ташлар экансиз, миннатдорчилик билдиришни ҳам унутманг. Ҳатто кўпгина муаммоларимиз бўлса ҳам, эга бўлган баракалар устида мулоҳаза юритиш бизга фойда келтиради. Баъзида кучли ҳис-туйғуларингизни қайси сўзлар орқали етказишни билмасангиз, шунчаки: «Илтимос, ёрдам бер!» — деб ибодат қилганингизда ҳам Яҳова жавоб беришини ёдда тутинг. (2 Сол. 18:31; Рим. 8:26)

9- хатбошига қаранг *

9. Қўрқувни ҳис қилганимизда нима қилишимиз лозим?

9 (2) Ўзингизнинг эмас, Яҳованинг донолигига таянинг. Ишаё пайғамбар яшаган даврда Яҳудо халқи оссурияликлар уларга ҳужум қилишидан қўрққан. Яҳудо халқи оссурияликлар уларни босиб олишини истамаган, шу боис, улар бутпараст мисрликлардан ёрдам сўраган. (Ишаё 30:1, 2) Яҳова уларнинг бу ҳаракати ҳалокатга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган. (Ишаё 30:7, 12, 13) У Ишаё орқали халқ қай йўсин паноҳ топиши мумкинлигини айтган. Пайғамбар шундай деган: «Хотиржам бўлиб Менга [Яҳовага] таянсангиз, кучли бўласиз». (Ишаё 30:15б)

10. Қайси вазиятларда Яҳовага таянаётганимизни кўрсата оламиз?

10 Яҳовага таянаётганимизни қандай кўрсатишимиз мумкин? Баъзи мисоллар устида мулоҳаза юритайлик. Тасаввур қилинг, сизга яхшироқ маош тўланадиган иш таклиф қилишди. Бироқ бу учун сиз кўп вақт ишлашингиз ва маънавий ишларингизни қолдиришингиз керак. Ё бўлмаса, иш жойингиздаги ўзга жинсдаги киши сизга эътибор қарата бошлади, бироқ у Худонинг хизматчиси эмас. Ёки сиз учун қадрли бўлган оила аъзоингиз: «Мени ёки Худойингни танла»,— деб шарт қўйди. Келтирилган вазиятларда қарор чиқариш осон эмас, лекин уларнинг ҳар бирида Яҳова сизга керакли йўл-йўриқни беради. (Мат. 6:33; 10:37; 1 Кор. 7:39) Хўш, Яҳовага ишониб, Унинг йўл-йўриғига қулоқ соласизми?

11- хатбошига қаранг *

11. Қаршиликларда ҳам хотиржамликни сақлаш учун Муқаддас Китобдаги қайси мисолларни кўриб чиқишимиз мумкин?

11 (3) Яхши ва ёмон мисоллардан сабоқ олинг. Муқаддас Китобда хотиржамликни сақлаб, Яҳовага таянишнинг муҳимлигини кўрсатувчи кўпгина мисоллар келтирилган. Уларни кўриб чиқар экансиз, қаршиликларга қарамай Худонинг хизматчиларига хотиржамликни сақлашига нима ёрдам берганига назар солинг. Масалан, яҳудийларнинг олий маҳкамаси томонидан ҳаворийларга ваъз қилиш тақиқланган бўлса-да, улар бундан қўрқмаган. Аксинча, улар жасорат ила: «Биз одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунишимиз керак»,— деб айтган. (Ҳавор. 5:29) Ҳатто дўппосланишдан кейин ҳам, ҳаворийлар ваҳимага тушмади. Нега? Сабаби ҳаворийлар Яҳова улар томонида эканини билган. Яҳова улардан мамнун эди. Шу сабабдан, улар хушхабарни ваъз қилишда давом этди. (Ҳавор. 5:40–42) Қолаверса, Стефан исмли шогирд ўлимга юз тутганда шунчалик хотиржам эдики, ҳатто «унинг юзи худди фариштанинг юзига ўхшаб қолган эди». (Ҳавор. 6:12–15) Нега деганда, у Яҳова ундан рози эканига амин эди.

12. Бутруснинг биринчи мактуби 3:14 ва 4:14 га биноан, нега таъқибларда ҳам бахтиёр бўла оламиз?

12 Ҳаворийларда Яҳова улар билан эканини кўрсатувчи яққол далил бор эди. У ҳаворийларга мўъжизалар кўрсатиш кучини берганди. (Ҳавор. 5:12–16; 6:8) Тўғри, бугунги кунда биз билан бундай бўлмайди. Шундай тақдирда ҳам, одиллик йўлида азоб чекканимизда Яҳова севги ила Каломи орқали бизга далда беради. Ҳа, У биздан мамнун экани ва муқаддас руҳини бераётгани учун бахтиёрмиз. (1 Бутрус 3:14; 4:14 ни ўқинг.) Шу боис, келажакда дуч келадиган таъқибларда нима қилишимиз ҳақида ташвишланмаслигимиз керак. Аксинча, Яҳова бизни қўллаб-қувватлаши ҳамда ҳаётимизни сақлашига бўлган ишончимизни мустаҳкамлашда жон куйдиришимиз лозим. Илк шогирдлар каби биз ҳам Исонинг қуйидаги ваъдасига ишонишимиз даркор: «Мен сизларга шундай донолик бераманки, сизлар нима дейиш кераклигини биласизлар». Дарҳақиқат, Исо: «Сабр-бардош қилиб жонингизни қутқарасизлар»,— деб ваъда берган. (Луқо 21:12–19) Шуни унутмангки, Яҳова садоқатни сақлаб ҳаётдан кўз юмган хизматчилари ҳақидаги энг майда тафсилотларни ҳам эсида сақлайди. Буларни билгани учун У садоқатли хизматчиларини тирилтиради.

13. Хотиржамликни сақлай олмаган ва Яҳовага таянмаган кишиларнинг мисоллари устида мулоҳаза юритиб, қандай сабоқ олсак бўлади?

13 Қолаверса, хотиржамликни сақлай олмаган ва Яҳовага таянмаган кишиларнинг мисолларидан сабоқ олсак бўлади. Салбий мисолларни кўриб чиқиш бизга ўша-ўша хатоларни такрорламасликка кўмаклашади. Масалан, Ҳабашистоннинг улкан қўшини Яҳудо шоҳи бўлмиш Осонинг устига ёпирилиб келганида, у Яҳовага таянади. Яҳова эса уни ғалабага эриштиради. (2 Сол. 14:9–12) Кейинроқ Исроил шоҳи Башо ўзининг анча камроқ лашкари билан Осога қарши чиққанида, у аввалгидай Яҳовага кўз тикишнинг ўрнига, Суриянинг ҳарбий қўшинидан мадад олиш учун уларга ҳақ тўлайди. (2 Сол. 16:1–3) Ҳаётининг сўнгги кунларида Осо қаттиқ касал бўлиб қолади. Шунда ҳам у Яҳованинг кўмагига таянмайди. (2 Сол. 16:12)

14. Осонинг хатоларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

14 Бошида Осо муаммоларга дуч келганида Яҳовага кўз тиккан. Аммо кейинроқ Яҳовадан ёрдам сўрамай, ўзбилармонларча йўл тутадиган бўлди. Четдан қараганда, Осонинг Исроилга қарши курашишда Суриядан ёрдам сўраш режаси доно қарордай кўрингандир. Лекин унинг муваффақияти узоққа чўзилмади. Яҳова пайғамбари орқали унга қуйидагиларни айтди: «Худойингиз Яҳовага таянмай, Сурия шоҳига таянганингиз учун, Сурия шоҳининг қўшини қўлингиздан қутулиб қолди». (2 Сол. 16:7) Яҳованинг Каломи орқали йўл-йўриқ изламасдан ҳам муаммоларимни ўзим ҳал қила оламан, деган фикрга боришдан эҳтиёт бўлишимиз даркор. Ҳатто шошилинч қарор чиқаришимиз керак бўлганида ҳам, хотиржамлик ила Яҳовага таянишимиз керак ва У тўғри қарор чиқаришимизга кўмаклашади.

15- хатбошига қаранг *

15. Муқаддас Китобни ўқиётиб нима қилишимиз мумкин?

15 (4) Муқаддас Китоб оятларини ёдланг. Хотиржамликни сақлашга ва Яҳовага таянишга кўмаклашадиган Муқаддас Китоб баёнотларини ўқиганингизда, бир нечта асосий оятларни ёдлашга ҳаракат қилинг. Уларни овоз чиқариб ўқиш, ёзиб олиш ёки тез-тез такрорлаш фойдадан ҳоли бўлмасди. Ёшуага донолик ила йўл тутиши учун Таврот китобини мунтазам равишда паст овозда ўқиш буюрилган эди. Шунингдек, ушбу эслатмалар унга қўрқмасликка ҳамда Худонинг халқини жасорат ила бошқаришига кўмаклашарди. (Ёшуа 1:8, 9) Одатда ташвишланишингизга ёки қўрқишингизга сабаб бўладиган вазиятларда Худонинг Каломидаги оятлар хотиржамликни ҳис қилишингизга кўмаклашади. (Заб. 27:1–3; Ҳик. 3:25, 26)

16- хатбошига қаранг *

16. Қай йўсин Яҳова имондошларимиздан фойдаланиб, бизга хотиржамликни сақлашга ва Унга таянишимизга ёрдамлашади?

16 (5) Худонинг халқи билан вақт ўтказинг. Яҳова биродару опа-сингилларимиздан фойдаланиб, бизга доим хотиржамликни сақлашга ва Унга таянишимизга ёрдамлашади. Йиғилишларда биродарларимиз саҳнадан туриб берган йўл-йўриқлардан, имондошларимизнинг шарҳларидан ва улар билан қурган далдали суҳбатлардан фойда оламиз. (Иброн. 10:24, 25) Қолаверса, жамоатдаги ишончли дўстларимиз билан ҳис-туйғуларимизни бўлишганда ҳам кўнглимиз анча кўтарилади. Дўстимиз айтган «яхши сўз» камроқ ташвишланишимизга кўмаклашиши мумкин. (Ҳик. 12:25)

17- хатбошига қаранг *

17. Ибронийларга 6:19 га кўра, қандай қилиб Шоҳликка бўлган умидимиз қийин вазиятларимизга қарамай, тик туришимизга кўмаклашади?

17 (6) Умидингизни тирик сақланг. Шоҳликка бўлган умидимиз «жонимиз учун лангардек» бўлиб, қийин вазиятларимизга ёки ташвишли ўй-фикрларимизга қарамай, тик туришимизга кўмаклашади. (Ибронийларга 6:19 ни ўқинг.) Яҳованинг келажак борасидаги ваъдалари устида мулоҳаза юритсангиз, салбий фикрлар сизни тарк этади. (Ишаё 65:17) Ўзингизни тинчлик ҳукм сурадиган ва ташвишлардан ҳоли бўлган янги дунёда тасаввур қилинг. (Михо 4:4) Умидингиз тўғрисида бошқалар билан бўлишсангиз, у янада мустаҳкамланади. Ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишида жон куйдиринг. Бундай қилиб «умидингиз рўёбга чиқишига охиригача қаттиқ» ишона оласиз. (Иброн. 6:11)

18. Келажакда қандай қийинчиликларни бошдан ўтказишимиз мумкин ва қай йўсин уларни муваффақият ила енга оламиз?

18 Бу замонанинг охири яқинлашар экан, ташвишга солувчи хаёлларни янада кўп бошдан ўтказамиз. 2021 йил учун танланган оят ўз кучимиз билан эмас, балки Яҳовага таяниш орқали қийинчиликларни бошдан кечириб хотиржамликни сақлашга ёрдам беради. Келинг, 2021 йил давомида хатти-ҳаракатларимиз билан Яҳованинг қуйидаги ваъдасига ишонаётганимизни кўрсатайлик: «Хотиржам бўлиб Менга таянсангиз, кучли бўласиз». (Ишаё 30:15)

8- ҚЎШИҚ Яҳова — Бошпанамдир

^ абз. 5 Ҳозирда ва келажакда қийинчиликлар билан курашар эканмиз, 2021 йил учун танланган оятдан Яҳовага таяниш нечоғлик муҳим эканини билиб оламиз. Ушбу мақолада йиллик оятда келтирилган маслаҳатга риоя қила олишимиз учун баъзи амалий йўлларни кўриб чиқамиз.

^ абз. 5 Баъзи биродару опа-сингилларимиз ҳаддан ортиқ ташвишланади ёки ваҳимага тушади. Бундай жиддий соғлиқ муаммосини Исо айтган ташвишланиш билан адаштирмаслигимиз керак.

^ абз. 63 РАСМГА ШАРҲ. (1) Бир имондошимиз кун давомида ўз ташвишлари ҳақида ибодат қиляпти.

^ абз. 65 РАСМГА ШАРҲ. (2) Тушлик пайтида доноликка эга бўлиш учун Худонинг Каломини ўқияпти.

^ абз. 67 РАСМГА ШАРҲ. (3) Муқаддас Китобдаги яхши ва ёмон мисоллар устида мулоҳаза юритяпти.

^ абз. 69 РАСМГА ШАРҲ. (4) Совиткичга ёдлай олиши учун далдали оятни ёпиштиряпти.

^ абз. 71 РАСМГА ШАРҲ. (5) Хизматда дўстлари билан ҳамкорлик қилишдан қувоняпти.

^ абз. 73 РАСМГА ШАРҲ. (6) Келажак ҳақида мулоҳаза юритиб умидини тирик сақлаяпти.